Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувининг мазмуни

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 18 февралдаги ЎРҚ-675-сонли Қонунига асосан қонунчиликка киритилган.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузиладиган келишувдир.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув қуйидаги шартлар мавжуд бўлган тақдирда тузилади:

1) гумон қилинувчи, айбланувчи ўз ҳаракатларининг моҳиятини, шунингдек ўзи берган илтимосноманинг оқибатини англаб етган бўлса;

2) илтимоснома ихтиёрий равишда ва ишда иштирок этаётган ҳимоячи билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан кейин берилган бўлса;

3) гумон қилинувчи, айбланувчи суриштирув ёки тергов органи томонидан қўйилган гумонни ёхуд айбловни, иш бўйича мавжуд бўлган далилларни, шунингдек етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини инкор этмаса ҳамда уни бартараф этган бўлса.

Илтимосномада гумон қилинувчи, айбланувчи суриштирув ва дастлабки терговда қўйилган гумонни ёки айбловни тан олиши, далилларни инкор қилмаслиги, жиноятни тергов қилишга кўмаклашиши, жиноят натижасида олинган мол-мулкнинг топилиши учун қайси ҳаракатларни амалга ошириш шартлигини, жиноятга алоқадор бошқа ахборотни тақдим этишга доир мажбуриятларини ҳамда жиноят оқибатида етказилган зарар бартараф этилганлигини кўрсатади.

Келишув тузиш ҳақидаги илтимосномада гумон қилинувчи, айбланувчи томонидан бажариладиган ва жиноятни фош этиш учун кўмаклашадиган муайян ҳаракатлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Суриштирувчи, терговчи айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш тўғрисидаги илтимосномани олган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соат ичида жиноят иши материалларини келишув тузиш масаласини ҳал қилиш учун прокурорга юборади.

Прокурор келишув тузиш тўғрисидаги илтимосномани у келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш икки соат ичида суриштирувчи ёки терговчи ҳамда гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси иштирокида кўриб чиқади ва ЖПКнинг 5861-моддасида кўрсатилган талабларга риоя этилганлигини текширади. Зарур ҳолларда, прокурор жабрланувчини ёки фуқаровий даъвогарни ҳам келишув тузиш масаласини кўриб чиқиш учун жалб қилади.

Прокурор келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани кўриб чиқаётганда:

1) жиноят иши материалларини ва тақдим қилинган ёки талаб қилиб олинган қўшимча материалларни ўрганади, келишув тузишнинг асосларини текширади, шунингдек гумон қилинувчининг, айбланувчининг келишув предмети бўлган ҳаракатларни амалга ошириш имкониятларини баҳолайди;

2) гумон қилинувчи, айбланувчи айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувнинг барча шартлари билан танишган-танишмаганлигини, илтимосномани ихтиёрий равишда ва ўз хоҳиши билан, шунингдек ҳимоячи билан муҳокама қилганидан кейин берган-бермаганлигини, унга нисбатан бирон-бир тазйиқ ёки мажбурлов ўтказилган-ўтказилмаганлигини, тузилаётган келишувнинг моҳиятини тушунган-тушунмаганлигини аниқлайди.

Шундан кейин прокурор, агар келишувга асосан ҳукм чиқарилиб, жазо тайинланганидан кейин гумон қилинувчининг, айбланувчининг била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлиги ёки терговдан бирон-бир муҳим ва иш учун аҳамиятли бўлган маълумотларни қасддан яширганлиги, келишувда назарда тутилган шартлар ва мажбуриятларни бажармаганлиги аниқланса, ҳукм қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақида илтимоснома берган гумон қилинувчига, айбланувчига тушунтиради.

Айбга иқрорлик тўғрисида келишув имзоланганидан кейин иш бўйича тергов ва бошқа процессуал ҳаракатлар ўтказиш зарурати мавжуд бўлмаган тақдирда прокурор айблов хулосасини ёки айблов далолатномасини тасдиқлаб, ишни зудлик билан судга юборади. Суд айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги қарорни кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини чиқаради:

1) келишувни тасдиқлаш тўғрисида;

2) келишувни тасдиқлашни рад этиш ва ишни прокурорга юбориш ҳақида.

Келишув тасдиқланган ҳолларда, суд айблов ҳукми чиқаради.

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро шаҳар суди судьяси                                                Ж.Тожиев

Бухоро вилоят суди

         бош консультанти                                                                  Ф.Шарапов