“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги

Қонуннинг мазмуни ва аҳамияти

Маълумки, бозор иқтисодиёти қонунларидан бири сифатида –                          бу тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро рақобат кураши бўлади,           бунда айрим тадбиркорлар иқтисодий жиҳатдан юқори даромад олиб фаолият кўрсатсалар, айримлари эса ушбу рақобатга бардош беролмасдан зарар кўриб ишлашларига ва мавжуд қарзларини тўлай олмасдан, тўловга қобилиятсизлик ҳолатига тушиб қолишлари мумкин. Бундай шароитда, Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 12 апрелда қабул қилинган “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни қарздор ва кредитор бўлган тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахснинг чинакам ҳуқуқий ҳимояси бўлиб хизмат қилади.  

Зеро, мазкур Қонуннинг мақсади юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб ҳисобланади, бироқ ушбу Қонун давлат муассасалари ва бошқа нотижорат ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмаслигини эътиборга олиш керак.

Қонунда даставвал кенг қўлланилган банкрот, кредитор, келишув битими, кузатув тартиб-таомили, мораторий, пул мажбурияти, солиқлар ва йиғимлар, сохта тўловга қобилиятсизлик, суд бошқарувчиси, суд санацияси, ташқи бошқарув, тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомили, тўловга қобилиятсизлик, қaрзни таркибий жиҳатдан ўзгартириш тартиб-таомили каби ўзига хос атамаларнинг тушунчалари ушбу Қонуннинг мазмун-моҳиятини тўлиқ тушунишга хизмат қилади.

Таъкидлаш керакки, қайд этилган тўловга қобилиятсизлик ва банкрот тушунчалари ўзаро маънодош бўлган сўзлар сифатида кўринсада, бироқ уларнинг мазмун-моҳияти жиҳатидан тубдан фарқ қилади. 

Хусусан, тўловга қобилиятсизлик – бу суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги ҳисобланади.  Банкрот эса – бу суднинг қарорига асосан тўловга қобилиятсиз деб топилган ва ўзига нисбатан тугатишга доир иш юритиш ёки мол-мулкини сотиш тартиб-таомили қўлланиладиган қарздор сифатида тушунилади. Яъни, тўловга қобилиятсизлик тушунчаси ва мақсади банкротлик тушунчасидан кенгроқ мазмун аҳамият касб этиб, тўловга қодир бўлмаган қарздор тадбиркорлик субъектини нафақат тугатиш, балки қонунда белгиланган соғломлаштириш чоралари ва тартиб-таомилларини қўллаш орқали унинг фаолиятини тиклашга қаратилган бўлади. Банкротлик тушунчаси ва мақсади эса тўловга қобилиятсиз деб топилган қарздорни фаолиятини фақат тугатишга қаратилган бўлиб ҳисобланади.  

Қонуннинг муҳим жиҳатларига тўхталсак, қарздорнинг тўловга қобилиятсизлик ҳолати вужудга келганда қарздорнинг, кредиторлар ва ваколатли давлат органининг аризаси асосида иқтисодий суд томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш қўзғатилиши мумкинлиги белгиланган. Қарздорга нисбатан умумий тартибда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш қўзғатилганда тўловга қобилиятсизлик аломатлари ва тегишли асослар мавжуд бўлган ҳолатларда кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув ва тугатишга доир иш юритиш каби тартиб-таомиллар қўлланилади. Бироқ, қарздорга нисбатан соддалаштирилган тартибда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш қўзғатилганда эса фақатгина тугатишга доир ишг юритиш тартиб-таомили қўлланилади. Қонуннинг яна муҳим жиҳати шуки, кредитор ва қарздор  томонидан судда тўловга қобилиятсизлик ишининг ҳар қандай босқичида тегишли шартлар асосида ўзаро келишув битими тузиш, яъни ишни тарафларнинг ўзаро муросага келиш орқали тугатиш имконияти мавжудлиги назарда тутилган.    

Шунингдек, Қонун билан республикамизда муҳим бўлган янгилик сифатида жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги ҳақидаги нормалар киритилди ва мазкур нормалар 2023 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилиб, амалиётда кенг қўлланила бошланди. Қонунга мувофиқ қарздор жисмоний шахснинг ўз пул мажбуриятларини бажаришда тўловга қобилиятсизлиги ҳолати аниқланганда суд унга нисбатан қўзғатилган иш доирасида қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш тартиб-таомилини жорий этиш ва жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва жисмоний шахснинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомиллари қўлланилиши белгиланди.  

Шу ўринда таъкидлаш керакки, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини суд амалиётида қўллаш бўйича Олий суд Пленумининг 2025 йил 23 июндаги 13-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, Қонунни амалаиётда бир хил қўллашда иқтисодий судлар ва суд бошқарувчилари фаолиятида дастурул амал бўлиб хизмат қилмоқда.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати айрим нопок тадбиркорлик субъектлари ёки фуқароларнинг қонунга зид ҳаракатлари билан кредиторларга зарар етказган ҳолда пул мажбуриятларини бекор қилиш ёки озод бўлиши мумкинлигини истисно қилади. Зеро, Қонунга мувофиқ тўловга қобилиятсизликка олиб келган ғайриқонуний ҳаракатлар, хусусан сохта тўловга қобилиятсизлик, тўловга қобилиятсизликни яшириш ва қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш ҳолатлари учун тегишли жавобгарлик мавжудлиги ва етказилган зарар эса айбдор шахслардан ундирилиши тартиби белгиланган.       

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, мазкур Қонун бозор иқтисодиёти шароитида ҳақиқатда тўловга қобилиятсиз ёки иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолган тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар фаолиятини соғломлаштириш ва тўлов қобилиятини тиклашларига имконият беради ҳамда тўловга қодир бўлмаган ва самарадорлиги кутилмаган тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини сўнгги чора сифатида тугатилишига, юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олди олинишига ва ўз навбатида мамлакатимиз иқтисодиётига ижобий таъсир қилиб, уни янада соғломлаштирилишига хизмат қилади.

    Бухоро туманлараро                                                 

                        иқтисодий суди судьялари                            

                                       Илҳом Юлдашев

                                                                  Дилшод Турдиев