Кредит шартномасидан келиб чиқадиган низоларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари
Кредит шартномаси бўйича бир тараф – банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ кредит ташкилотлари бўлмаган тижорат ташкилотларининг кредитлашни амалга оширишига йўл қўйилган ҳолларда кредит шартномаси тўғрисидаги қоидалар бундай тижорат ташкилотлари амалга оширадиган кредитлаш муносабатларига нисбатан қўлланади.
Агар ушбу параграфнинг қоидаларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ва у кредит шартномасининг моҳиятидан келиб чиқмаса, кредит шартномаси муносабатларига нисбатан ушбу қоидалари қўлланади.
Кредит шартномаси ёзма шаклда тузилиши шарт.
Ёзма шаклга риоя қилмаслик кредит шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади. Бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.
Кредитор қарз олувчини тўловга қобилиятсиз деб ҳисобласа, қарз олувчи кредитни таъминлаш мажбуриятларини бажармаса, шартномада назарда тутилган кредитдан аниқ мақсадда фойдаланиш мажбуриятини бузса, шунингдек шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда қарз олувчига кредит шартномасида назарда тутилган кредитни беришдан бутунлай ёки қисман бош тортишга ҳақли.
Қарз олувчи кредит олишдан бутунлай ёки қисман бош тортишга ҳақли. Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб
назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи бу ҳақда кредиторни кредит шартномасида белгилаб қўйилган кредит бериш муддатига қадар хабардор қилиши шарт. Қарз олувчи кредит шартномасида назарда тутилган кредитдан аниқ мақсадда фойдаланиш мажбуриятини бузган тақдирда кредитор шартнома бўйича қарз олувчини бундан буён кредитлашни тўхтатишга ҳақли.
Тарафлар бир тарафнинг кредит шартномаси шартлари асосида турга хос аломатлари билан белгиланган ашёларни иккинчи тарафга бериш мажбуриятини назарда тутувчи шартномани тузишлари мумкин.
Ашёларни кредитга бериш тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартноманинг берилаётган ашёларнинг миқдори, ассортименти, тўлиқлиги, сифати, идиши ва (ёки) ўралиши ҳақидаги шартлари товарларни олди-сотди шартномаси тўғрисидаги қоидаларга мувофиқ бажарилиши шарт.
Бажарилиши учун пул суммаларини ёки турга хос аломатлари билан белгиланадиган бошқа ашёларни иккинчи тарафга мулк қилиб топшириш талаб қилинадиган шартномаларда, агар қонун ҳужжатларида бошқа ҳол белгилаб қўйилган бўлмаса, кредит бериш, шу жумладан бўнак, олдиндан ҳақ тўлаш, товарларга, ишлар ёки хизматларга ҳақ тўлашни кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида кредит бериш (тижорат кредити) назарда тутилиши мумкин.
Тегишли мажбурият баён қилинган шартнома тўғрисидаги қоидаларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ва у мазкур мажбуриятнинг моҳиятига зид келмаса, тижорат кредитига нисбатан тегишли суратда ушбу бобнинг қоидалари қўлланади.
Пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномаси бўйича бир тараф (молия агенти) иккинчи
тарафга (мижозга) шу мижознинг (кредиторнинг) учинчи шахсга (қарздорга) товарлар беришидан, унинг ишларини бажаришидан ёки
унга хизматлар кўрсатишидан келиб чиқадиган пул талабномаси ҳисобидан пул маблағларини беради ёки бериш мажбуриятини олади, мижоз эса молия агентига ушбу пул талабномасини беради ёки бериш мажбуриятини олади.
Мижоз ўзининг молия агенти олдидаги мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш мақсадида ҳам қарздорга нисбатан пул талабномасидан молия агенти фойдасига воз кечиши мумкин.
Пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномаси бўйича молия агентининг мажбуриятлари мижоз учун бухгалтерия ҳисобини юритишни, шунингдек мижозга бошқа шахс фойдасига воз кечиш нарсаси бўлган пул талабномалари билан боғлиқ бошқа молиявий хизматлар кўрсатишни ҳам ўз ичига олиши мумкин.
Пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномаларини молия агенти сифатида банклар ва бошқа кредит ташкилотлари, шунингдек бундай турдаги фаолиятни амалга ошириш учун рухсатномаси (лицензияси) бўлган бошқа тижорат ташкилотлари ҳам тузиши мумкин.
Тўлов муддати келган пул талабномаси ҳам (мавжуд талабнома), шунингдек келажакда вужудга келадиган пул маблағларини олиш ҳуқуқи (бўлажак талабнома) ҳам молиялаш эвазига бошқа шахс фойдасига воз кечиладиган нарса бўлиши мумкин.
Молиялаш эвазига бошқа шахс фойдасига воз кечиш нарсаси
бўлган пул талабномаси мижознинг молия агенти билан тузадиган шартномасида шундай белгиланган бўлиши керакки, мавжуд талабнома шартнома тузиш пайтига монанд бўлсин, бўлажак талабнома эса — кечи билан талаб вужудга келган пайтга монанд бўлсин.
Бўлажак пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечилганида, у шартномада назарда тутилган талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш нарсаси бўлган пул маблағларини қарздордан олиш ҳуқуқи вужудга келганидан кейин молия агентига ўтган ҳисобланади. Агар пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш маълум воқеага боғлиқ бўлса, бошқа шахс фойдасига воз кечиш ушбу воқеа юз берганидан кейин кучга киради. Бундай ҳолларда пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечишни қўшимча расмийлаштириш талаб қилинмайди.
Агар пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномасида ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мижоз бошқа шахс фойдасига воз кечиш нарсаси бўлган пул талабномасининг ҳақиқийлиги учун молия агенти олдида жавобгар бўлади.
Агар мижоз пул талабномасини топшириш ҳуқуқига эга бўлса ва ушбу талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш пайтида у қарздор бу ҳуқуқни бажармасликка ҳақли бўладиган вазиятлардан бехабар бўлса, бошқа шахс фойдасига воз кечиш нарсаси бўлган пул талабномаси ҳақиқий ҳисобланади.
Агар мижоз билан молия агенти ўртасидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, молия агенти бошқа шахс фойдасига
воз кечиш нарсаси бўлган талабномани ижрога тақдим этганида қарздор бу талабномани бажармаганлиги ёки тегишли даражада бажармаганлиги учун мижоз жавобгар бўлмайди.
Мижоз билан унинг қарздори ўртасида талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечишни тақиқлаш ёки чеклаш ҳақида келишув бўлган тақдирда ҳам, пул талабномасидан молия агенти фойдасига воз кечиш ҳақиқий ҳисобланади.
Белгилаб қўйилган қоида талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечишни тақиқлаш ёки чеклаш ҳақида мижоз билан қарздор ўртасидаги келишувни бузган ҳолда талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечилиши муносабати билан мижозни қарздор олдидаги мажбуриятлар ёки жавобгарликдан озод қилмайди.
Агар пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, молия агентининг пул талабномасидан ўз навбатида бошқа шахс фойдасига воз кечишига йўл қўйилмайди.
Шартномада пул талабномасидан ўз навбатида бошқа шахс фойдасига воз кечишга йўл қўйилган ҳолларда унга нисбатан ушбу модданинг қоидалари тегишли суратда қўлланади.
Қарздор мижоздан ёки молия агентидан пул талабномасидан ушбу молия агенти фойдасига воз кечилганлиги ҳақида ёзма билдиришнома олган ва унда ижро этилиши керак бўлган пул талабномаси белгиланган, шунингдек тўлов амалга оширилиши керак бўлган молия агенти кўрсатилган тақдирда қарздор тўловни молия агентига амалга ошириши шарт.
Қарздорнинг илтимосига кўра молия агенти оқилона муддатда қарздорга пул талабномасидан ҳақиқатан ҳам молия агенти фойдасига
воз кечилганлигининг исботини тақдим этиши керак. Агар молия агенти ушбу мажбуриятни бажармаган бўлса, қарздор ушбу талабнома бўйича тўловни мижозга нисбатан амалга ошириб, унинг олдидаги ўз мажбуриятини бажаришга ҳақли.
Қарздорнинг пул талабномасини ушбу модданинг қоидаларига мувофиқ молия агенти фойдасига бажариши қарздорни мижоз олдидаги тегишли мажбуриятдан озод қилади.
Агар пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномаси шартларига кўра молия агенти мижоздан бу талабни сотиб олиб, шу йўл билан уни молияласа, молия агенти қарздор талабни бажариш учун тўлайдиган ҳамма суммани олиш ҳуқуқини қўлга киритади, мижоз эса молия агенти олган суммалар у сотиб олган талабноманинг баҳосидан кам бўлиб чиққанлиги учун агент олдида жавобгар бўлмайди.
Агар мижознинг мажбуриятлари молия агентига бажарилишини таъминлаш мақсадида пул талабномасидан унинг фойдасига воз кечилган бўлса ва талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномасида бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, молия агенти мижозга ҳисобот тақдим этиши ҳамда мижознинг талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш билан таъминланган қарзидан ортиб қолган суммани мижозга бериши шарт. Агар молия агенти қарздордан олган пул маблағлари мижознинг молия агентига талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш билан таъминланган қарзи суммасидан кам бўлиб чиқса, мижоз қарзнинг қолдиғи учун молия агенти олдида жавобгар бўлиб қолаверади.
Молия агенти қарздорга мурожаат этиб, тўловни амалга оширишни талаб қилган тақдирда, қарздор ўзининг мижоз билан тузилган шартномага асосланган, қарздор талабномадан молия агенти фойдасига воз кечилганлиги ҳақида билдириш олган пайтда ихтиёрида бўлган ўз пул талабномаларини инобатга олиш учун тақдим этишга ҳақли.
Мижоз талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечишни тақиқлаш ёки чеклаш тўғрисидаги келишувни бузганлиги муносабати билан қарздор мижозга қўйиши мумкин бўлган талаблар молия агентига нисбатан кучга эга эмас.
Мижоз қарздор билан тузган шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бузган тақдирда, қарздор молия агентига ўтган талабнома бўйича тўланган суммаларни, агар қарздор бундай суммаларни бевосита мижоздан олишга ҳақли бўлса, ундан қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмас.
Қарздор талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш натижасида молия агентига тўланган суммаларни бевосита мижоздан олиш ҳуқуқига эга бўлишига қарамай, агар молия агенти талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш билан боғлиқ ваъда қилинган тўловни мижозга тўлаш мажбуриятини бажармаганлиги ёки мижоз талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечиш билан боғлиқ тўловни олиши керак бўлган қарздор олдидаги мажбуриятини бузганлигини била туриб, бундай тўловни амалга оширганлиги исбот қилинган бўлса, ушбу суммалар молия агенти томонидан қайтарилишини талаб қилишга ҳақли.
Ў.С.Разиков
Фуқаролик ишлари бўйича
Пешку туманлараро суди раиси
М.А.Матякубов
Фуқаролик ишлари бўйича
Пешку туманлараро суди судьяси