ЭР-ХОТИННИНГ УМУМИЙ МУЛКИ
Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.
Амалдаги Оила кодекси билан эр-хотинларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тартибга солиниши билан биргаликда, уларнинг мулк ҳуқуқлари ҳам тартибга солинади. Аммо тарафларнинг қонуний никоҳдан ўтмасдан, фақатгина биргаликда яшаганлиги, уларнинг бирга яшаган даврида сотиб олинган мулкнинг умумий мулк деб ҳисобланиши учун асос бўла олмайди.
Жумладан, С.С. судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, марҳум М.М.га тегишли бўлган Когон шаҳрида жойлашган уй-жой, ҳамда “NEXIA SONS” русумли автомашинани умумий мулк деб топишни сўраган.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, тарафлар 1997 йилдан 2020 йилгача шаръий никоҳ асосида бир оила бўлиб яшаб келишган, қонуний никоҳдан ўтишмаган, турмушларидан фарзандлари йўқ. М.М. 2020 йилда вафот этган.
2021 йил 21 декабрда Когон шаҳар нотариал идораси томонидан марҳум М.М.га тегишли бўлган низоли уй-жой ва “NEXIA SONS” русумли автомашинага марҳумнинг фарзандларига меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар расмийлаштириб берилган.
Гарчи даъвогар судлрада берган кўрсатмаларида низоли уй-жойни турмушлари давомида бирга таъмирлшанлигини, низоли автомашинани ҳам турмушлари давомида сотиб олганликлари ҳақида важ келтирган бўлсада, ушбу важларини тасдиқловчи мақбул далилларни судларда тақдим қила олмаган ва ишда даъвогарнинг важларини тасдиқловчи иш учун исботлаш воситаси бўладиган далиллар мавжуд эмас
Шу сабабли судлар даъвогарнинг даъво талабини муҳокама қилиб, даъвогар ва марҳум қонуний никоҳдан ўтмаган ҳолда яшаганликларини, С.С. ва марҳум М.М. ўртасида умумий мулкни ташкил этиш бўйича ёзма келишув мавжуд эмаслигини, даъвогар томонидан низоли мулклар уларнинг умумий маблағлари ҳисобига шакллантирилганлигини исботловчи далиллар тақдим қилинмаганлигини инобатга олиб, даъвони рад қилиш ҳақида хулосага келишган.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, аёл ва эркакнинг қонуний никоҳдан ўтмасдан биргаликда яшаши, улар ўртасида умумий мулкни ташкил этиш бўйича ёзма келишув бўлмаган ҳолларда, турмушлари давомида сотиб олинган мол-мулклар умумий мулк ҳисобланмайди ва фақатгина кимнинг номига расмийлаштирилган ҳолатда ўша шахснинг шахсий мулки бўлиб ҳисобланади. Зеро, амалдаги Оила кодексининг 13-моддасигна кўра, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.
Лукмон Кадиров, Бухоро вилоят суди раиси
Ўткир Разиков, Фуқаролик ишлари бўйича
Пешкў туманлараро суди раиси