Муаллифлик ҳуқуқлари – қонун ҳимоясида

Маълумки, интеллектуал мулк объектлари жамият тараққиёти ва иқтисодиёти ривожланишини таъминлайдиган муҳим омил ва етакчи куч бўлиб ҳисобланади. Шу жиҳатдан мамлакатимизда илғор халқаро тажрибада келиб чиқиб интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун мукаммал қонунчилик асослари ва ҳуқуқий механизмлари яратилган бўлиб, бундан ҳуқуқни қўллаш амалиётида самарали фойдаланиб келинмоқда.

 Таъкидлаш жоизки, қонунчилигимизда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳимояси кафолатланган ва мазкур ҳуқуқлар бузганлик учун фуқаролик, маъмурий ва жиноий ҳуқуқий-жавобгарлик чоралари белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида интеллектуал мулк, хусусан муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари ва мазкур ҳуқуқни бузганлик учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик чоралари назарда тутилган.    

 Шу ўринда, фуқаролик қонунчилигига мувофиқ ҳар бир манфаатдор шахснинг интеллектуал мулк, хусусан муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатлари бўйича ҳуқуқни ҳимоя қилиш бўйича бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари кафолатланган.

Бунга мисол сифатида, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Бухоро туманлараро иқтисодий судида кўрилган ишнинг тафсилотларини мисол келтириш мақсадга мувофиқ.

 Даъвогар Тошкент шаҳридаги “TURON-IQBOL” масъулияти чекланган жамияти (матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Бухоро шаҳридаги “BUKHARA BOOKS PRINT” масъулияти чекланган жамияти (матнда жавобгар деб юритилади)дан асарни нашр қилишга бўлган муаллифлик ҳуқуқини бузганлик учун етказилган моддий зарар сифатида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баравари миқдорида 375.000.000 сўм товон пули ундиришни сўрайди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасаси томонидан рўйхатга олинган муаллифлик ҳуқуқи гувоҳномасига кўра, “Математикадан қўшимча машқ ва мисоллар” (ихтиослаштирилган мактабларнинг 2-4 синф ўқувчилари учун, тўлдирилган ва қайта ишланган нашр) номли қўлланма муаллифлик ҳуқуқи объектининг муаллифлари фуқаролар Бобоев Ойназар Пирназарович ва Шамсиева Гулчеҳра Фазлиддиновнага тегишли бўлган. Даъвогар ўз навбатида муаллифлик шартномаси асосида ушбу муаллифларга тегишли қайд этилган қўлланмани нашр этиш ва қайта нашр этиш ҳуқуқларини олган. Аммо, даъвогар тегишли ҳудудларда мазкур қўлланма китобининг контрафакт нусхалари сотилаётганлиги ҳолатларини кузатган ва муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолати бўйича жавобгарга нисбатан судга мурожаат қилишга мажбур бўлган. 

Суд томонидан мазкур низони қонуний ҳал қилиш мақсадида тарафлар томонидан тақдим этилган далиллар ва келтирилган важлар ҳар томонлама синчиклаб ўрганиб чиқилди ва якуний хулосага келинди. 

Жавобгар томонидан Бухоро шаҳрида ихтисослаштирилган дўконда китоблар чакана савдоси билан шуғулланиб келиб, бироқ қонунга хилоф равишда даъвогарга муаллифлик ҳуқуқи асосида тегишли қўлланма китобининг контрафакт нусхалари сотилаётганлиги ва муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатлари судда ўз исботини топди. 

 Қонуннинг 65-моддасида, муаллиф, турдош ҳуқуқлар эгаси ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгаси ҳуқуқбузардан зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг айби даражасидан келиб чиқиб иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда тўланиши лозим бўлган товонни тўлашини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Шу сабабли суд даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириб, ушбу қонун нормасига асосланган ҳолда жавобгар томонидан йўл қўйилган ҳуқуқбузарликнинг хусусияти, жавобгарнинг айби даражаси, даъвони қисман тан олиб, зарарни тўлашдан бўйин товламаётганлиги ҳолатларини ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда адолатлилик принципи ва қонунийлик талабларига мувофиқ жавобгардан даъвогар фойдасига базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари миқдорида 37.500.000 сўм товон пули ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса қилиб айтганда, муаллифлик ҳуқуқларини бузганлиги жавобгарга қимматга тушди. Суд томонидан юқорида кўрсатилган қонунга хилоф ҳаракатлари учун жавобгардан товон пули ундириш орқали даъвогарнинг муаллифлик ҳуқуқлари қонуний ҳимояси таъминланди.

                    Бухоро туманлараро                                                  

                       иқтисодий суди раиси                            

                                           И.Юлдашев

                    Бухоро туманлараро                                                  

                          иқтисодий суди судьяси

Н.Солиев                            

Кредит шартномасидан келиб чиқадиган низоларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Кредит шартномаси бўйича бир тараф – банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ кредит ташкилотлари бўлмаган тижорат ташкилотларининг кредитлашни амалга оширишига йўл қўйилган ҳолларда кредит шартномаси тўғрисидаги қоидалар бундай тижорат ташкилотлари амалга оширадиган кредитлаш муносабатларига нисбатан қўлланади.

Агар ушбу параграфнинг қоидаларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ва у кредит шартномасининг моҳиятидан келиб чиқмаса, кредит шартномаси муносабатларига нисбатан ушбу қоидалари қўлланади.

Кредит шартномаси ёзма шаклда тузилиши шарт.

Ёзма шаклга риоя қилмаслик кредит шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади. Бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.

Кредитор қарз олувчини тўловга қобилиятсиз деб ҳисобласа, қарз олувчи кредитни таъминлаш мажбуриятларини бажармаса, шартномада назарда тутилган кредитдан аниқ мақсадда фойдаланиш мажбуриятини бузса, шунингдек шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда қарз олувчига кредит шартномасида назарда тутилган кредитни беришдан бутунлай ёки қисман бош тортишга ҳақли.

Қарз олувчи кредит олишдан бутунлай ёки қисман бош тортишга ҳақли. Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб
назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи бу ҳақда кредиторни кредит шартномасида белгилаб қўйилган кредит бериш муддатига қадар хабардор қилиши шарт. Қарз олувчи кредит шартномасида назарда тутилган кредитдан аниқ мақсадда фойдаланиш мажбуриятини бузган тақдирда кредитор шартнома бўйича қарз олувчини бундан буён кредитлашни тўхтатишга ҳақли.

Тарафлар бир тарафнинг кредит шартномаси шартлари асосида турга хос аломатлари билан белгиланган ашёларни иккинчи тарафга бериш мажбуриятини назарда тутувчи шартномани тузишлари мумкин.

Ашёларни кредитга бериш тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартноманинг берилаётган ашёларнинг миқдори, ассортименти, тўлиқлиги, сифати, идиши ва (ёки) ўралиши ҳақидаги шартлари товарларни олди-сотди шартномаси тўғрисидаги қоидаларга мувофиқ бажарилиши шарт.

Бажарилиши учун пул суммаларини ёки турга хос аломатлари билан белгиланадиган бошқа ашёларни иккинчи тарафга мулк қилиб топшириш талаб қилинадиган шартномаларда, агар қонун ҳужжатларида бошқа ҳол белгилаб қўйилган бўлмаса, кредит бериш, шу жумладан бўнак, олдиндан ҳақ тўлаш, товарларга, ишлар ёки хизматларга ҳақ тўлашни кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида кредит бериш (тижорат кредити) назарда тутилиши мумкин.

Тегишли мажбурият баён қилинган шартнома тўғрисидаги қоидаларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ва у мазкур мажбуриятнинг моҳиятига зид келмаса, тижорат кредитига нисбатан тегишли суратда ушбу бобнинг қоидалари қўлланади.

Пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномаси бўйича бир тараф (молия агенти) иккинчи
тарафга (мижозга) шу мижознинг (кредиторнинг) учинчи шахсга (қарздорга) товарлар беришидан, унинг ишларини бажаришидан ёки
унга хизматлар кўрсатишидан келиб чиқадиган пул талабномаси ҳисобидан пул маблағларини беради ёки бериш мажбуриятини олади, мижоз эса молия агентига ушбу пул талабномасини беради ёки бериш мажбуриятини олади.

Мижоз ўзининг молия агенти олдидаги мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш мақсадида ҳам қарздорга нисбатан пул талабномасидан молия агенти фойдасига воз кечиши мумкин.

Пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномаси бўйича молия агентининг мажбуриятлари мижоз учун бухгалтерия ҳисобини юритишни, шунингдек мижозга бошқа шахс фойдасига воз кечиш нарсаси бўлган пул талабномалари билан боғлиқ бошқа молиявий хизматлар кўрсатишни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномаларини молия агенти сифатида банклар ва бошқа кредит ташкилотлари, шунингдек бундай турдаги фаолиятни амалга ошириш учун рухсатномаси (лицензияси) бўлган бошқа тижорат ташкилотлари ҳам тузиши мумкин.

Тўлов муддати келган пул талабномаси ҳам (мавжуд талабнома), шунингдек келажакда вужудга келадиган пул маблағларини олиш ҳуқуқи (бўлажак талабнома) ҳам молиялаш эвазига бошқа шахс фойдасига воз кечиладиган нарса бўлиши мумкин.

Молиялаш эвазига бошқа шахс фойдасига воз кечиш нарсаси
бўлган пул талабномаси мижознинг молия агенти билан тузадиган шартномасида шундай белгиланган бўлиши керакки, мавжуд талабнома шартнома тузиш пайтига монанд бўлсин, бўлажак талабнома эса — кечи билан талаб вужудга келган пайтга монанд бўлсин.

Бўлажак пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечилганида, у шартномада назарда тутилган талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш нарсаси бўлган пул маблағларини қарздордан олиш ҳуқуқи вужудга келганидан кейин молия агентига ўтган ҳисобланади. Агар пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш маълум воқеага боғлиқ бўлса, бошқа шахс фойдасига воз кечиш ушбу воқеа юз берганидан кейин кучга киради. Бундай ҳолларда пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечишни қўшимча расмийлаштириш талаб қилинмайди.

Агар пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномасида ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мижоз бошқа шахс фойдасига воз кечиш нарсаси бўлган пул талабномасининг ҳақиқийлиги учун молия агенти олдида жавобгар бўлади.

Агар мижоз пул талабномасини топшириш ҳуқуқига эга бўлса ва ушбу талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш пайтида у қарздор бу ҳуқуқни бажармасликка ҳақли бўладиган вазиятлардан бехабар бўлса, бошқа шахс фойдасига воз кечиш нарсаси бўлган пул талабномаси ҳақиқий ҳисобланади.

Агар мижоз билан молия агенти ўртасидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, молия агенти бошқа шахс фойдасига
воз кечиш нарсаси бўлган талабномани ижрога тақдим этганида қарздор бу талабномани бажармаганлиги ёки тегишли даражада бажармаганлиги учун мижоз жавобгар бўлмайди.

Мижоз билан унинг қарздори ўртасида талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечишни тақиқлаш ёки чеклаш ҳақида келишув бўлган тақдирда ҳам, пул талабномасидан молия агенти фойдасига воз кечиш ҳақиқий ҳисобланади.

Белгилаб қўйилган қоида талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечишни тақиқлаш ёки чеклаш ҳақида мижоз билан қарздор ўртасидаги келишувни бузган ҳолда талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечилиши муносабати билан мижозни қарздор олдидаги мажбуриятлар ёки жавобгарликдан озод қилмайди.

Агар пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, молия агентининг пул талабномасидан ўз навбатида бошқа шахс фойдасига воз кечишига йўл қўйилмайди.

Шартномада пул талабномасидан ўз навбатида бошқа шахс фойдасига воз кечишга йўл қўйилган ҳолларда унга нисбатан ушбу модданинг қоидалари тегишли суратда қўлланади.

Қарздор мижоздан ёки молия агентидан пул талабномасидан ушбу молия агенти фойдасига воз кечилганлиги ҳақида ёзма билдиришнома олган ва унда ижро этилиши керак бўлган пул талабномаси белгиланган, шунингдек тўлов амалга оширилиши керак бўлган молия агенти кўрсатилган тақдирда қарздор тўловни молия агентига амалга ошириши шарт.

Қарздорнинг илтимосига кўра молия агенти оқилона муддатда қарздорга пул талабномасидан ҳақиқатан ҳам молия агенти фойдасига
воз кечилганлигининг исботини тақдим этиши керак. Агар молия агенти ушбу мажбуриятни бажармаган бўлса, қарздор ушбу талабнома бўйича тўловни мижозга нисбатан амалга ошириб, унинг олдидаги ўз мажбуриятини бажаришга ҳақли.

Қарздорнинг пул талабномасини ушбу модданинг қоидаларига мувофиқ молия агенти фойдасига бажариши қарздорни мижоз олдидаги тегишли мажбуриятдан озод қилади.

Агар пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномаси шартларига кўра молия агенти мижоздан бу талабни сотиб олиб, шу йўл билан уни молияласа, молия агенти қарздор талабни бажариш учун тўлайдиган ҳамма суммани олиш ҳуқуқини қўлга киритади, мижоз эса молия агенти олган суммалар у сотиб олган талабноманинг баҳосидан кам бўлиб чиққанлиги учун агент олдида жавобгар бўлмайди.

Агар мижознинг мажбуриятлари молия агентига бажарилишини таъминлаш мақсадида пул талабномасидан унинг фойдасига воз кечилган бўлса ва талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномасида бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, молия агенти мижозга ҳисобот тақдим этиши ҳамда мижознинг талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш билан таъминланган қарзидан ортиб қолган суммани мижозга бериши шарт. Агар молия агенти қарздордан олган пул маблағлари мижознинг молия агентига талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш билан таъминланган қарзи суммасидан кам бўлиб чиқса, мижоз қарзнинг қолдиғи учун молия агенти олдида жавобгар бўлиб қолаверади.

Молия агенти қарздорга мурожаат этиб, тўловни амалга оширишни талаб қилган тақдирда, қарздор ўзининг мижоз билан тузилган шартномага асосланган, қарздор талабномадан молия агенти фойдасига воз кечилганлиги ҳақида билдириш олган пайтда ихтиёрида бўлган ўз пул талабномаларини инобатга олиш учун тақдим этишга ҳақли.

Мижоз талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечишни тақиқлаш ёки чеклаш тўғрисидаги келишувни бузганлиги муносабати билан қарздор мижозга қўйиши мумкин бўлган талаблар молия агентига нисбатан кучга эга эмас.

Мижоз қарздор билан тузган шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бузган тақдирда, қарздор молия агентига ўтган талабнома бўйича тўланган суммаларни, агар қарздор бундай суммаларни бевосита мижоздан олишга ҳақли бўлса, ундан қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмас.

Қарздор талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш натижасида молия агентига тўланган суммаларни бевосита мижоздан олиш ҳуқуқига эга бўлишига қарамай, агар молия агенти талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш билан боғлиқ ваъда қилинган тўловни мижозга тўлаш мажбуриятини бажармаганлиги ёки мижоз талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш билан боғлиқ тўловни олиши керак бўлган қарздор олдидаги мажбуриятини бузганлигини била туриб, бундай тўловни амалга оширганлиги исбот қилинган бўлса, ушбу суммалар молия агенти томонидан қайтарилишини талаб қилишга ҳақли.

Ў.С.Разиков

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси

М.А.Матякубов

Фуқаролик ишлари бўйича

 Пешку туманлараро суди судьяси

Давлат мулкини хусусийлаштиришнинг тартиби борасида

Давлат мулкини хусусийлаштириш орқали давлат ва хусусий ҳуқуқий асосларни уйғунлаштириш қонунчиликни ислоҳ қилиш жараёнлари билан бевосита боғлиқдир. Бундай шароитда давлат мулкий муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишдаги ўзгаришлар унга тегишли шартномавий, корпоратив ва бошқа тармоқлар (иқтисодий, маъмурий, процессуал ҳуқуқ) институтларини жалб қилган ҳолда, хусусий ҳуқуқ механизмлари мажмуаси таъсирининг муқаррар натижаси ҳисобланади. Тадқиқотнинг фуқаролик ҳуқуқий жиҳати умуман хусусийлаштириш тушунчасини қайта кўриб чиқиш, шунингдек унга таъсир этувчи асослар ва давлат мулк ҳуқуқини ўзгартириш йўллари каби қонунчилик ҳодисаларини тушуниш заруратини туғдирди. Уларнинг моҳияти ва турларини аниқлаштириш, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тегишли тавсиялар бериш билан уларни таҳлил қилишда комплекс ёндашувни қўллаш зарурати мавжуд.

Таъкидлаш лозимки, хусусий ҳуқуқ тадқиқ қилишнинг замонавий тенденциялари тобора кўпроқ шахсий эркинларнинг кенгайиши, жамоатчилик назорати ва жамоатчилик билан муносабатларни тартибга солишни минималлаштириш ва энг динамик айланмани (бозорни) шакиллантириш билан ажралиб туради. Шу муносабат билан ҳуқуқий либертаризм, позитивизм ва юнатуарилизмни бирлаштирган муаллифнинг ўз позиясига асосланган ҳуқуқий тушунча сифатида фуқаролик тадқиқотларида алоҳида аҳамият касб этади ва шахсий эркинлик ҳисси, жамоат ахлоқи ва жамиятдаги шахсларнинг фундаментал тенглиги ғояларини баҳолаш имкониятини беради. Шу билан бирга, тадқиқотчи томонидан мустақил равишда танланган хусусий ҳуқуқнинг моҳиятини, унинг предмети ва тадқиқот методологиясини тўғри тушунишни талаб қилади.

Ҳар қандай ҳуқуқий ҳодиса сингари хусусийлаштиришни ҳам унинг фаолияти ва ривожланишининг обеъктив қонунларидан ташқари қўллаш мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 210-моддасига биноан давлатга қарашли турар жойга хусусий мулк ҳуқуқи қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда хусусийлаштириш натижасида вужудга келади.

Давлат уй-жой фондидаги турар жойни хусусийлаштиришни амалга оширишда фуқаро ва мулкдорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш муносабати билан вужудга келувчи низолар судга тааллуқлидир.

Хусусийлаштирилиши мумкин бўлган турар жойларга – маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг уй-жой фонди ҳамда давлат органлари, корхоналари, муассаса ва ташкилотларининг тўлиқ хўжалик тасарруфидаги ёки оператив бошқарувидаги уй-жой фондлари киради.

Шунингдек, давлат тадбиркорлик ва рақобатни ривожлантириш мақсадида тадбиркорлик соҳасидаги давлат корхоналарини ва устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахсларни ташкил этишни чеклаш, хусусийлаштириш ва хусусий мулкка изчил, тизимли эътибор қаратиш орқали тадбиркорлик соҳасида давлат улушини камайтиришга, тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларида маълум чеклов институтларидан кенг фойдаланиши лозим бўлади.

«Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси 1-қисмига биноан хусусийлаштириш объектларига:

фуқаролар ижара шартномаси асосида фойдаланаётган кўп квартирали уйлардаги квартиралар ва бир квартирали уйлар (уйларнинг бир қисми);

қайта тиклаш ва таъмирлаш ишлари тугалланган, лекин одамлар кўчиб кирмаган, ҳамда бўшатилган уйларнинг квартиралари, бир квартиралик уйлар (уйларнинг бир қисми);

янги қурилган уйлардаги квартиралар киради.

«Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси 3-бандига мувофиқ икки ёки ундан зиёд ижарачи яшаб турган квартиралар барча ижарачиларнинг розилиги бўлмаса, хусусийлаштирилиши мумкин эмас.

Барча ижарачиларнинг розилиги билан улар эгаллаб турган квартира хусусийлаштирилиши мумкин, бунда хусусийлаштиришнинг ҳар бир иштирокчисида (ижарачида) квартирага нисбатан умумий ҳиссали мулк ҳуқуқи вужудга келади.

«Давлат уй-жой сиёсатининг асослари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига биноан фуқаро ва юридик шахслар уй-жой, ёрдамчи хоналар ва ускуналардан ҳамда умумий фойдаланиш жойларидан уларнинг вазифасига мувофиқ ҳамда бошқа фуқаро ва юридик шахсларнинг уй-жойга доир, ўзга ҳуқуқ ва эркинликларига зарар етказмаган ҳолда фойдаланишлари ва уй-жойни асраш чораларини кўришлари шарт эканлигини назарда тутмоқ лозим.

Ў.С.Разиков

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси

М.А.Матякубов

Фуқаролик ишлари бўйича

             Пешку туманлараро суди судьяси

Никоҳни бекор қилиш тартиби, ушбу низоларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш” масалаларига бағишланган йиғилишида белгилаб берилган вазифаларга тўхталиб ўтдилар.

Хотин-қизларнинг жамиятдаги роли Республикамиз мустақилликка эришгандан сўнг хотин-қизларга бўлган эътибор кундан-кунга кучайиб бормоқда.  

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бу масалага алоҳида эътибор бериб, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида белгиланган.

Ўтган йиллар мобайнида бу борада муайян ишлар амалга оширилган. Бироқ шу пайтгача хотин-қизлар манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича самарали механизм яратилмаган эди.

Хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла ва бошқа жамоат ташкилотлари йиллар мобайнида фақатгина турли тадбир ва йиғилишлар ўтказиш билан чекланиб, ижтимоий вазияти оғир оилалар, аёллар ва ёш қизларга чинакам ёрдам бериш бўйича самарали фаолият олиб бормаган. Бунинг оқибатида жойларда кўплаб масалалар тўпланиб қолган, уларнинг ечими бўйича аниқ манзилли ишлар амалга оширилмаган эди.

Ўтган йил жамоатчилик назорати гуруҳлари ташкил этилиб, хотин-қизлар ҳаётидаги муаммолар ўрганилди. Ҳар бир хонадонга кириб борилиб, оилалар томонидан кўтарилган масалаларни ҳал этиш
чоралари кўрилди. Жумладан, минглаб оилада ажрашиб кетишнинг олди олинди, фуқаро ишга жойлаштирилмоқда, юртдошларимизга имтиёзли кредит олишда ёрдам берилмоқда.

Оила фаровонлигини таъминлашга қаратилган муҳим ишларнинг бир қисми холослиги, ҳали бу борада амалга ошириш зарур бўлган қатор долзарб вазифалар мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони шу мақсадда қабул қилинган эди.

Хотин-қизларга эътибор ҳамма вақт барча саъй-ҳаракатларимиз марказида бўлиши, ҳаммамизнинг вазифамизга айланиши керак, деди давлатимиз раҳбари. Оилага эътибор аслида бу ўзлигимизга эътибордир.

Хотин-қизлар қўмиталари фаолияти қониқарсиз экани, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга кўмак бериш, эрта никоҳлар, ажрашишлар ва аёллар жиноятчилигининг олдини олишга етарлича эътибор берилмагани таъкидланди.

Охирги йилларда ажрашишлар сони ҳар йили 10-11 фоизга ошиб боргани ташвишланарлидир. Ажралиш ҳолати қайд этилган оилалар, бунинг оқибатида, асосан, аёллар ва болалар жабр кўрмоқда. Аёллар ўртасида жиноятга қўл уриш ҳоллари кўп учрамоқда.

Президентимизнинг юқорида қайд этилган фармонида шу каби муаммоларни ҳал этиш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди. Республика, вилоят, шаҳар ва туманлар хотин-қизлар қўмиталари тузилмаси тубдан такомиллаштирилди.

Барча маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, аниқ вазифалари, мақоми белгилаб берилди.

Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органи фаолиятини мувофиқлаштириш туман ҳокими ўринбосари – хотин-
қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилди. Бу билан жойлардаги хотин-қизлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари ҳамда Республика қўмитасининг имконияти ва таъсири кучайтирилди.

Оналар ва гўдаклар ўлими қайд этилаётгани, ногирон болалар туғилаётгани – хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини таъминлаш бўйича ишларнинг мутлақо қониқарсиз эканини кўрсатмоқда. Ҳар йили 95 фоиз ҳомиладор аёллар перинатал скрининг текширувидан ўтказилса-да, натижаси амалда сезилмаяпти. Шу боис оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида “аёллар маслаҳатхоналари” ташкил этилиши белгиланди.

Республика комиссияси ва 7 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, бу борадаги ишларни бажариш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига юклатилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз хотин-қизларининг ҳаётий муҳим манфаатларини таъминлаш, турмуш шароитларини ҳар томонлама яхшилаш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Топшириқларга мувофиқ, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг барча бўғинларидаги раҳбарлар фаолияти танқидий ўрганилиб, вазифасига нолойиқ кадрлар ўзгартирилиши;

Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ва ногирон хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, улар билан якка тартибда ишлаш тизими жорий этилиши;

“Оила” маркази ва Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилиши;

Судлар томонидан қарор қабул қилинаётганда, биринчи навбатда, ажралишларнинг олдини олиш, мазкур жараёнда аёллар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларни уй-жой билан таъминлашга қаратилган чоралар кўриш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши;

Жойлардаги фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари фаолияти танқидий ўрганилиб, уларга ўз вазифаси моҳиятини тушунадиган, адолатли, оилавий қадриятларимизни ҳурмат қиладиган, профессионал кадрлар тайинланиши;

Ишлаш истаги бўлган хотин-қизларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, аёлларни оилавий
ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши;

Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир маҳалла кесимида иш олиб борилади. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, шунингдек, ўтган йили махсус рўйхатдан чиқарилган 2 минг 587 нафар диний оқим аъзоси бўлган аёлларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, ижтимоий муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилиши;

Хотин-қизларнинг тиббий маданиятини ошириш, кам таъминланган оилаларга манзилли тиббий ёрдам кўрсатиш, республика скрининг ва репродуктив марказлари хизматларини янада ривожлантириш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилиши белгилаб берилди.

Оила ва никоҳ муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Оила
кодекси билан тартибга солинади. Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини
қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади.

 Никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади.

Никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланади. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.

Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади. Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин.

Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради.

Никоҳ шартномасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар муайян муддат билан чекланиши ёки муайян шарт-шароитнинг юзага келиши ёхуд келмаслигига боғлиқ қилиб қўйилиши мумкин.

Никоҳ шартномаси суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида назарда тутилган асослар бўйича тўла ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Никоҳ шартномасининг шартлари ушбу Кодекс 31-моддаси бешинчи қисмининг талабларига зид келса, суд эр-хотиндан бирининг талабига биноан никоҳ шартномасини тўла ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.

Ў.С.Разиков

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси

М.А.Матякубов

Фуқаролик ишлари бўйича

 Пешку туманлараро суди судьяси

Фуқаролик ишларини тафтиш тартибида кўрилиши

Биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ҳамда апелляция ёки кассация инстанцияси судининг ажрими устидан қуйидагилар томонидан тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин:

ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно;

прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек ишда иштирок этувчи шахсларнинг, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахсларнинг мурожаатлари мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, вилоят прокурори, унга тенглаштирилган прокурорлар ва уларнинг ўринбосарлари.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан, шунингдек ушбу судларнинг ва Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биринчи инстанцияси бўйича қабул қилинган ҳамда апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларнинг мурожаатларига асосан протест келтириши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатига:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори — прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек, ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларнинг мурожаатига асосан тафтиш тартибида протест келтириши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати — тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ва апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган суд ҳужжатлари устидан берилган;

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди — ҳудудий ҳарбий судлар томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ва апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган суд ҳужжатлари устидан берилган;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати:

Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўрилган тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, ҳудудий ҳарбий судлар томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан берилган;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ва апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган суд ҳужжатлари устидан берилган тафтиш тартибидаги шикоятларни (протестларни) кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан келтирилган протести Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати томонидан кўрилади.

Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида кўрилиши лозим бўлган шикоят (протест) мазкур судлар номига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади.

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда шикоятни (протестни) ишни тафтиш тартибида кўрадиган судга иш билан бирга юбориши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўрилиши лозим бўлган шикоят (протест) бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатига тафтиш тартибидаги протести бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати кассация инстанцияси суди томонидан ажрим чиқарилгунига қадар ўтган тақдирда, шикоят (протест) кассация инстанцияси суди томонидан ажрим қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тафтиш тартибида ажрим чиқарилгунига қадар ўтган тақдирда, шикоят (протест) ушбу судлар томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича ажрим қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг протести ушбу ФПКнинг
4194-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар мурожаат қилган кундан эътиборан уч ой ичида, лекин Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича ажрим қабул қилинган кундан эътиборан олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига киритилиши мумкин.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича суд (судья) томонидан, агар илтимоснома шикоятни (протестни) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва шикоятни (протестни) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Тафтиш тартибидаги шикоятни шикоят бераётган шахс ёки унинг вакили имзолайди.

Тафтиш тартибидаги протест уни келтирган прокурор томонидан имзоланган бўлиши керак.

Тафтиш тартибидаги шикоятда (протестда) шикоятни (протестни) берган шахснинг ёхуд унинг вакилининг телефонлари ва факслари рақамлари, электрон почта манзили кўрсатилиши мумкин.

Тафтиш тартибидаги шикоятга қуйидагилар илова қилинади:

давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

тафтиш тартибидаги шикоят вакил томонидан имзоланган ҳолларда, унинг имзолашга бўлган ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат.

Прокурор иштирокисиз кўрилган иш бўйича тафтиш тартибидаги протестга ушбу ФПКнинг 4194-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларнинг протест келтиришга асос бўлиб хизмат қилган мурожаатининг кўчирма нусхаси илова қилинади.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб кўчирма нусхалари билан бирга судга тақдим этилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) мустасно.

Зарур ҳолларда, судья тафтиш тартибида шикоят (протест) берган шахс зиммасига шикоятга (протестга) илова қилинган ёзма материалларнинг кўчирма нусхаларини ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб тақдим этиш мажбуриятини юклатиши мумкин.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қайтариш тўғрисидаги ажримда шикоятни (протестни) қайтариш асослари кўрсатилади, шикоятни беришда тўланган давлат божини қайтариш ҳақидаги масала ҳал этилади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қайтариш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси шикоятни (протестни) берган шахсга шикоят (протест) ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга юборилади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қайтариш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, шикоят (протест) дастлаб судга мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда шикоятни (протестни) кўриб чиқиш учун суд мажлисини ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади.

Тафтиш тартибида шикоят (протест) берган шахс, шунингдек ишда иштирок этувчи шахслар ишни тафтиш инстанциясида кўриш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинади. Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги ишнинг тафтиш тартибида кўрилишига тўсқинлик қилмайди.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра, тафтиш инстанцияси суди (судьяси) суд ҳужжатларининг ижросини тафтиш инстанциясида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб туришга ҳақли.

Тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ёки тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш ва кўриб чиқиш учун судлов ҳайъатига ўтказиш ҳақидаги ажрим шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай, иш талаб қилиб олинган тақдирда эса икки ойдан кечиктирмай чиқарилади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) ўрганиш натижалари бўйича чиқарилган ажримнинг кўчирма нусхаси шикоят берган шахсга ФПКнинг
270-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.

Тафтиш инстанцияси судининг ажримида, қарорида баён қилинган кўрсатмалар мазкур ишни янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир.

Тафтиш инстанцияси суди у ёки бу далилнинг ишончлилиги ёки ишончсизлиги тўғрисидаги, айрим бир далилларнинг бошқаларидан устунлиги ҳақидаги, иш янгидан кўрилган тақдирда қандай қарор чиқарилиши кераклиги тўғрисидаги масалаларни олдиндан ҳал қилиб қўйишга ҳақли эмас.

Ў.С.Разиков

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси

М.А.Матякубов

Фуқаролик ишлари бўйича

     Пешку туманлараро суди судьяси

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш

Судга мурожаат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг тегишли моддаларига асосан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга ахборот тизими орқали Олий суднинг Интерактив хизматлар портали (my.sud.uz)да жойлаштирилган “Мурожаат” рукни орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

Ҳужжат ва мурожаатлар электрон шаклда келиб тушганда, агарда мурожаат қилувчи ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ҳолда (электрон шакллантирилган мурожаатдан ташқари) суд девонхонаси томонидан қуйидаги ҳужжатлар (мазкур ҳужжатлар мавжуд бўлган ҳолларда) қоғозга чиқарилади:

а) даъво ариза, ариза, илтимоснома, апелляция шикояти (протести), қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза ва шунга ўхшаш асосий мурожаатлар);

б) электрон шаклда келган мурожаатларнинг иловалари кўрсатилган рўйхат (мазкур иловалар электрон дастур орқали автоматик равишда шакллантирилади).

Судга ахборот тизими орқали электрон шаклда келиб тушган
ҳужжат ва мурожаатлар шу куннинг ўзида ёки кейинги иш кунининг биринчи ярмида суд девонхонаси томонидан ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилади.

Электрон шаклда келган (электрон шакллантирилган ҳужжат ёки мурожаатлардан ташқари) ҳужжат ёки мурожаатлар суд девонхонаси томонидан уларнинг биринчи варағи (ҳужжат ёки мурожаатларга илова қилинган ҳужжатлардан ташқари) қоғозга чиқарилиб, уларнинг биринчи варағига “Электрон шаклда келган” штампи қўйилади.

Электрон шаклдаги ҳужжат ва мурожаатлар юбориш турига қараб мазкур Йўриқномада белгиланган тартибда ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтказилади.

Судьялар ва суд аппарати ходимлари иш, мурожаат ва ҳужжатлар билан ишлашнинг барча босқичларини мазкур Йўриқномада белгиланган тартибда ва муддатларда ахборот тизимида қайд этиш қоидасига риоя қилади.

Тегишли электрон рақамли имзоланган ёки сканер ёрдамида электрон шаклга келтирилган (имзоланган ҳолда) ишларга тааллуқли бўлмаган ҳужжат ва мурожаатлар ахборот тизими орқали рўйхатга олинади ва шу тизимда электрон шаклда сақланади.

Рўйхатдан ўтказилган ҳужжат ва мурожаатлар келган куннинг ўзида ёки кейинги иш кунининг биринчи ярмидан кечиктирмасдан масъул ижрочига ахборот тизим орқали автоматик равишда шаклланадиган рўйхат асосида имзо орқали топширилади.

Ҳужжат ва мурожаатлар юборилганлиги ёки топширилганлиги ҳақидаги маълумотлар, улар юборилган ёки топширилган куннинг ўзида ахборот тизимига қайд этилади.

Ҳуқуқий жамиятда низони ҳал этишнинг муқобил механизмлари яратилиши жисмоний ва юридик шахслар бузилган ҳуқуқларини тиклашга эришишнинг самарали воситаси эканлиги аёнлашди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг процессуал характерга эга бўлмаган, ҳуқуқий тушунтириш бериш борасидаги масалалар бўйича мурожаатларини адлия органлари томонидан кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш;

Одил судлов соҳасида ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини амалга ошириш; суд фаолияти соҳасидаги қонунчиликни ҳамда одил судлов муаммоларини тизимли таҳлил қилиш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни, суд амалиёти ва суд иш юритуви тизимини янада такомиллаштирилмоқда.

Одил судлов самарадорлигини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида таҳлил қилиш йўлда қўйилмоқда.

Фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий қонунчилик, судларнинг мустақиллигини таъминлаш соҳасида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини ўрганиш, уларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш йўлга қўйилган.

Ў.С.Разиков

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси

М.А.Матякубов

Фуқаролик ишлари бўйича

     Пешку туманлараро суди судьяси

Bugungi va ertangi sud tizimidagi islohotlar

Bugungi kunda ijtimoiy-iqtisodiy munosabatlar qonun yo‘li bilan tartibga solinayotgani, qabul qilinayotgan qonunlar zamirida insonparvarlik va odillik g‘oyasi mujassamlashganligi har birimizni quvontiradi.

So‘nggi yillarda yurtimizda aynan Konstitutsiya va qonunlarga asoslangan davlat qurish uchun amalga oshirilayotgan chora-tadbirlarning salmog‘i har qachongidan oshdi desak mubolag‘a bo‘lmaydi.

Bu jarayonda inson, uning huquq va erkinliklari oliy qadriyat hisoblanadigan fuqarolik jamiyati asoslari mustahkamlandi.

Shu bilan birga sud hokimiyati ham qonun chiqaruvchi va ijro etuvchi hokimiyatdan, siyosiy partiyalardan, fuqarolik jamiyatining boshqa institutlaridan mustaqil holda ish yurituvchi, qonun ustuvorligi va adolat tantanasi yo‘lida faoliyat olib boradigan alohida mustaqil tizim sifatida shakllandi.

2023-yil 16-yanvardagi “Odil sudlovga erishish imkoniyatlarini yanada kengaytirish va sudlar faoliyati samaradorligini oshirishga doir qo‘shimcha chora-tadbirlar to‘g‘risida”gi Prezident Farmoni bilan 2023–2026-yillarga mo‘ljallangan sud tizimini sifat jihatidan yangi bosqichga olib chiqishning qisqa muddatli strategiyasi tasdiqlangan edi.

Strategiya doirasida odil sudlovni ta’minlashning ustuvor vazifalaridan biri sifatida sudlar faoliyatida sun’iy intellekt texnologiyalarini joriy etish belgilangan.

Dunyo bo‘ylab ko‘plab jabhalarda samarali foydalanib kelinayotgan sun’iy intellekt texnologiyalarining sudlar faoliyatida bosqichma-bosqich joriy etilishi, sohada butun bir yaxlit tizim yaratilishiga va inson omili natijasida kelib chiqishi mumkin bo‘lgan kamchiliklarga yo‘l qo‘ymaslik va ularni o‘z vaqtida aniqlab, o‘z o‘rnida bartaraf etishga, shuningdek, sud qarorlarining sifatli va tushunarli yozilishini ta’minlash bilan birga, ish hajmini ham bir muncha kamaytirishga imkon yaratadi.

Ish bo‘yicha sudning hukmini yoki qarorini inson qo‘li bilan yaratilgan elektron tizim tayyorlashini tasavvur qilish qiyin, albatta.

Ammo, xalqaro tajribalardan ko‘rinishicha sun’iy intellektga ega texnologiyalar fuqarolik yoki jinoiy ish yuritish usullarini isloh qilish imkoniyatiga ega. U sudyalarga sud muhokamasining turli bosqichlarida turli vazifalarni bajarishga ketadigan vaqtni qisqartirish orqali yordam beradi.

Shu bois sun’iy intellektdan huquqiy tartib-qoidalarni soddalashtirish, takroriy vazifalarni avtomatlashtirish va takomillashtirish orqali ishlarni tez hal etishda foydalanib kelinmoqda.

Sun’iy intellektdan sudlarda sudyalarning ish yukini kamaytirish, ishlarni hal qilish vaqtini qisqartirish va yaxshilash uchun foydalanish  mumkin, biroq sun’iy intellekt tomonidan yozilgan sud qarorlarining jazo tayinlash qismida sodir etilgan qilmish uchun tayinlanishi lozim bo‘lgan jazo turi va miqdori faqatgina sudya tomonidan mustaqil tarzda belgilanadi.

Ishonchimiz komilki, sohada amalga oshirilayotgan mazkur islohotlar o‘z navbatida ish bo‘yicha barcha holatlar sud tomonidan har tomonlama tekshirilib, dalillarga xolisona baho berilishi va ishning haqiqiy holatlarini aniqlanishiga, natijada oqlov hukmlari ko‘payishiga asos yaratib, fuqarolarning sudga bo‘lgan ishonchining oshishiga zamin yaratadi.

Raqamli texnologiyalarning jadal rivojlanishi huquqiy tizimning ham mos ravishda takomillashtirilishini talab etadi. Oʻzbekiston Respublikasi raqamli dalillar bilan ishlash tizimini takomillashtirish maqsadida bir qator qonun hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritdi. Ushbu maqolada mazkur oʻzgarishlar, ularning ahamiyati va raqamli dalillar bilan bogʻliq huquqiy jarayonlarning samaradorligini oshirishga qaratilgan chora-tadbirlar yoritiladi.

2024-yil 21-noyabrda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan imzolangan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga raqamli dalillar bilan ishlash tizimini takomillashtirishga qaratilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi qonun bilan Jinoyat protsessual kodeksi, Fuqarolik protsessual kodeksi, Iqtisodiy protsessual kodeks, Ma’muriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeks va Ma’muriy sud ishlarini yuritish toʻgʻrisidagi kodeksga raqamli dalillar tushunchasi hamda ular bilan ishlash tartibini belgilovchi normalar kiritildi.

Ushbu qonun bilan raqamli dalillarni toʻplash, taqdim etish, mustahkamlash, koʻzdan kechirish, tekshirish va baholash, saqlash, qaytarish hamda yoʻq qilish tartibi belgilandi. Xususan, jinoyat ishi doirasida guvoh, jabrlanuvchi, gumon qilinuvchi, ayblanuvchi, sudlanuvchi va boshqa shaxslar elektron ma’lumotlarni elektron jismdan boshqa elektron jismga koʻchirish orqali taqdim etish huquqiga ega boʻldi.

Shuningdek, raqamli dalillarning koʻchirma nusxalarini mas’ul shaxslarga yoki sudga qogʻozda chop etilgan shaklda taqdim etish imkoniyati yaratildi. Biroq, bunday qogʻozdagi shakl yozma dalil deb hisoblanmaydi. Raqamli dalildan koʻchirma nusxa olishga, uning yaxlitligi va aynan oʻxshashligi saqlangan holda yoʻl qoʻyiladi. Bu esa raqamli dalilning asl nusxasining mavjudligini ta’minlaydi.

Raqamli dalillar zamonaviy huquqiy amaliyotda muhim ahamiyat kasb etmoqda. Ular elektron shaklda saqlangan ma’lumotlar boʻlib, sud ishlarida yoki boshqa huquqiy jarayonlarda dalil sifatida qoʻllanilishi mumkin.

Oʻzbekiston Respublikasining yangi qonun hujjatlarida raqamli dalillar quyidagi jihatlar boʻyicha tartibga solindi:

– ularning huquqiy maqomi va ishonchliligi aniqlashtirildi;

– raqamli dalillarni olish, qayta ishlash va sudga taqdim etish tartibi belgilandi;

– dalillarning yaxlitligi va ishonchliligini ta’minlash uchun texnik vositalardan foydalanish qoidalari aniqlandi.

Yangi qonun hujjatlariga muvofiq quyidagi muhim oʻzgarishlar amalga oshirildi:

– jinoyat protsessual kodeksiga raqamli dalillarni sud tomonidan qabul qilish shartlari belgilab berildi;

– fuqarolik protsessual va Iqtisodiy protsessual kodekslarida elektron ma’lumotlarni dalil sifatida koʻrib chiqish tartibi aniqlandi;

– raqamli dalillar bilan bogʻliq jarayonlarni nazorat qilish va ularning ishonchliligini ta’minlash boʻyicha maxsus ekspertiza tizimi joriy etildi.

Raqamli dalillarning ishonchliligini ta’minlash muhim huquqiy masalalardan biri hisoblanadi. Ushbu maqsadda quyidagi tamoyillar joriy etildi:

– dalillarning haqiqiyligini tasdiqlash uchun kriptografik usullardan foydalanish;

– elektron dalillarni saqlash va uzatish jarayonlarida kiberxavfsizlik choralari koʻrish;

– dalillar bilan ishlashda maxsus mutaxassislarning ishtirokini ta’minlash.

Yangi qonunchilikka muvofiq raqamli dalillar sud tomonidan quyidagi shartlar asosida qabul qilinadi:

– dalillarning manbasi va ularning haqiqiyligi tasdiqlangan boʻlishi kerak;

– elektron ma’lumotlar qogʻoz shaklda yoki rasmiy elektron hujjat sifatida taqdim etilishi mumkin;

– dalillarning oʻzgartirilmaganligi ishonchli texnik vositalar yordamida tekshirilishi lozim.

Kiritilgan oʻzgarishlar raqamli dalillarning ishonchliligini oshirishga yordam beradi, bu esa sud jarayonlarini tezlashtiradi va ishonchli qarorlar qabul qilish imkoniyatini beradi.

Oʻzbekiston Respublikasida raqamli dalillar bilan ishlash tizimini takomillashtirishga qaratilgan qonun hujjatlaridagi oʻzgarishlar huquqiy jarayonlarning zamonaviy texnologiyalar bilan uygʻunlashuviga xizmat qiladi. Ushbu oʻzgarishlar sud ishlarining yanada adolatli va shaffof boʻlishini ta’minlab, fuqarolar va tashkilotlarning huquqiy manfaatlarini ishonchli himoya qilish imkonini yaratadi. Natijada fuqarolar va tashkilotlarning sudga bo‘lgan e’tibori va ishonchi ortadi.  Kelgusida raqamli dalillar bilan ishlash tizimini yanada takomillashtirish va xalqaro tajribalarni qoʻllash masalalari dolzarb boʻlib qolmoqda.

Sh.O.Bozorova

Fuqarolik ishlari bo‘yicha Romitan

tumanlararo sudi raisi

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш

Умумий мол-мулкни бўлиш эр ва хотиннинг даъвоси бўйича никоҳ давомида, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишни кўриш билан бир вақтда, шунингдек никоҳ бекор бўлгандан кейин ҳам амалга оширилиши мумкин.

Эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш ҳақидаги даъво билан судга эр ва хотиндан ташқари, улардан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш зарурати туғилган ҳолатларда кредитор ҳам мурожаат қилишга ҳақли.

Муомалага лаёқатсиз эр ёки хотиннинг манфаатида умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги даъво аризасини унинг васийси бериши мумкин.

Вафот этган эр ёки хотиннинг умумий мол-мулкдаги улушини аниқлаш ва бўлиш ҳақидаги даъво аризаси билан унинг меросхўрлари мурожаат қилишга ҳақли.

Мазкур тоифадаги ишлар бўйича даъво аризалари судловга тегишлиликнинг умумий қоидаларига кўра, жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади.

Суд тартибида тарафлар ёки бирор-бир асосга кўра учинчи шахсларнинг (масалан, ижара, мулкдан текин фойдаланиш, омонат сақлаш ва шу каби шартномалар бўйича) эгалигида ёки фойдаланишида бўлган мол-мулк бўлинишини инобатга олиб, судлар даъво аризасини қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлашда мол-мулклар ҳақида тегишли маълумотларни аниқлаб олишлари зарур.

Бу тоифадаги ишларни суд муҳокамасига тайёрлашда, суд тарафларнинг аризаси ёки ўз ташаббусига кўра, даъвони таъминлаш чораларини кўриши лозим.

Даъвони таъминлаш чораларининг сақланиш муддати ва уларни бекор қилиш масалалари талаблари асосида тартибга солинади.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишга оид низоларни тўғри ҳал қилиш учун судлар, биринчи навбатда, уларнинг эгалигида ва фойдаланишида бўлган мол-мулкнинг қайси бири қонунга кўра эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулки ва қайси бири ҳар бирининг ўз мулки эканлигини аниқлашлари зарур.

Мол-мулкни умумий биргаликдаги мулк деб топиш масаласини ҳал қилишда мол-мулк эр ёки хотиндан қайси бирининг номига расмийлаштирилганлиги ёхуд пул маблағлари қайси бири томонидан киритилганлиги аҳамият касб этмайди.

Эр ва хотиннинг ёзма келишуви асосида алимент мажбуриятларини бажариш юзасидан улардан бирининг номига олинган мол-мулк эр-хотиннинг умумий биргаликдаги мулки ҳисобланмайди.

Эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, улардан ҳар бирининг никоҳ давомида бепул олган мол-мулки, шунингдек никоҳ давомида умумий маблағлари ҳисобига олинган эр ва хотиннинг шахсий фойдаланишдаги буюмлари ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади ва бўлинмайди. Никоҳ давомида умумий маблағлари ҳисобига олинган қимматбаҳо буюмлар ва зеб-зийнатлар бундан мустасно.

Никоҳ даврида эр ёки хотиндан ҳар бирига тегишли бўлган мол-мулкнинг қиймати анча ошган бўлса, ушбу мол-мулк манфаатдор эр ёки хотиннинг талаби бўйича суд томонидан биргаликдаги мулк деб топилиши мумкин. Бундай талабни ҳал этишда мол-мулкнинг қиймати қандай маблағлар, яъни умумий мол-мулк, эр-хотиндан ҳар бирининг мол-мулки ёхуд эр ва хотиндан бирининг меҳнати ҳисобига анча ошганлиги, шунингдек мол-мулкнинг никоҳга қадар ва никоҳ даврида маблағ қўшилгандан кейинги ҳолати аниқланиши лозим.

Эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш ҳақидаги масалани ҳал қилишда, башарти уларнинг ўртасида никоҳ шартномаси тузилмаган бўлса, судлар Оила кодексида назарда тутилган нормаларга риоя этишлари лозим.

Эр ва хотин ўртасида нотариал тартибда тасдиқланган никоҳ шартномаси мавжуд бўлган ҳолларда мол-мулк никоҳ шартномасида назарда тутилган шартлар асосида бўлинади.

Даъво муддати фақат тарафнинг биринчи инстанция суди ҳал қилув қарори қабул қилиш учун алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар берган аризасига асосан қўлланилади. Суд даъво муддатини ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли эмас.

Умумий мол-мулкни бўлишда, Оила кодексининг 28-моддасида асосан эр ёки хотиндан бири томонидан эр ёки хотиннинг эркига зид равишда ва оила манфаатига мос бўлмаган тарзда сарфланган мол-мулк ёхуд унинг қиймати ҳисобга олинади.

Агар эр ёки хотин умумий мол-мулкни яширган, унга зарар етказган ёки йўқ қилган бўлса, суд оила ва фуқаролик ҳуқуқининг умумий тамойиллари (ҳуқуқ ўхшашлиги), шунингдек ҳалоллик ва адолат тамойилларидан келиб чиқиб, мол-мулкни бўлишда ушбу мол-мулкни ёки унинг қийматини ҳисобга олиши мумкин.

Эр-хотиндан бирига мол-мулкни асл ҳолида бериш масаласини ҳал этишда суд мол-мулкнинг хусусияти ва нима учун мўлжалланганлиги, уни сотиб олиш шартлари ва бошқа эътиборга молик ҳолатларни инобатга олиши лозим.

Бўлиниши лозим бўлган мол-мулк қиймати иш кўрилган вақтдаги бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Турар жой ёки бошқа кўчмас мулкнинг қиймати низоли объект турган жойдаги нархдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки қиймати юзасидан низо бўлганда тегишли экспертиза тайинланиши мумкин.

Умумий мол-мулкни бўлишда суд эр ва хотиннинг ҳар бирига қайси мол-мулк берилишини белгилайди.

Эр ва хотиннинг биргаликдаги умумий мулкида икки ёки ундан ортиқ турар жой мавжуд бўлса (уй, квартира) суд эр ва хотиндан қай бирининг эгалигига у ёки бу турар жой ўтишини белгилаши лозим.

Тарафлардан бирига унинг мол-мулкдаги улушидан ортиқ қийматга эга бўлган мол-мулк берилган ҳолларда суд бошқа тарафга пул компенсацияси тўлашни белгилайди.

Суд ҳужжатининг хулоса қисмида айнан қайси мол-мулк қайси тарафга берилганлиги, компенсация миқдори ва уни тўлаши лозим бўлган шахс аниқ кўрсатилиши лозим.

Ў.С.Разиков

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси

М.А.Матякубов

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди судьяси

Давлат хизматлари кўрсатиш ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими

Кейинги йилларда мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, шунингдек архив иши соҳасида зарур инфратузилмани яратиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга давлат органларининг фаолиятида ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги механизмларини жорий этиш, кўрсатилаётган давлат хизматлари рўйхатини кенгайтириш, шунингдек нодавлат архивлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурати ҳозир ҳам мавжуд.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг қонунларига фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан кўриб чиққанлик ёки давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи, йиғимлар ёки бошқа тўловлар тўланганлиги ҳақидаги тўлов ҳужжатларининг кўчирма нусхаларини тақдим этиш тўғрисидаги талаб бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Юридик шахсларни Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритиш тартиб-таомили ҳам соддалаштирилмоқда. «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги аризани рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан кўриб чиқиш муддати 15 кундан 10 кунга камайтирилишини, «Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига эса адвокатга гувоҳнома бериш муддати камайтирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига адвокатлик бюроларини, адвокатлик фирмаларини ва адвокатлар ҳайъатларини рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) ҳамда юридик маслаҳатхоналарни қайта рўйхатдан ўтказиш функциялари адлия органларидан Давлат хизматлари марказларига ўтказилишини, шунингдек рўйхатдан ўтказганлик учун тўланадиган давлат божлари миқдорлари камайтирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бунда боғдорчилик-узумчилик ширкатларини, матбуот, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги кооперативларини рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) ҳам Давлат хизматлари марказларининг зиммасига юклатилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка гербли гувоҳномаларда давлат герби ва QR-код (матрик штрихли код) тасвири мавжуд бўлиши ҳақидаги талаб мустаҳкамлаб қўйилишини, шунингдек, жамғариб бориладиган пенсия тизимида 16 ёшга тўлган фуқароларни ҳисобга олиш тартиби жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг давлат органи сифатидаги мақомини аниқлаштириш ҳам назарда тутилмоқда.

«Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига нодавлат архивлар ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш тартиби соддалаштирилишини, шунингдек, лицензияни ёки қайта расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳаракатлар тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра, қайта расмийлаштириш учун йиғим тўланмаган ҳолда рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан қайси рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатга мувофиқ амалга ошириладиган бўлса, ўша ҳужжатни қайта расмийлаштириш тартиби соддалаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Мазкур Қонун давлат хизматлари кўрсатиш тизимини тартибга солиш, уларнинг рўйхатини кенгайтириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, давлат хизматлари кўрсатганлик ва мурожаатларни кўриб чиққанлик учун ундириладиган тўловлар миқдорларини камайтириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ҳуқуқий мақомини қонун даражасида мустаҳкамлаш, шунингдек нодавлат архивларнинг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартиб-таомилини соддалаштириш учун хизмат қилади.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг фаолиятини таъминлаш учун юридик шахс ҳуқуқларига эга давлат органи бўлган Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг девони ташкил этилган.

Вакил девони ўзининг банк ҳисоб-китоб варағига, ўз номи ёзилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳрга ва бланкаларга эга.

Ў.С.Разиков

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси

М.А.Матякубов

Фуқаролик ишлари бўйича

 Пешку туманлараро суди судьяси

PROTSESSUAL HUQUQ NORMALARINI TO‘G‘RI QO‘LLASH VA ISHDA ISHTIROK ETUVCHI SHAXSLAR HAMDA UCHINCHI SHAXSLARNI ISHGA JALB QILISH

Adolatli sudlovni amalga oshirishning muhim shartlaridan biri – protsessual huquq normalarini to‘g‘ri qo‘llashdir. Sud amaliyotida qonun ustuvorligini ta’minlash uchun protsessual qoidalar aniq va izchil bajarilishi lozim. Ushbu maqolada protsessual normalarning ahamiyati, ishda ishtirok etuvchi shaxslar hamda uchinchi shaxslarni ishga jalb qilish masalalarini tahlil qilamiz.

Protsessual huquq normalarining ahamiyatiprotsessual huquq sud ishlarini yuritish tartibini belgilovchi normalar tizimi bo‘lib, u quyidagi asosiy maqsadlarga xizmat qiladi:

 • Sud jarayonining qonuniyligi va shaffofligini ta’minlash;

 • Taraflarning huquq va majburiyatlarini aniq belgilash;

 • Adolatli qaror chiqarish uchun asos yaratish;

 • Sud jarayonining oqilona va samarali tashkil etilishini ta’minlash.

Protsessual normalarni noto‘g‘ri qo‘llash natijasida ish yuritishda xatolarga yo‘l qo‘yilishi, taraflarning huquqlari buzilishi va odil sudlov tamoyillariga putur yetishi mumkin.

Ishda ishtirok etuvchi shaxslar va ularning huquqiy maqomi – sud protsessida ishtirok etuvchi shaxslar protsessual huquq subyektlari bo‘lib, ular ma’lum protsessual huquq va majburiyatlarga ega. Fuqarolik, jinoyat va ma’muriy sud ishlarida ishtirok etuvchi shaxslar tarkibi har xil bo‘lishi mumkin, biroq umumiy jihatdan quyidagi toifalarga bo‘linadi:

Taraflar

 • Da’vogar – sudga da’vo arizasi bilan murojaat qilgan shaxs;

 • Javobgar – da’voning boshqa tomoni bo‘lib, u da’vogarning talablariga javob beradi.

Taraflar teng protsessual huquqlarga ega bo‘lib, o‘z dalillarini keltirish, hujjatlar taqdim etish, sud qaroridan shikoyat qilish huquqiga ega.

Vakillar va advokatlar – Sud ishida taraflarning vakillari yoki advokatlari ishtirok etishi mumkin. Ular sud protsessida qonuniy manfaatlarni himoya qiladi, huquqiy yordam ko‘rsatadi va protsessual harakatlarni amalga oshiradi.

Prokuror – prokuror davlat manfaatlarini himoya qilish uchun sud ishida ishtirok etadi. U ayniqsa, davlat manfaatlariga, jamoat xavfsizligiga yoki ijtimoiy ahamiyatga ega bo‘lgan ishlar bo‘yicha o‘z xulosalarini bildiradi.

Sud ekspertlari va mutaxassislar – sud ekspertlari va mutaxassislar dalillarni aniqlash va tahlil qilish uchun sudga o‘z xulosalarini taqdim etadilar. Masalan, sud-tibbiy ekspertizasi, moliyaviy audit, psixologik ekspertiza kabilar jarayonning adolatli hal qilinishiga yordam beradi.

Guvohlar – guvohlar muayyan hodisalar to‘g‘risida axborotga ega bo‘lib, sudga dalillar taqdim etish uchun chaqiriladi. Ularning ko‘rsatmalari sud qaroriga bevosita ta’sir ko‘rsatishi mumkin.

Uchinchi shaxslarni ishga jalb qilish asoslari va tartibi – ba’zan sud ishini adolatli hal etish uchun uchinchi shaxslarni ishga jalb qilish zarur bo‘ladi. Uchinchi shaxslar ishning natijasiga bevosita yoki bilvosita ta’sir ko‘rsatuvchi manfaatlarga ega bo‘lishi mumkin.

Uchinchi shaxslarning turlari

Mustaqil talab qiluvchi uchinchi shaxslar

 • Ular ish natijasiga bevosita ta’sir qiluvchi mustaqil huquqqa ega bo‘lishadi.

 • Masalan, mulk nizolarida uchinchi shaxs mulk huquqi asosida ishtirok etishi mumkin.

Mustaqil talab qilmaydigan uchinchi shaxslar

 • Ular ish natijasiga qiziqish bildiruvchi tomon bo‘lib, taraflardan birining manfaatini himoya qiladi.

 • Masalan, sug‘urta kompaniyasi javobgar tomon manfaatida ishtirok etishi mumkin.

Uchinchi shaxslarni ishga jalb qilish tartibi

 • Sud tashabbusi bilan – agar sud uchinchi shaxsning ishtiroki ishning adolatli ko‘rib chiqilishi uchun zarur deb hisoblasa, uni ishga jalb qilishi mumkin.

 • Taraflarning iltimosnomasi asosida – da’vogar yoki javobgar uchinchi shaxsni ishga jalb qilish haqida iltimosnoma kiritishi mumkin.

 • Oliy instansiya qaroriga ko‘ra – agar yuqori instansiya sud ishida uchinchi shaxslarning manfaatlari buzilgan deb hisoblasa, ularni ishga jalb qilish bo‘yicha ko‘rsatma berishi mumkin.

Protsessual huquq normalarini to‘g‘ri qo‘llash odil sudlov tamoyillarini ta’minlashning asosiy omillaridan biridir. Ishda ishtirok etuvchi shaxslarning huquq va majburiyatlari aniq belgilanishi, uchinchi shaxslar esa qonuniy asosda ishga jalb qilinishi lozim. Sud amaliyotida protsessual qoidalarga rioya qilish sud qarorlarining qonuniyligi va adolatliligini kafolatlaydi, fuqarolar huquqlarining buzilishining oldini oladi hamda sud tizimiga bo‘lgan ishonchni oshiradi.

F.Murodov

Kogon tumanlararo iqtisodiy sudi raisi

Skip to content