Ўзбекистон судлари тарихида янги саҳифа очилмоқда

Бугунги кунда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар изчил ва аниқ мақсадлар йўлида амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 21 августида Президентимиз томонидан тасдиқланган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техника таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ушбу жараёнларни янги босқичга кўтармоқда.

Мазкур фармон асосида қабул қилинган “Рақамли суд” концепцияси мамлакатимиз суд тизимини рақамлаштириш, самарадорлигини ошириш ва одил судловни таъминлашга йўналтирилган муҳим қадам ҳисобланади.

Энди суд ишлари қоғозсиз ва тўлиқ электрон шаклда юритилади, бу эса ишларни тезкор ва шаффоф тарзда кўриб чиқиш имконини беради. Сунъий интеллект технологиялари ёрдамида суд харажатлари ва суд муҳокамасининг эҳтимолий натижаси олдиндан таҳлил қилиниб, суд мажлисларида масофавий иштирок этиш имкониятлари кенгаймоқда.

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун судларга мурожаат қилиш, ҳужжатлар юбориш, иш материаллари билан онлайн танишиш ва ҳатто баённомаларни реал вақтда автоматик тайёрлаш каби хизматлар рақамли форматга ўтказилмоқда. Бундан ташқари, “my.sud.uz” интерактив платформа орқали ҳуқуқий маслаҳатлар, виртуал маслаҳатчи ва бошқа инновацион хизматлар жорий этилади.

Бу эса жамоатчилик учун суд жараёнларини янада очиқ ва тушунарли қилишда муҳим аҳамиятга эга. Суд тизимини замонавий техник база билан таъминлаш ва судьялар ҳамда суд ходимларининг рақамли саводхонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам фармонда алоҳида қайд этилган. Шунингдек, “Кибер ҳуқуқ” соҳасидаги илмий тадқиқотлар ҳам кенг йўлга қўйилади. Суд биноларини қуриш ва таъмирлаш ишлари, “Рақамли суд” талабларига мос суд залларини яратиш 2025–2030 йилларда босқичма-босқич амалга оширилади.

Тошкентдаги тажрибавий лойиҳа эса 2026–2027 йилларда бутун мамлакат бўйлаб кенгайтирилади. Умуман олганда, “Рақамли суд” тизимини жорий этиш нафақат судлар фаолиятида самарадорлик ва шаффофликни оширади, балки инсон хатоларини камайтиради, адолатни таъминлашда замонавий технологияларнинг ўрнини мустаҳкамлайди. Бу эса юртимизнинг ҳуқуқий соҳасидаги ислоҳотлари тарихида янги ва муҳим саҳифа очилиши демакдир.

Президентимизнинг юқорида номи зикр этилган фармони орқали амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлар — одил судловнинг рақамли замон талаби даражасида янада такомиллашуви, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкам ҳимоя қилиш, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат қиладиган муҳим дастурдир.

Зеро, асосий вазифаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлган суд ҳокимияти учун мазкур қарор тарихий аҳамиятга эга бўлди десак муболаға қилмаган бўламиз.

Пешку туманлараро иқтисодий суди раиси                                               У.Жумаев