Одил судлов соҳасидаги ислоҳотлар давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан буён республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил давом этиб келмоқда. Айниқса, сиёсий, иқтисодий, ижтмоий соҳадаги ислоҳотлар билан суд-ҳуқуқ соҳасида амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар таҳсинга лойиқ. 

Ўзбекистон Республикасининг тараққиёт стратегиясини белгилашда суд-ҳуқуқ соҳасидаги белгиланган вазифалар, уларни амалга ошириш учун бирча қанда қонун, фармон, қарорлар қабул қилинди.

Бугунги кун давр талабидан келиб чиқиб рақамли технологиялар ҳаётимизга изчил ва шиддат билан кириб келаётган шароитда Одил судловни амалга ошириш соҳасини ҳам рақамлаштириш учун катта имкониятлар яратилди.

  Судлов ишларини юргизиш самарадорлиги ва аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини оширишга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этила бошланди. Бу йўналишдаги ишлар ўз самарасини бериб, одамларнинг оворагарчилиги кескин камайди, судья ва суд ходимларининг ишлари осонлашиб, иш сифатига ижобий таъсир кўрсатди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 август кунида “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши, ушбу ҳужжатда белгиланган вазифа ва қоидалар миллий суд тизимимизда мутлақо янги давр бошланаётганидан дарак беради.

Суд мажлисларининг видеоконференцалоқа режимида кўрилиши, судларга электрон мурожаатлар қилиш, ўз шахсий кабинетидан даъво ариза, аризалар юборилиши, суд ишнинг борилишини кузатиш, суд ҳужжатларини суд биносига келмай туриб электрон тарзда олиш амалиёти йўлга қўйилгандан кейин бу фуқароларнинг, тарафларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олиш, бошқа ҳудудларда турган тарафларнинг суд мажлисларида иштирокини таъминлаш, суд қарорлари олиш, ёзма даъво ариза, шикоятлар бериш, тўловларни, давлат божи почта харажатларни  тўлаш учун имкониятларининг яратилиши ўзининг самарали натижаларини бера бошлади.

 Янги қабул қилинган фармон шу ишларнинг изчил давоми бўлиб,  янги босқичиларини, афзаллаикларини, вазифаларини белгилаб берди.

Асосий мақсад-судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришдан иборат.

Фармонда қуйидаги вазифалар аниқ қилиб белгиланган.

(а) суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида «Рақамли суд» концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш;

(б) фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестрини юритиш;

(в) судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш;

(г) Олий суднинг ахборот тизимлари негизида суд ҳужжатлари архиви модулини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

(д) судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича «Кибер ҳуқуқ» йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш;

(ж) иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш;

(з) «Рақамли суд» концепцияси асосида босқичма-босқич суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судьялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш.

 Судлар фаолиятида сунъий интеллектнинг жорий этилиши одил судловга эришишда янги имкониятларни очиб беради.

Суд мажлиси муҳокамаси юзасидан суд мажлиси баённомаси суд котиби томонидан юритилиб, унда суд муҳокамаси жараёнида амалга ошириладиган барча процессуал харакатлар, тарафларнинг баёнотлари акс эттириб борилади. Иш кўриш жараёнида суд мажлиси баённомасига нисбатан эътирозлар билдирилиб, тушунтиришлари тўлиқ акс эттирилмаганлиги бошқа ҳолатлар юзсидан норозилик билдириш ҳоллари учрайди.

 Фармонда сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланиши бу соҳадаги норозиликларни олдини олади.

Фармонда «Рақамли суд» концепциясини амалга ошириш доирасида судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантирилиши кўрсатилган.

Бу суд соҳасида янгилик. “Суньий интеллект нима ёрдам бериши мумкин”- деган савол келиб чиқиши табиий.   Судга даъво аризаси бераётган тараф судга ариза беришдан олдин суньий интеллектга мурожаат қилиб, ўзининг низо моҳиятини қисқача баён этса, суньий интеллект қонунчилик талаби ва суд амалиётида қабул қилинган қарорлар жамланмасидан келиб чиқиб, ушбу низонинг тахминий натижаси ва суд харажатларини кўрсатиб беради. Шунда тараф унинг низоси асосли- йўқлиги, рад этилиш эҳтимоллари  тўланадиган суд харажатлари ҳақида маълумотга эга бўлади. Бу эса судларга асоссиз даъво аризалари киритилишини камайтирилишига, ортиқча оворагарчиликларни, норозичиликларни олдини олишга олиб келади.

«Рақамли суд» концепциясини амалга ошириш доирасида мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади, ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмайди ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади, суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва тўланади, шунингдек, ижро варақалари автоматик равишда ижрога юборилади, суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилади, сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланади,  суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилади.

Фармонга кўра,  2025 йил якунига қадар, тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида «Рақамли суд» концепцияси асосида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўришга мўлжалланган суд мажлиси заллари ташкил этилиши белгиланди.

Ушбу фармон ижросини  таъминлаш мақсадида фармонга илова сифатида 2025 — 2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш дастури тасдиқланди.

Мазкур фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва унинг қуйи суд тизимларида фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишларни юритишда “Рақамли суд” концепсиясини жорий этишда бир қатор вазифаларни амалга оширилишини, муддатларини белгилаб берилди.

Нафақат суд балки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан электрон ахборот тизимларини интеграция қилиниши, адвокатлар, фуқаролар билан “шахсий кабинет” орқали боғланиш, ҳужжатлар алмашиниш дастурларини ишлаб чиқилиши, янги электрон платформа, модуллар яратилиши, судга келганлик ва бошқа ҳолатларни тасдиқлаш учун суд мажлиси иштирокчилари суд жараёнларида ҳозир бўлганини тасдиқлаш жараёнини тўлиқ рақамли шаклга ўтказилиши, бунда суд мажлиси иштирокчилари суд таркибига ва судья томонидан бошқа тушунтиришларга розилигини бармоқ сканери ёрдамида тасдиқлаш имкониятини яратилиши вафзифаларини амалга ошириш керак бўлади.

Бу вазифаларни амалга ошириш учун судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб боришни талаб этади.

Хулоса қилиб айтганда, барча фуқаролар учун судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиб бориш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш эса судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминланади, одамларнинг оворагарчилиги кескин камаяди, судья ва суд ходимларининг ишлари осонлашиб, иш сифатига ижобий таъсир кўрсатади, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини оширади, судлар ҳақиқий Адолат қўрғонига айланади. 

Бухоро вилоят суди судьяси                                          М.Кодирова