“Оғзи полвон”лар суднинг қора курсисида
З. Х. 2024-йил 15-ноябрь куни соат 23:00 ларда Бухоро шаҳар, Навоий шоҳ кўчасининг йўл четида ўзига олдиндан таниш бўлмаган М. И. билан жанжаллашиб, уни дўппослади. Натижада, М. И.га ўрта оғир тан жароҳати етказди.
Воқеа бундай бўлган: жабрланувчи М. И ўша куни Бухоро шаҳридаги “Мафтуна бар” ресторани томондан олийгоҳнинг ётоқхонасига бораётган эди. Ресторан ўриндиғида бир бола турганлигига кўзи тушди ва йўлида давом этди. Кутилмаганда З. Х орқа томондан маст ҳолда келиб, уни тўхтатиб: “Менга нега тикилиб қарадинг? Нима гапининг бор?” деб савол берди.
Вазиятга тушунмаган йўловчи йўлида давом этаверди. Аммо у автомобиль йўлига ўтганида З. Х. ўртоқларига қўнғироқ қилиб, уларни чақирди. Муштумзўрлар дарров етиб келишди. Йигитни роса дўппослашди. Бутун вужуди зирқираётган йигит ётоқхона ёнидаги бекат олдига бориб, “102” телефон рақамига қўнғироқ қилиб, бўлиб ўтган воқеани хабар қилди.
Судда З. Х. ва унинг муштумзўр шерикларининг қилмишлари инкор этиб бўлмас далиллар билан ўз исботини топди. Суднинг қора курсисида қилмишига пушаймон бўлган йигитнинг боши қуйи эгилди. Иш шу билан тугадики, муштумзўрлар қилмишига яраша жазо олишига тўғри келди…
Дилшод НАЙИМОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Бухоро вилоят судининг судьяси
Феруз ШАРАПОВ,
Бухоро вилоят суди бош консултанти