Суд ҳужжатларини ижро этмаганлик учун жавобгарлиги
Суд ҳужжатини бажармаслик қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.
Суд ҳужжатининг мажбурийлиги манфаатдор шахсларни ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун, башарти буларга дахлдор низо судда кўриб чиқилмаган ва ҳал этилмаган бўлса, судга мурожаат қилиш имкониятидан маҳрум этмайди.
Мансабдор шахс томонидан суд чиқарган хусусий ажримни (қарорни) кўриб чиқмаслик ёхуд ажримда (қарорда) кўрсатилган қонунни бузиш ҳолларини бартараф этиш чораларини кўрмаслик, худди шунингдек хусусий ажримга (қарорга) ўз вақтида жавоб бермаслик жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан кўп миқдордаги суммани ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатининг ушбу ҳужжатнинг ихтиёрий равишда ижро этилиши учун белгиланган муддатда қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаслиги ёки қарздорнинг зиммасига муайян ҳаракатларни бажариш ёхуд бу ҳаракатларни бажаришдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи ижро ҳужжатининг давлат ижрочиси белгилаган муддатда қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра бажармаслиги жавобгар бўлади.
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик, яъни қарздорнинг даромадлари ва мулкий аҳволи ҳақида нотўғри маълумотлар берганлик, ижро ҳужжатини йўқотганлик, ундирувни қарздорнинг иш ҳақидан ҳамда унга тенглаштирилган тўловлардан ушлаб қолиш учун юборилган ижро ҳужжатларини ижро этиш, уларнинг ҳисобини юритиш ва уларни сақлаш тартибини бузганлик, шунингдек қарздор ўзининг янги иш, ўқиш жойи, пенсия ва бошқа даромадлар олиш жойи ҳақида маълум қилмаслиги жавобгар бўлиши мумумкин.
Муайян ҳаракатларни содир этиш ёхуд уларни содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлашни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттириш, шунингдек суд ҳужжатининг ижро этилишига тўсқинлик қилиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмишлар мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Суд ҳужжатининг ижросини қийинлаштирадиган объектив ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, суд ундирувчининг, қарздорнинг ёки давлат ижрочисининг аризасига биноан ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктиришга ёхуд унинг бўлиб-бўлиб ижро этилишига йўл қўйишга, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришга ҳақли.
Агар ваколатли давлат органининг қарорида ёки тарафларнинг келишувида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёхуд бўлиб-бўлиб ижро этиш учун кўпи билан бир йил муддат берилиши мумкин.
Суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш ҳақидаги ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд томонидан кўрилади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Пешку туманлараро суди раиси И.С.Джураев
Фуқаролик ишлари бўйича
Пешку туманлараро суди судьяси Ҳ.Р.Қорёғдиев






