низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтининг роли ва қонунчиликка киритилган ўзгаришлар
Жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида низоларни судгача ҳал қилишнинг юқори самарали, муқобил замонавий йўналишларини кенг жорий этишга эътибор қаратилмоқда.
Иқтисодиётга хорижий инвесторларни жалб этишда юзага келадиган низоларни судгача ҳал қилишни ёки суд муҳокамасининг ҳар қандай босқичида низолашаётган тарафлар учун ўзаро келишувга ва мақбул ечимни топишга эришишни таъминловчи механизмларни ишлаб чиқиш алоҳида аҳамият касб этади.
Медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиш учун ихтиёрий розилиги асосида Медиатор кўмагида ҳал этиш усулидир.
Медиация ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан муқобил йўл билан ҳал қилиш учун кенг кўлланиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонунининг қабул қилиниши ва кўпгина қонунларимизга медиация билан боғлиқ қоидаларнинг киритилиши бизнинг республикамизда ҳам низоларни муқобил йўл билан судгача ҳал этиш учун ҳуқуқий замин яратиб берди. “Медиация тўғрисида”ги қонун 2018 йил 3 июлда қабул қилиниб, 2019 йил 1 январдан қонуний кучга кирди.
Қонуннинг 3- моддасида қайси муносабатлар татбиқ этилиши белгилаб берилди. Ушбу Қонуннинг амал қилиши фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, татбиқ этилади.
Шу ўринда “медиация қайси ҳолатларга татбиқ этиб бўлмайди?”- деган савол туғилади. Қонун медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Мазкур Қонунда медиация тартиб-таомилларини қўллаш учун рағбатлантирувчи нормалар, медиаторларга оид талабларни ва медиатив келишувларни бажариш қоидалари низоларни муқобил ҳал этиш механизмларидан бири сифатида белгиланмоқда.
Ушбу Қонун фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низоларни самарали ва тезкор равишда ҳал этишга, медиация тартиб-таомилларининг ҳамма жойда қўлланилишини рағбатлантириш орқали судлардаги юкламани мақбуллаштиришга хизмат қилмоқда.
Суд амалиётида низони медиатив келишув тузилганлиги муносабати билан иқтисодий процессуал кодексида белгиланган тартибга кўра даъво аризаси кўрмасдан қолдирилиб, тарафдан давлат божи ундирилмайди.
Бироқ, кейинчалик медиатив келишув шартлари ихтиёрий бажарилмаганда тараф янгидан ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун судга умумий тартибда даъво аризаси билан мурожаат қилар эди.
2025 йил 20 октябрда Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида ЎРҚ-1089-сонли қонуни эълон қилинди.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонун ҳужжатларига, жумладан “Нотариат тўғрисида”ги, Оила кодекси, фуқаролик процессуал кодекси, иқтисодий процессуал кодекси, “Медиация тўғрисида”ги, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш қўшимчалар киритилди.
Қонунинг 3-моддаси янги таҳрирда баён қилинди. Унга кўра, Ушбу Қонуннинг амал қилиши фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан, мижоз ва банк (кредит ташкилотлари) ўртасидаги муносабатлардан, суғурта шартномасидан юзага келадиган муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга, меҳнат ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.
Фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари деганда жуда кўп муносабатларни қамраб олади, киритилган ўзгартиришларда шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан, мижоз ва банк (кредит ташкилотлари) ўртасидаги муносабатлардан, суғурта шартномасидан юзага келадиган муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга татбиқ этилиши, иқтисодий судларда ушбу турдаги низолар жуда кўп кўрилганлиги сабабли аниқлик киритилди. Чунки, суд амалиётида ҳам кўпчилик кредит муносабатларидан келиб чиқадиган низоларда медиатив келишув тузиш билан ҳал этилмоқда.
Яна муҳим ўзгартиришлардан бири медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳолатидир.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодекси 25- моддаси 42 –моддаси билан тўлдирилиб, медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишлар ҳам иқтисодий судларда тааллуқли ишлар тоифасига киритилди.
ИПК 37-моддаси олтинчи қисм билан тўлдирилиб, унга кўра, Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза медиатив келишувни ихтиёрий равишда бажармаган тараф давлат рўйхатидан ўтган жойдаги ёки, агар у давлат рўйхатидан ўтган жой номаълум бўлса, унинг мол-мулки турган жойдаги иқтисодий судга берилади.
Илгари медиатив келишув ихтиёрий бажарилмаганда тараф судга умумий асосда даъво аризаси билан мурожаат қилиб, яна давлат божи тўлаб ишни мазмунан кўриб чиқиш маълум вақт талаб қилса, эндиликда, ишни яна мазмунан қайта кўришга зарурат қолмайди. Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза медиатив келишувни ихтиёрий равишда бажармаган тараф медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисидаги” қонунига киритилган ўзгаришларга биноан, медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалардан — БҲМнинг 2 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланди.
Шунингдек, ИПК 292 -боб билан тўлдирилди. Ушбу 292-боб. Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишларни юритиш деб номланди. Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришнинг умумий қоидалари белгиланди.Ушбу бобда белгиланган қоидалар медиатив келишув тузган тарафларнинг медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалари иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилаётганда қўлланилади.
Медиатив келишув тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги иш медиатив келишув тузган манфаатдор тарафнинг аризасига биноан иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.
Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда ёки электрон ҳужжат тарзида берилади ва аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланиши керак.
Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) ариза берилаётган иқтисодий суднинг номи;
2) медиатив келишув тузган тарафларнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;
3) медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги талаб.
Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризада телефонлар, факслар рақамлари, электрон почта манзиллари ва бошқа маълумотлар кўрсатилиши мумкин.
Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
1) медиатив келишувнинг асли ёки тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси;
2) белгиланган тартибда ҳамда миқдорда давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
3) медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси медиатив келишувнинг бошқа тарафига топширилганлиги ҳақидаги хабарнома ёки унинг юборилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат.
Агар медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза медиатив келишув тузган манфаатдор тарафнинг вакили томонидан берилган бўлса, унга ишончнома ёки вакилнинг ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши керак.
Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза медиатив келишувни ихтиёрий ижро этиш муддати тугаган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилиши мумкин. Мазкур муддат иқтисодий суд томонидан узрли деб топилган сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, ўтказиб юборилган муддат тикланиши мумкин.
Ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган ўтказиб юборилган муддатни тиклаш рад этилган тақдирда, медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш ушбу Кодекснинг 154-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича рад этилади.
Ушбу Кодекс 37-моддасининг олтинчи қисмида, ушбу модданинг биринчи, иккинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя этилмаган, шунингдек ариза олти ойлик муддат тугагач берилган ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаган тақдирда, медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 155-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича аризачига қайтарилади.
Шунингдек, ИПК 23212-модда билан тўлдирилиб, унда Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш тартиби белгиланди.
Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Иқтисодий суд медиатив келишув тузган тарафларни суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Иқтисодий суд ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни рад этиш учун ушбу Кодекснинг 23213-моддасида назарда тутилган асослар мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини билдирилган талаблар ва медиатив келишувда белгиланган мажбуриятлар тўлиқ бажарилганлигини ёхуд бажарилмаганлигини аниқлайди.
Иқтисодий суд аризани суд мажлисида кўриб чиқаётганда медиатив келишувни тузишга сабаб бўлган низони мазмунан кўриб чиқишга ҳақли эмас.
Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ҳамма ҳолларда ҳам қаноатлантирилмайди. Чунки, ИПКнинг 23213-моддаси Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни рад этиш асослари аниқ кўрсатиб ўтилди.
Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш агар медиатив келишув қонунчиликка зид бўлса, медиатив келишувнинг ижроси талаб этилаётган шартлари ўзгартирилган ёки бекор қилинган бўлса, медиатив келишувда белгиланган мажбуриятлар тўлиқ бажарилган бўлса, медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза медиатив келишувни ихтиёрий ижро этиш муддати тугаган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилган бўлса (бундан ўтказиб юборилган муддат суд томонидан узрли деб топилган ва тикланган ҳоллар мустасно) рад этилади.
Яна бир муҳим жиҳати шуки, Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш рад этилган бўлса, медиатив келишувни тузган тарафлар бундай низони ҳал қилиш учун ушбу Кодексда назарда тутилган қоидалар бўйича иқтисодий судга мурожаат этиши мумкин.
Иқтисодий суд медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича ушбу Кодексда ҳал қилув қарори қабул қилиш учун назарда тутилган қоидаларга биноан ажрим чиқаради. Иқтисодий суднинг медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ажрими дарҳол ижро этилиши лозим.
Иқтисодий суднинг ажрими устидан ушбу Кодексда белгиланган тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
«Медиация тўғрисида»ги Қонун 11-боб билан тўлдирилиб, унда медиация соҳасини тартибга солиш қоидлари белгилаб берилди. Медиация соҳасидаги ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги эканлиги кўрсатилиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ваколатлари кўрсатиб ўтилди.
Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида медиацияга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиши, Медиаторларнинг касб этикаси қоидаларини тасдиқлаши, Медиаторнинг касбий малакасини ошириш тартибини ҳамда медиаторларни тайёрлаш дастурларини тасдиқлаши, медиаторлар томонидан статистика маълумотларини тақдим этиш тартибини белгилайди ва статистика маълумотларини таҳлил қилиши, Медиаторлар реестрига киритиш бўйича малака имтиҳонини ўтказиш тартибини тасдиқлаши,Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги медиаторлар малака комиссиялари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Медиаторлар олий малака комиссияси тўғрисидаги низомларни тасдиқлаши ҳамда қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Шу вақтга қадар медиаторлар Адлия вазирлиги ва бошқармалар томонидан рўйхатга олиниб, бироқ уларнинг фаолиятини назорат механизми мавжуд эмас эди, жавобгарлик масалаларини кўриб чиқиш тартиби мавжуд эмас эди. Қонуннинг 92-моддасидага кўра, Медиаторлар реестрига киритиш бўйича малака имтиҳонини ўтказиш ва медиаторларнинг интизомий жавобгарлиги билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги медиаторлар малака комиссиялари тузилади. Шунингдек, малака комиссияларининг қарорлари устидан берилган апелляция шикоятларини кўриб чиқиш, шунингдек малака комиссияларининг иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Медиаторлар олий малака комиссияси тузилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан Медиаторлар реестри юритилади, мазкур реестр уларнинг расмий веб-сайтларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
«Олий маълумотга эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, малака имтиҳонини топширган ва Медиаторлар реестрига киритилган жисмоний шахс Ўзбекистон Республикасида медиаторлик фаолиятини амалга ошириши мумкин.
Яна бир эътиборга лойиқ ўзгартиришлардан бири шуки, Ўзбекистон Республикасида адвокат ёки нотариус мақомига эга бўлган шахсларнинг малака имтиҳонини топшириши талаб этилмайди. Шу вақтга қадар медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, малака имтиҳонини топширган, тегишли сертификат олган ва Медиаторлар реестрига киритилгандан сўнг, шу жумладан адвокат ва нотариуслар ҳам медиаторлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин эди. Эндиликда адвокат ёки нотариус мақомига эга бўлишнинг ўзи медиаторлик фаолиятини амалга ошириш имкониятини беради.
Қонунда адвокат ва нотариуснинг медиаторлик фаолияти билан шуғулланиши мумкинлиги белгиланган, бироқ тартиби қандай бўлиши кўрсатилмаган. Қонун умумий мазмунидан келиб чиқиб, адвокат ёки нотариус медиаторлик фаолияти билан шуғулланиш учун Адлия бошқармаларига мурожат қилиб, малака имтиҳонини топширмасдан узини тўғридан- тўғри медиаторлар реесстрига киритиб қўйилиб, унга медиаторлар фаолияти билан шуғулланишга йўл қўйилади.
Кимлар медиатор бўлиши мумкин эмас деган савол туғилиши табиий . Бу масала ҳам қонунда аниқ белгилаб берилди. Давлат хизматида турган шахс (бундан педагогик, илмий, ижодий, нотариал фаолият билан шуғулланувчи шахс мустасно, муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахс, судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс- медиатор бўлиши мумкин эмас.
Медиаторнинг фаолияти тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмаслиги ҳам қонунда аниқ кўрсатиб ўтилди.
Қонунинг 131-моддада Медиаторнинг жавобгарлиги қоидалари белгилаб берилди. Медиатор томонидан медиация тўғрисидаги қонунчилик талаблари, Медиаторнинг касб этикаси қоидалари бузилганлиги унга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилишига сабаб бўлади. Интизомий иш юритиш малака комиссияларининг қарори билан қўзғатилади. Интизомий иш юритишни қўзғатиш учун медиатор томонидан медиация тўғрисидаги қонунчилик талабларининг, Медиаторнинг касб этикаси қоидаларининг бузилиши ҳоллари, суднинг медиаторга нисбатан чиқарган хусусий ажрими асос бўлади.
Интизомий иш юритишни кўриб чиқиш натижаларига кўра медиаторга нисбатан малака комиссиялари томонидан огоҳлантириш, медиатор фаолиятини олти ойгача муддатга тўхтатиб туриш, медиаторни Медиаторлар реестридан чиқариш интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин.
Бу эса медиаторларимизни келгусида ўз фаолиятига масъулият билан ёндашишига ва қонун талабларига қатъий риоя қилишларига олиб келади.
Медиаторга нисбатан интизомий жазо чораси ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан эътиборан, давом этаётган хатти-ҳаракатларда эса улар аниқланган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин. Агар нотариус ёки адвокат мақомига эга бўлган медиатор айни бир ножўя хатти-ҳаракат учун нотариат ёки адвокатура тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилган бўлса, медиаторга нисбатан интизомий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилмайди.
Бундан ташқари Медиатор медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижасида етказилган зарар учун қонунчиликда белгиланган тартибда тарафлар олдида жавобгар бўлиши кўрсатиб ўтилди.
Қонун 15-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмлари “Медиация низони кўриб чиқишга ваколатли органда, ҳакамлик судида ва арбитражда низони кўриш жараёнида ҳам уларнинг қарорлари қабул қилингунига қадар қўлланилиши мумкин” тўртинчи қисм билан тўлдирилди.
Бундан келиб чиқадики, нафақат иқтисодий судлар кўрилган ишлар бўйича, балки ваколатли органда, ҳакамлик судида ва арбитражда низони медиатив келишув тузиш билан ҳал қилинган бўлса, ушбу ишлар юзасидан қабул қилинган медиатив келишув юзасидан ҳам ижро варақасини бериш тўғрисида аризалар бериш ишлари судларда кўпаяди.
Шу вақтда қадар амалда бўлган қонунда медиатив келишувда нималар кўрсатилиши шартлиги белгиланмаган эди. Қонун 29-моддаси учинчи ва тўртинчи қисмлари қуйидаги мазмундаги учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан алмаштирилди. Медиатив келишувда медиатив келишув тарафларининг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), яшаш жойи ёки турган жойи (почта манзили), унингдек, агар медиатив келишув вакил томонидан тузилаётган бўлса, вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи,медиатив келишув тарафларининг келишувни бажариш билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари, медиатив келишув тарафлари томонидан келишилган мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари кўрсатилиши шартлиги белгилаб берилди.
Агар унинг шартлари қонунчиликка зид бўлса, агар унинг шартлари медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қилса ёки дахл қилиши мумкин бўлса, медиатив келишувни тузишга йўл қўйилмайди.
Демак, иқтисодий судларда тақдим этилган медиатив келишувни шартларини ўрганиб, келишув шартлари қонунчиликка зид бўлса, агар унинг шартлари медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қилса ёки дахл қилиши мумкин бўлса, медиатив келишув бўйича даъво аризасини кўрмасдан қолдирмасдан, ушбу асосларни кўрсатиб ўтган ҳолда ишни мазмунан кўриб чиқишлари лозим бўлади. Шунингдек, ушбу ҳолатлар медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш рад этилишига асос бўлади.
Келишув шартлари қонунчиликка зид деганда нима тушунилади. Аввало қонун 29-моддаси еттинчи қисм билан тўлдирилди ва унда Ўзбекистон Республикасида ижро этиладиган медиатив келишувлар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлиши кераклиги белгиланди.
Демак, келишув битим шартлари Республикасининг Конституциясига, ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаганда қонунчиликка зид деб баҳоланади.
Медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ва муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда ижро этилади. Медиатив келишув ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда, тарафлар медиатив келишувни мажбурий ижрога қаратишни сўраб судга мурожаат этишга ҳақли.
Иқтисодий судлар тарафлар медиатив келишувни мажбурий ижрога қаратиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишда медиатив келишув судга мурожаат қилингунга қадар тўлиқ ёки қисман ижро этилган этилмаганлиги ҳолатларини ҳам аниқлаштириши зарур бўлади.
Медиация тартиб тамилларининг такомиллаштирилиши низоларни тинч йўл билан ҳал қилишга, судларда кўриладиган ишлар юкламасини камайтиришга хизмат қилса, иккинчи томондан судьялар томонидан медиатив келишув тузилганлиги муносабати билан даъво аризаларини кўрмасдан қолдиришда ҳамда медиатив келишувни мажбурий ижрога қаратиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишда қонун нормаларини тўғри қўллаш, уларни амалиётга тўғри татбиқ қилиш учун уларнинг масъулиятини янада оширади.
Бухоро вилоят суди судьяси М.Кодирова






