Иқтисодий судларда суғуртага оид ишларни кўришнинг ўзига хослиги

Суғурта ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг қадимий кўринишларидан биридир. Жамият ўртасидаги муносабатлар ривожлана боргани сайин суғурта муносабатлари ҳам ривожланиб, ҳуқуқий тус олиб бораверди.

Суғурта фуқаро ёки юридик шахс суғурта ташкилоти билан тузадиган мулкий ёки шахсий суғурта шартномалари асосида амалга оширилади. Кўриниб тургандек, суғуртавий муносабатлар шартнома кўринишида тартибга солинади ҳамда суғуртавий муносабатлар асосан икки турдаги суғурта муносабатларини тартибга солади. Булар мулкий ва шахсий суғурта муносабатларидир.

Замонавий фанда суғурта шартномасининг ҳуқуқий табиатини тавсифловчи бир қатор нуқтаи назарлар мавжуд. М.Суворованинг фикрича, мажбурий суғурта хусусий ҳуқуқ соҳасига оид ҳисобланади ва бундан хулоса қилиш мумкинки, бирор-бир ҳуқуқий институт хусусий ҳуқуққа оид бўлар экан у бир вақтнинг ўзида оммавий-ҳуқуқ соҳасига таллуқли бўла олмайди. Мажбурийлик тамойили суғурта бўйича хусусий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш характерига таъсир қилмайди ва уларнинг мазмунини ўзгартирмайди. Мажбурий суғуртанинг мақсади – аниқ сиёсий ва иқтисодий вазиятдан келиб чиқиб, хусусий манфаатларни ҳимоя қилишдир. Албатта бу ўринда муаллифнинг мажбурий суғуртанинг асосий мақсадларидан бири хусусий манфаатларни ҳимоя қилишдир деган фикрларига тўлиқ қўшилиш мумкин. Б.Пугинскийнинг таъкидлашига кўра, қонун чиқарувчи суғурта шартномасини фуқаролик ҳуқуқи соҳасига киритишга ҳаракат қилмоқда, айниқса бу шартнома хўжалик муомаласида хусусий манфаатларни ҳимоялашнинг фуқаролик-ҳуқуқий воситаси бўлганда бу ҳолат яққол кўзга ташланади. Ю.Фогельсон эса шартномани тузиш тарафларнинг иккаласи учун ҳам мажбурий бўлса ҳамда шартнома шартлари қонун ҳужжатларида асосида белгиланса ҳам ҳақ тўлаш мажбурияти суғурта шартномаси тузилганидан сўнг вужудга келади. Ушбу мажбуриятнинг мазмуни тарафларнинг хоҳиш-иродалари асосида аниқланиши мумкин, агар бундай аниқлаш намунавий қоидаларга зид бўлмаса. Бинобарин, О.Оқюлов ва Н.Эгамбердиевалар эътироф этишганидек, мажбурий суғурта шартномаси бошқа шартномалардан суғурта пули, бадали махсус қонунларга асосан тузилиши ва бадал миқдори ҳам қатъий белгиланган бўлиб, уни фақат суғурта қилдирувчи томонидан тўланиши билан фарқ қилади. Ҳозирда бу турдаги шартнома, асосан фуқароларнинг учинчи шахс олдидаги жавобгарлигини мажбурий суғурталаш, кредит юзасидан гаровга қўйилаётган мулкни мажбурий суғурталаш, гаров мулкини кредитни қоплаш юзасидан етмаган қисмини суғурталаш қўлланилмоқда. Мажбурий суғурта шартномасининг шартлари қонун билан белгилаб қўйилган бўлиб, уларни ихтиёрий равишда ўзгартириш мумкин эмас. Дарҳақиқат, шартноманинг мажбурий тузилиш фактининг ўзиёқ уни оммавий-ҳуқуқийлигини эътироф этиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Шу билан бирга фуқаролик қонунчилиги шартномаларни мажбурий тартибда тузишни назарда тутади (ФКнинг 377-моддаси), бироқ мазкур ҳолат бу турдаги шартномаларни фуқаролик-ҳуқуқий ҳолатини инкор этмайди. Мазкур ҳолатдан келиб чиқиб, мажбурий суғурта бўйича муносабатларга бошқа хусусийҳуқуқий шартномавий контрукцияларга татбиқ этиладиган тамойилларни қўллаш мумкинлигини эътироф этиш лозим[1].

Суғурта тўғрисидаги ҳуқуқий муносабатлар бир қанча қонунчилик ҳужжатларида, жумладан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 10 апрелдаги “Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора –тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-618-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги «Судлар томонидан суғурта шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 45-сонли қарорида тартибга солинган.

Мулкий суғурта шартномасига мувофиқ суғурталовчи суғурта ҳодисаси содир бўлганда суғурта қилдирувчига (наф олувчига) бу ҳодиса оқибатида суғурталанган мулкка етказилган зарарни ёхуд суғурта қилдирувчининг бошқа мулкий манфаатлари билан боғлиқ зарарни шартномада белгиланган сумма доирасида тўлаш мажбуриятини олади.

Шахсий суғурта эса суғурталовчининг суғурта қилдирувчининг (суғурталанган шахснинг) ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилган тақдирда, у муайян ёшга тўлган ёки унинг ҳаётида шартномада назарда тутилган бошқа суғурта ҳодисаси юз берган ҳолларда шартномада шартлашилган суғурта пулини бир йўла тўлаш ёки вақти-вақти билан тўлаб туриш мажбуриятини назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади)нинг 927-моддаси суғурта шартномасининг шаклига нисбатан талабни ўз ичига олган бўлиб, унга асосан бундай шартнома ёзма шаклда тузилиши шарт.

Суғурта шартномаси битта ҳужжатни тузиш ёхуд суғурта қилдирувчига унинг ёзма ёки оғзаки аризасига биноан суғурталовчи томонидан имзолаган ва суғурта шартномаси шартларини ўз ичига олган суғурта полиси (шаҳодатномаси, сертификати, квитанцияси)ни топшириш йўли билан тузилиши мумкин.

Суғурта шартномасининг шаклига нисбатан белгиланган талабга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.

Суд амалиётида суғурта фаолияти ва суғурта шартномалари билан боғлиқ бир қатор низолар кўриб келинмоқда.

 Жумладан, “ААА” масъулияти чекланган жамияти судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлар “Суғурта” акциядорлик жамияти ва унинг Бухоро филиалидан 500.000.000 сўм суғурта товонини ундиришни сўраган. (Матнда иштирокчиларнинг номи ўзгартирилган)

Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2025 йил 3 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 500.000.000 сўм суғурта товони ундириш белгиланган.

Аниқланишича, тарафлар ўртасида “Гаровга қўйилаётган мол-мулкни суғурталаш шартномаси” ва суғурта полиси тузилган. Шартноманинг 1.1-бандига кўра суғурталовчи (жавобгар) шартномада шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига шартномада назарда тутилган воқеа (суғурта ҳодисаси) содир бўлганда суғурта қилдирувчи (даъвогар)га ҳодиса оқибатида суғурталанган мол-мулкларга етказилган зарарни шартномада белгиланган сумма доирасида суғурта товонини тўлаш мажбуриятини олган. Суғурта полисида суғурта пули 1.500.000.000 сўм, суғурта мукофоти 2.500.000 сўм, суғурта муддати 2022 йилдан 2027 йилга қадар этиб белгиланган. Суғурта полиси бўйича келишилган суғурта мукофоти жавобгарга тўлаб берилган.

Даъвогар ва Банк ўртасида 2017 йилдаги ипотека-гаров шартномасининг 3.1-банди мазмунига кўра, даъвогарнинг кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажарилишини таъминлаш учун “БББ” масъулияти чекланган жамияти номида бўлган молхона ва айвон биноси, “ВВВ” масъулияти чекланган жамиятига тегишли цех, фуқаро ГГГ.га тегишли бўлган маъмурий бино ва омборхона ёрдамчи бинолар ва бошқа мулклар гаровга қўйилган.

Суғурта шартномасининг 1-иловаси сифатида тузилиб тасдиқланган суғурталанган мулклар рўйхатига кўра, суғурталанган мулкнинг умумий қиймати даъвогар ва Банк ўртасида 2017 йилда тузилган гаров шартномасига асосан 1.500.000.000 сўмни ташкил этади.

Ушбу иловага асосан фуқаро ГГГга тегишли бўлган маъмурий бино ва омборхона ёрдамчи биноларининг суғурта пули 250.000.000 сўмдан қилиб белгиланган. Суд мажлисида иштирок этган Кадастрлар палатаси судга фуқаро ГГГга тегишли гаровга қўйилиб, суғурталанган бино-иншоотлар кейинчалик нотурар бино-иншоотларга ўзгартирилиб, туман ҳокимлигининг қарори билан давлат рўйхатидан ўтказилганлигини билдирган ҳамда ҳолат юзасидан далолатномани судга тақдим қилган. Бироқ, суғурталанган бино-иншоотларда бино иншоотнинг шифт қисмидаги электр симида юзага келган авария қисқа туташув натижасида ёнғин содир бўлган.

Фавқулотда вазиятлар бошқармаси Ёнғинтехник экспертиза бўлинмасининг экспертиза хулосасига кўра, бино-иншоот айвонининг шифт қисмидаги электр симида юзага келган авария (қисқа туташув, ортиқча юкланиш, катта ўтиш қаршилиги) натижасида ёнғин содир бўлган. Даъвогар томонидан жавобгарга ёзма мурожаат қилиниб, суғурта товонини тўлаб бериш сўралган. Жавобгарнинг мазкур мурожаатларга жавобан йўлланган хатида қайд этилган ҳолатда суғурта шартномаси шартларига кўра ёнғин суғурта ҳодисаси сифатида тан олинмаган ва суғурта товонини тўлаш рад этилганлиги сабабли тарафлар ўртасида низо келиб чиққан.

ФК 357-моддасининг биринчи қисмига кўра, шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади.

ФКнинг 915-моддасининг биринчи қисмига кўра, мулкий суғурта шартномасига мувофиқ бир тараф (суғурталовчи) шартномада шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига шартномада назарда тутилган воқеа (суғурта ҳодисаси) содир бўлганда бошқа тарафга (суғурта қилдирувчига) ёки шартнома қайси шахснинг фойдасига тузилган бўлса, ўша шахсга (наф олувчига) бу ҳодиса оқибатида суғурталанган мулкка етказилган зарарни ёхуд суғурталанувчининг бошқа мулкий манфаатлари билан боғлиқ зарарни шартномада белгиланган сумма (суғурта пули) доирасида тўлаш (суғурта товони тўлаш) мажбуриятини олади.

Суғурта шартномасининг 4-бандига кўра сув тошқини, кучли шамол, бўрон, жала, сел, тупроқнинг емирилиши, дўл, қалин қор ёғиши, кўчки, яшин уриши, зилзила, ёнғин, портлаш, учувчи аппаратлар механизм ва машиналарнинг қулаши, ўғирлик, учинчи шахсларнинг қонунга зид ҳаракатлари натижасида суғурталанган мол-мулкнинг сақланиш жойида зарарланиши, нобуд бўлиши, йўқотилиши суғурта ҳодисаси ҳисобланади.

Мазкур ҳолатда суғурта шартномаси кўра суғурталанган бино-иншоотда ёнғин суғурта ҳодисаси содир бўлганлиги ва мазкур ёнғин натижасида зарар етказилганлиги иш ҳужжатларидаги ёнғин ҳақидаги далолатнома, экспертиза хулосалари, жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарори, тарафлар вакилларининг тушунтиришлари ва бошқа далиллар билан тасдиқланиб, даъво қаноатлантирилган. Суднинг мазкур ҳал қилув қарори апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Бухоро туманлараро иқтисодий суди раиси      И.Юлдашев

судьялар Н.Солиев, М.Махсудова


[1] https://cyberleninka.ru/article/n/zbekistonda-tibbiy-su-urta-faoliyatining-u-u-iy-asoslari-rivozhlanish-genezisi