Суд томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўриш

1968 йил 1 октябрдан кейин туғилган болаларга нисбатан оталик факти ОК 62-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган шартлардан ҳеч бўлмаганда биттасини ишончли тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлгандагина белгиланиши мумкин.

Давлат томонидан оналик ва болаликнинг муҳофаза қилиниши, болалар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг, ота-онанинг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, ҳимояланиши каби конституциявий принципни таъминлаш судларнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шу муносабат билан оталикни белгилаш тўғрисидаги ишларни тўғри, ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этишга нисбатан эътиборни оширишлари, мазкур тоифадаги ишларни судда кўришга пухта тайёрлашлари, ишнинг ҳақиқий ҳолатлари ва тарафларнинг ўзаро муносабатларини тўла аниқлаш юзасидан чоралар кўришлари лозим.

Оила кодексига кўра, ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилганда, оталик онанинг ва ўзини боланинг отаси деб тан олган шахснинг биргаликдаги аризасига мувофиқ (боланинг онаси вафот этган, у суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, унинг яшаш жойини аниқлаш имкони бўлмаган ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолларда — ўзини боланинг отаси деб тан олган шахснинг аризасига мувофиқ) фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан белгиланади.

Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, Оила кодексида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланади.

Оталикни белгилаш тўғрисидаги масала суд томонидан боланинг ота-онасидан бирининг, васий (ҳомий)си ёки бола қарамоғида бўлган шахснинг ёхуд вояга етганидан сўнг боланинг ўзи берган аризага мувофиқ даъво ишини юритиш тартибида ҳал этилади.

Боланинг онаси вафот этган, муомалага лаёқатсиз деб топилган, она қаердалигини аниқлашнинг имкони бўлмаган ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолларда ҳам, агар васийлик ва ҳомийлик органи боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг аризасига биноан оталикни белгилашга розилик бермаган бўлса, суд ўша шахснинг аризасига мувофиқ оталикни даъво ишини юритиш тартибида белгилаши мумкин.

Оила кодексига кўра, никоҳда бўлмаган вояга етмаган ота-онадан бола туғилган ҳолда улар ўн олти ёшга тўлганларидан сўнг оталикни белгилаш тўғрисида мустақил равишда талаб қўйишга ҳақлидирлар. Шу муносабат билан суд кўрсатилган шахсларнинг оталикни белгилаш тўғрисидаги аризасини Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси (бундан буён матнда ФПК деб юритилади) 195-моддаси биринчи қисмига асосан қайтаришга ҳақли эмас.

Оталикни белгилаш тўғрисидаги иш бўйича тараф вояга етмаган шахс бўлса, суд унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида унинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийсини қонуний вакил сифатида ишда иштирок этишга жалб этиши шарт.

Оталикни белгилаш ҳақидаги ариза суднинг иш юритувига фақат бола туғилганлиги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд этилганидан сўнг ва отаси ҳақидаги ёзув ОК 207-моддасига мувофиқ амалга оширилган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилганда қабул қилиниши мумкин.

 Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида боланинг туғилганлиги қайд этилмаган бўлса, суд аризани қабул қилишни рад этади.

Бундай ҳолда суд манфаатдор шахсга туғилишни қайд этиш учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши шарт.

Боланинг отаси тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан амалга оширилган ёзув бола унда кўрсатилган шахсдан келиб чиққанлигини тасдиқловчи далил ҳисобланиши туфайли, туғилиш тўғрисидаги далолатнома ёзувида ОК 207-моддасига мувофиқ боланинг отаси сифатида бошқа аниқ шахс кўрсатилган ҳолда ҳам суд аризани қабул қилишни рад этади.

Судлар шуни назарда тутиши лозимки, қонунда мазкур тоифа ишлар бўйича даъво муддати назарда тутилмаган бўлиб, оталик бола туғилганидан сўнг исталган вақтда белгиланиши мумкин.

Бунда шуни эътиборга олиш керакки, Оила кодекси 62-моддасига кўра, ўн саккиз ёшга тўлган болага нисбатан оталик фақат унинг розилиги билан, агар у муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, унинг васийси ёки васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги билан белгиланилишига йўл қўйилади.

Ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилинганда (эмансипация), бундай вояга етмаганга нисбатан ҳам фақат унинг розилиги билан оталик белгиланилишига йўл қўйилади.

Шуни назарда тутиш лозимки, қонунда оталикни белгилаш тўғрисидаги низоларни ҳал этиш чоғида суд эътиборга олиши зарур бўлган муайян шартлар белгиланган. Бу шартлар қуйидагилардир:

боланинг онаси ва жавобгарнинг бола туғилишига қадар биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари;

боланинг онаси ва жавобгар болани биргаликда тарбия қилганликлари ёки таъминлаб турганликлари;

жавобгар оталикни тан олганлигини ишончли тасдиқловчи бошқа далиллар мавжудлиги.

Судларга тушунтирилсинки, оталикни белгилаш тўғрисидаги талабларни қаноатлантириш учун кўрсатиб ўтилган шартлардан биттаси иш бўйича аниқланиши етарли.

Жавобгарнинг боланинг онаси билан биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари оилавий муносабатларга хос бўлган ҳолатлар (ҳомила пайдо бўлган вақтда ва бола туғилгунга қадар битта турар жойда яшаш, умумий бюджет юритиш, биргаликда овқатланиш, ўзаро ғамхўрлик, умумий фойдаланиш учун мол-мулк сотиб олиш ва ҳ.к.лар) мавжудлиги билан тасдиқланади.

Тарафлар биргаликда яшашганми ва умумий рўзғор юритишганми, деган масалани ҳал этишда суд алоҳида олинган ҳар бир ҳолда ишнинг муайян ҳолатларидан ва тарафлар ҳаётининг объектив шарт-шароитларидан келиб чиқиши лозим.

Бола туғилгунга қадар тарафлар ўртасида бундай муносабатларнинг тугатилиши, ўз-ўзидан, оталикни белгилаш тўғрисидаги даъвони рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилмайди, улар ҳомиладорлик бошлангунга қадар тугатилган ҳоллар бундан мустасно.

Болани биргаликда тарбия қилиш боланинг онаси ва жавобгар билан бирга яшаганлигида ёки жавобгарнинг бола билан муносабатга киришиб, унга нисбатан оталарча ғамхўрлик ва эътибор кўрсатганлигида намоён бўлади.

Боланинг биргаликда таъминлаб турилиши деганда, бола онаси ва жавобгарнинг қарамоғида бўлганлиги ёки жавобгар томонидан бола таъминоти учун муттасил ёрдам кўрсатилиб келинганлиги, бундай ёрдам миқдоридан қатъи назар, тушунилиши лозим.

Жавобгар томонидан оталик тан олинганлигини тасдиқловчи бошқа далиллар сифатида суд ишончли деб топган ҳар қандай фактик маълумотлар (хатлар, телеграммалар, фотосуратлар, анкеталар, турли инстанцияларга ёзилган аризалар, аудио-, видеоёзувлар, экспертлар хулосаси), у боланинг отаси эканлигини тан олганлигини тасдиқловчи бошқа ҳаракатлар, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувлари бўлиши мумкин. Бундай иқрорлик онанинг ҳомиладорлиги даврида ҳам (масалан, болалик бўлишни хоҳлаш, бўлажак боланинг онаси ҳақида ғамхўрлик), бола туғилганидан сўнг ҳам ифода этилиши мумкин.

 Суд ФПК талабларига мувофиқ ишнинг ҳақиқий ҳолатларини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш учун даъвогар томонидан келтирилган Оила кодексининг назарда тутилган у ёки бу ҳолатлардан қатъи назар, ушбу қонун нормасида назарда тутилган эътиборга молик бошқа ҳолатлар мавжуд бўлган-бўлмаганлигини аниқлаши шарт.

Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнида судья низони тарафларнинг ўзаро розилиги бўйича ҳал этиш имкониятини аниқлаши, зарур ҳолларда, Оила кодексида назарда тутилган ҳолатларни тасдиқловчи далилларни талаб қилиб олиши лозим.

Агар суҳбат давомида жавобгар боланинг отаси эканлигини тан олса, суд тарафларга оталикни ОК 61-моддасига мувофиқ фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига биргаликда ариза бериш орқали ихтиёрий расмийлаштириш имкониятини тушунтириши ва шу мақсадларда тарафларга муайян муддат бериши лозим.

Оталик тарафларнинг биргаликдаги аризасига асосан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан белгиланган ва боланинг туғилганлиги ҳақида гувоҳнома тақдим этилганда, суд ФПК 124-моддасига мувофиқ иш бўйича иш юритишни тугатади. Агар оталикни белгилаш ҳақидаги даъво билан бир пайтда алимент ундириш тўғрисида талаб қўйилган бўлса, ишнинг шу қисми суд томонидан умумий асосларда кўриб чиқилиши лозим.

 Жавобгар томонидан оталик суд мажлисида тан олинганда, суд ФПК талабига мувофиқ даъво тан олинганлигини қабул қилиш масаласини муҳокама қилиши ва у қабул қилинганда, иш ҳолатларини мазмунан текширмасдан, оталикни белгилаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши лозим.

Судларнинг эътибори жавобгарнинг даъвони тан олганлиги, ишга қўшиб қўйиладиган, суднинг номига йўлланган ёзма аризада ифодаланган бўлиши ва суд мажлиси баённомасида кўрсатилиши шарт эканлигига қаратилсин.

Оталикни белгилаш шартлари, тартиби ва ҳуқуқий оқибатлари қонун билан белгиланганлиги сабабли, суд бундай иш бўйича келишув битимини тасдиқлашга ҳақли эмас.

Зарур ҳолларда боланинг келиб чиқишини (масалан, ҳомила пайдо бўлиш вақтини, уруғлантириш қобилияти бор-йўқлигини ва ҳ.к.) аниқлаш мақсадида суд, ОК 62-моддасида назарда тутилган шартлар мавжуд бўлганда, ўз ташаббуси ёки тарафларнинг илтимосномаси бўйича иш юзасидан суд-тиббий экспертизаси, одам ДНКси суд-биологик экспертизаси тайинлаши мумкин.

Бундай экспертизалар тайинлашда судлар Олий суд Пленумининг 2008 йил 12 декабрдаги «Фуқаролик ишлари бўйича экспертиза тайинлаш, ўтказиш ва эксперт хулосасига баҳо беришда суд амалиётида келиб чиқадиган айрим масалалар ҳақида»ги 24-сонли  қарорида  берилган тушунтиришларга асосланишлари лозим.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ФПК 80-моддасига  мувофиқ суд-тиббий экспертизаси, одам ДНКси суд-биологик экспертизаси хулосалари исботлаш воситаларидан бири ҳисобланади ва шу сабабли улар иш бўйича тўпланган бошқа далиллар мажмуи бўйича баҳоланиши лозим.

Судлар оталикни белгилаш тўғрисидаги талабни оталикни тан олиш фактини белгилаш ва оталик фактини белгилаш тўғрисидаги алоҳида иш юритиш тартибида кўриладиган талаблардан фарқлашлари лозим.

Агар оталикни тан олиш фактини, оталик фактини белгилаш тўғрисидаги аризани бериш ёки кўриш вақтида судга тааллуқли бўлган ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиқса, ариза кўрмасдан қолдирилади, аризачи ва бошқа манфаатдор шахсларга низони даъво ишларини юритиш тартибида ҳал қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.

 Ўзини боланинг отаси деб тан олган, бироқ боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахс вафот этган тақдирда, суд унинг оталикни тан олганлиги фактини белгилашга ҳақли.

Оталикни тан олиш факти суд томонидан вафот этган шахс болага нисбатан ўзининг оталигини тан олганлигини ишончли тасдиқловчи ҳар томонлама текширилган маълумотларга асосан белгиланиши мумкин.

Бундай факт ишнинг муайян ҳолатларини инобатга олган ҳолда, шунингдек, ўзини бўлажак боланинг отаси деб онанинг ҳомиладорлиги даврида тан олган шахс вафотидан кейин туғилган болага нисбатан ҳам белгиланиши мумкин.

Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахс вафот этган ҳолда, суд оталик фактини, яъни боланинг ўша шахсдан келиб чиққанлиги фактини белгилашга ҳақли.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар ошкор бўлишига йўл қўймаслик мақсадида тарафларнинг илтимосномасига кўра оталикни белгилаш ҳақидаги иш ёпиқ суд мажлисида кўрилиши мумкин.

             Оталикни, оталикни тан олиш фактини, оталик фактини белгилашга оид ҳал қилув қарорлари суд томонидан ҳар томонлама текширилган ва арз қилинган талабларни тасдиқловчи ёки инкор этувчи маълумотларга асосланган бўлиши лозим. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида оталикни белгилашни қайд қилиш учун зарур бўлган маълумотлар (отанинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг туғилган куни, ойи, йили ва туғилган жойи, миллати, доимий яшаш ва иш жойи) кўрсатилиши лозим.

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси                                                         И.С.Джураев

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди судьяси                                                      Ҳ.Р.Қорёғдиев