Ер умуммиллий бойлик сифатида қонун ҳимоясидадир
Маълумки, ер умуммиллий бойлик ҳисобланади, халқимиз ва юртимиз фаровонлиги ва тараққиётининг асоси бўлиб, давлатимиз томонидан алоҳида муҳофазага олинган. Шунга кўра ер муносабатларини тартибга солишда мустаҳкам қонунчилик асослари яратилган бўлиб, унинг асосий вазифаси ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш ва коррупциянинг олдини олишдан иборат.
Бироқ, афсуски ердан фойдаланиш соҳасида ер эгалари ёки бошқа шахсларнинг ер участкаларидан фойдаланишда турли суиистеъмолчиликларга йўл қўйиш, ер участкаларидан самарали фойдаланмаслик, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва тегишли рухсатсиз ноқонуний қурилмалар қуриш ва ер участкасига зарар етказиш каби қонун бузилиш ҳолатлари мавжуд. Зеро, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъбирлари билан айтганда “Ерга хиёнат- бу элга, юртга бўлган хиёнатдир”.
Шуни таъкидлаш лозимки, ер соҳасида содир этилган қонун бузилишлар учун айбдор шахсларнинг қонунга мувофиқ тегишли тартибда фуқаролик, маъмурий ва жиноий жавобгарлигига сабаб бўлади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Ер кодекси ва бошқа фуқаролик қонунчилигига асосан қонун бузилиш содир этган жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан фуқаролик ҳуқуқий жавобгарлик сифатида ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш, ер участкасидан мажбурий тартибда чиқариш, ноқонуний қурилмаларни буздириш, ер участкасини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш ва унга етказилган зарарни ундириш каби жавобгарликларга сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддасида ерга нисбатан эгалик ҳуқуқини бузиш, хусусан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш, 601-моддасида суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик, 65-моддасида ерлардан хўжасизларча фойдаланиш ёки уларни яроқсиз ҳолга тушириш каби ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 197-моддасига асосан ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш, 1971-моддасида суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик, 2291-моддасида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, 2296-моддасида суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатилган. Фарқли жиҳати, жиноий жавобгарлик белгиланишида содир этилган ҳуқуқбузарликлар оғир оқибатларга олиб келган ёки илгари мазкур ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ҳуқуқбузарлик жавобгарлик чораси қўлланилган бўлиши лозим.
Иқтисодий судларда айнан ердан фойдаланиш соҳасида қонунбузилишларга йўл қўйганлик учун ер участкаларини ижарага бериш шартномаларини бекор қилиш ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши, ер участкасидан мажбурий тартибда чиқариш (ер участкаларини бошқа шахсларнинг қонунсиз эгалигидан олиб бериш), ер участкасида қурилган ноқонуний қурилмаларни буздириш, ер участкасини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш ва унга етказилган зарарни ундириш билан боғлиқ низолар кўриб чиқилади.
Статистик маълумотларга кўра, Бухоро туманлараро иқтисодий судида 2023 йил ва 2024 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар бўйича келиб чиққан низолар юзасидан жами 58 та даъво аризалари кўриб чиқилган, шундан 22 та даъво аризалари қаноатлантирилган, 3 та даъво аризаларини қаноатлантириш рад қилинган, 17 та даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган, 16 та даъво аризалари бўйича иш юритиш тугатилган. Мисол тариқасида, суднинг ҳал қилув қарорлари билан даъвогар Бухоро шаҳар ҳокимлигининг даъво аризаларига асосан жавобгарлар Бухоро шаҳридаги “Gurda Oli” МЧЖ ва “Iman end Kompani” МЧЖлар билан тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш тўғрисидаги шартномалари бекор қилинган. Бунга сабаб мазкур корхоналар томонидан шартнома ва қонунчилик талабларини бузиб, ажратилган ер участкасидан белгиланган мақсадда самарали фойдаланмасдан келинганлиги, бир неча йиллар мобайнида белгиланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирмаслик ва топширмаслик, ер участкасини қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқариб, зарар етказилганлиги каби қонун бузилиш ҳолатлари асос бўлган. Шунингдек, Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармасининг даъво аризалари асосида Бухоро шаҳридаги “Buxara Gaz Invest” МЧЖ, “Buxoro Agro Invest Garden” МЧЖ, “Hikmat Hamdam Omad” фермер хўжаликларига нисбатан даъво аризаларига асосан кўрилган ишлар бўйича мазкур корхоналар тегишли ер участкаларида рухсатсиз ноқонуний қурилмалар қурилганлиги ҳолатлари исботланганлиги сабабли мазкур ноқонуний қурилмаларни жавобгар шахслар ҳисобидан буздириш бўйича тегишли ҳал қилув қарорлари қабул қилинган ва мажбурий ижрога қаратилган.
Эътиборли жиҳати, судьялар томонидан мазкур тоифадаги низолар сайёр очиқ суд мажлисларида, хусусан ушбу ҳудуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти ва маҳалла йиғинлари вакиллари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларнинг иштирокида кўриб чиқилмоқда, бу эса мазкур низоларни ҳар томонлама тўғри ҳал этишга ва соҳада ҳуқуқбузарликларни олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ердан умуммиллий бойлик сифатида оқилона тарзда фойдаланиш, уни асраб-авайлаш ва келгуси авлодга етказиш ҳар бир фуқаронинг конституциявий бурчи эканлигини ёддан чиқармаслигимиз лозим.
И.Юлдашев
Бухоро туманлараро
иқтисодий суди раиси
Н.Солиев
Бухоро туманлараро
иқтисодий суди судьяси