Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқининг конституциявий асосларини кенгайтирилиши

Конституциянинг янги таҳририда бош масала саналган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада кенгайтириш, мавжудларини мазмунан бойитиш, ҳуқуқ ва эркинликларнинг конституциявий кафолатлари, давлат масъулиятининг кучайтирилганлиги фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи мисолида кўрсатилган.

Конституцияни янгилаш ва янги таҳрирда қабул қилишнинг бош мақсади унда инсон ҳуқуқларини кўпайтириш, янги ҳуқуқларни мустаҳкамлаш, мавжуд ҳуқуқларни мазмунан бойитиш, инсон ҳуқуқлари кафолатларини ва бу борада давлатнинг масъулиятини кучайтириш эди. Аввалги Конституциянинг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” бўлимида 35 та модда бўлган бўлса, янги таҳрирдаги Конституциянинг шу бўлими 46 та моддадан иборат бўлди. Шунингдек, моддалардаги нормалар миқдори ҳам бир неча марта кўпайтирилди.

Янги Конституциянинг 20-моддаси учинчи қисмидаги “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди – деган қоида, тўртинчи банддаги “Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак”, шу модданинг охирги бандидаги “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади” – деган нормалар мутлақо янги конституциявий норма бўлиб, биринчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита ҳеч қандай қўшимча кўрсатмасиз амал қилишини, иккинчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар, давлат органлари ва ўзини – ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахсларнинг фаолияти мазмун-моҳиятини белгилайди. Бу – улар учун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари устувор масала эканлиги ва уларнинг фаолиятига инсон ҳуқуқ ва эркинликларига муносабатига қараб баҳо берилади, дегани.

Давлат органлари ва инсонлар муносабатида инсон манфаати устуворлиги белгиланган.

Конституциянинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига тааллуқли кўплаб моддаларида шу ҳуқуқни таъминлаш, рағбатлантириш, шароит яратиш масъулияти тўғридан – тўғри кўрсатиб қўйилган. Бу давлатнинг инсон олдида масъулияти кучли белгиланганлигини кўрсатади. Булар Конституциянинг 54-моддасида мустаҳкамланган “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир” деган тамойилдан келиб чиқади.

Бевосита инсоннинг мурожаат қилиш ҳуқуқи янги таҳрирдаги Конституцияда ҳал қилинганлиги ҳақида тўхталадиган бўлсак, учта нарсага эътибор қаратиш зарур. Биринчидан, бундай ҳуқуқларнинг кенгайганлиги, иккинчидан кафолатларнинг кучайтирилганлиги, учинчидан мурожаат қилинувчи органлар сони кўпайганлиги.

Конституциянинг 55-моддасида шундай бир янги норма белгиландики, унга асосан “Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли”. Бу фақат ҳуқуқ эмас, ҳар қандай ҳуқуқ ва эркинликнинг кучли кафолатидир. Бу билан Ўзбекистон фуқароларнинг ҳуқуқлари нафақат миллий институтлар орқали ҳимоя қилиниши белгиланган. Бу тартибнинг ўрнатилиши давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларнинг масъулиятини кучайтиради, давлатимизнинг инсон ҳуқуқларига қандай муносабатда эканлигига тўғри баҳо бериш имкониятини вужудга келтиради. Бунда халқаро ташкилотларга мурожаат қилиш учун асосий шарт – фуқаро давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлган бўлиши ва бу ҳақда тегишли ҳужжатлари бўлиши керак..

Шу модданинг охирги қисмида белгиланган “Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эгалиги” борасидаги меъёр ҳам давлат органлари, мансабдор шахсларнинг ҳар қандай мурожаатга жиддий ёндашувини келтириб чиқаради.

Конституциянинг 98-моддасида, Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган
фуқаролари қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли эканлиги белгиланди. Бу фуқароларга катта ишонч ва имкониятдир. Аввал фуқаролар тайёрлаб эълон қилинган қонунларга ўзларининг эътирози, таклифларини бериш орқали мурожаат ҳуқуқини амалга оширса, энди ўзлари бу масалада ташаббусга эга бўлмоқда. Мурожаат қилиш ҳуқуқи эса кенгаймоқда. Албатта бу ҳуқуқдан фойдаланиш учун фуқароларнинг онги, билими юқори даражада бўлиши керак. Бу ҳуқуқдан айрим гуруҳлар маълум бир соҳаларни ривожлантиришда фойдаланиши мумкин. Масалан, тадбиркорлар, тиббиёт ходимлари ўз муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қилиши мумкин.

Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига алоҳида эътибор берилиб, мавқеи анча кўтарилди. Конституциянинг 21-боби “Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари деб номланди. Бу фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ҳокимиятидан ҳоли, мустақиллигини конституция асосда белгиланишидир. Уларнинг фаолиятига тааллуқли 127-модданинг нормалари аввалги Конституция нормаларидан икки марта кўпайтирилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аввали Конституцияда иккита моддада тилга олинган бўлса, янги таҳрирдаги Конституцияда бир неча моддаларда қайд қилинди.

Энг муҳими, Конституциянинг 40-моддасида фуқаролар мурожаат билан чиқадиган органлар қаторига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам қўшилди. Улар давлат органлари билан бирга мурожаатларни кўриб ҳал қилувчи орган сифатида эътироф этилди.

Бу жуда тўғри бўлди. Чунки асосий муаммолар маҳалларда бўлиб, у ердаги орган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидир. Конституциянинг 69-моддасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фуқаролик жамияти институтлари тизимига киритилди, бу уларнинг мақомини юқорилаганлигини кўрсатади.

Янги Конституцияда инсон ҳуқуқлари кенгайди. Янги моддалар ва нормалар белгиланди, мурожаат қилиш ҳуқуқининг кафолатлари кучайди. Мурожаат қилинувчи органлар сони кўпайтирилди. Халқаро ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқи ўрнатилди. Давлатни ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашдаги масъулияти кучайди.   

Миразиз Раджабов,

            Фуқаролик ишлари бўйича

            Когон туманлараро суди раиси

Улуғбек Қаландаров,

            Фуқаролик ишлари бўйича

            Когон туманлараро суди судьяси