Судларда фарзандликка олишга ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари.
Жамиятнинг равнақ топишида оиланинг ўрни беқиёс бўлиб, оила- жамиятнинг бирламчи бўғини ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Соғлом боланинг туғилиши эса оила мустаҳкамлиги ва бардавом бўлиши, эр-хотининг бахтиёр яшашларининг муҳим гарови ҳисобланади. Фарзанд- бу ота-она қувончи, бахти ва ҳаёт давомчиси. Фарзанд нафақат оила учун, балки оила ва жамият ҳамда мамлакат учун учун ҳам азиздир.
Бироқ, турли сабабларга кўра айрим оилаларда фарзанд дунёга келмайди. Баъзи ота-оналар эса ўз жигарбандларини тарбиялашдан воз кечиб кетади.
Оила инстутини мустаҳкамлаш, оилалар барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида ҳам фарзандликка олиш инстути Оила кодексида алоҳида боб сифатида кўрсатилиб, фарзандликка олувчи шахслар, фарзандликка олиш тартиби, шартлари, ҳуқуқий оқибатлари, бекор қилиш асослари ва тартиби кўрсатиб ўтилган.
Аслида фарзандликка олишнинг ҳуқуқий асосларининг вужудга келиши бошқа давлатларда бир неча асрларга бориб тақалади. Мисол учун АҚШда фарзандликка олиш ҳақидаги дастлабки қонунлардан бири Массачусетс штати томонидан 1851 йилда қабул қилинган “Фарзандликка олишнинг асослари тўғрисидаги” қонун ҳисобланади.
Мамлакатимизда эса бу ҳақидаги дастлабки нормалар Биринчи Бош қомусимизнинг 65-моддасида келтирилган бўлиб, унга кўра оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгиланган.
Фарзандликка олиш ишлари фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўрилиб, фарзандликка олиш Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сонли қарори билан тасдиқланган “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида”ги Низом асосида амалга оширилади.
Фарзандликка олиш вояга етмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатларини кўзлаб, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нисбатан йўл қўйилади.
Фарзандликка олиш ҳақидаги ишлар, фарзандликка олувчилар (олувчи), васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари, шунингдек прокурор иштирокида кўриб чиқилади.
Ушбу тоифадаги ишларнинг судларда кўриб чиқилишининг ўзига хос томонлари шундан иборатки, фарзандликка олиш сир сақланиши мақсадида ишлар ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.
Суд мажлиси жараёнида ишда иштирок этувчи шахслар фарзандликка олиш билан боғлиқ маълумотларни сир сақлашлари зарурлиги, ушбу сирни ошкор қилганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 125-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилади.
Жиноят кодекси 125-моддасига кўра, фарзандликка бола олувчиларнинг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг эркига қарши, етим ёки ота-она ғамхўрлигидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка олишнинг қонун билан қўриқланадиган сирини ошкор қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Қонунга кўра, вояга етган эркак ёки аёл фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин.
ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;
қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;
асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар;
фарзандликка олганлиги бекор қилинган собиқ фарзандликка олувчилар;
қасддан содир қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар вояга етмаган болаларни фарзандликка ололмайдилар.
Фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинувчилар ёшидаги фарқ ўн беш ёшдан кам бўлмаслиги шарт, ўгай ота ва ўгай она томонидан фарзандликка олиш ҳолларига ушбу чеклов истосно қилинган.
Яна бир муҳим жиҳат, Оила кодекси 155-моддасига кўра ўн ёшга тўлган болани фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб этилади. Корея Республикаси қонунчилигига кўра фарзандликка олиш учун 6 ёшдан ошган болаларнинг розилиги талаб қилинса, Италияда мазкур ёш 14 ёш қилиб белгиланган.
Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган, бошқа давлат ҳудудида доимий яшаётган болани Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фарзандликка олиш мазкур бола доимий яшаётган давлатнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, фарзандликка олинаётган бола етим ва фарзандликка олувчиларнинг яқин қариндоши бўлган ёки ўз ватанида турли сабабларга кўра фарзандликка олиниши мумкин бўлмаган ҳолларда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшаб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, шунингдек чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг фарзандликка олиш ҳақидаги аризалари фарзандликка олинаётган боланинг яшаш жойидаги вилоят суди томонидан кўриб чиқилади.
Ниятимиз, барча оилаларда чақалоқ йиғиси эшитилиб, мазкур турдаги ишлар судларда камайиб, ҳар бир бола ота-онаси бағрида камол топади.
Миразиз Раджабов,
Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро суди раиси
Улуғбек Қаландаров,
Фуқаролик ишлари бўйича
Когон туманлараро суди судьяси