Ўзбекистон Республикасининг №1067-сонли Қонуннинг мазмун моҳияти

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятини ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш
ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг
№1067-сонли Қонунини қабул қилинди.

Ушбу қонун қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 21 январда қабул қилинган бўлиб, Сенат томонидан 2025 йил 17 мартда маъқулланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 9 июнда имзоланиб, 2025 йил 10 июнда кучга кирди.

Бугунги кунда, мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга, суд ишлари юритилишини такомиллаштиришга, шунингдек фуқароларнинг ва тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий судига ҳамда унинг ваколатларига тааллуқли янги нормалар белгиланганлиги Олий суди фаолиятини ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш зарурлиги тақозо этилганлиги боис мазкур қонун қабул қилинган.

Ушбу Қонун билан “Судлар тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиш мумкинлиги, ҳеч ким ўзига ҳамда яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога торилиши мумкин эмаслиги, шунингдек шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Ушбу Қонун одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларининг тўғридан-тўғри қўлланилишини таъминлашга ҳамда давлат органларининг фаолиятини янгича ҳуқуқий тарзда йўлга қўйиш учун хизмат қилади.

Ш.Қувватов, С.Ҳамроқулов, Н.Жўраев

Бухоро вилоят суди жиноят ишлари

бўйича судлов ҳайъати судялари

Ф.Шарапов

Бухоро вилоят суди бош консултанти