Иқтисодий суд ишларини юритишда прокурорнинг иштироки

Кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, бу эса ўз навбатида фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви принципини, давлат манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш судлар томонидан фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўришда прокурорнинг иштирокига, шунингдек ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилишга тааллуқли процессуал нормалар янада аниқлаштирилди.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига прокурорнинг ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 49-моддасига кўра, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларига даъво аризасини (аризани) — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёки уларнинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига эса — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ёки уларнинг ўринбосарлари тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикасининг барча иқтисодий судларига даъво аризаси (ариза) тақдим этишга ҳақли.

Прокурор ўзининг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда, шунингдек давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этиши мумкин.

Прокурор бошқа шахсларнинг аризаси билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ишлар мустасно.

Ишда иштирок этувчи прокурор ишнинг мазмуни бўйича фикрини баён этади, бундан унинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга доир даъво аризаси (аризаси) бўйича қўзғатилган ишлар мустасно.

Фуқаронинг, юридик шахснинг ва давлатнинг манфаатларини кўзлаб даъво аризаси (ариза) тақдим этган прокурор даъвогарнинг ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳуқуқи мустасно.

Прокурорнинг ўз даъво аризасидан (аризасидан) воз кечиши даъвогарни (аризачини) ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Прокурор томонидан даъвогарнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида тақдим этилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиришга олиб келади.

Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари

иқтисодий ишлар бўйича судлов

ҳайъати раиси                                                                 С.Абдурасулов

Ғиждувон туманлараро

иқтисодий суди раиси                                                       М.Набиев