Оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар
Дунёнинг турли минтақаларида мафкуравий таҳдидлар кучайиб бораётган бир вақтда, ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, маънавий-маърифий ишларни замон талаблари даражасида ташкил этиш, ёшларимизни ёт кучлар таъсиридан, бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш, жиноятчиликни, айниқса ёшлар орасида содир этлаётган жиноятларнинг олдини-олиш борасида кенг кўламли вазифаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни тақазо этади.
Шуни айтиш лозимки, ёшларнинг жиноят йўлига киришида, ўзига хос эҳтиёжлари, манфаатлари, ўзаро алоқаларида мавжуд салбий ҳолатлар, табиатида маънавий ва ҳуқуқий қадриятларни менсимаслик мавжудлиги, шунингдек жамиятда, ўқиш ва меҳнат фаолиятида ўз ўринларини топа олмаслиги, таълим ва тарбиясига етарли эътибор берилмаслиги каби ҳолатлар уларнинг турли ҳуқуқбузарлик ёки жиноятлар содир этишларига сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг Махсус қисми
V боби “Оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар”га бағишланган.
Мазкур бобга 2 мустақил (оила ва ахлоққа ҳамда вояга етмаганларга қарши) гуруҳдаги моддалар бирлаштирилган бўлиб, улардан ҳар бири ўзининг махсус объектига эга. Ушбу объектлардан ҳар бири мустақил бўлиб, бири иккинчисига бўйсунишда эмас. Бу объектларнинг бир хил муҳофазаси оила ҳамда вояга етмаганлар манфаатларини давлат ва жамият манфаатлари йўлида тенг ҳимоялаш зарурати билан изоҳланади.
Биз биламизки Республикамиз аҳолисининг кўпчилик қисмини вояга етмаганлар ташкил қилиб, уларнинг баркамол ривожи жамиятимиз тараққиётининг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 45-моддасига мувофиқ, республикамизда қабул қилинаётган қонун ҳужжатларида ёш авлоднинг баркамол ривож топиши ҳамда уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун кафолатлар белгиланган бўлиб, давлат органлари томонидан ёшларни тарбиялашга, айниқса вояга етмаганларнинг тарбиясига алоҳида эътибор бериб келинмоқда.
Жамиятимиз ва давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий ва қатор бошқа соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган бирламчи мақсад – ҳар бир фуқаро учун нормал яшаш шароитларини яратиш, давлат хавфсизлигини таъминлаш ва муҳофаза қилиш, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва таъминлашдан иборатдир. Бу ўринда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш ва таъминлаш устувор аҳамият касб этади. Шу боис мустақилликни қўлга киритган илк кунлариданоқ, ёшларнинг ҳар томонлама ривожланишига, инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисмини ташкил этувчи бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилмоқда, мамлакатимизда ёшларга оид қатор дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Уларнинг асосий мақсади – баркамол авлодни тарбиялашдан иборат. Зеро, бизнинг келажагимиз, юртимиз ривожи айни шу омилга боғлиқдир.
Вояга етмаганлар жиноятчилиги эртанги кун жиноятчилигининг кўзгусидир. Демак, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг камайиши келгуси ҳаётимизни айни иллатдан маълум бир даражада ҳоли бўлишини кафолатлайди. Шу боис вояга етмаган шахсларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси ҳар бир жамият ва давр учун долзарб бўлиб келган ва ҳозир ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда.
Ўзбекистон Республикасида аҳолининг тахминан 35% – 16 ёшгача бўлган болалар ташкил этиши, 60% – 30 ёшгача бўлган ёшлар эканлиги мазкур соҳада амалга оширалаётган ишлар кўлами ва аҳамиятини намоён этади.
Вояга етмаганлар руҳий ва маънавий жиҳатдан шахс сифатида тўлиқ шаклланмаган бўлиб, улар алоҳида муҳофаза ва эътиборга муҳтождирлар. Ўзбекистон Республикасида вояга етмаганлар ҳуқуқларининг конституциявий кафолатларига ҳамда улар манфаатларининг муҳофазасига асосланган норматив-ҳуқуқий база шаклланган. Жумладан, 1991 йилда “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган бўлиб, унда ёшларнинг ривожланиши ва ижтимоий ҳаётга мослашиши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий шароитлар яратиш бўйича давлатимиз томонидан танланган йўналиш белгилаб қўйилган.
Шу билан бир қаторда Бола ҳуқуқлари Конвенцияси ҳамда бошқа бир қатор халқаро шартномалар ратификация қилинган бўлиб, мазкур ҳужжатларнинг нормалари 2008 йилда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда ўз ифодасини топган.
Бундан ташқари, вояга етмаганлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 127-моддасида назарда тутилган жиноий-ҳуқуқий кафолатлар алоҳида ўрин тутади. Вояга етмаганларга қарши жиноятлар ичида вояга етмаган шахсни жиноятга жалб этиш жинояти ижтимоий хавфи юқори ҳисобланади. Бу, бир томондан, мазкур жиноят ижтимоий хавфлилик даражаси юқорилиги билан, иккинчи томондан, катталарнинг вояга етмаган шахсларни жиноятга жалб қилишдан манфаатдорлиги билан изоҳланади. Зеро, аксарият ҳолларда катталар вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилиш орқали жавобгарликни четлаб ўтиш мақсадини кўзлайдилар.
“Вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилиш” тушунчасини тўғри талқин қилиш ва мазкур жиноятнинг асосий белгиларини аниқлаш ушбу норманинг амалда қўлланилишида ҳамда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишда бирламчи меъзон бўлиб хизмат қилади. Бироқ, шунга қарамай амалдаги қонунчилик нормаси диспозицияси оддий шаклда бўлиб, унда вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилиш тушунчаси очиб берилмаган. Бу эса мазкур норманинг ҳуқуқий мазмунига таъсир этиши ҳамда қонун нормасининг турлича талқин этилишига олиб келиши мумкин. Шуни инобатга олган ҳолда, норма қўлланилишида юзага келадиган қатор англашилмовчиликлар ҳамда нотўғри талқин қилинишнинг олдини олиш мақсадида модда диспозициясини тасвирлов шаклида ифодалаб, мазкур тушунча мазмунини ёритиб бериш мақсадга мувофиқдир. Қонунчиликдаги ушбу бўшлиқни назарий жиҳатдан тўлдиришга уринишлар бўлган бўлсада, бироқ вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилиш тушунчасига берилган умумий таъриф мавжуд эмас. Хусусан, М.Х.Рустамбаевнинг таъкидлашига кўра, “жалб қилиш деганда вояга етган шахснинг вояга етмаган шахсни маълум бир ҳаракатларни бажаришга кўндиришга қаратилган ҳаракатлар тушунилади. Жалб қилиш бериш, алдаш, жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиш ва бошқа ҳаракатлар орқали амалга оширилиши мумкин”. Ш.Бердиевнинг фикрига кўра, “… жалб қилиш деганда жалб қилиш ваъда бериш, алдаш, жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиш ва бошқа ҳаракатлар орқали амалга оширилиши мумкин” дейди. В.С.Комиссарованинг фикрича, жалб қилиш деганда вояга етмаган шахсда жиноят содир этиш ёки унда иштирок этиш ниятини туғдиришга қаратилган ҳаракатлар тушунилиши лозим.
Вояга етмаган шахсни жиноятга жалб этиш деганда, вояга етмаган шахсга нисбатан жисмоний зўрликни қўллаш ёки унга руҳий тазйиқ ўтказиш билан қўрқитиш, пул бериб оғдириш, авраш, алдаш, ўч олиш, ҳасад, рашк туйғуларини ва бошқа паст ниятларини қўзғатиш, жиноят содир этишни таклиф қилиш, ўғирланган нарсаларни сотиб олиш ёки сотиб беришни ваъда қилиш, жиноятни содир этиш жойи ва усуллари ёки жиноят изларини яшириш ҳақида маслаҳатлар бериш йўли билан унинг бир ёки бир нечта жиноятларнинг содир этилишида иштирок этиш ниятини рағбатлантиришга қаратилган ҳаракатлар ва жиноятни содир этишга оғдириш мақсадида вояга етмаган шахслар билан спиртли ичимликлар ичилишини тушуниш керак.
18 ёшга тўлган ва жиноятни қасддан содир этган шахслар вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилади.
Агарда катта ёшдаги киши шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилсаю, унинг вояга етмаганлигини билмаса ёки билиши мумкин бўлмаса, бу ҳолда ЖКнинг 127-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмас. Ҳуқуқий норма аналогиясига асосан бу қоидани вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилишга нисбатан қўллаш мумкин.
Вояга етмаган шахсни жиноятга жалб этиш деганда ижтимоий хавфлилик даражасидан қатъий назар ҳар қандай жиноятни содир этишга ундаш, қизиқтириш ва бунга мойиллик туғдириш, шунингдек, жиноятни содир этишда иштирокчи сифатида жалб этиш назарда тутилиши лозим. Жалб қилиш тушунчасининг асосини жалб қилиш шакли ва усуллари ташкил этади.
Жалб қилиш турли усулда амалга оширилиши мумкин. Жумладан, ваъда бериш, алдаш, жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиш ва бошқа ҳаракатлар орқали амалга оширилиши мумкин.
Ваъда бериш шахснинг вояга етмаган шахсга нисбатан бирор-бир мажбуриятни олишини, яъни унинг манфаатлари йўлида маълум бир ҳаракатни амалга ошириши ёки амалга оширишдан ўзини тийишини айтишда ифодаланади (масалан, вояга етмаган шахсни бошқалардан ҳимоя қилишга, моддий ёрдам беришга, ўқишга киритишга ваъда бериш ва ҳ.к.).
Алдаш вояга етмаган шахсни бирор бир маълумот ёки воқеани чалғитиб кўрсатиш орқали амалга оширилади.
Жисмоний зўрлик ишлатиш вояга етмаган шахсни унинг иродасини синдириб, маълум бир ҳаракатни амалга оширишга мажбурлаш мақсадида дўппослаш, турли даражадаги тан жароҳатлари етказиш ёки бошқача тарзда жисмоний азоб бериш (боғлаш, қўлини қайириш ва б.лар)да ифодаланади.
Жиноят учун жавобгарлик – жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан суд томонидан ҳукм қилиш, жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилишида ифодаланадиган жиноят содир этишнинг ҳуқуқий оқибатидир.
Лкмон Кадиров,
Бухоро вилоят судининг раиси
Нодир Ашуров,
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси