Фуқаролик суд ишларини юритиш принциплари
Фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари буйруқ тартибидаги ишларни, даъво тартибидаги ишларни, алоҳида тартибда юритиладиган ишларни, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишларни ва чет давлат судларининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судларининг (арбитражларининг) ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш ҳамда ҳал этиш тартибини белгилайди.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида кўрсатилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
Фуқаролик суд ишларини юритиш вазифалари қуйидагилардан иборат:
фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқлари ва манфаатларини, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишларини тўғри, ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этиш;
қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, демократияни, ижтимоий адолатни, фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга кўмаклашиш;
қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантириш.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар
бир шахсга ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади.
Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.
Судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақиқий эмас.
Судга мурожаат қилиш:
фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича – даъво аризаси шаклида;
буйруқ тартибида иш юритиш бўйича, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда – ариза шаклида;
апелляция ва кассация инстанцияси судларига мурожаат
этилганда – шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.
Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
Фуқаролик иши ишда иштирок этувчи шахслар, фуқаролик суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари судга тақдим этган ёки
суд томонидан талаб қилиб олинган ҳужжатлар ва суд ҳужжатлари асосида суд томонидан шакллантирилади.
Фуқаролик иши электрон шаклда шакллантирилиши мумкин.
Электрон шаклда шакллантирилган фуқаролик ишининг қоғоздаги кўчирма нусхаси бўлиши мумкин.
Фуқаролик иши электрон шаклда шакллантирилган тақдирда,
ишда иштирок этувчи шахслар ва фуқаролик суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ҳужжатларни судга электрон шаклда тақдим этишга ҳақли. Ишда иштирок этувчи шахслар ва фуқаролик суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари судга тақдим этган ёзма ҳужжатлар ишга электрон шаклда қўшиб қўйилади, шундан сўнг ёзма ҳужжатлар уларни тақдим этган шахсларга қайтарилади.
Фуқаролик иши электрон шаклда шакллантирилган тақдирда, суд ҳужжатлари судьянинг (судьяларнинг) электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади, суд мажлисларининг ҳамда процессуал ҳаракатларнинг баённомалари эса раислик қилувчининг ва суд мажлиси котибининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
Электрон шаклда шакллантирилган фуқаролик ишини бошқа
судга ёки ўзга органга ўтказиш ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Суд кўрилаётган ва ҳал этилаётган масала бўйича ҳал қилув
қарори, ажрим, қарор ва буйруқ қабул қилади.
Биринчи инстанция суди ишни мазмунан кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарори қабул қилади, ФПКнинг 18-бобида назарда тутилган ҳолларда эса суд буйруғи қабул қилади.
Апелляция, кассация инстанцияси суди ишни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.
Суд қонунда ўзининг ваколатига киритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш натижалари бўйича қарор чиқаради.
Суд иш мазмунан ҳал этилмайдиган масалаларни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.
Фуқаролик ишлари бўйича одил судлов фақат суд томонидан,
ФПКда белгиланган қоидалар бўйича амалга оширилади.
Фуқаролик ишлари бўйича одил судлов фуқароларнинг жинси,
ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, ташкилотларнинг эса ташкилий-ҳуқуқий
шаклидан, мулкчилик шаклидан, жойлашган ери, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.
Фуқаролик ишлари бўйича одил судловни амалга оширишда судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар.
Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирор-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлади.
Фуқаролик суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасида фуқаролик суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади.
Суд ишлари юритиладиган тилни билмайдиган шахсларга ишга тааллуқли материаллар билан ўз она тилида тўлиқ танишиб чиқиш,
судда она тилида ёки ўзи биладиган бошқа тилда сўзлаш, кўрсатув ва тушунтиришлар бериш, арз билан мурожаат этиш, илтимосномалар тақдим этиш, шунингдек ФПКда белгиланган тартибда таржимоннинг хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланади.
Ишда иштирок этувчи ва суд ишлари юритиладиган тилни билмайдиган шахс ишдаги суд ҳужжатлари берилишини сўраб ёзма
ариза билан мурожаат этган тақдирда, унга суд ҳужжатлари унинг она тилига ёки у биладиган бошқа тилга таржима қилиб топширилади.
Барча судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилади.
Давлат сирига, фарзандликка олиш сирига тааллуқли маълумотлар мавжуд бўлган ишлар бўйича ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ишнинг муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар ошкор бўлишининг олдини олиш, ёзишмалар сирини ва
қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш мақсадида ёпиқ суд муҳокамаси ўтказилишига йўл қўйилади.
Иш суднинг ёпиқ мажлисида кўрилаётганида ишда иштирок
этувчи шахслар, зарур ҳолларда эса гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар
ва таржимонлар ҳам ҳозир бўлади.
Ишни суднинг ёпиқ мажлисида эшитиш фуқаролик суд
ишлари юритишнинг барча қоидаларига риоя қилинган ҳолда олиб борилади. Суднинг ёпиқ мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Суднинг ҳал қилув қарори барча ҳолларда ошкора ўқиб эшиттирилади.
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари тарафларнинг розилиги
билан ёки шахсини кўрсатмаган тарзда суднинг расмий веб-сайтида
эълон қилиниши мумкин, бундан суднинг ёпиқ мажлисида қабул қилинган суд ҳужжатлари мустасно.
Суд фуқаролик ишини кўраётганда ишга оид далилларни бевосита текшириши: ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини, гувоҳларнинг кўрсатувларини, экспертларнинг хулосаларини ва мутахассисларнинг маслаҳатларини (тушунтиришларини) эшитиши, ёзма далиллар билан танишиши, ашёвий далилларни кўздан кечириши шарт.
Суд ишларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳал қилиши шарт. Суд, агар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига зид бўлмаса, бошқа қонун ҳужжатларини ҳам қўллайди.
Низоли муносабатни тартибга соладиган ҳуқуқ нормалари
мавжуд бўлмаган тақдирда, суд шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини қўллайди, бундай нормалар мавжуд бўлмаганда эса низони қонунларнинг умумий асослари ва мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳал этади.
Суд Ўзбекистон Республикасининг қонунига ёки халқаро шартномасига мувофиқ чет давлатнинг ҳуқуқ нормаларини ҳам
қўллайди.
Суд тақдим этилган материаллар ва тушунтиришлар билан чекланмасдан, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш учун қонунга мувофиқ чоралар кўришга ҳақли.
Суд ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши, уларни процессуал ҳаракатларни
амалга ошириш ёки амалга оширмаслик оқибатлари тўғрисида огоҳлантириши ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишида кўмаклашиши керак.
Суднинг қонуний кучга кирган ҳужжатлари барча давлат
органлари ва бошқа органлар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг
бутун ҳудудида ижро этилиши лозим.
Суд ҳужжатини бажармаслик қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.
Суд ҳужжатининг мажбурийлиги манфаатдор шахсларни ўз
ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун, башарти буларга дахлдор низо судда кўриб чиқилмаган
ва ҳал этилмаган бўлса, судга мурожаат қилиш имкониятидан маҳрум этмайди.
Фуқаролик ишлари бўйича
Пешку туманлараро суди раиси Ў.С.Разиков
Девонхона мудири Ш.Ғафуров