Фуқаролик қонунчилигида контрактация шартномасининг аҳамияти
Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 465-моддасига асосан контрактация шартномасига мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш ёки сотиш учун бундай маҳсулотни харид қиладиган шахсга –– тайёрловчига шартлашилган муддатда топшириш (топшириб туриш) мажбуриятини олади, тайёрловчи эса бу маҳсулотни қабул қилиш (қабул қилиб туриш), унинг ҳақини шартлашилган муддатда муайян баҳода тўлаш (тўлаб туриш) мажбуриятини олади.
Ушбу Кодекснинг 466-моддасига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи ўстирилган (ишлаб чиқарилган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотини тайёрловчига контрактация шартномасида назарда тутилган миқдор ва ассортиментда топшириши шарт.
Агар маҳсулот етиштирувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мажбуриятларини бажармаганлиги оқибатида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти контрактация шартномасида назарда тутилган миқдор ва ассортиментда олинмаслиги олдиндан маълум бўлиб қолса, тайёрловчи шартномани бекор қилишни ёки ўзгартиришни ва зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Агар контрактация шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тайёрловчи етиштирувчи жойлашган ерда ундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қабул қилиши (қабул қилиб туриши) ва олиб кетишни таъминлаши (таъминлаб туриши) шарт.
Агар қишлоқ хўжалиги маҳсулоти тайёрловчи жойлашган ерда ёки у кўрсатган бошқа ерда қабул қилинса, тайёрловчи етиштирувчи томонидан контрактация шартномасига мувофиқ ва шартлашилган муддатда келтирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қабул қилишдан бош тортишга ҳақли эмас.
Тайёрловчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини олиб кетишни ёки қабул қилиб олишни таъминламаган тақдирда етиштирувчига қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг қийматини ва уни келтириш харажатларини тўлайди.
Контрактация шартномасига мувофиқ олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлайдиган тайёрловчи етиштирувчининг талабига кўра қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш чиқиндиларини тарафлар келишган нархда етиштирувчига қайтариши шарт.
Иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъати раиси С.Абдурасулов
Когон туманлараро иқтисодий
судининг раиси Ф.Муродов