Муаллифлик ҳуқуқлари – қонун ҳимоясида
Маълумки, интеллектуал мулк объектлари жамият тараққиёти ва иқтисодиёти ривожланишини таъминлайдиган муҳим омил ва етакчи куч бўлиб ҳисобланади. Шу жиҳатдан мамлакатимизда илғор халқаро тажрибада келиб чиқиб интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун мукаммал қонунчилик асослари ва ҳуқуқий механизмлари яратилган бўлиб, бундан ҳуқуқни қўллаш амалиётида самарали фойдаланиб келинмоқда.
Таъкидлаш жоизки, қонунчилигимизда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳимояси кафолатланган ва мазкур ҳуқуқлар бузганлик учун фуқаролик, маъмурий ва жиноий ҳуқуқий-жавобгарлик чоралари белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида интеллектуал мулк, хусусан муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари ва мазкур ҳуқуқни бузганлик учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик чоралари назарда тутилган.
Шу ўринда, фуқаролик қонунчилигига мувофиқ ҳар бир манфаатдор шахснинг интеллектуал мулк, хусусан муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатлари бўйича ҳуқуқни ҳимоя қилиш бўйича бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари кафолатланган.
Бунга мисол сифатида, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Бухоро туманлараро иқтисодий судида кўрилган ишнинг тафсилотларини мисол келтириш мақсадга мувофиқ.
Даъвогар Тошкент шаҳридаги “TURON-IQBOL” масъулияти чекланган жамияти (матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Бухоро шаҳридаги “BUKHARA BOOKS PRINT” масъулияти чекланган жамияти (матнда жавобгар деб юритилади)дан асарни нашр қилишга бўлган муаллифлик ҳуқуқини бузганлик учун етказилган моддий зарар сифатида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баравари миқдорида 375.000.000 сўм товон пули ундиришни сўрайди.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасаси томонидан рўйхатга олинган муаллифлик ҳуқуқи гувоҳномасига кўра, “Математикадан қўшимча машқ ва мисоллар” (ихтиослаштирилган мактабларнинг 2-4 синф ўқувчилари учун, тўлдирилган ва қайта ишланган нашр) номли қўлланма муаллифлик ҳуқуқи объектининг муаллифлари фуқаролар Бобоев Ойназар Пирназарович ва Шамсиева Гулчеҳра Фазлиддиновнага тегишли бўлган. Даъвогар ўз навбатида муаллифлик шартномаси асосида ушбу муаллифларга тегишли қайд этилган қўлланмани нашр этиш ва қайта нашр этиш ҳуқуқларини олган. Аммо, даъвогар тегишли ҳудудларда мазкур қўлланма китобининг контрафакт нусхалари сотилаётганлиги ҳолатларини кузатган ва муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолати бўйича жавобгарга нисбатан судга мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Суд томонидан мазкур низони қонуний ҳал қилиш мақсадида тарафлар томонидан тақдим этилган далиллар ва келтирилган важлар ҳар томонлама синчиклаб ўрганиб чиқилди ва якуний хулосага келинди.
Жавобгар томонидан Бухоро шаҳрида ихтисослаштирилган дўконда китоблар чакана савдоси билан шуғулланиб келиб, бироқ қонунга хилоф равишда даъвогарга муаллифлик ҳуқуқи асосида тегишли қўлланма китобининг контрафакт нусхалари сотилаётганлиги ва муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатлари судда ўз исботини топди.
Қонуннинг 65-моддасида, муаллиф, турдош ҳуқуқлар эгаси ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгаси ҳуқуқбузардан зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг айби даражасидан келиб чиқиб иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда тўланиши лозим бўлган товонни тўлашини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Шу сабабли суд даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириб, ушбу қонун нормасига асосланган ҳолда жавобгар томонидан йўл қўйилган ҳуқуқбузарликнинг хусусияти, жавобгарнинг айби даражаси, даъвони қисман тан олиб, зарарни тўлашдан бўйин товламаётганлиги ҳолатларини ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда адолатлилик принципи ва қонунийлик талабларига мувофиқ жавобгардан даъвогар фойдасига базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари миқдорида 37.500.000 сўм товон пули ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Хулоса қилиб айтганда, муаллифлик ҳуқуқларини бузганлиги жавобгарга қимматга тушди. Суд томонидан юқорида кўрсатилган қонунга хилоф ҳаракатлари учун жавобгардан товон пули ундириш орқали даъвогарнинг муаллифлик ҳуқуқлари қонуний ҳимояси таъминланди.
Бухоро туманлараро
иқтисодий суди раиси
И.Юлдашев
Бухоро туманлараро
иқтисодий суди судьяси
Н.Солиев