Сервитут-бошқа шахсларнинг мулкидан чекланган ҳолда фойдаланиш ҳуқуқи
Сервитут белгилашни талаб қилаётган шахс билан ўзга ер участкасининг эгаси ўртасидаги битимга мувофиқ сервитут белгиланади ва у кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим. Сервитутни белгилаш хусусида келиша олинмаса ёки унинг шартларида муросага келинмаса, баҳс сервитут белгилашни талаб қилаётган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳал этилади.
Сервитут белгиланган участканинг эгаси, агар қонунда бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, сервитут кимнинг фойдасини кўзлаб белгиланган бўлса, ўша шахсдан участкадан фойдаланганлик учун мутаносиб ҳақ талаб қилишга ҳақлидир.
Кўчмас мулк (ер участкаси, бошқа кўчмас мулк) эгаси қўшни ер участкасининг эгасидан, зарур ҳолларда эса — бошқа ер участкасининг эгасидан ҳам ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини беришни талаб қилишга ҳақлидир.
Ўзганинг ер участкасидан пиёда ва транспортда ўта олишни таъминлаш, электр узатгич, алоқа ва қувур линияларини ўтказиш ва улардан фойдаланиш, сув билан таъминлаш учун, шунингдек кўчмас
мулк эгасининг эҳтиёжларини сервитут белгиламай туриб таъминланиши мумкин бўлмаган бошқа эҳтиёжларини қондириш учун сервитут белгиланиши мумкин.
Ер участкасида сервитут белгиланиши ер участкаси эгасининг
ушбу участкага эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф
этиш ҳуқуқларидан маҳрум этмайди.
Участка мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан берилган ёки доимий эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган шахснинг манфаатлари ва талаби бўйича ҳам ушбу модданинг биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган шартларда ва тартибда сервитут белгиланиши мумкин.
Ундирув гаровга қўйилган ер участкасига қаратилган тақдирда гаровга қўювчи ер участкаси унинг бино ёки иншоотдан ўз ўрнида фойдаланиш учун зарур бўлган қисмидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини сақлаб қолади. Участканинг бу қисмидан фойдаланиш шартлари гаровга қўювчининг гаровга олувчи билан келишуви асосида, низо чиққан тақдирда эса — суд томонидан белгиланади.
Агар ер участкасининг тегишли қисмидан фойдаланиш шартлари уни сотиш шартномаси билан белгиланган бўлмаса, сотувчи ер участкасининг кўчмас мулк жойлашган ва бу кўчмас мулкдан кўзланган мақсадларда фойдаланиш учун зарур бўлган қисмидан чекланган ҳолда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини сақлаб қолади.
Шохида Бозорова,
Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди раиси
Убайдулло Аллаев,
Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси