“Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун моҳияти юзасидан
мазмун моҳияти юзасидан
Кейинги йилларда «Янги Ўзбекистон — янги суд» принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга, инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Шу билан бирга бугунги кунда суд қарорларини қайта кўриш институтининг таҳлили мазкур институтни такомиллаштириш орқали амалдаги тартибни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Чунки, ҳуқуқи бузилган шахслар ижтимоий адолат ўрнатилишини истаб судларга мурожаат қилади, уларнинг бузилган ҳуқуқини қонуний, асосли ва адолатли суд қарорлари орқали тикланиши аввало фуқароларнинг одил судлов тизимидан, қолаверса давлатдан розилигини таъминланишига олиб келади. Шу боис мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мақсадларидан бири одил судлов сифатини янада яхшилаш ва такомиллаштириш ҳисобланади.
2024 йил 1 январдан кучга кирган ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига суд ишларини кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам берилишини, ишларни вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилишини, ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида қайта кўрилишини, юқори турувчи судлар томонидан қуйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун қайтадан ушбу судларга юбориш тартиби чиқариб ташланишини, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилишини, суд қарорларини қайта кўриш босқичларига тафтиш инстанцияси жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар тўғрисида қуйидагиларни тушунтириб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдик.
Ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, ишларни вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилди. Бундашикоят беришнинг қуйидаги муддатлари белгиланди:
– апелляция шикояти(протести) бериш муддати суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан бошлаб бир ой. Ўтказиб юборилган муддат, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилингандан эътиборан 3 ойдан кечиктирмай берилган ва узрли сабаблар бўлса, тикланиши мумкин.
– кассация шикояти(протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин. Ўтказиб юборилган муддат, агар илтимоснома кассация шикояти бериш муддати ўтган кундан эътиборан 3 ойдан кечиктирмай берилган
ва узрли сабаблар бўлса, тикланиши мумкин.
– тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади. Вилоятлар ва унга тенглаштирилган судларда тафтиш тартибида шикоят бериш муддати кассация инстанцияси суди томонидан ажрим чиқарилгунга қадар ўтган тақдирда, шу ажрим қабул қилинган кундан эътиборан 3 ой ичида берилиши мумкин. Ўтказиб юборилган муддат, агар илтимоснома шикоят(протест) бериш муддати ўтган кундан эътиборан
3 ой ичида берилган ва узрли сабаблар бўлса, тикланиши мумкин.
Шикоят бериш тартиби ва кўрилиши борасида:
– юқори инстанция суди номига йўлланади, лекин ҳал қилув қарори, ажримни, қарорни қабул қилган судга топширилади;
– суд ҳужжатини қабул қилган суд тегишли шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан 5 кунлик муддатда уни иш билан бирга апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судига юбориши шарт. Бу олдинги Фуқаролик процессуал кодексида мавжуд бўлмаган янгилик ҳисобланади, илгари биринчи инстанция суди келиб тушган шикоят (протест)ни тўлиқ расмийлаштириб, ишни кўриш вақти ва жойини белгилаб апелляция инстанцияси судига юборар эди, ишни кўриш жараёнида бошқа тарафлардан шикоят келиб тушганда иш қайта расмийлаштириш учун юборилиши лозим эди. Ҳозирги ўзгартириш ва қўшимчалар боис биринчидан Фуқаролик процессуал кодекси амалдаги Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодекс билан бир хил унификация қилинди, иккинчидан биринчи инстанция судлари ортиқча иш юкламасидан озод қилинди;
– ўз навбатида шикоят (протестлар) иш билан бирга апелляция ёки кассация ва тафтиш инстанцияларига келиб тушгандан сўнг вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судьяларига қўшимча ваколатлар белгиланди, яъни тегишли шикоятларни агар улар муайян хато ва камчиликлар билан тақдим этилган бўлса қайтариш, қабул қилишни рад этиш, иш юритишга қабул қилиш, кўрмасдан қолдириш ва иш юритишни тугатиш юзасидан процессуал ҳаракатларни амалга ошириши мумкин бўлди.
– энг асосий ўзгаришлардан яна бири апелляция ва кассация инстанцияси судлари энди иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишга ҳақли эмас. Яъни тарафларни овора қилмаслик, масалани жойида мазмунан ҳал қилинишига эришиш мақсадида ФПК 399, 419-моддаларида белгиланганидек, қонунда белгиланган асослар аниқланганда, улар ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўради.
Ишларни Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида қайта кўриш юзасидан:
Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан, шунингдек ушбу судларнинг ва Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биринчи инстанцияси бўйича қабул қилинган ҳамда апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари устидан берилган шикоят (протест)лар тафтиш тартибида Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилиши белгиланди. Фақат бунда Олий суд судьяси келтирилган тафтиш тартибидаги шикоят(протестлар)ни мавжуд материаллар ёки иш ҳужжатлари асосида ўрганиб чиқиб, шикоятни судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказиш ёки ўтказишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.
Олий суд раиси ёки ўринбосари шикоят берган шахснинг аризасига асосан судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажримни бекор қилиш ва кўриб чиқиш учун судлов ҳайъатига ўтказишга ҳақли.
Шунингдек, Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Бош прокурор томонидан келтирилган протестлар асосида ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатида тафтиш тартибида кўрилиши белгиланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарори якуний ҳисобланади ва унинг устидан шикоят қилинмайди (протест келтирилмайди).
Маълумот ўрнида ушбу Қонун билан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар асосида 2024 йил 6 ойи давомида Бухоро вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан туманлараро судларида кўрилган ишлар юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларига нисбатан берилган шикоят(протест)ларга асосан апелляция тартибида 395 та, кассация тартибида 121 та ва тафтиш тартибида 114 та ишлар кўриб чиқилганлигини таъкидлаш лозим.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу Қонун фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган суд орқали ҳимоя қилиниш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқларининг кафолатларини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилишга, одил судловдан фойдаланиш даражасини янада оширишга, судьяларнинг иш ҳажмини ҳамда юкламасини мутаносиб тарзда белгилашга, судларнинг масъулиятини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин — вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга, шунингдек фуқароларнинг судлардаги ортиқча харажатлари тежалишига хизмат қилади.
Шуҳрат Аббасов
Бухоро вилоят суди судьяси