МЕДИАЦИЯ – низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган институт
Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамлар қўйилди. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан кўплаб қонун, Фармон ва қарорлар қабул қилинган бўлиб, уларда судларнинг халқчиллиги ва очиқлиги, инсон ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш каби чоралар белгиланиб, бир қатор ишлар амалга оширилди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, ўтган қисқа даврда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд кадрларини танлаб олишнинг очиқ ҳамда шаффоф механизмини яратиш бўйича ҳам комплекс чора-тадбирлар олиб борилди.
Барчамизга аёнки, низоларни муқобил ҳал қилиш институтини ривожлантириш, яъни айрим тоифадаги ишларни судгача ва суддан ташқари ҳал қилиш механизмларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.
Хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган медиация институти билан низони ўзаро ҳал этиш жараёни алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Юритимизда ҳам низоларни тинч йўл билан бартараф этиш йўлида бир қатор ишлар амалга оширилган бўлиб, “Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун мазкур институтнинг кенг ривожланишига замин яратди.
Мазкур Қонун 2018 йил 3 июлда қабул қилинди ва у 2019 йил 1 январдан кучга кирди.
Қонуннинг 15-моддаси 2-қисмида медиация низони суд тартибида кўриш жараёнида ҳам қўллаш мумкинлиги назарда тутилган ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикадиинг Фуқаролик кодекси, Солиқ қодекси, Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси нормаларини Қонун нормаларига мувофиқлаштириш мақсадида ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Суд иш юритувининг ҳар қандай босқичида, жумладан суд ҳужжати ижроси босқичида ҳам тузилиши мумкин бўлган келишув битимидан фарқли равишда, “Медиация тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддаси медиация низони кўриш жараёнида суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар татбиқ қилиниши мумкинлигини назарда тутади. Шу муносабат билан, ФПК ва ИПКда тарафлар биринчи инстанция судида даъво тартибидаги иш юритувда суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар медиатив келишув тузиш билан иш юритишни якунлашга ҳақлилиги белгиланди.
Куйида медиация тўғрисидаги зарурий ва ҳамма билиши шарт бўлган қоидалар ҳақида тўхталишни жоиз топдим.
*даъвогар ва мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ўртасида фақат келишув битими эмас, медиатив келишув ҳам тузилишига йўл қўйилади (ФПК 49-модда ва ИПК 48-модда);
*ариза (даъво ариза) берган прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар барча процессуал ҳуқуқларидан фойдаланади, бундан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳуқуқи мустасно (ФПК 51-модда ва ИПК 49, 50-моддалари);
*медиаторлар ўзларининг мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган ҳолатлар тўғрисида гувоҳ сифатида чақирилиши ва сўроқ қилиниши мумкин эмас (ФПК 56-модда ва ИПК 53-модда);
*шартнома бўйича вакиллик қилувчининг медиатив келишув тузиш ваколатлари ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган бўлиши керак (ФПК 69-модда ва ИПК 63-модда);
*суд тарафлар медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида келишув тузган тақдирда иш юритишни тўхтатиб туриши шарт ва бу ҳолда иш юритиш медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тугагунгача, лекин олтмиш кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатилади (ФПК 116 ва 118-моддалари, ИПК 101 ва 103-моддалари);
*суд мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш билан низони ҳал этиш тартибига даъвогар риоя этмаган бўлса, даъво аризани кўрмасдан қолдирилади (ФПК 122-модда ва ИПК 107-модда);
*тарафлар медиатив келишув тузган бўлса, суд даъво аризани кўрмасдан қолдирилади (ФПК 122-модда ва ИПК 107-модда);
* низо медиатив келишув билан медиация тартибида ҳал қилинган тақдирда, тўланган давлат божи қайтариб берилади (Қонун 17-моддаси)
Демак, медиация институти низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган бўлиб, ортиқча овворагарчиликлар ва чиқимларсиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади.
Ҳабиб Саидов,
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг судьяси
Фирдавс Зойиров,
Бухоро туманлараро судининг девонхона мудири