Ижросиз жазо жиноятнинг нишони
Суднинг ҳукми билан жавобгарликка тортилган шахсларнинг жазо ўташини таъминлаш жазони ўташ муассасасининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу жараёнда маҳкумларнинг қайта жиноят содир этишининг олдини олиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда белгиланган чекловларга амал қилишларини назорат қилиб бориш ҳам мазкур хизмат фаолиятининг бир бўғинидир. Пировард натижада намунали жазо ўтаган маҳкумни муддатидан аввал озод қилиш ва уларни жамиятга мослаштириш бир мунча осон кечсада акси бўлган махкумларда бу ҳолат жавобгарликка тортишга сабаб бўлади. Бу борада жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг ҳукмини мисол қилса бўлади.
Судланувчи А.Хошимов (исм-фамилияси ўзгартирилган) муқаддам ўта оғир жиноятларни содир этганлиги учун судланиб, охирги маротаба ЖИБ Паркент туман судининг 13.04.2016 йилдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 4-қисми “в” банди, 169-моддаси 4-қисми “в” банди, 227-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, ЖКнинг 60-моддасига асосан 16 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони Когон туманида жойлашган 1-сон жазони ижро этиш колониясида умуммий тартибда ўтаб келиб, жазони ўташ тартиби талабларини мунтазам равишда бузиб, колония бошлиғининг 25.03.2021 йилдаги 23-сонли қарори билан огоҳлантириш интизомий жазоси, 06.05.2022 йилдаги 43-сонли қарори билан 5 кеча кундуз интизомий бўлимга киритиш жазоси, 14.03.2023 йилдаги 31-сонли қарори билан 5 кеча кундуз интизомий бўлинмага киритиш жазоси, 11.05.2023 йилдаги 48-сонли қарори билан 10 кеча кундуз интизомий бўлимга киритиш, 22.02.2024 йилдаги 15-сонли қарори билан 27 кеча кундуз карцер интизомий жазо қўлланилган бўлса-да, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, 2024 йил 24 март куни соат 17:50 ларда колония барча маҳкумлари кун тартиби бўйича овқатланиш учун сафланиб ошхона бораётганларида сафнинг орқа қисмига ўтиб туркум маҳкумлари олдида ўз норозилигини билдириб, тарбиявий ишлари бўлими капитан А.Тўраевни ҳақорат қилиб, колония ходимлари билан ҳақоратомуз муамалада бўлиб, колония ходими А.Тўраевнинг қонуний талабларини рад қилиб сафдан чиқиб, жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш ва колония ички тартиб қоидаларига риоя этиш ҳақидаги қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларни ҳам ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, жазони ўташ тартибини қўпол тарзда бузган.
Жиноят ишлари бўйича Когон туман суди 2024 йил 16 августдаги ҳукми билан А.Хошимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 221-моддаси 2-қисмининг “б” банди билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 60-моддасига асосан 7 (етти) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.