Халқаро ҳуқуқда медиациянинг тан олинган тамойиллари

Тараққиёт ўзининг энг юқори чўққисига интилгани сари ҳуқуқшунослик ҳам замонга ҳамнафас равишда такомиллашиб бормоқда.

Бугунги замонавий дунёда ҳуқуқшуносликнинг нозик жиҳатларига ҳам эътибор қаратилмоқдаки, бу инсон ҳуқуқини энг олий қадрият сифатида баҳолашга, инсон қадрини улуғлашга хизмат қиляпти.

Сўнги йилларда ҳуқуқни ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг вақт ва маблағини тежаш, турли қоғозбозликнинг олдини олиш, низоларни тарафларнинг ярашувига асосан тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган турли усуллар, хусусан медиация институти ва ҳакамлик судлари томонидан низоларни судгача ҳал қилиш амалиёти
кенг қўлланилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик ва Иқтисодий процессуал кодексига мувофиқ ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида судья тарафлардан келишув битимини тузиш эҳтимолини ёки низони ҳал этишнинг муқобил усуллари бор-йўқлигини аниқлаши, уларнинг
ҳуқуқий оқибатларини тушунтириши лозим. Ҳуқуқий жамиятда низони ҳал этишнинг муқобил механизмлари яратилиши жисмоний ва юридик шахслар бузилган ҳуқуқларини тиклашга эришишнинг самарали воситаси эканлиги аёнлашди ва мазкур кодексларга медиация атамалари киритилди.

Медиация институти бугунги кунда дунёнинг кўпгина мамлакатларида, шу жумладан АҚШ, Германия, Буюк Британия, Австрия, Япония, Хитой, Гонконг, Жанубий Карея Республикаси, Ҳиндистонда ташкил этилган ва муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.

Медиация – бу келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули, медиатор эса – медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс ҳисобланади.

Мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида “Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди.

Шу ўринда, 2019 йил 1 январдан кучга кирган “Медиация тўғрисда”ги қонун ушбу институтни амалиётга кенгроқ жорий этишга замин яратганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Таҳлилларга кўра, сўнги 4 йилда фуқаролик судлари томонидан медиация тартиб – таомили  қўлланилиб ва медиатив келишув бўйича кўрмасдан қолдирилган ишлар сони ошганлигини кўришимиз мумкин.

Ҳозирги кунда ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган медиация – тарафлар ихтиёрий розилиги билан низони ўзаро ҳал этиш жараёни алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Медиация тарафларнинг хоҳиш истаги асосида қўлланилади. Медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага
киргунга қадар қўланилиши мумкин. Медиация низони ҳакамлик судида кўриш жараёнида ҳакамлик судининг қарори қабул қилингунига қадар қўлланилиши мумкин.

Тарафларнинг медиация жараёнларига ўз ихтиёрий билан қўшилиши, келишув имзолангунга қадар жараёндан чиқиши, келишув қандай шартлар ва усулларда бўлиши уларнинг ўзаро якдил қарорлари асосида амалга оширилади. Бунда медиатор тарафлар номидан қарор қабул қилмайди. Ушбу тамойилнинг асосий хусусияти шундаки,
медиация жараёнларида ҳар бир тараф ўзига маъқул келган қарорни
ўзи мустақил қабул қилади, қабул қилинган қарор ва унинг ижроси
бўйича жавобгарлик тарафларнинг зиммасида қолади.

Медиация махфийлик хусусиятига эга. Тарафлар ва медиатор медиация жараёнидаги муҳокамалар махфийлигини ва унинг ошкор этилмасилигини ўзаро келишувда ифодалайдилар. Унинг ноодатийлиги шундаки, медиация жараёнида қўлланилган ўзаро қайдлар, ёзишмалар, қўлёзмалар, видео ва аудио ёзувлардан медиатор келгусида ушбу иш бўйича суд низоси вужудга келган ҳолларда фойдалана олмаслиги учун медиация жараёни тугаганидан сўнг йўқ қилиниши мумкин.

Бироқ, жаҳон харитасида давлатлар ўртасидаги низолар ҳам учраб турадики, уларни тинч йўл билан ҳал этиш зарурати пайдо бўлади.
Бунда халқаро ташкилотларнинг ўрни ва мавқеи асосий ўрин эгаллайди.

Халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларидан биридир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг 2-моддаси тамойилларидан келиб чиқиб, БМТнинг барча аъзолари халқаро тинчлик, хавфсизлик ва адолатни таҳдид остига қўймаслик учун ўзларининг халқаро низоларини тинчлик воситалари билан ҳал қилишга мажбур.

Халқаро миқёсда медиация тартиб-таомилини ўтказиш давлатларнинг ҳуқуқ тизими доирасидаги медиациядан унчалик фарқ қилмайди. Воситачи низолашаётган томонларга айбдорларни қидириш ўрнига, иккала томон учун ҳам мос келадиган муросага келишни
таклиф қилиши мумкин. Давлатлар ўртасида воситачилик тартиб – таомилларини ўтказиш тажрибасида асосан халқаро тижорат низоларини ҳал этишда воситачилик эътибор қаратилади.

Мисол сифатида давлатлар ўртасидаги зиддиятларни кўриб чиқиш фойдалидир.

1978 йилда Чили ва Аргентина ўртасидаги Леннокс, Пиктон ва Исла-Нуэва оролларининг эгалик ҳуқуқига доир можаро пайтида Ватикан князлиги машҳур кардиналлардан бирини воситачи сифатида таклиф қилади. Ватикан буни иккала давлат ҳам католик бўлганлиги ва улар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган ҳарбий можарони истамаслиги каби икки сабаб билан изоҳлайди. Бошқа томондан, Рим папаси  Жанубий Америкада вужудга келган айрим келишмовчиликларда доимий қатнашиб келгани учун ушбу низоли вазиятга ҳам аралашувни зарур деб ҳисоблайди. Яъни, воситачи номзодини кўрсатиш учун тарихий ва диний шартлар мавжуд эди. Кардинал Антонио Саморанинг ҳаракатлари, шунингдек, католик черковининг нуфузи туфайли муқаррар бўлиб туюлган ҳарбий можаронинг олди олиниб, тарафлар  “Тинчлик ва дўстлик” шартномасини тузишга эришадилар.

Шунингдек, таъкидлаш жоизки, давлатлар, одатда йирик мамлакатлар минтақага ўз таъсирини кучайтириш учун воситачи вазифасини бажарадилар. Собиқ Совет давлатининг 1965 йилда Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги можарода иштирок этиши бунга
мисол бўла олади. Собиқ Совет давлатининг ўз таъсирини сусайтиришига йўл қўйиб бўлмаслиги сабаб ярашув  тартиб-қоидалари ташкил этилди. Давлат ўзи ва томонлардан бири ўртасида бирон – бир мажбуриятга эга бўлса воситачилик натижалари кўзланган самара бермайди ва ушбу манфаат низоларни ҳал қилиш жараёнига таъсир қилиши мумкин. Шу сабабдан, Ҳиндистон ва Покистон ўртасида Кашмирнинг ҳудудий мансублиги бўйича можарога Қўшма Штатлар ва Буюк Британия воситачи бўла олмадилар, шунинг учун воситачилик жараёнлари собиқ Совет иттфоқи томонидан амалга оширилди, чунки иккала томон билан муносабатлар ўрнатилган эди.

Медиация халқаро ҳуқуқда низоларни ҳал қилишнинг муқобил
усули сифатида тўлиқ музокара кўринишида намоён бўлса, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда низоларни учинчи шахс ёрдамида фақат икки тарафнинг муқобил ечимига келишида воситачилик кўринишида ифодалайди.

Илхом Джураев,

            Фуқаролик ишлари бўйича

            Қоракўл туманлараро суди раиси

Азиз Сафаров,

            Фуқаролик ишлари бўйича

            Қоракўл туманлараро суди судьяси