Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш тўғрисида

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини такомиллаштириш демократик ҳуқуқий давлат ва ривожланган фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги муҳим асослардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда мазкур соҳада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, бу борада тўпланиб қолган қатор муаммолар ўзининг мантиқий ечимини топиб бормоқда.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида аҳоли ва уларнинг мурожаатлари билан ишлаш масалалари замонавий кўриниш ола бошлади. Шу билан бирга, давлат органлари ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

 Шу мақсадда мазкур соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг намунаси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПФ-6247 сонли Фармони имзоланди.

Фармонга асосан,

давлат органлари ва ташкилотлари:

ҳар йили 1 мартга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно) расмий веб-сайтларига жойлаштириб, 10 мартга қадар уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар беради;

1 апрелга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказади.

Таъкидлаш жоизки, сўнги пайтларда давлат харидлари масаласи кун тартибида асосий масалалардан бири бўлиб келаётган эди. Мазкур соҳадаги статистик маълумотлар Очиқ маълумотлар порталида онлайн тарзда эълон қилиб борилаётган бўлса-да, бироқ ўз ечимини топмай қолаётган масалалар талайгина эди.

Фармонга асосан, эндиликда 2021 йил 1 июлдан бошлаб қуйидагилар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб, уларни ҳар чоракда янгилаб боради:

амалга оширилган давлат харидлари, шу жумладан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар);

мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар, бундан давлатсирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар мустасно);

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари (якуний манфаатдор жисмоний шахслари), улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар;

ўзларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари.

Шу билан бирга, Фармон билан очиқ маълумот сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати ҳам тасдиқланди. Шуни назарда тутиш керакки, бу рўйхат узлуксиз янгиланиб боради. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Адлия вазирлиги бу рўйхатни янада кенгайтириш бўйича доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритиб боради.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур ислоҳотларнинг барчаси инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоялаш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, демократик ислоҳотларни яна-да чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Яшин Ниёзов

Жиноят ишлари бўйича Когон шахар судининг раиси