Реабилитация қилинган шахсларни ишга тиклашнинг ўзига хос жиҳатлари
Кейинги йилларда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан оқлов ҳукмлари чиқарилиши ортиб бораётганлигини кўрсатиб туриб. Лекин, реабилитация қилинган шахсларни ишга тиклаш амалиётида суриштирув ва тергов идоралари билан бир қаторда суд амалиётида ҳам ягона ёндашувнинг мавжуд эмаслиги айрим ҳолларда фуқароларимизнинг норозилигига, уларнинг бу борадаги ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларининг бирмунча сусайишига сабаб бўлмоқда.
Бугунги кунда фуқароларимизнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини, аниқса реабилитация қилинган шахсларни ишга тиклаш билан боғлиқ ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган амалиёт бундай ҳуқуқларни ҳар доим ҳам тўла-тўкис таъминланмоқда, дея олмаймиз. Бу борадаги амалиётда ёндошувларнинг ҳар хиллиги кишини ажаблантиради.
Реабилитация қилинган шахснинг ҳуқуқларини тиклаш Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг
304-310-моддаларида белгиланишича суднинг ажрими, терговчи ёки прокурорнинг қарори асосида амалга оширилади.
Юқоридаги моддалар мазмунига кўра шахсни реабилитация қилиш тўғрисида тегишли вертикт чиқарган суд реабилитация қилинган шахснинг ҳуқуқларини тиклаши лозим бўлади. Бинобарин, ЖПКнинг 311-моддасига асосан реабилитация қилинган шахснинг ҳуқуқлари билан бир қаторда уни меҳнатга оид ҳуқуқларини тиклаш тўғрисидаги талаби қаноатлантирилмаган бўлса, ёхуд у қабул қилинган қарорга рози бўлмаса тегишли талаб билан даъво ишини юритиш тартибида судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Аммо, мазкур қонун нормасида реабилитация қилинган шахснинг меҳнатга оид ҳуқуқларини тиклаш билан боғлиқ талаби айнан қайси давлат органи ёки мансабдор шахси томонидан қаноатлантирилмаган ҳолларда даъво ишини юритиш тартибида судга мурожаат қилишга
ҳақли эканлиги аниқ назарда тутилмаган. Шу йўсинда қонун реабилитация қилинган шахсга “тўғри йўлни” кўрсатмайди.
ЖПКнинг “талаб қилиш ҳуқуқи” деб номланган 312-моддасига кўра, реабилитация этилган шахсни ишга тиклаш бўйича ҳеч қандай процессуал ҳужжат қабул қилинмайди, фақат унга тушунтирувчи билдириш хати юборилади, холос.
Бундай мазмундаги норма қатор тушунмовчиликларни келтириб чиқаради.Тушунмовчилик мазкур меъёрнинг турли талқин қилиниши билан боғлиқ.
Бугунги кунда мамлакатимизда ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб шахс ҳуқуқларини чеклашга қаратилган мажбурлов чораларини одил судлов йўли билан белгилаш борасида ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шахсни лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги масаланинг муҳимлиги, бу фуқаронинг
меҳнат қилиш ҳуқуқининг таркибий қисми бўлганлиги боис қонун бу масаланинг ҳам суднинг тегишли қарори асосида амалга оширилишини назарда тутади. Аммо, қонун бир вақтнинг ўзида суд ажрими асосида айблонувчи, судланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини суруштирувчи , терговчи, прокурорнинг қарори билан “бекор қилиниши” мумкинлигини ҳам инкор қилмайди, Фақат бундай ҳолларда суриштирувчи, терговчи, прокурор судни хабардор қилиб қўйиши талаб қилинади.
Амалдаги тартибга кўра, дастлаб иш берувчига шахсни лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги суднинг ажрими тақдим қилиниб, у лавозимидан четлаштирилади, у реабилитация қилингандан кейинчи? Айнан шу жойга келганда, яъни шахс реабилитация қилингандан сўнг шахсни ишга тиклаш бўйича иш берувчига қайси органнинг ҳужжати тақдим қилинади, деган саволга қонунларимизда ҳеч нарса дейилмаган. Балким, бу саволга ЖПКнинг 255-моддаси 4-бандига асосан қабул қилинган терговчи қарорига биноан масала ҳал бўлади, дейиш мумкиндир. Аммо суднинг ажрими асосида ходимни ишдан четлаштирган иш берувчи тергов органининг қарорига асосан ходимни ишга тиклармикин? Агар тиклаши шарт бўлса, бу ҳақда ҳеч қаерда ёзилмаган. Бу борадаги қонун ҳужжатларини таҳлил қилганимизда шахс ҳуқуқларини чеклашга қаратилган қонун меъёрлари анчайин мукаммалигига, аксинча уни тиклашга қаратилганларида эса қатор бўшлиқлар мавжудлигига гувоҳ бўламиз.
Бугунги кунда реабилитация қилинган шахсларни, айниқса ҳарбий хизматчиларни ишга тиклаш бўйича суд амалиётида турли ёндошувлар мавжуд. Бу борадаги суд амалиёти амалдаги қонунлар, қонун ости ҳужжатлари ва шу билан бирга 2019 йил 4 февралдаги Олий суд томонидан барча судларга юборилган 11-9-10-сонли хат ва 2020 йил
26 ноябрда Олий суднинг РС-54-20-сонли реабилитация билан боғлиқ ишга тиклаш, иш ҳақи, моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақидаги Раёсат қарорига таяниб шаклланган.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида суднинг айблов ҳукми билан ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо тайинланган ва реабилитация қилинган
шахслар учун ҳарбий ёки махсус унвонларни қайтариб бериш асослари
ва тартиби назарда тутилмаган. Бизнингча реабилитация этилган шахснинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш баробарида, агарда суднинг
айблов ҳукми билан ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш
тарзидаги қўшимча жазо қўлланилган бўлса, бундай ҳарбий ёки махсус унвонлар унга қайтариб берилиши билан боғлиқ масала ҳам ҳал этилиши лозим.
Юқоридаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда
биринчи навбатда реабилитация қилинган шахслар, айниқса реабилитация қилинган ҳарбий хизматчиларни ишга тиклаш билан боғлиқ суд амалиётини бир хиллаштириш мақсадида аввало мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини унификациялаш, шу билан бир қаторда Олий суднинг тегишли Пленум қарорини ишлаб чиқиш лозим. Бундан ташқари мазкур муносабатларнинг кенг қамровлилиги ва ўзига хослигидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикасининг “Реабилитация қилинган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, қабул қилиш лозим.
Шохида Бозорова,
Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди раиси
Зубайда Курбонова,
Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси