Рақамли Ўзбекистон:суд тизимида сунъий интеллект ва технологик тараққиёт

Шубҳасиз, 2025 йил 21 август куни мамлакатимиз суд тизими тарихида энг муҳим саналардан бирига айланиб, шу куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг судлар фаолиятига тубдан ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сонли Фармони қабул қилинди.

Фармоннинг энг муҳим жиҳати – «Рақамли суд» концепциясини амалга ошириш бўлибгина қолмай, балки судларда техник жиҳатдан янгиликларни жорий этиш, суд ишларини олиб боришнинг умуман янги услубини ташкил этишдан иборатдир.

            Мазкур Фармонда суд ишларини юритишни босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун интерактив электрон хизматлар турларини ошириш, сунъий интеллект технологияларини кенг жорий қилиш, соҳани рақамлаштириш учун бу борада илмий тадқиқотларни олиб бориш, судья ва суд ходимларинининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш вазифалари мақсад қилиб қўйилди.

            Эндиликда, 2025 йил якунига қадар Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида иктисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўриш учун «Рақамли суд» концепцияси асосида суд мажлиси заллари ташкил этилади ва бу тажриба кейинчалик 2026-2027 йилларда республиканинг барча судларига ҳам татбиқ этилади.

            “Рақамли суд” концепсияси – судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантирилишини, мурожаатларни судга электрон шаклда юборишни, ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этишини, тарафларга суд жараёнида ишга доир барча материаллар билан  электрон шаклда таниш имкониятини яратиб, суд харажатларининг электрон шаклда ҳисобланиши ва тўланишини, суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилишини, сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланишини ва суд ҳужжатлари лойиҳаларининг автоматик шакллантирилишини кўзда тутади.

Жорий этилиши кўзда тутилаётган бу янгиликлар нафақат вақтни тежаш имконини беради, балки суд жараёнининг шаффофлиги ва очиқлигини ҳам оширади.

      Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб иктисодий судлар тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар ҳам амалга оширилиб, бугунги кунда фаолияти кўрсатиб келаётган туманлараро, туман, шаҳар иктисодий судларини тугатилади ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иктисодий судлар фаолиятини йўлга кўйилади. Бу ўзгаришлар иктисодий судларнинг самарадорлигини ошириш, ягона суд амалиётини шакллантириш ва маъмурий харажатларни камайтиришга ёрдам беради.

Шунингдек, 2025-2030 йилларда суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилиб, янги суд биноларини қуришда ва мавжудларини мукаммал таъмирлашда «Рақамли суд» концепцияси асосида суд мажлиси залларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, мазкур Фармон мамлакатимиз суд тизимида амалга оширилаётган истиқболли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, рақамлаштириш жараёнлари судларда шаффофлик ва очиқликни янада янги босқичга олиб чиқадики, пировардида фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқларини масофадан туриб ҳам амалга ошириб қолмай, судларнинг янада шаффофлигини ва очиқлигини мустаҳкамлайди.

Ромитан туманлараро
иқтисодий суди раиси
                        Н.Зоиров