Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 август кунидаги ПФ-140-141-сонли фармонлари орқали одил ҳамда мустақил судловга эришиш йўлидаги ислоҳотлар йўлида амалга ошириладиган ишлар таҳлили

Академияда малакали профессор-ўқитувчилар жамоаси шакллантирилиб, ўқув жараёнлари билан бирга илмий-тадқиқот ишлари ҳам олиб борилади. Шунингдек, хорижий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Бу ерда судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, амалдаги судья ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш, раҳбарликка захирада турган судьяларни қайта тайёрлаш ҳамда таълим олувчиларда судьялик касбий маданиятини шакллантириш учун тамоман янги ёндашув жорий этилган.

Айниқса, номзодлар ва судьяларда замонавий ахборот технологиялари ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки фармонда белгиланган вазифаларни тўлиқ бажариш учун судья ва суд ходимлари замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлиши зарур.

Академияда таълим жараёни устоз-шогирд анъанаси асосида ташкил этилгани мени жуда қувонтирди. Чунки устозлик институти ҳамиша ўзини оқлаган. “Устоз отангдек улуғ” деган нақл ҳам бежиз эмас. Ота фарзандга ҳаёт берса, устоз касб сирларини ўргатади ва уни жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашади. Устоз тарбиясини олган шогирд касбни тез, чуқур ва хато-камчиликларсиз эгаллайди. Шу боис, Академияда фаолият юритган судьяларнинг иш тажрибаси уларнинг умумий судьялик стажига қўшилиши жуда тўғри қарор деб ҳисоблайман.

Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш Академиянинг олти ойлик касбий қайта тайёрлаш дастурлари доирасида амалга оширилади. Бу жараён психология, чет тили ва ихтисослик фанлари бўйича тест, ёзма имтиҳон ва якка тартибдаги суҳбат орқали ташкил этилиши билан жиддий ва адолатли тарзда кечади.

Шунингдек, судья ва суд аппарати ходимлари учун мажбурий малака ошириш тизими жорий қилинган бўлиб, у пухта ишлаб чиқилганлиги билан ажралиб туради.

Фаолияти паст баҳоланган судьялар навбатдан ташқари малака ошириш курсларига юборилади. Шунингдек, Олий суд томонидан белгиланган мураккаб ишлар бўйича алоҳида курслар ташкил этилади, захирадаги судьялар эса раҳбар кадрлар учун қайта тайёрлаш дастурларида иштирок этади.

Жамиятда одамлар ўзаро турли ижтимоий ва ҳуқуқий муносабатларга киришар экан, айрим ҳолларда низоли вазиятлар ҳам келиб чиқиши табиий ҳол ҳисобланади. Бундай ҳолатларда адолатли ва холис қарор қабул қила оладиган мустақил шахс ҳамда нейтрал маскан зарур бўлади. Суд-ҳуқуқ тизими айнан мана шу вазифани бажариб, қонун устуворлиги ва адолатни таъминлаш учун хизмат қилади.

Шу боис, ҳар бир давлатнинг салоҳияти, энг аввало, жамиятда қатъий тартиб-интизомнинг мавжудлиги, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ ҳимоя қилиниши, шунингдек, қонунларга қатъий амал қилиниши билан баҳоланади.

Айниқса, ҳозирги кунда жамият барча соҳаларда жадал ривожланиб, рақамли технологиялар кундалик ҳаётга тез суръатлар билан кириб келаётган шароитда суд тизими ҳам замонавий талабларга мос равишда янгиланмоқда. Суд соҳасига рақамлаштириш жараёнларининг кириши суд ишларини юритиш самарадорлигини оширди, аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтирди. Ахборот-коммуникация технологияларининг татбиқ этилиши одамларнинг оворагарчилигини камайтириб, судья ва суд ходимлари фаолиятига енгиллик яратиб, ишлар сифатини яхшилашга хизмат қилди.

Масофавий суд мажлисларини ўтказиш имконини берган видеоконференцалоқа тизими эса фуқаролар учун катта қулайлик яратди. Бу орқали тарафлар турли жойларда бўлган ҳолда ҳам суд жараёнида иштирок этиши мумкин бўлди. Бу эса вақт ва маблағни тежашга, турли қийинчиликларнинг олдини олишга ёрдам берди. Шунингдек, судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатларнинг ҳолатини онлайн кузатиб бориш ва тарафларга маълумотларни электрон шаклда етказиш орқали судлар очиқлиги ва шаффофлиги таъминланди.

Жаҳон тажрибаси кўрсатганидек, энг самарали йўл — ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширишдир. Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев суд тизимини такомиллаштириш ва одил судлов масалаларига бағишланган тақдимот билан танишди ҳамда соҳани ривожлантиришга қаратилган икки муҳим Фармонга имзо чекди.

Шулардан бири — “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техника таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармондир. Бу ҳужжат миллий суд тизимида янги давр бошланишидан далолат беради. Сунъий интеллект технологияларини жорий этиш эса нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида ҳам замонавий янгилик ҳисобланади. Чунки бу тажриба ривожланган давлатлардагина қўлланилиб келаётган эди.

Фармонни ўрганиш жараёнида унинг кенг қамровли ва аниқ механизмларга эга эканлиги кўриниб турибди. Унда судларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, судьялар ва суд ходимларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Адлия ва суд органларида кўп йиллар ишлаган одам сифатида суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларни капитал таъмирлаш, моддий таъминот билан таъминлаш қанчалик муҳим ва маблағталаб жараён эканлигини яхши биламан. Илгари эса суд тизимига етарлича эътибор қаратилмас, маблағ ажратилган тақдирда ҳам ўз вақтида берилмас эди. Судлар кўп ҳолларда мослаштирилган, эски биноларда фаолият юритарди. Шу боис Президентимиз фармонда янги суд биноларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилишга алоҳида эътибор қаратгани жуда муҳим қадам бўлди.

Бундан ташқари, судьялар учун хизмат уйларини харид қилиш ва таъмирлаш масаласи ҳам фармонда акс этган. Илгари бошқа ҳудудда ишлаётган судьялар ижара уйларда яшашга мажбур бўлиб, кўп ҳолларда оиласини кўчириб кела олмасди. Бу эса қатор қийинчиликларга сабаб бўлиб, судьянинг иш самарадорлигига ҳам таъсир этарди.

Ишонч билан айта оламизки, мазкур икки Фармон мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида янги ислоҳотлар даврини бошлаб берди. Президентимизнинг бу йўналишга катта эътибор қаратгани фармонлар ижроси учун зарур бўлган меҳнат ва маблағлар таъминланишига кафолат бўлади. Натижалар эса қисқа вақтда кўзга ташланишига ишончим комил.

Когон туманлараро

иқтисодий суди раиси                                                        Ф.Муродов