Фуқаролик қонунчилигида пудрат шартномасининг аҳамияти.

Ҳозирги пайтда жамиятимизда пудрат ишларини бажариш кенг тарқалган ижтимоий муносабатлардан бири бўлиб ҳисобланади. Маълумки, пудрат муносабатлари буюртмачи ва пудратчи ўртасида тузиладиган пудрат шартномасига асосан тартибга солинади.

Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 631-моддасига асосан пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Агар қонунчиликда ёхуд тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ишни бажариш учун пудратчи таваккал қилади. Пудрат шартномасининг айрим турлари, яъни маиший пудрат, қурилиш пудрати, лойиҳалаш ёки қидирув ишлари пудрати, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технология ишлари пудрати мавжуд.

Ушбу Кодекснинг 632-моддасига кўра, пудрат шартномаси ашёни тайёрлаш ёки уни қайта ишлаш (ишлов бериш) ёхуд бошқа ишни бажариб, натижасини буюртмачига бериш ёки бошқача тарзда топшириш ҳақида тузилади. Агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, иш пудратчининг материаллари, унинг кучи ва маблағлари ҳисобидан бажарилади. Агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачининг топшириғини бажариш усулларини пудратчи мустақил белгилайди. Пудратчи ўзи берган материаллар ва ускуналарнинг сифати тегишли даражада бўлмаганлиги учун, шунингдек учинчи шахслар ҳуқуқлари бўлган материаллар ва ускуналарни берганлиги учун жавобгар бўлади.

Агар қонунчиликда ёки пудрат шартномасида пудратчининг шартномада кўрсатилган ишни шахсан ўзи бажариш мажбуриятлари келиб чиқмаса, пудратчи ўз мажбуриятларининг бир қисмини бажариш учун бошқа шахслар (ёрдамчи пудратчилар)ни жалб қилишга ҳақли. Бундай ҳолларда пудратчи бош пудратчи ҳисобланади.

Пудрат шартномасида ишни бажаришнинг бошланғич ва охирги муддатлари кўрсатилади. Тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ, шартномада ишнинг айрим босқичларини тугаллаш муддатлари (оралиқ муддатлар) ҳам назарда тутилиши мумкин.

Энг кенг тарқалган пудрат шартномаларидан бири бу қурилиш пудрати шартномаси бўлиб ҳисобланади. Қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади.

Қурилиш пудрати шартномаси корхонани, бинони (жумладан уй-жой биносини), иншоотни ёки бошқа объектни қуриш ёки қайта қуриш ҳақида, шунингдек монтаж, созлаш-ишга тушириш ва қурилаётган объект билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа ишларни бажариш ҳақида тузилади.

Республикамизда пудрат шартномасидан келиб чиқадиган низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилиб, амалдаги қонунчиликка мувофиқ мазмунан ҳал қилиб келинмоқда. Низоларни кўриб чиқиш жараёнида асосан тарафлар ўртасида шартнома шартларини тўлиқ баён этмаслик, ҳақиқатда бажарилган ишлар қийматини аниқлаш учун амалдаги меъёрий ҳужжатларга амал қилмаслик, ишни сифатсиз бажариш ёки ўзбошимчалик билан шартномада назарда тутилмаган ишларни бажариш, лойиҳа-смета ҳужжатларига амал қилмаслик ва бошқа ҳолатлар учраб туради. Бундай тоифадаги низоларни ҳал қилишда судлар томонидан ҳақиқатда бажарилган ишлар қийматини аниқлаш учун қурилишда назорат ўлчови тайинланиши ёки тарафларда ишларнинг сифати юзасидан эътирозлар бўлганда экспертизалар тайинланиши мумкин.

Иқтисодий ишлар бўйича

судлов ҳайъати раиси                                                                                С.Абдурасулов

Когон туманлараро иқтисодий

судининг раиси                                                                                                 Ф.Муродов