ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИНИ КЎРИШДА ТАРАФЛАР, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

Фуқаролик процессуал ҳуқуқий муносабатнинг муҳим субъектлари даъвогар ва жавобгар ҳисобланиб, улар тенг ҳуқуқий мақомга эга.

Фуқаролик процессуал кодексининг 8-моддасига биноан Фуқаролик ишлари бўйича одил судлов фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, ташкилотларнинг эса ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, мулкчилик шаклидан, жойлашган ери, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.

 Ушбу кодекснинг 40-моддасига биноан, ишда иштирок этувчи шахслар иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусхалар кўчириш, рад этиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга саволлар бериш, арз қилиш, илтимосномалар тақдим этиш, судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, суд муҳокамаси давомида юзага келадиган барча масалалар бўйича ўзларининг важларини баён қилиш, бошқа шахсларнинг арзлари, илтимосномалари, важларига қарши эътирозлар билдириш, суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш (протест келтириш), суд ҳужжатларининг мажбурий ижросини талаб қилиш, давлат ижрочиси томонидан ҳаракатлар содир этилишида ҳозир бўлиш ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириш ҳуқуқига эгадир.

Тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги принципи жавобгарнинг берилган даъводан ҳимояланиш ҳуқуқини кафолатлайди. Ушбу принцип судда иштирок этаётган бир неча даъвогарлар ва бир неча жавобгарларга нисбатан татбиқ этилади. Мазкур кафолатлар даъвога қарши эътироз билдириш ва қарши даъво бериш воситалари орқали амалга оширилади.

Умуман суд жараёнида даъвогар ҳам, жавобгар ҳам келтирилган талаблар, тақдим этилган далилларга нисбатан моддий ёки процессуал ҳуқуқий эътироз билдириши мумкин.

Айнан даъвога қарши ҳимояланишнинг субъекти фақат жавобгар ва унинг вакили бўла олиши назарда тутилган бўлиб, «даъвога қарши эътироз билдириш» тушунчаси мазмунида даъво талаби, унинг ҳажми ва доираси, даъво асосига нисбатан эътирозлар мавжуд деб баҳолаш мумкин.

Даъвога қарши эътироз билдиришнинг моддий-ҳуқуқий ва процессуал-ҳуқуқий турлари мавжуд. Эътирознинг мақсади суд томонидан даъвони тўлиқ ёки қисман қаноатлантиришни рад этишга қаратилган бўлади.

Моддий-ҳуқуқий маънодаги эътироз – низоли талаб вужудга келган моддий-ҳуқуқий муносабатга тегишли бўлиб, айнан даъво талабларига қарши йўналтирилган бўлади ва бундай эътирозлар моддий ҳуқуқ нормаларига ҳавола бериш орқали асослантирилади.

Процессуал-ҳуқуқий маънодаги эътироз – низоли талабни ҳал қилишга қаратилган, процессуал қонун ҳужжатларида кўрсатилган процессуал ҳаракатларга нисбатан вужудга келиб, суд жараёнининг бориши ва амалга оширилаётган процессуал ҳаракатларга қарши йўналтирилган бўлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ишда иштирок этувчи шахслар иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусхалар кўчириш, рад этиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга саволлар бериш, арз қилиш, илтимосномалар тақдим этиш, судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, суд муҳокамаси давомида юзага келадиган барча масалалар бўйича ўзларининг важларини баён қилиш, бошқа шахсларнинг арзлари, илтимосномалари, важларига қарши эътирозлар билдириш ҳуқуқларига эга бўлиб, суд ишларини юритишнинг муҳим элементларидан бири саналади. Ушбу процессуал ҳаракатлар айнан суд иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва манфаатлари билан боғлиқдир.

            Илхом Джураев,

            Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди раиси

            Файзулло Кадиров,

            Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди судьяси