Ҳакамлик суди афзалликлари, турлари ва иш юритиш доираси

Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 16 октябрда қабул қилинган 2007 йилнинг 1 январидан кучга кирган ЎРҚ-64-сонли “Ҳакамлик судлари тўғисида”ги Қонуни қабул қилиниши низоларни ихтиёрий тарзда давлат судини рад этган ҳолда ва ўзининг мулкий низосини ҳал қилиш учун тегишли ҳакамлик судига мурожаат этган қатнашчиларнинг ўзларининг хоҳишлари миқёсида ҳакамлик суди одил судловни амалга оширишга давлат судлари билан бир қаторда кўмаклашади. Ҳакамлик келишуви томонлари учун ҳакамлик судида ишни кўриш мажбурияти ҳеч қачон уларга одил судловни рад этиб ёки уларнинг мулкий манфаатларини суд орқали ҳимоя этишга бўлган конституцион ҳуқуқидан воз кечишини англатмайди.

Шу билан бирга, шубҳасизки, ҳакамлик суди шаклидаги суд ҳимояси жуда муҳим ўзига хос хусусиятларга эга. Ҳакамлик судлари давлат органлари ҳисобланмаслиги билан бир қаторда, давлатнинг одил судлов тизимига ҳам кирмайди. Умуман том маънода ҳакамлик судлари ташкилот ҳам эмаслар ва ҳеч қандай суд тизимини ҳам ташкил этмайди. Айниқса-иерархияга асосланган (марказлаштирилган) ҳам эмас. Шунинг учун ҳакамлик судлари давлат рўйхатидан ўтиши ва умуман тўғридан-тўғри давлат назоратида бўлиши мумкин эмас. Фақатгина уларнинг қарори юзасидан низолашиш ҳақида сўз юритилаётган бўлса суд назорати доирасига тушади.

Шу тариқа, ҳакамлик судлари (ҳам доимий ҳам вақтинчалик фаолият кўрсатувчи) юридик ва жисмоний шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ўзига хос адлия органлари бўлиб, уларнинг ваколатлари уни ташкил этган тарафларнинг эркига асосланади. Шу билан бирга бу ваколат Қонун билан чегараланган – “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасига биноан, уларда фақатгина фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар кўрилиши мумкин. Шуни тан олиш жоизки, Қонун мазмунига кўра, хусусий-ҳуқуқий асосан-тадбиркорлар ўртасида оммавий-ҳуқуқий муносабатларда даҳлдор бўлмаган шартномавий низо ҳақида сўз юритилади.

Сўнги йилларда ҳакамлик судлари томонидан кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқлар ҳақидаги низоларни киритиш орқали ҳакамлик судлари ўз ваколатларини кенгайтиришга интилиш ҳолатлари мавжуд. Бундай низолар фақатгина давлат судларида кўрилиши назардан четда қолдирмаслик лозим. Чунки, кўчмас мулкка оид битимлар ва ҳуқуқлар мажбурий равишда давлат рўйхатидан ўтказилади. Баъзи ҳакамлик судлари давлат органларини кўчмас мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳаракатидан кейин бундай ҳуқуқларни ўрнатишни (бундай қарорлар устидан давлат судига шикоят қилиш тартибини четлаб ўтиб) кўриб чиқиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Айрим ҳакамлик судлари кўчмас мулкка нисбатан битимни ҳақиқий деб топиш, эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Судлар шуни унутмасликлари керакки. ҳакамлик битими тарафи фақатгина ҳуқуқий муносабат икки томонга тегишли ва уларнигина низони келишган ҳолда ҳакамлик судида кўришлик ва суд фақатгина икки томон учун ҳуқуқ ва мажбурият юкловчи, фақатгина тегишли низо тарафлари учуг мажбурий, фақатгина ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятга даҳлдор, ҳуқуқий табиатга эга қарор чиқариш ваколатига эга. Ҳакамлик суди қарори билан учинчи шахсларга, айниқса давлатга нисбатан ҳуқуқ ва мажбурият юклаши қонунан мумкин эмас.

Судлар шуни унутмасликлари керакки, давлат суди тўғридан-тўғри ёки қисман ҳакамлик судлов ишини назорат қилмасликлари лозим. Яъники, ишнинг ҳақиқий ҳолатига шубҳа туғдирувчи, уларнинг қарорларини қайта кўриб чиқувчи қарашлар мавжуд.

Буни, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуннинг 47-моддаси                                              1-қисми “Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш асослари “Ваколатли суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқаётганда ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёки ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас” ва 53-модда 1-қисми “Ижро варақаси беришни рад этиш асослари. Ваколатли суд ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқаётганда ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёхуд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.”лигидан четга чиқмасликка эътибор қаратиш лозим.

Ўзбекистон Республикасида ҳакамлик судлари, айниқса доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судлари ташкилий кўмакка муҳтожлигини кўриш мумкин, яъни ҳакамлик судининг регламентлари мазмунини такомиллаштириш, фаолят таркибини аниқлаштирувчи ички ҳужжатларни мутахассислар иштирокида ишлаб чиқиш, судьялар малакасини ошириш, низоларни амалий кўриб чиқишда давлат судлари билан тажриба алмашиш, ишларни давлат судларида кўришга қадар низони камчиқим, замонавий механизмлар асосида. Ўзлари ўрнатган қоида ва тартиблар асосида ва тазда мустақил ҳакамлик институтига мурожаат этиш йўли билан ҳал қилишни оммалаштириш ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотларни кутмоқда.

Энди, ФИБ Когон туманлараро суди фаолият юритаётган фуқаролик  ишлари бўйича судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 346-моддаси 2-бандига кўра ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақалари бериш ҳақидаги аризалар бўйича ишларни қуйидаги мисолларда кўрсатиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 9-моддасига асосан, фуқаролар ва юридик шахслар ўзларига тегишли фуқаролик ҳуқуқларини, шу жумладан уларни ҳимоя қилиш ҳуқуқини ўз хоҳишларига кўра амалга оширишлари мумкин. Низо субъектлари улар ўз манфаатлари ҳимояси учун қайси судга-давлат суди ёки ҳакамлик судига мурожаат қилишни ҳал қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Мазкур кодекснинг 10-моддасига кўра, фуқаролик ҳуқуқлари процессуал қонунчилик ёки шартномада белгилаб қўйилганидек, ишлар қайси судга тааллуқли бўлишига қараб, суд, иқтисодий суд ёки ҳакамлик суди (бундан кейин — суд) томонидан ҳимоя қилинади.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш рад этилганлиги ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг, агар ҳакамлик судига мурожаат этиш имконияти йўқолмаган бўлса, ҳакамлик битимига мувофиқ ҳакамлик судига янгидан мурожаат этишига ёки ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди.

Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳакамлик битимининг ҳақиқий эмаслиги оқибатида ёки ҳал қилув қарори ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлиги ёхуд унда ҳакамлик битимида қамраб олинмаган масалалар бўйича тўхтамлар мавжудлиги ёинки низо ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлиши мумкин эмаслиги оқибатида фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан тўлиқ ёки қисман рад этилган бўлса, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бундай низони ҳал қилиш учун ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат этиши мумкин.

Ўткир Разиков,

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси      

Мақсад Матякубов,

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди судьяси