Иқтисодий суд ишларида прокурорнинг иштироки ва унинг аҳамияти
Сўнгги йилларда олиб бораилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугунги кунда шиддат тезлигида ривожланиб бораётган ижтимоий иқтисодий ва ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга хизмат қилмоқда. Мана шундай ислоҳотларнинг бири сифатида суд процессларида прокурор иштирокини кенгайтиришнинг аҳамиятидир.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасида прокуратура бутун мамлакат ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга оширадиган давлатнинг мустақил органи ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида қонунни аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ва унга буйсунувчи прокурорлар зиммасига юкланган.
Шу сабабли ҳам 2024 йилнинг 30 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”гиЎРҚ-968-сонли Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонун суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишувчанлик принципини янада такомиллаштириш, давлат манфаатларини самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада ошириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ҳам ўзгартириш киритилиб, Кодекснинг 49-моддасига кўра, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларига даъво аризасини (аризани) — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёки уларнинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига эса — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ёки уларнинг ўринбосарлари тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикасининг барча иқтисодий судларига даъво аризаси (ариза) тақдим этишга ҳақли.
Прокурор ўзининг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда, шунингдек давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этиши мумкин.
Прокурор бошқа шахсларнинг аризаси билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ишлар мустасно.
Ишда иштирок этувчи прокурор ишнинг мазмуни бўйича фикрини баён этади, бундан унинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга доир даъво аризаси (аризаси) бўйича қўзғатилган ишлар мустасно.
Фуқаронинг, юридик шахснинг ва давлатнинг манфаатларини кўзлаб даъво аризаси (ариза) тақдим этган прокурор даъвогарнинг ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳуқуқи мустасно.
Прокурорнинг ўз даъво аризасидан (аризасидан) воз кечиши даъвогарни (аризачини) ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Прокурор томонидан даъвогарнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида тақдим этилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиришга олиб келади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, прокурор иштироки келажакда давлат харидлари ва давлат бюджети билан боғлиқ жиноятларни олдини олиш ва содир этилган жиноятларни фош қилишга, ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш ва бундай ноқонуний ҳатти-ҳаракатларни бажаришдан тийилишга, ер билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиб, бундай низоларни олдини олишга хизмат қилади.
Бухоро туманлараро иқтисодий суди раиси И.Юлдашев
ва судьялар Н.Солиев, М.Махсудова.