Умумий ва континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда суд қарорлари устидан шикоят қилиш ва қайта кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари
Сўнги йилларда Янги Ўзбекистонда инсон қадри устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, мамлакатимизда суд – ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 24 июлдаги ПФ–6034-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-663-сон Қонунига асосан қуйидаги тартиблар жорий этилган:
туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;
апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон
Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан
кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш.
Бунда “Бир суд – бир инстанция” тамойили 2021 йил январдан суд
қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилиш мақсадида жорий этилган.
“Бир суд – бир инстанция” тамойили асосида жорий қилинган суд қарорларини қайта кўриш институти бўйича жиноят судларида ўтказилган таҳлиллар мазкур институтни такомиллаштириш заруратини кўрсатган.
Хусусан, суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигигини текширишда “Бир суд – бир инстанция” тамойили асосида кассация инстанциясида ишларни кўриш Олий суд ваколатига ўтказилиши суд ишларини кўришнинг ўта марказлаштирилган тизимини вужудга келтириб, ўрта бўғин – вилоят судлари имкониятларидан самарали фойдаланилишини чекламоқда.
Бундан ташқари, Олий судда иш ҳажмининг ортиб кетиши натижасида айрим ҳолларда ишларни кўриш муддатлари бузилиши ҳолатлари учрамоқда, шунингдек иш ҳажмининг кўпайганлиги судьяларнинг иш сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Оқибатда шикоятдаги важлар ҳар тарафлама тўлиқ текширилмай, иш бўйича якуний қарор қабул қилинмасдан, суд қарори бекор қилиниб, қуйи судларга юбориш ҳолатлари кўпайган.
Бундан ташқари, апелляция тартибида кўрилмаган ишларнинг келгусида кассация инстанциясида кўриб бўлмаслиги ҳақидаги қонун талаблари фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Шу билан биргаликда судга шикоят қилиш муддатининг қисқалиги кўп ҳолларда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш имконини бермаётганлиги, судга мурожаат қилиш имкониятини чеклаётганлиги сабабли ушбу муддатларни қайта кўриб чиқиш ва узайтириш бўйича кенг жамоатчилик, ижтимоий тармоқ вакиллари томонидан билдирилган таклифлар ва мулоҳазалар, шунингдек суд амалиёти таҳлили натижаларидан келиб чиққан ҳолда одил судловни такомиллаштириш зарурияти келиб чиқмоқда.
Шу муносабат билан суд қарорларини қонунийлигини ва асослилигини текшириш механизмлари янада такомиллаштириш ва суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш зарурияти келиб чиқмоқда.
Бунда, хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш миллий қонунчиликни такомиллаштиришда муҳимдир.
Хусусан, Европа мамлакатларида суд қарорларини қонунийлигини ва асослилигини текшириш механизмлари ўзига хос.
Жумладан, замонавий ҳуқуқ тизимига кўра, Европа давлатлари умумий ва континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларга ажратилади.
Ушбу тизимлар ўртасидаги асосий фарқлар қуйидагиларда намоён бўлади:
Биринчидан, суд қарорлари устидан шикоят қилиш ва қайта кўриш тизими бўйича;
Иккинчидан, биринчи инстанция судларида қарор қабул қилувчи шахс ёки шахсларга ахборот тақдим этиш жараёнига кўра.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Европа давлатларининг суд қарорлари қонунийлигини ва асослилигини текшириш турлари, асослари ва тартиби юқори инстанция судлари ваколатлари доираси бир биридан фарқ қилади.
Хусусан, кўпчилик Европа давлатларида суд ҳокимияти уч босқичли суд тизимидан таркиб топган бўлиб, умумий қоидага кўра, биринчи босқич – биринчи инстанция, иккинчи босқич – апелляция суди, Олий суд органи эса апелляция, кассация ёки тафтиш суди ҳисобланади.
Шунга кўра, Европа судларини учта моделга бўлиш мумкин, булар «апелляция-апелляция» (умумий ҳуқуқ ва скандинавия мамлакатларида), «апелляция – тафтиш» (Австрия, Германияда) ва «апелляция – кассация» тизими (Бельгия, Франция, Греция, Италия, Люксембург, Нидерландия, Испания, Португалияда).
Умумий ва континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларнинг суд тизимлари биринчи инстанцияси суди қарори якунийлигига кўра ҳам фарқланади.
Жумладан, умумий ҳуқуқ тизимидаги мамлакатларда суд қарорлари устидан шикоят қилиш ва қайта кўриш тартиби қонунчиликда белгиланган бўлишига қарамасдан биринчи инстанция суди қарори якуний ҳисобланади.
Ушбу давлатларнинг қонунчилик тизими ва ҳуқуқни қўллаш сиёсати суд қарорларига нисбатан шикоятларни камайтиришга қаратилган.
Континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда эса биринчи инстанция судининг қарори қайта кўриш босқичларидан ўтгандан сўнггина якуний ҳисобланади.
Шу билан бирга, Европада суд қарорларини қайта кўришда юқори инстанция судлари ваколатлари доираси ҳам турлича.
Хусусан, континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда апелляция инстанцияси ваколатлари умумий ҳуқуқ давлатларига нисбатан кенгроқ ва «иккинчи – биринчи инстанция» функциясини бажаради.
Шу билан бирга, ҳуқуқ тизимлари процессуал тартибидаги яна бир фарқ олий суд органларининг ваколатлари доирасида ҳам намоён бўлади.
Умумий ҳуқуқ тизимидаги давлатларда олий суд органи (апелляция судлари) нафақат ҳуқуқ масалаларини балки, фактларни ҳам тадқиқ этса, континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда (кассация ёки тафтиш) охирги инстанция фақат ҳуқуқ масалалари билан чекланади.
Юқорида санаб ўтилган Европа ҳуқуқ тизимларида судларнинг ўзига хослиги Англияда нисбатан эртароқ марказлашган қироллик судлари ташкил топганлиги билан ҳам изоҳланиши мумкин.
Мисол учун, Англияда милодий 1100 йилдан бошлаб мамлакатнинг турли ҳудудларида фуқаролар ўртасида вужудга келувчи низоларни ҳал қилувчи «қироллик судьялари» фаолият кўрсата бошлаган.
Ушбу судьялар низоларни сайёр суд тартибида ҳудудларга чиққан ҳолда ва тўлов эвазига ҳал қилган.
Бунда, судьялар корпуси шунга ўхшаш ишлар бўйича бошқа судьялар томонидан қабул қилинган қарорларга оғишмай риоя қилган, бунинг натижасида суд прециденти ҳуқуқи шаклланган ва юқори инстанцияга эҳтиёж бўлмаган.
Ўз навбатида континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда апелляция одил судловнинг ажралмас таркиби сифатида шаклланган ва суд қарорларини қонунийлигини ва асослилигини текшириш одатий жараён бўлган.
Шу билан бирга, континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда суд тизими марказлашиши жараёни кечроқ амалга ошган ҳамда юқори инстанция судларининг асосий вазифаси қуйи судларнинг ҳуқуқни қўллаш ва шарҳлаш амалиётини бирхиллаштириш ва қуйи судларга интизомий чоралар кўриш бўлган.
Натижада, босқичма босқич вертикал буйсунувга эга суд қарорларини қайта кўриш одил судловни бир таркиби бўлган континенталь ҳуқуқ тизими шаклланган.
Апелляция босқичи.
Таҳлилларга кўра, умумий ва континенталь ҳуқуқ тизими давлатларида суд қарорларини қонунийлигини ва асослилигини текшириш жараёни ва тартиби айнан апелляция босқичида фарқ қилади.
Авваламбор, иккала ҳуқуқ тизимларида биринчи инстанция суди қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига бўлган қарашлар турлича.
Европа давлатлари қонунчилиги таҳлили шуни кўрсатадики, барча давлатларда апелляция шикояти тақдим қилиш ҳуқуқи тан олинади, бироқ бу ҳуқуқ бир қатор шартлар ва таомиллар, жумладан, муддати, асоси ва қарорни ўзгартириш ёки бекор қилиш асоси, даъво миқдори ва бошқалар билан чекланган.
Мисол учун, баъзи давлатларда даъво миқдори катта бўлмаган ишлар бўйича суд қарорлари қайта кўриб чиқилмайди.
Масалан, Англияда берилган шикоят суд қарори қайта кўриб чиқилишини англатмайди, балки юқори инстанция учун қарорни қайта кўриш қанчалик мақсадга мувофиқлигини ўрганишга асос бўлади.
Шу билан бирга, биринчи инстанция суди томонидан иш муҳокамасида хатоликларга йўл қўйилган тақдирдагина тарафлар томонидан суд қарорларини қайта кўриш бўйича шикоят тақдим қилиниши мумкин.
Акс ҳолда, бундай шикоятлар ўз ҳуқуқларини суиисътемол қилиш, суд ресурсларини исроф қилиш ва қарши томонга асоссиз ноқулайликлар, харажатлар келтириб чиқариш сифатида баҳоланади.
Юқорида таъкидлангандек, Англия ва бошқа умумий ҳуқуқ тизимидаги давлатларда биринчи инстанция суди қарорлари устидан шикоят қилиш одатий ҳол эмас балки истисно сифатида қабул қилинган.
Ушбу концепция, ўз навбатида иш учун аҳамиятли барча ҳолатлар биринчи инстанция судида тадқиқ қилиниши лозимлиги ҳақидаги фикрдан келиб чиққан.
Акс ҳолда, олимларнинг фикрича, иш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқлаш юки биринчи инстанция судидан юқори инстанцияларга кўчади ҳамда биринчи инстанция суди ишни кўриб чиқишда “дастлабки” ёки “ўтказувчи” инстанция бўлиб қолади.
Айнан, Европа давлатларида апелляция судлари иш ҳолатлари бўйича фактларни тадқиқ қилишига кўра 4 та тоифага бўлинади.
Биринчиси, “de novo” моделидаги апелляция судларида биринчи инстанция суди бўлиб ўтмаган каби иш тўлиқ қайта муҳокама қилинади.
Бундай кўринишдаги апелляция иш юритуви жуда кам учрайди, муқаддам Америка қўшма штатларида қишлоқ судлари қарорларини қайта кўришда қўлланилган, бироқ бугунги кунда АҚШда учрамайди.
Бунинг сабаби, биринчи инстанция суди томонидан иш муҳокамасида баённома ёки шу каби процессуал ҳаракатларни расмийлаштириш усуллари қўлланилмасдан, ишлар оғзаки юритилган.
Иккинчи тоифа, “Review on the Record Alone” – ишни суд муҳокамаси баённома ёки бошқа мустаҳкамлаш воситалари асосида қайта кўриб чиқиш.
Бу кўпроқ умумий ҳуқуқ тизимидаги Европа давлатларида қўлланиладиган апелляция иш юритуви тоифаси ҳисобланади ҳамда бунда суд муҳокамасини мустаҳкамлаш воситалари шу жумладан, баённома, стенограмма, аудио – ёзув, иш бўйича қисқача умумлашма, ёзма фикрлар, ашёвий далилларнинг тавсифи ва бошқа ҳужжатлар асосида иш қайта кўриб чиқилади.
Бунда апелляция инстанция томонидан иш бўйича далиллар бевосита текширилмайди балки, биринчи инстанция судида юритилган баённома ёки бошқа муҳокамани мустаҳкамлаш воситалари асосида қуйи суд йўл қўйган хатолар таҳлил қилинади.
Мазкур тоифадаги апелляция судларига қуйи суд томонидан фақатгина баённома ёки бошқа муҳокамани мустаҳкамлаш воситалари тақдим қилинади.
Шундан келиб чиқиб, бунда юқори суд томонидан биринчи инстанция суди томонидан иш муҳокамасида фактларни аниқлашда, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллашда суд қарорини бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига олиб келадиган хатоликларга йўл қўйилганлиги текширилади.
Ушбу тоифадаги апелляцияда янги далиллар фақатгина манфаатдор тараф томонидан ушбу далилни биринчи инстанция судида тақдим қила олмаганлиги исботлансагина қабул қилиниши мумкин.
Учинчи тоифа, янги далилларни тақдим қилиш йўли билан баённома асосида ишни қайта кўриш “Review on the Record Supplemented by fresh evidence” – континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда кенг тарқалган апелляция кўриниши ҳисобланади.
Ушбу тоифадаги апелляцияда тарафларнинг янги далилларни тақдим қилиш ҳуқуқлари турлича, жумладан, баъзи давлатларда тарафларнинг бу ҳуқуқи чекланмаган, баъзи давлатларга эса далиллар биринчи инстанция судида тақдим қилинмаганлиги сабаби асослангандагина тақдим қилиниши мумкин.
Тўртинчи тоифа, янги далилларни чекланган тарзда тақдим қилиш йўли билан баённома асосида ишни қайта кўриш “Review on the Record Supplemented by limited fresh evidence” – тўлиқ бўлмаган апелляция бўлиб, бунда суд қуйи инстанция томонидан иш муҳокамасида юритилган баённома ёки бошқа мустаҳкамлаш воситалари асосида ишни қайта кўриб чиқади. Бунда, янги далиллар жуда чекланган ҳолатлардагина тақдим қилиниши мумкин.
Ушбу тоифада апелляция судлари томонидан қуйи суд ишни кўришда иш ҳолатларини аниқлашда хатоларга йўл қўйилганлиги аниқланганда, улар юқори суд томонидан бартараф қилинмайди, балки иш янгидан кўриш учун ўша қуйи судга ёки бошқасига юборилади.
Шу билан бирга, агарда биринчи инстанция суди томонидан иш ҳолатлари тўғри ва тўлиқ аниқланган бўлса, қуйи суд фақатгина моддий ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатоликка йўл қўйганлиги аниқланса, апелляция инстанция томонидан иш бўйича янги қарор қабул қилиниши мумкин.
Мазкур модел континенталь ҳуқуқ тизимидаги баъзи давлатларда мавжуд, жумладан Австрияда.
Умумий ва континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда суд қарорларини якуний қайта кўриш ва олий суд органларининг ваколатлари.
Юқорида таъкидлангандек, Европа ҳуқуқ тизимларида суд қарорларини қайта кўриш бўйича учта модел бўлиб, улар «апелляция-апелляция», «апелляция – тафтиш» ва «апелляция – кассация».
Бунда уларнинг фарқи қуйидагиларда намоён бўлади, жумладан:
- Апелляция судлари иш бўйича ҳуқуқ ва факт масалаларини муҳокама қилиш ваколати эга, кассация ва тафтиш судларида бу ҳуқуқ йўқ.
- «Апелляция – кассация» моделида юқори инстанцияга шикоят қилишда бирор бир чеклов мавжуд эмас, кассация судлари иш бўйича янги қарор қабул қилиш ваколатига эга эмас, фақатгина ишни қуйи судга янгидан кўриш учун юбориши мумкин холос.
- «Апелляция – тафтиш» моделида агарда қуйи суд томонидан ишнинг фактик ҳолатлари тўғри аниқланган, бироқ моддий ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатоликларга йўл қўйилган бўлса, тафтиш суди томонидан иш бўйича янги қарор қабул қилиниши мумкин.
Шу билан бирга, таҳлиллар шуни кўрсатадики, апелляция ва кассация ёки тафтиш инстанцияларининг қуйи суд ҳужжатларини қайта кўришда ваколатлари бир бирига яқин.
Бунга сабаб, Олий суд органларининг қуйи суд ҳужжатларини қайта кўришдаги ваколатлари чегараси бўйича ёндашувлар ўзгармоқда.
Жумладан, тарихий жиҳатдан янги қарор қабул қилиш ваколати берилмаган кассация судларига қуйи суд томонидан ишнинг фактик ҳолатлари етарли даражада аниқланганда, янги қарор чиқариш ваколати берилиши бунга яққол мисолдир.
Масалан, Франция фуқаролик процессуал кодексининг 627-моддасида ушбу қоида белгиланган бўлса, Нидерландия ва Испания кассация судлари бу ваколатдан XIX асрдан буён фойдаланиб келмоқда.
Шу билан бирга, кўп ҳолларда Олий суд органлари зиммасига аниқ ишларни ҳал қилиш билан бирга ҳуқуқни қўллаш ва талқин қилишда ягона амалиётни шакллантириш, ҳуқуқ ва суд амалиётини ривожлантириш каби вазифалар ҳам юкланган.
Айтиш мумкинки, бу вазифа олий суд органларининг энг муҳим вазифалари доирасига киради.
Мисол учун, Европа вазирлар кенгаши қўмитасининг 1995 йил 7 февральдаги “Аъзо давлатларга фуқаролик ва тижорат ишлари бўйича мурожаат қилиш тизимлари ва тартибларини яратиш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан” 95-сонли Тавсиясида, учинчи босқич судлари фақатгина учинчи марта қайта кўришга лойиқ бўлган, масалан, ҳуқуқни қўллаш ва талқин қилишда ягона амалиётни ривожлантириш учун зарур бўлган ишлар ёки жамият аҳамиятидаги ишлар қайта кўрилиши мумкинлиги кўрсатилган.
Европа умумий ва континенталь ҳуқуқ тизимларида суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш ва уларни қайта кўриш тартиб таомиллари фарқ қилсада, уларни мақсади муштарак, қуйи суд хатоларини тузатиш, адолатсиз суд қарори оқибатларини бартараф этиш, ҳуқуқни қўллаш ва талқин қилишда ягона амалиётни шакллантириш, жамиятда одил судловга бўлган ишончни таъминлашга қаратилган.
Бундан ташқари, барча процессуал тизимларда суд қарори ва унинг оқибатларининг қайта кўриш босқичларидан сўнг якунийлиги тамойили белгиланган.
Суд қарори ва унинг оқибатларининг якунийлиги тамойили «res judicata» доктринасига асосланган бўлиб, унга кўра айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги низолар қайта кўриб чиқилмайди.
Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг кўрсатмаларида, «res judicata» доктринаси низолар учун якуний тўхтам бўлиши билан бирга, одил судловга бўлган ҳуқуқнинг асосий элементи эканлиги белгиланган.
Юқоридагилардан шуни хулоса қилиш мумкинки, Европа мамлакатларида суд қарорларини қайта кўриш тартиби борасида юқорида таҳлили келтирилган масалалар муҳим аҳамият касб этади ва келгусида ҳам бу борадаги қонунчилик, суд амалиёти ҳамда суд қарорларини юқори инстанциялар томонидан қайта кўришнинг назарий асосларини такомиллаштириб боришда муҳим ҳисобланади.
Пешку туманлараро иқтисодий судининг раиси У.Жумаев
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 24 июлдаги ПФ–6034-сон фармони (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2020 й., 06/20/6034/1103).
2. М.А.Филатова “ Обжалование и пересмотр судебных решений в странах контенентального и обшего права” (Вестник РУДН, Юридические науки, 2007, №5.)
3. У.А.Тухташева “Уголовно-процессуальные пути устранения судебных ошибок”. (Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори диссертацияси автореферати. Тошкент, 2020.)