ХОДИМНИНГ МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ
Кейинги йилларда суд – ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар судларда кўрилаётган низолар қаторида меҳнат қонунларининг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлашни ҳам тақозо этмоқда.
Зеро, меҳнат қилиш, эркин касб танлаш ва адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқлари ҳар бир фуқарога Конституция билан мустаҳкамлаб белгиланган.
Шунга қарамасдан, айрим иш берувчилар томонидан ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларини қонун талабларига риоя қилмасдан бекор қилиш ҳолатлари ҳам кузатилаётган бўлиб, судлар томонидан меҳнат қилиш ҳуқуқидан ғайриқонуний тарзда маҳрум қилинган фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланмоқда.
Мазкур ҳолатларга қуйида келтирилган мисол сифатида изоҳ бериш мумкин:
Даъвогар «А» судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, иш берувчининг 27.05.2022 йилдаги интизомий жазо қўллаш ва 12.09.2022 йилдаги меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқларини ғайриқонуний деб топиб бекор қилишни, уни ўз лавозимига ишга тиклашни, мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундиришни сўраган.
Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво талаби рад қилинган.
Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 15-моддасига кўра, суд тақдим этилган материаллар ва тушунтиришлар билан чекланмасдан, ишнинг ҳақиқий ҳолатини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш учун қонунга асосланган ҳолда чоралар кўришга ҳақли.
Аниқланишича, даъвогар «А» иш берувчининг 14.11.2019 йилдаги буйруғи билан ишга қабул қилинган. Иш берувчининг 21.01.2022 йилдаги буйруғи билан ходимга ижро интизомига риоя қилмаганлиги сабаби билан “ҳайфсан” интизомий жазоси, 25.05.2022 йилда ишга кечикиб келгани сабабли ойлик маошидан 30% ушлаб қолиш интизомий жазоси қўлланилган.
Иш берувчининг 17.08.2022 йилдаги далолатномасида, «А»нинг ҳеч кимни огоҳлантирмасдан соат 12:20ларда иш жойидан кетиб қолганлиги сабабли иш берувчининг 12.09.2022 йилдаги буйруғига асосан «А» билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Ўз кўрсатмасида, даъвогар «А» иш жойида электр таъминоти узилгани учун шахсан раҳбар ўринбосари унга тушликка рухсат берганини, тушлик қилиб соат 13:00да иш жойига қайтиб келганини билдирган.
Мазкур ҳолатни унга рухсат берган раҳбар ўринбосари ҳам тасдиқлаганидан кейин даъвогар «А» нинг ҳаракати меҳнат шартномасини бекор қилиш даражасидаги оқибатларни келтириб чиқармаганлигини кўрсатади.
Чунки, ходимнинг рухсат берилганидан кейин тушликка чиққанлиги иш жойида электр таъминоти вақтинча узилганлиги ва унга раҳбар ўринбосари томонидан берилган рухсат билан боғлиқ бўлган, ходим эса иш жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетмаган ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил
17 апрелдаги “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланиши ҳақида”ги
12-сонли қарорининг 30-бандида, суд ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланишини, жумладан Меҳнат кодекси 100-моддаси
2-қисмининг 3 ёки 4-бандлари бўйича меҳнат шартномасининг бекор қилинишини нафақат иш берувчи томонидан интизомий жазо чораси қўллаш муддати ва тартибларига риоя қилинмаган ҳолларда, балки ножўя хатти-ҳаракат ҳақиқатдан ҳам содир этилган, аммо меҳнат шартномасини бекор қилиш содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг оғирлик даражаси, хатти-ҳаракат содир этилган ҳолатлар, ходимнинг олдинги хулқ-атвори ва унинг ишга бўлган муносабати ҳисобга олинмаган ҳолда
(МК 184-моддаси 2-қисми) бекор қилинган деган хулосага келган тақдирда ҳам ғайриқонуний деб топишга ҳақли.
Мазкур ҳолатларни инобатга олмаган ҳолда иш берувчи томонидан ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишда қонун талаблари бузилган.
Апелляция судлов ҳайъати томонидан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, ходим ўз вазифасига тикланиши, унга мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундирилиши ҳақидаги янги ҳал қилув қарори қабул қилинган.
Шавкат Зиядуллаев,
Бухоро вилоят суди судьяси
Улуғбек Қаландаров,
Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро суди судьяси