ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ПРОКУРОР ИШТИРОКИ: ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАР ВА АМАЛИЁТ

Бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорлик фаолиятини юритишдаги низолар ва молиявий-ҳуқуқий муносабатлар сонининг ортиб бориши иқтисодий судлар фаолиятининг муҳим аҳамият касб этишига олиб келади. Бундай шароитда қонун устуворлигини таъминлашда ва иқтисодий адолатни қарор топтиришда прокурор иштирокининг ўрни ва аҳамияти ортиб бормоқда.

Иқтисодий судлар хўжалик юритувчи субъектлар, давлат органлари, маҳаллий ҳокимиятлар, молиявий ва солиқ идоралари ўртасидаги низоларни ҳал этади.

Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунига ҳамда Иқтисодий процессуал кодексининг 49- моддаси учинчи қисмига асосан, прокурор ўзининг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда, шунингдек давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этиши мумкин.

Қонунчиликка асосан прокурор бошқа шахсларнинг аризаси билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ишлар мустасно.

Ишда иштирок этувчи прокурор ишнинг мазмуни бўйича фикрини баён этади, бундан унинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга доир даъво аризаси (аризаси) бўйича қўзғатилган ишлар мустасно.

Фуқаронинг, юридик шахснинг ва давлатнинг манфаатларини кўзлаб даъво аризаси (ариза) тақдим этган прокурор даъвогарнинг ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳуқуқи мустасно.

Прокурорнинг ўз даъво аризасидан (аризасидан) воз кечиши даъвогарни (аризачини) ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Прокурор томонидан даъвогарнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида тақдим этилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиришга олиб келади.

Сўнгги йилларда прокуратура органлари томонидан ноқонуний хусусийлаштириш, солиқдан бўйин товлаш, давлат мулкини талон-тарож қилиш билан боғлиқ иқтисодий ишлар бўйича судларга даъво аризалари киритилиб, йирик миқдордаги маблағлар давлат бюджетига қайтарилган.

Иқтисодий судларда прокурор иштироки – бу нафақат қонунийликни таъминлаш, балки иқтисодий адолатни қарор топтиришда муҳим восита ҳисобланади. Шу боис, ушбу институтни кучайтириш, прокурорларнинг малакасини ошириш ва уларнинг амалий фаолиятини янада такомиллаштириш давлат сиёсатининг долзарб йўналишларидан биридир.

Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича

судлов ҳайъати судьяси                                                               М.Болтаев