Муштумзўр қўлга олинди

Афсуски, билагидаги кучини оила фаравонлиги йўлидаги меҳнатга эмас, турмуш ўртоғини уриш, таҳқирлашга сарфловчи муштумзўрлар ҳам бор орамизда.

И.Б 2025 йил 7 февраль куни тахминан соат 02:00 ларда уйида хотини С.Қни уриб, енгил шикаст етказди. Аммо “полвон”га бу ҳам камлик қилди шекилли, у 14 апрель куни тахминан соат 21:00 ларда аёлининг соғлигини ёмонлашувига олиб келган тарзда шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаб, уни қўрқитиб уриб, оилавий зўравонлик қилди. Доимий камситишлардан чарчаган аёл адолат истади…

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги кафолатланган.

Муштумзўрнинг қилимиши суд тиббий экспертиза хулосаси, маълумотнома, тушунтириш хатлари ҳамда ишда тўпланган бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз тасдиғини топди.

Полвонлигини аёлига кўрсатган И.Б қилмишига яраша жазосини оладиган бўлди. Бу эса шу тоифадаги баъзи “эркак”ларга “дарс” бўлади деган умиддамиз.

Бобир УМАРОВ

Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар тергов судьяси