СОХТА ДЎСТЛИК ЁКИ УЛФАТЛАР
Фуқаро Саид Тўхтаев ва Ҳамроҳ Йўлдошев (исм-шарифлари ўзгартирилган)лар иш баҳонасида танишишди. Халқимизда шундай мақол бор «Дўст танлашда адашма» ёки «Дўст бошқа, улфат бошқа».
Афсуски, юқорида номлари келтирилган шахсларнинг «дўстлигига» ичкилик нуқта қўйди.
Даставвал, икки улфат спиртли ичимлик олиб келиб, ширингуфторлик қилишди. Сўнгра бу улфатчилик ўзаро оғзаки жангга, кейинчалик эса мушт кўтаришгача олиб борди.
Айбдор С.Тўхтаев ҳамроҳининг бош ва жағ қисмига мушт тушириб, қаттиқ жароҳатлади. Арзимаган айтишувдан келиб чиққан жанжал оқибатида тан жароҳати олган Ҳамроҳ Йўлдошевнинг оғир аҳволда эканлигини била туриб, унга ёрдам бермай унинг ўзини якка қолдириб кетди. Ички ишлар ходимларининг аралашуви туфайли жабрланувчига ёрдам кўрсатилди ва ножўя хатти-ҳаракатлари ҳуқуқий кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Когон тумани судига юборилди.
Когон тумани судининг 2025 йил 28 май кунидаги суд ишида ушбу жиноий иш адолатли кўриб чиқилди ва қонуний ҳукм чиқарилди.
Эҳ аттанг! Дўстлик агар чиндан бўлганида эди, бу жиноят содир этилмасди. Халқимиз «Ўзимдан чиққан балога, қайга борай давога» деб айтгани жуда ўринли. Энди бу улфатлар даъво истаб судда юзлашишди.
Унутманг! Учраган ҳар ким ҳам дўст бўлавермайди!
ФЕРУЗ ШАРАПОВ
Бухоро вилоят судининг бош консултанти
ҚОСИМ ХОЛОВ
Жиноят ишлари бўйича Когон тумани суди раиси