Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2025 йил 30 майдаги РС-25-25-сонли қарори билан тасдиқланган “Суд аппарати ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари” ҳақида
Суд аппарати ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари Ўзбекистон Республикаси Олий суди, қуйи судлар, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари бошқарув, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларининг касбий маданияти, хизмат фаолияти давомида ҳамда хизматдан ташқари вақтда одоб-ахлоқи, ташқи кўриниши ва кийиниш услубининг қоидаларини белгилайди.
Одоб-ахлоқ қоидалари суд ҳокимияти органларида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида суд ҳокимиятига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда суд аппарати ходимларининг ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олишга қаратилган.
Суд аппарати ходимлари ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга ошириши шарт:
қонунийлик;
Ватанга садоқат ва касбига фидойилик, юкланган мансаб вазифаларини тўлиқ бажариш, меҳнат ва ижро интизомига қатъий риоя этиш;
фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;
коррупциявий ҳолатларга муросасиз муносабатда бўлиш ва қарши курашиш;
хизмат сирини қатъий сақлаш;
мансаб ваколатларини суиистеъмол қилмаслик;
манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.
Суд аппарати ходимлари меҳнат фаолияти давомида ва ишдан ташқари вақтда хулқ-атворнинг қуйидаги умумий қоидаларига амал қилиши лозим:
суд ҳокимияти обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш, ахлоқ нормаларига доимий риоя қилиш;
масъулият, касбига садоқат ва ҳалолликни кундалик шиорга айлантириш;
мураккаб вазифаларни бажаришда ҳамкасбларига кўмаклашиш;
хушмуомалалик, эътиборлилик ва ҳушёрлик билан фуқароларда судга нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳиссини уйғотиш;
оиласида соғлом муҳитни таъминлаб, оила аъзоларига доимий ғамхўр бўлиш, фарзандларида ватанпарварлик ва бошқа юксак ахлоқий фазилатларни шакллантириш;
фуқароларнинг ижтимоий келиб чиқиши, иқтисодий аҳволи ва бошқа омиллардан қатъи назар, улар билан бир хил, самимий, одоб доирасида муносабатда бўлиш;
жамиятда ахлоқнинг умумэътироф этилган қоидаларига амал қилиш.
Суд аппарати ходимлари ўз ваколатларини амалга ошираётганда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Олий суд Пленуми ва Раёсатининг қарорларига, Олий суд раисининг буйруқ ва фармойишларига, ушбу Одоб-ахлоқ қоидаларига ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
Суд аппарати ходимлари Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш мажбуриятига, фуқаролар эса суд аппарати ходимларидан мазкур қоидаларга мос бўлган касбий маданиятни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Суд аппарати ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши уларнинг фаолияти ҳамда хизматдаги ахлоқини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
Суд аппарати ходимлари томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиниши ҳолати уларни келгусида юқори лавозимларга тайинлаш ва раҳбар кадрлар захирасини шакллантиришда ҳисобга олинади.
Суд аппарати ходимлари:
фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, фуқаролиги, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи камситилишига олиб келувчи таъсир чоралари ва ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)га йўл қўймаслиги;
ҳалол, адолатли ва камтар бўлиши, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, вазмин ва самимий муносабатни намойиш қилиши;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор хатти-ҳаракатларни амалга оширишда қонунийликни, адолатлиликни ва шаффофликни таъминлаши;
давлат ва жамият манфаатларига зарар етказувчи, суд ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини пасайтирадиган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)дан тийилиши;
ўзининг хатти-ҳаракати ва ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслик чораларини кўриши, танқид учун таъқибга йўл қўймаслиги, асосли ва конструктив танқиддан ўз фаолиятидаги камчиликлар ҳамда нуқсонларни бартараф этиш йўлида фойдаланиши;
давлат органлари ва ташкилотлари, судья ва суд аппарати ходимлари ҳамда бошқа шахсларга ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда шахсий масалалар юзасидан таъсир ўтказмаслиги;
ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олмаслиги;
давлат мулкининг бут сақланишини таъминлаши, ўзига ишониб топширилган давлат мулкидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши;
хизмат интизомига қатъий риоя қилиши, иш вақтидан оқилона ва самарали фойдаланиши;
қонун билан интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ва бошқа хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги;
касб этикаси ва ишчанлик услубига риоя этиши;
сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат ташкилотлари манфаатлари йўлида хизмат мавқеи ва имкониятларидан фойдаланмаслиги керак.
Суд аппарати ходимлари ўзига бўйсунувчи ходимлардан улар меҳнат вазифасини бажараётган пайтда партия номидан сиёсий фаолият билан шуғулланишни талаб қилиши, сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат ташкилотлари фаолиятида иштирок этишга даъват этиши ёки мажбурлашига йўл қўйилмайди.
Суд аппарати ходимлари хизмат фаолияти давомида қуйидагиларга мажбур:
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига сўзсиз риоя этиши;
ўз хизмат вазифаларини виждонан, ҳалол ва юксак профессионал даражада бажариш, расмиятчилик, сохтакорлик ва суиистеъмолчиликка йўл қўймаслик;
хизмат мажбуриятларини самарали бажариш учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни доимий асосда ошириш;
юқори турувчи суд ва суд раҳбариятининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари ҳамда берилган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш;
ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларга бирон-бир шахс, гуруҳ ёки идоралар манфаати нуқтаи назаридан ёндашмаслик ҳамда уларнинг манфаатлари ифода этилишига йўл қўймаслик;
ҳар қандай қонунбузилишига, айниқса, коррупция ҳолатларига қарши муросасизлик билан курашиш;
хизмат сафарлари, назорат тадбирлари давомида меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлган ҳар қандай турдаги сарф-харажатларни бошқа шахслар ҳисобидан амалга оширмаслик;
суд аппарати ходимлари ёки бошқа шахслар томонидан жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этишга ундовчи мурожаатлар ҳақида, шунингдек, ҳамкасблари томонидан содир этилган ёки тайёргарлик кўрилаётган қонунбузилишлар ҳақида ўзининг раҳбарига зудлик билан маълум қилиш;
чет эл фуқаролари билан алоҳида белгиланган тартибга зид равишда бевосита ёки бошқа шахслар орқали мулоқотга киришмаслик;
ўз хизмат мажбуриятларини бажараётганда фуқаролар ва бошқа шахсларни камситмаслик, уларнинг таъсиридан сақланиш, фуқаролар ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш;
ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажаришга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан сақланиш;
давлат сири, қонун билан қўриқланадиган ва хизматга оид бошқа маълумотларнинг ошкор этилмаслигини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўриш, улардан қонунга зид равишда фойдаланмаслик;
ахборотларни тарқатиш қоидаларига риоя қилиш, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ахборот коммуникация воситаларидан фойдаланишда ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг белгиланган тартибига амал қилиш;
бириктирилган хизмат компьютери ҳамда электрон ташувчиларидаги хизматга оид маълумотларнинг хавфсиз сақланишини таъминлаш ва уларни бошқа шахсларга тарқатилишининг олдини олиш чораларини кўриш;
фуқаролар ва ҳамкасбларининг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширувчи маълумотлар, туҳмат, иғво ва уйдирмаларни тарқатмаслик;
меҳнат ва ижро интизоми, ички меҳнат тартиби қоидаларига, шунингдек, телефонда сўзлашиш ва кийиниш маданиятига қатъий риоя этиш;
ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиш;
жамоада соғлом маънавий муҳитни сақлаш чораларини кўриш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонунда белгиланган тартибда ҳамда муддатларда қонуний, асосли ва адолатли ҳал қилиш;
меҳнат жамоасида ишчанлик муҳитини шакллантириш ва уни мустаҳкамлашга кўмаклашиши;
меҳнат жамоасида ҳамкасбларининг шаъни ва қадр-қимматини обрўсизлантирадиган шахсий ва касбий фазилатларини муҳокама қилишдан тийилиши керак.
Раҳбар ходимлар қуйидагиларга мажбур:
бўйсунувидаги суд аппарати ходимларига профессионализм, ҳалоллик, холислик ва адолатлиликда ўрнак бўлиш;
жамоада соғлом маънавий муҳит ва ишчан кайфиятни шакллантириш;
суд аппарати ходимларини қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ундамаслик ҳамда улардан бундай ҳаракатларни бажаришни талаб қилмаслик;
кадрларни маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш, тайинлаш ёки тавсия этишга йўл қўймаслик;
жамоада гуруҳбозлик ва фаворитизм (айрим ходимларни яқин олиш ва қўллаб-қувватлаш) кўринишларига йўл қўймаслик, шунингдек, хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий омилларнинг олдини олиш;
суд аппарати ходимларининг фаолиятига баҳо беришда қонуний, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилиш;
суд аппарати ходимлари томонидан коррупция ва бошқа суиистеъмолчиликлар содир этилишининг олдини олиш чораларини кўриш;
бўйсунувидаги суд аппарати ходимларини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш чораларини кўриш;
ваколати доирасида шартномалар тузиш, танловлар ўтказиш ёки розилик бериш масалаларига холис, адолатли ва қонуний ёндашиш.
Раҳбарлар бўйсунувидаги суд аппарати ходимларига қўпол муомалада бўлиши, ҳақорат қилиши, шахсиятига тегиши, уларга асоссиз танбеҳ бериши ёки айблаши ҳамда камситиши мумкин эмас.
Суд аппарати ходимлари ишдан бўш вақтларида умумқабул қилинган ахлоқ нормаларига риоя қилишлари ва уларга зид бўлган хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шарт.
Суд аппарати ходимлари ишдан ташқари вақтда қуйидагиларга мажбур:
миллий урф-одат, қадрият ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиш;
дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, гуруҳбозлик, маишатбозлик, ичкиликбозлик ва бошқа салбий иллатларга йўл қўймаслик;
расмий эълон қилинган маълумотлардан ташқари суд ҳокимияти органи фаолиятига оид масалаларни муҳокама қилмаслик;
жамоат жойларида (кафе, ресторан ва бошқа кўнгилочар масканларда) ўзини тутиш қоидаларига риоя этиш, атрофдагиларнинг эътиборини тортувчи ортиқча ва салбий ҳаракатларга йўл қўймаслик;
жамоат тартиби ва хавфсизлигига қарши қаратилган хатти-ҳаракатларни содир этмаслик, мазкур ноқонуний ҳаракатларга бошқаларни жалб этмаслик ёки даъват қилмаслик;
хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган идора ва ташкилотлар раҳбар ва ходимларидан, бошқа мансабдор шахсларидан қимматбаҳо совға олмаслик;
хизмат гувоҳномаларини сақлаш ва фойдаланиш тартибига қатъий риоя этиш, улардан хизматга алоқадор бўлмаган ҳолатларда фойдаланмаслик, шу жумладан, ваколатли шахсларга хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, мавқеини суиистеъмол қилмаслик;
хизмат автотранспорт воситаларидан хизмат фаолиятидан ташқари ҳолатларда шахсий ва бошқа мақсадларда фойдаланмаслик;
иш фаолияти билан боғлиқ маълумотларни ишга алоқадор бўлмаган бошқа шахслар иштирокида муҳокама қилмаслик;
шахсий транспорт воситаларидан фойдаланишда белгиланган тартибга амал қилиш, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этиш;
ўзи фаолият юритган суд ҳокимияти органлари ҳамда суд аппарати ходими номига доғ туширувчи хатти-ҳаракатлардан тийилиш;
ташқи кўринишини белгиланган меъёрлар доирасида сақлаш, камтарона кийиниш, атрофдагиларнинг эътиборини ўзига ортиқча жалб қиладиган тарзда кийинмаслик.
Суд аппарати ходимлари Интернет жаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда қонунчилик, умумқабул қилинган ахлоқ нормалари ҳамда ушбу Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши шарт.
Интернет жаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда суд аппарати ходимлари қуйидагиларга мажбур:
ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда мансабдор шахслар фаолиятини муҳокама қилмаслик, ахлоққа зид ибораларни ишлатмаслик, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан одамларда ишончсизлик кайфиятини юзага келтириши мумкин бўлган материалларни жойлаштирмаслик;
суд фаолиятига оид масалаларда, хусусан, кўрилаётган ишлар, суд қарорлари ёки тергов жараёнлари юзасидан фикр, муносабат билдирмаслик, муҳокама қилмаслик, шунингдек эълон қилинган контентларга изоҳ қолдирмаслик;
ҳуқуқий маслаҳатлар бермаслик;
хизматга оид маълумотларни, суд биноси, хизмат хоналари, суд жараёни ёки иш ҳужжатлари акс этган фото ва видеоматериалларни шахсий саҳифаларга жойлаштирмаслик, учинчи шахслар билан улашмаслик ёки жонли эфир орқали трансляция қилмаслик.
Суд аппарати ходимлари оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши, қонунчилик доирасида судлар фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритилишига кўмаклашиши керак.
Суд ҳокимияти органлари фаолияти тўғрисидаги оммавий баёнотлар иш берувчи ёки мазкур йўналиш бўйича ваколатли мансабдор шахс томонидан амалга оширилади.
Қуйидаги ҳолларда оммавий баёнот берилиши мумкин эмас:
оммавий баёнот матни ва мазмуни давлат сиёсати ёки судлар фаолиятига алоқадор бўлмаса;
оммавий баёнотда келтириладиган ахборотлар давлат сирлари билан боғлиқ бўлса;
оммавий баёнот бошқа давлат органлари ва ташкилотлари нуфузини пасайтириш ёки уларнинг мансабдор шахсларини камситишга йўналтирилган бўлса.
Жамоатчилик томонидан судлар фаолиятига оид айблов ёки танқид билдирилган тақдирда, судлар унга нисбатан билдирилган айблов ёки танқидга оммавий изоҳ ёхуд раддия бериши лозим.
Суд аппарати ходимларининг хизмат фаолиятидаги ташқи кўриниши ва кийиниш услуби фуқароларнинг суд ҳокимияти фаолиятига ҳурматини, шу жумладан судлар нуфузини оширишга хизмат қилиши керак.
Суд аппарати ходимларининг ташқи кўриниши хизмат мажбуриятларини бажариши вақтида фуқароларнинг судга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига кўмаклашиши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши ва расмийлик, холислик, камтарлик ва интизомни намоён этиши лозим.
Суд аппарати ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги керак.
Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда суд аппарати ходимлари ички идоравий ҳужжатларда белгиланган тартибда бу ҳақида хабар бериши шарт.
Суд аппарати ходимларини хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ таҳдид, ҳақорат, туҳмат ва қонунга хилоф бошқа хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш иш берувчи томонидан амалга оширилади.
Зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга тўсқинлик қилиш, жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этишга оғдиришга қаратилган мурожаатлар, шунингдек, ҳамкасблари томонидан содир этилган ёки содир этишга тайёргарлик кўрилаётган қонунбузилишлар ҳақида хабар берган ходимларни вужудга келиши мумкин бўлган таҳдид ва хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш чоралари кўрилади.
Суд аппарати ходимлари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши устидан назорат кадрлар билан ишлашга масъул бўлган таркибий бўлинма (масъул ходим) ва Одоб-ахлоқ комиссиялари томонидан амалга оширилади.
Янги ишга қабул қилинган суд аппарати ходимлари кадрлар билан ишлашга масъул бўлган таркибий бўлинма (масъул ходим) томонидан мазкур Одоб-ахлоқ қоидалари билан тилхат асосида имзо қўйдирган ҳолда таништирилади.
Мазкур Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича иш берувчининг буйруғига мувофиқ хизмат текшируви ўтказилиши мумкин.
Хизмат текширувини ўтказиш тартиби қонунчилик ва ички идоравий ҳужжатлар билан белгиланади.
Суд аппарати ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиши уларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ интизомий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Одоб-ахлоқ комиссияси суд аппарати ходимига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш ҳақида иш берувчига тақдимнома киритиши мумкин.
Одоб-ахлоқ қоидаларида акс эттирилмаган масалалар юзасидан вужудга келган муаммоли вазиятлар қонунчиликка мувофиқ ҳал этилади.
Одоб-ахлоқ қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш уни тасдиқлаш тартибига мувофиқ амалга оширилади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Пешку туманлараро суди раиси Джураев Илҳом Сайфиевич
Фуқаролик ишлари бўйича
Пешку туманлараро суди судьяси Қорёғдиев Ҳабиб Рўзибоевич