Битимлар, вакиллик ва даъво муддати

Агар халқаро шартномада ёки битимда фуқаролик қонун ҳужжатларидагига қараганда бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки битим қоидалари қўлланилади.

Фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослардан, шунингдек фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг, гарчи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлмаса-да, лекин фуқаролик қонун ҳужжатларининг умумий негизлари ва мазмунига кўра фуқаролик ҳуқуқ ҳамда бурчларни келтириб чиқарадиган ҳаракатларидан вужудга келади.

Фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари қуйидагилардан вужудга келади:

1) қонунда назарда тутилган шартномалар ва бошқа битимлардан, шунингдек гарчи қонунда назарда тутилган бўлмаса-да, лекин унга зид бўлмаган шартномалар ва бошқа битимлардан;

2) қонунда фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари вужудга келишининг асоси сифатида назарда тутилган давлат органларининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳужжатларидан;

3) суднинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаган қароридан;

4) қонун йўл қўядиган асосларда мол-мулк олиш натижасида;

5) фан, адабиёт, санъат асарларини яратиш, ихтиролар ва бошқа интеллектуал фаолият натижасида;

6) бошқа шахсга зарар етказиш натижасида;

7) асоссиз бойиб кетиш натижасида;

8) фуқаролар ва юридик шахсларнинг бошқа ҳаракатлари натижасида;

9) қонун ҳужжатлари фуқаролик-ҳуқуқий оқибатларнинг келиб чиқиши билан боғлайдиган ҳодисалар натижасида.

Давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар, агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, унга бўлган тегишли ҳуқуқлар рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб
вужудга келади.

Фуқаролар ва юридик шахслар ўзларига тегишли бўлган фуқаролик ҳуқуқларини, шу жумладан уларни ҳимоя қилиш ҳуқуқини ҳам ўз хоҳишларига кўра тасарруф этадилар.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ҳуқуқларини амалга оширишдан воз кечиши бу ҳуқуқларнинг бекор қилинишига олиб келмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт. Фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши назарда тутилади.

Фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари, тадбиркорлар эса – иш одоби қоидаларига ҳам риоя этишлари керак.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг бошқа шахсга зарар етказишга, бошқача шаклларда ҳуқуқни суиистеъмол қилишга, шунингдек ҳуқуқни унинг мақсадига зид тарзда амалга оширишга қаратилган ҳаракатларига йўл қўйилмайди.

Фуқаролик ҳуқуқлари процессуал қонунлар ёки шартномада белгилаб қўйилганидек, ишлар қайси судга тааллуқли бўлишига қараб, суд, иқтисодий суд ёки ҳакамлик суди (бундан кейин — суд) томонидан ҳимоя қилинади.

Қонунда назарда тутилган ҳоллардагина фуқаролик ҳуқуқлари маъмурий тартибда ҳимоя қилинади. Маъмурий тартибда қабул
қилинган қарор устидан судга шикоят қилиш мумкин.

Фуқаролик ҳуқуқлари қуйидаги йўллар билан ҳимоя қилинади:

ҳуқуқни тан олиш;

ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини туғдирадиган ҳаракатларнинг олдини олиш;

битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш;

давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш;

шахснинг ўз ҳуқуқини ўзи ҳимоя қилиши;

бурчни аслича (натура) бажаришга мажбур қилиш;

зарарни тўлаш;

неустойка ундириш;

маънавий зиённи қоплаш;

ҳуқуқий муносабатни бекор қилиш ёки ўзгартириш;

давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид ҳужжатини суднинг қўлламаслиги.

Фуқаролик ҳуқуқлари қонунда назарда тутилган бошқача усуллар билан ҳам ҳимоя қилиниши мумкин.

Давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Суд ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топган тақдирда, бузилган ҳуқуқ ушбу Кодекснинг 11-моддасида назарда тутилган усулларда ҳимоя қилиниши керак.

Фуқаролик ҳуқуқларини шахснинг ўзи ҳимоя қилишига йўл қўйилади.

Фуқаролик ҳуқуқларини шахснинг ўзи ҳимоя қилиш усуллари ҳуқуқни бузишга мутаносиб бўлиши ҳамда ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш учун зарур ҳаракатлар доирасидан чиқиб кетмаслиги керак.

Агар ҳуқуқни бузган шахс бунинг натижасида даромад олган
бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс бошқа зарар билан бир қаторда бой
берилган фойда бундай даромаддан кам бўлмаган миқдорда тўланишини талаб қилишга ҳақли.

Давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат қабул қилиниши, шунингдек улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қопланиши лозим. Бундай зарарнинг ўрни давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг маблағлари ҳисобидан қопланади.

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси                                                      Ў.С.Разиков

Девонхона мудири                                                                                  Ш.Ғафуров