ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИ ЙЎЛИДА

Мамлакатимизда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари илғор жаҳон андозалари асосида амалга оширилмоқда. Мақсад фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқи ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш.

Қайд этиш керакки, мазкур вазифаларни амалга ошириш учун, аввало, юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини замонавий талабларга мос равишда такомиллаштириш зарур.

Шу маънода, Президентимиз томонидан 2025 йил 21 августда имзоланган “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чоратадбирлари тўғрисида”ги Фармон соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.

Мазкур Фармон судьялар малакасини ошириш, илғор халқаро тажрибани жорий қилиш ва суд тизимини замонавий технологиялар билан таъминлаш учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш – нафақат ҳуқуқий масала, балки ижтимоий адолатни таъминлашга ҳам хизмат қилувчи муҳим вазифадир. Бу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар суд органларининг мустақиллиги ва профессионаллигини кучайтиради, халқ ишончини янада мустаҳкамлайди ва қонун устуворлигини таъминлашга катта ҳисса қўшади.

Жаҳоннинг ривожланган давлатларида судьялар тайёрлаш жараёнида талабаларни амалий кейслар ва муаммоли вазиятлар орқали ўқитиш ва доимий малака ошириш тизими йўлга қўйилган. Ўзбекистонда ҳам айни тажрибани қўллаш суд тизимининг сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Шу маънода, Судьялар олий кенгаши ҳузурида ташкил этилган “Одил судлов” академияси мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, адолатни мустаҳкамлаш ва суд кадрлари сифатига бўлган талабларни оширишга қаратилган. Бу янгиланган муассасада судьяликка номзодларни тайёрлашда илғор услублар ва замонавий технологияларга таянилади.

Академиянинг асосий вазифаларига судьялар корпусини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, назария ва амалиётни уйғунлаштириш, рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини ўқув жараёнига татбиқ этиш каби вазифалар киради. Шунингдек, номзодларнинг шахсий сифатларини баҳолаш тизими жорий қилинган бўлиб, уларнинг эмоционал барқарорлиги ва стрессга чидамлилиги каби кўрсаткичлар алоҳида эътиборга олинади.

Академияда таълим жараёни “устоз-шогирд” анъанаси асосида ташкил қилиниб, “бўлажак судьяни судья ўқитади” тамойили асосий дастур бўлади. Бўлажак судьялар назарий таълим билан чегараланиб қолмасдан, тажрибали судьялардан касб кўникмасини олиш, амалиётда бевосита иштирок этиш ва давлат гранти асосида 6 ойлик касбий қайта тайёрлаш курсида ўқиш имкониятига эга бўладилар.

Курсга қабул қилинган шахслар учун уларнинг эгаллаган лавозими сақланиб қолади. Ўқиш даврида судья ёрдамчисининг ойлик иш ҳақига тенг стипендия тўланади.

Курсга қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади. Курсни тамомлаган битирувчилар, якуний аттестация натижаларига кўра, бўш судьялик лавозимларига танловларда иштирок этади.

Бу курслар “назария-амалиёт-имитация” тамойили асосида ташкил қилиниб, назарий таълим ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, адвокатура ва суд-экспертиза муассасаларидаги амалий тажриба билан уйғунлаштирилади.

Ўқиш дастурини ўзлаштирмаган ва якуний аттестация имтиҳонидан ўтолмаган тингловчилар, бўш судьялик лавозимига 3 йилгача муддатда ариза топширмаган ёки таклиф этилган судьялик лавозимини эгаллашни рад этган битирувчилар олинган стипендия суммасини тўлиқ миқдорда қоплаб беради.

Шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимлари учун малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари ташкил қилинади. Тайинлов муддати беш йил бўлган судьялар ҳар икки йилда – икки ҳафталик, ўн йил муддатга тайинланган судьялар эса, ҳар уч йилда малака ошириш курсларида ўқитилади.

Олий суд судьялари ва суд раҳбарлари ҳар уч йилда камида бир ҳафталик курсларда қатнашади, самарадорлик кўрсаткичлари паст бўлган судьяларни эса, навбатдан ташқари ўқитиш йўлга қўйилади. Шунингдек, суд аппарати ходимлари – ҳар икки йилда бир ҳафтадан кам бўлмаган муддатда малака ошириш курсларида ўқитилади.

Амалдаги судьялар учун мураккаб тоифадаги ишлар бўйича малака ошириш курслари ҳам ташкил этилади. Раҳбарлик лавозимларига, қоида тариқасида, фақат раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаган судьялар тайинланади.

Академияда “Суд фаолияти” мутахассислиги бўйича бир йиллик кундузги ва кечки магистратура дастури асосида ўқитиш ташкил қилиниши илмий даража олиш учун таянч докторантура ёки мустақил изланувчилик институтларига кириш ниятида бўлган, бироқ магистратурада таълим олмаган амалдаги судьялар ва суд аппарати ходимлари учун кенг имконият яратади. Шу билан бирга, судьялар ва суд аппарати ходимлари Академияда магистратура дастури асосида таҳсил олиб, келгусида судлар фаолиятига доир илмий тадқиқотлар ва изланишлар олиб бориш имкониятига ҳам эга.

Суд ислоҳотларининг янги босқичини бошлаб берган ушбу ҳужжат жамиятда адолат тамойилларининг мустаҳкам ўрнатилишига, суд тизимига бўлган ишончнинг янада ортишига ва демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш жараёнларининг тезлашишига хизмат қилади.

Учқун РЎЗИЕВ,

Бухоро вилоят судининг раиси.

Иқтисодий судларда соддалаштирилган тартибда иш юритиш

Маълумки, иқтисодий судга иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ҳамда бошқа ишлар тааллуқли ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (кейинги ўринларда матнда ИПК деб юритилади)нинг 231-боби “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” деб номланади.

Хўш, қандай ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилади.

ИПКнинг 2032-моддаси биринчи қисмига кўра, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса — беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим.

Мазкур модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ, агар ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида учинчи шахснинг ишга киришиш тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилган, ушбу бобда белгиланган қоидалар бўйича кўриб чиқилиши мумкин бўлмаган қарши даъво қабул қилинган бўлса ёхуд агар суд қуйидагилар хусусида, шу жумладан тарафлардан бирининг илтимосномасига кўра қуйидагилар хусусида хулосага келса, суд ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриш ҳақида ажрим чиқаради:

1) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор қилинишига олиб келиши мумкин бўлса;

2) қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш, экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур бўлса;

3) билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса.

Агар юқорида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлмаса, даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин.

Корпоратив низолар бўйича ишлар, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмайди.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризаси ушбу Кодекснинг 149-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак ҳамда даъво аризасига ИПКнинг 
151-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинади.

Шунингдек, ИПКнинг 2034-моддасига асосан мазкур тоифадаги ишлар даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни, далилларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди.

Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.

ИПКнинг 2035-моддасига асосан, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади ҳамда ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.

Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.

Д.Турдиев

Бухоро туманлараро иқтисодий
судининг судьяси

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди томонидан ўтказилган сайёр суд ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди томонидан “Юлдуз” маҳалла фуқаролари йиғини биносида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида сайёр суд ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Бундай сайёр суд ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларга жиноят учун жазо муқаррарлигини эслатиш ва шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишдан иборатдир.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 27 январдаги жиноятчиликни жиловлаш ҳамда уни олдини олиш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги вазифалар юзасидан ҳамда коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш борасида ҳуқуқий тушунтиришлар бериб ўтилди.

Анвар Исоков,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси

Дилобар Эргашева,Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди тергов судьяси

Skip to content