Конституциявий одил судлов, хорижий ва Ўзбекистон республикалари мисолида

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши, судьяларнинг мустақиллиги, фақат қонунга бўйсуниши, уларнинг одил судловни
амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўймаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши қатъий белгилаб қўйилган.

Президентимизнинг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг
чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сонли Фармонига кўра, судьяларнинг юридик жавобгарлиги масаласини ҳал этиш пайтида уларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига ҳар қандай аралашувнинг олдини олиш мақсадида шундай тартиб ўрнатилди-ки, унга мувофиқ 2021 йилдан бошлаб, судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Судьялар олий кенгаши раиси томонидан киритилган тақдимнома прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиб, жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Кенгашга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан хабар берилади.

Судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйилади.

Суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширига тўсқинлик қилаётган
омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Кенгаш раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб борилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ислоҳотларнинг бош мезони ва қонуннинг асосларини яратиш ҳамда такомиллаштиришнинг бошланғич нуқтаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўткир Разиков,

Фуқаролик ишлари бўйича Пешку туманлараро суди раиси

Мақсад Матякубов,

Фуқаролик ишлари бўйича Пешку туманлараро суди судьяси