Фуқаролик ишларини кўришда прокурор иштироки
Тарафлар, учинчи шахслар, уларнинг вакиллари, ариза берувчилар
ва судда кўрилаётган алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича бошқа манфаатдор шахслар, прокурор, ишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этадиган давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар ишда иштирок этувчи шахслар деб тан олинади.
Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар, агар иш бўйича қабул қилинадиган ҳал қилув қарори уларнинг тарафлардан бирига нисбатан бўлган ҳуқуқларига ёки мажбуриятларига таъсир этадиган бўлса, суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар даъвогар ёки жавобгар тарафида ишга киришиши мумкин. Улар тарафларнинг, прокурорнинг, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномаси бўйича ёхуд суднинг ташаббуси билан ҳам ишда иштирок этишга жалб қилиниши мумкин.
Агар фуқаро соғлиғининг ҳолати, ёши ёки бошқа сабабларга кўра судда ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаса, прокурор фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек прокурорнинг аризасига кўра қўзғатилган ишлар бўйича фуқаролик ишининг муҳокамасида иштирок этишга ҳақли. Прокурор бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас.
Ариза берган прокурор даъвогарнинг барча процессуал ҳуқуқларидан фойдаланади ва барча процессуал мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳуқуқи ва суд харажатларини тўлаш мажбурияти мустасно.
Прокурор берган аризасидан бутунлай ёки қисман воз кечиш, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўзи арз қилган талаблар бўйича судга тушунтиришлар бериш, иш мазмуни юзасидан, шунингдек ишнинг муҳокамаси вақтида келиб чиққан айрим масалалар бўйича ўз фикрини баён этиш, суд ҳужжати устидан протест келтириш ҳуқуқига эга.
Агар даъвогар рози бўлмаса, прокурор ўзи арз қилган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, қўшимча талаблар билдиришга, даъво талабларининг миқдорини кўпайтиришга ёхуд камайтиришга
ҳақли эмас.
Прокурор томонидан даъвогарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тақдим этилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши, агар бу учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилмаса, даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиришга олиб келади.
Прокурорнинг бошқа шахс манфаатларини ҳимоя қилиш учун тақдим этган ўз даъвосидан (аризасидан) воз кечиши, ушбу шахсни ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Прокурорнинг, шунингдек бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиб судга мурожаат қилган давлат бошқаруви органларининг, ташкилотларнинг ва фуқароларнинг арз қилинган талаблари тўлиқ ёки қисман рад этилганда, жавобгар қилган суд харажатларининг ўрни унга бюджет маблағлари ҳисобидан тўлиқ ёки даъвогар арз қилган талабларнинг рад этилган қисмига мутаносиб равишда қопланади.
Прокурор ёки адвокат раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунмаган тақдирда, улар огоҳлантирилади. Мазкур шахслар раислик қилувчининг фармойишларига яна бўйсунмаса, агар уларни ишга зарар етказмаган ҳолда бошқа шахс билан алмаштиришнинг имкони бўлмаса, ишни кўриш суднинг ажримига биноан кейинга қолдирилиши мумкин. Суд бир вақтнинг ўзида хусусий ажрим чиқаради, ушбу ажрим тегишинча юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига юборилади.
Прокурор ёки адвокатнинг узрсиз сабаблар билан келмаганлиги тўғрисида суд хусусий ажрим чиқаради, бу ҳақда тегишинча юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига маълум қилади.
Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этган прокурор, шунингдек давлат бошқаруви органларининг, ташкилотларнинг вакиллари ёки айрим фуқаролар суд музокараларида биринчи бўлиб сўзга чиқади.
Ишда иштирок этувчи прокурор суд музокараларидан кейин низонинг моҳияти бўйича ўз фикрини баён этади, бундан прокурорнинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берган аризаси бўйича қўзғатилган ишлар мустасно.
Суд фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни фарзандликка олувчилар (олувчи), васийлик ва ҳомийлик органларининг вакиллари, шунингдек прокурор албатта иштирок этган ҳолда кўриб чиқади.
Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги ёки фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги ишлар албатта прокурорнинг иштирокида кўрилади.
Суд фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ишни албатта мазкур фуқаронинг, прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокида кўради. Агар фуқаро суд мажлисига келмаса, ушбу Кодекс 186-моддасининг қоидалари қўлланади.
Суд фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишни прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг вакили иштирокида кўриб чиқади. Иши кўриб чиқилаётган фуқаро, агар унинг соғлиғи ҳолати имкон берса, суд мажлисига чақирилади.
Мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисидаги иш аризачининг вакили, учинчи шахслар ва прокурор иштирокида суд томонидан кўриб чиқилади.
Йўқолган суд ишини юритиш суд томонидан ишда иштирок этувчи шахсларнинг, прокурорнинг аризасига биноан, шунингдек суднинг ташаббусига кўра тикланиши мумкин.
Прокурор, юқори турувчи прокурор прокурорнинг иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек тарафларнинг мурожаати мавжуд
бўлган тақдирда биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция протести келтиришга ҳақли.
Прокурор иштирокисиз кўриб чиқилган иш бўйича апелляция протестига тарафнинг мазкур протестни келтириш учун асос бўлиб хизмат қилган мурожаатининг кўчирма нусхаси илова қилинади.
Прокурорнинг ёки адвокатнинг судга узрли сабабларсиз келмаганлиги тўғрисида суд хусусий ажрим чиқариб, бу ҳақда тегишли юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига
хабар беради.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларидан сўнг прокурор суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги тўғрисида фикрини баён этади, бундан прокурорнинг протести бўйича қайта кўрилаётган суд ҳужжатлари мустасно.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари ва прокурор фикри эшитилгандан сўнг апелляция инстанцияси суди ажрим чиқариш учун алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киради.
Прокурорнинг иштирокисиз кўрилган иш бўйича кассация протестига тарафнинг протест келтиришга асос бўлиб хизмат қилган мурожаатининг кўчирма нусхаси илова қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарлари, вилоят прокурори, унга тенглаштирилган прокурор ва уларнинг ўринбосарлари ушбу Кодекснинг 403-моддасида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда, кассация протести келтириш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун тегишли суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли.
Шохида Бозорова,
Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди раиси
Зубайда Курбонова,
Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси