Кредит шартномаси ва унинг ҳуқуқий асослари.

Кредит (лот. creditum – ишонмоқ) – бошқа шахсга муддатлилик, қайтаришлилик ва фойдаланганлик учун фоиз шаклида тўловлилик шартлари асосида вақтинча бериладиган пул маблағлари, товар ва бошқа қимматликлардир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 744-моддасининг биринчи қисмига кўра, кредит шартномаси бўйича бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.

Кредит шартномаси бу — қарзнинг алоҳида, мустақил кўринишларидан биридир. Кредит шартномасида қарз берувчи сифатида фақат банк ёки Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган тартибда бериладиган лицензияга эга бўлган бошқа кредит ташкилоти қатнашиши мумкин. Кредит шартномаси иккала тарафга ҳам мажбурият юклайди. Ҳар бир тараф иккинчи тараф фойдасига мажбурият олади, масалан кредитор қарздорга пул суммасини беришга мажбур ва келишилган муддат ўтганда, берилган пулни ва устама фоизларни талаб қилиш ҳуқуқига эга, қарз олувчи эса пул берилишини талаб қилишга ҳақли ва уни келишилган муддатда устамаси билан қайтаришга мажбур. Қарз шартномасидан фарқли равишда, кредит шартномаси билан олинган пуллар ҳар доим ҳақ эвазига тузилиши шарт: қарзга олинган пул маблағларидан фойдаланганлиги учун қарздор маълум сумма асосида ҳисобланган фоизларни тўлашга мажбур.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2006 йил 22 декабрдаги 13/150-сонли қарорининг учинчи бандига кўра, банк ёки бошқа кредит ташкилоти ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномасидан келиб чиқадиган ҳуқуқий муносабат кредит ташкилотининг кейинчалик, келишилган муддатларда, кредит бериш (кредит линиясини очиш) мажбуриятини ва қарз олувчининг олинган кредитни қайтариш ва у бўйича фоизларни тўлаш мажбуриятини ўз ичига олади.

Бунда кредит ташкилотининг қарз олувчига кредит суммасини бериш (ҳисобвараққа ўтказиш) бўйича реал шартномавий мажбуриятлари шартнома тузилган пайтдан бошлаб, қарз олувчининг фоизларни тўлаш, кредитни қайтариш бўйича шартномавий мажбуриятлари эса, агар тарафлар келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, кредит суммаси реал олинган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига кўра, кредит шартномаси ёзма шаклда тузилиши шарт. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кредит шартномасининг ҳақиқий эмаслигига олиб келади. Бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 746-моддасига кўра, кредитор қарз олувчини тўловга қобилиятсиз деб ҳисобласа, қарз олувчи кредитни таъминлаш мажбуриятларини бажармаса, шартномада назарда тутилган кредитдан аниқ мақсадда фойдаланиш мажбуриятини бузса, шунингдек шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда қарз олувчига кредит шартномасида назарда тутилган кредитни беришдан бутунлай ёки қисман бош тортишга ҳақли. Қарз олувчи кредит олишдан бутунлай ёки қисман бош тортишга ҳақли. Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи бу ҳақда кредиторни кредит шартномасида белгилаб қўйилган кредит бериш муддатига қадар хабардор қилиши шарт. Қарз олувчи кредит шартномасида назарда тутилган кредитдан аниқ мақсадда фойдаланиш мажбуриятини бузган тақдирда кредитор шартнома бўйича қарз олувчини бундан буён кредитлашни тўхтатишга ҳақли.

Когон туманлараро

иқтисодий судининг раиси Ф.Муродов