Келинини ўлдирган қайнота

Ўзбекистонда қайнота ва келин муносабатлари миллий қадриятлар, урф-одатлар ва оилавий анъаналар билан чамбарчас боғлиқ. Бу муносабатларда ўзаро ҳурмат, одоб-ахлоқ, ва масъулият асосий ўрин тутади.

Ўзбек жамиятида оила катталарга ҳурмат ва уларнинг сўзини эъзозлаш билан ажралиб туради. Қайнота келин учун оиланинг каттаси сифатида ҳурматга сазовор шахс ҳисобланади. Келин қайнотага одоб билан мурожаат қилади.

Қайнота ўз навбатида келинни оила аъзоси сифатида қабул қилиши, уни ҳурмат қилиши, ҳақорат қилмаслиги керак.

Унга инсоний муносабатда бўлиши шарт.

Ўзбек анъанавий жамиятида эркаклар оила бошлиғи саналади, аммо замонавий қарашлар асосида қайнота келинни фақат буйруқбардор эмас, балки оиланинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида қабул қилиши ҳам керак.

В.К. 2024-йил 13-сентябрь куни тахминан соат 12:30 ларда ўзи истиқомат қилиб келган Когон шаҳри, Бобур маҳалласи, Қоровулбозоршоҳ кўчаси 17-уй 7-хонадоннинг ошхонасида келини Г.И. билан ўзаро жанжаллашиб, жанжал давомида ошхона пичоғи билан Г.И.нинг ҳаёти учун муҳим ҳисобланган кўкрак соҳасига икки маротаба уриб, уни қасддан ўлдирган.

Судда гувоҳлар қайнота ва келиннинг ўртасида аввалдан келишмовчилик борлигини айтиб, гувоҳлик беришди. Суд ўз келини умрига зомин бўлган қайнотага етти йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Бизнинг миллий анъаналаримиз, инсоний фазилатларимиз бу воқеа олдида мум тишлаб қолгани ҳайратланарли. Афсуски, ҳаётда ўз келинини ўлдирадиган қайноталар ҳам бўлар экан. Уларнинг сўнгги пушаймони ўзига душман, холос…

Т.ТАНГРИЕВ,

Бухоро вилоят судининг судьяси,

Я.НИЁЗОВ,

Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг раиси