Суд томонидан солиқ қонунчилигининг қўллашнинг айрим масалалари

Суд Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 13-моддасида белгиланган солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципини қўллашда солиқларни ҳисоблаш, ундириш, тўлаш ёки солиқ органи ва солиқ тўловчи ўртасидаги муносабатларда вужудга келган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларга эмас, балки аниқ қонунчилик ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларга баҳо бериши лозим.

Солиқ низоларининг тарафлари сифатида Солиқ кодексида
назарда тутилган субъектлар ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган давлат органлари ва бошқа шахслар иштирок этиши мумкин.

Шунингдек, ихтиёрий тугатиш жараёнида бўлган юридик шахслар номидан тугатувчи, тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилган шахслар номидан эса суд бошқарувчиси судга мурожаат қилишга ҳақли.

Солиқ кодекси 88-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатининг ўтиши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 156, 157 ва 159-моддаларига мувофиқ тўхтатиб турилиши, узилиши ва қайта тикланиши мумкин.

Солиқ кодексининг 110-моддасига асосан ҳисобланган ва белгиланган муддатда тўланмаган пеня ҳам Солиқ кодексининг
55-моддасига мувофиқ, солиқ қарзи деб эътироф этилишини эътиборга олган ҳолда судлар шуни назарда тутиши лозимки, ҳисобланган пенядан солиқ тўловчини озод этишга ёки пеня миқдорини камайтиришга йўл қўйилмайди, бундан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар мустасно.

Ўзбекистон Республикаси томонлардан бири бўлган, иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш ва солиқларни тўлашдан бўйин товлашни бартараф этиш масалаларини тартибга соладиган халқаро шартнома қоидалари шундай шартномани тузган бир ёки иккала давлатнинг солиқ резидентларига нисбатан қўлланилади.

Шунга кўра, бундай тоифадаги ишларни кўришда судлар зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ёки Адлия вазирлигига мурожаат қилиб, судда кўрилаётган низога доир масала юзасидан халқаро шартномалар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш чорасини кўриш кераклигига эътибор қаратилсин.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилиниши лозим бўлган суд иши юритуви турини тўғри аниқлаш (даъво иш юритуви ёки оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш юритуви) суд ҳимояси учун мурожаат қилган шахснинг талабидан келиб чиққан ҳуқуқий муносабатларга боғлиқдир.

Солиқ қарздорлигини ундириш, солиқ тўловчиларнинг бюджетдан пул суммаларини қайтариш, ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати юзасидан низолар, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар тегишлилигича иқтисодий судлар ва фуқаролик ишлари бўйича судларнинг судловига, солиқ органларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), солиқ органи томонидан солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказишни рад этиш устидан ариза (шикоят) маъмурий судларнинг судловига тааллуқли, бундан солиқ тўловчини солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича қабул қилган қарорлари мустасно.

Солиқ органининг норматив характерга эга бўлган ҳужжатлари бўйича манфаатдор шахс Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг (бундан буён матнда МСИЮтК, МСИЮтКнинг деб юритилади) 22-боби тартибида низолашиши мумкин.

Солиқ қарзини ундириш солиқ органи томонидан тўғридан-тўғри ёки суд орқали амалга оширилишини инобатга олиб, судлар бу тоифадаги ишларни кўришда Солиқ кодексининг 15-бобида назарда тутилган тартибга риоя қилинганлигига эътибор қаратиши лозим.

Даъво аризаси, ариза (шикоят) процессуал қонунчиликнинг тегишли нормалари — Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 189-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 149, 218-моддалари, МСИЮтК 128-моддаси, шунингдек Солиқ кодексининг махсус нормаларида қайд этилган талабларга жавоб бериши лозимлигига қаратилган.

Масалан, солиқ органи томонидан берилган даъво аризасида ундирилиши сўралган солиқ тури, даври, суммаси, солиқ органининг фикри бўйича ҳуқуқни суиистеъмол қилинганлигини, битим қалбакилигини (кўзбўямачилик учун тузилганлигини) тасдиқловчи ва талабни асослантирувчи бошқа ҳолатлар кўрсатилиши керак.

Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнида судья тегишли процессуал қонунчиликда белгиланган ҳаракатларни амалга ошириши, жумладан, даъвони таъминлаш ёки дастлабки ҳимоя чораларини қўллаш, зарур далилларни олиш чораларини кўриши лозим.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг вакиллигига оид масалаларни ҳал қилишда судлар шуни назарда тутиши лозимки, «Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига кўра, солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг юридик ва жисмоний шахсларга шартнома асосида хизматлар кўрсатишга доир фаолиятига солиқ маслаҳатчисининг солиққа оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ бўлган иқтисодий, фуқаролик ҳамда маъмурий ишларни кўриб чиқишда вакиллик қилиш ҳам киради. Бундай ваколат ишонч билдирувчи томонидан процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда берилган ишончнома, солиқ маслаҳатчилари ташкилоти билан тузилган солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома (ундан кўчирма) ва малака сертификати асосида тасдиқланади.

Солиқ қонунчилигига кўра, солиқ тўловчилардан ундирилган солиқлар ва йиғимлар белгиланган тартибда бюджет тизимига (бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига) йўналтирилиши сабабли, ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни қайтариш ёки ундириш тўғрисидаги даъво қаноатлантирилганда ҳал қилув қарорида ундириладиган сумма бюджет тизимидан қайтарилиши кўрсатилиши лозим.

Шу муносабат билан солиқ тўловчилар томонидан ортиқча тўланган ёки солиқ органи ортиқча ундирган пул маблағларини бюджетдан қайтариш тўғрисида даъво аризалари берилганда судлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва (ёки) унинг ҳудудий органларини низо предметига нисбатан жавобгар тарафида мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишда иштирок этишга жалб қилиш масаласини муҳокама қилиши лозим.

Солиқ кодексининг 14-моддасига асосан солиқ органлари солиқ солиш мақсадида барча битимлар ва солиқ тўловчи киришадиган
бошқа иқтисодий муносабатлар, уларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши усулидан ёки шартноманинг номланишидан қатъи назар, ўзининг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олиш ваколатига эга.

Бунда қўшимча солиқ ҳисобланиши натижасида ҳосил бўлган
солиқ қарзи солиқ органларининг солиқ текшируви бўйича ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллашга асосланган ва бунга солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда солиқ органи ҳосил бўлган солиқ қарзини ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга мурожаат қилиши лозим.

Солиқ тўловчининг юқорида қайд этилган норозилиги солиқ текшируви якуни бўйича текширув материалларини кўриб чиқиш босқичи тугагунга қадар билдирилмаган бўлса, солиқ органининг солиқни қўшиб ҳисоблаш тўғрисида қабул қилган қарори юзасидан маъмурий судда низолашиш мумкин.

Солиқ органининг ҳуқуқни суиистеъмол қилиш ёки битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатлари бўйича солиқ қарзини суд орқали ундириш ҳақида қабул қилган қарори солиқ тўловчи учун ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармаслиги сабабли,
уни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаб судга тааллуқли эмас.

Солиқ органининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар МСИЮтКнинг 23-боби тартибида кўриб чиқилади.

Солиқ органининг сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарори устидан берилган шикоят юқори турувчи солиқ органи томонидан қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқилмаганлиги, солиқ тўловчининг белгиланган муддат ўтгандан кейин солиқ органининг қарорини судда низолашиш ҳуқуқини истисно қилмайди.

Шу билан бирга, судларнинг эътибори солиқ тўловчи судга юқори турувчи солиқ органи мансабдор шахсининг шикоятни муддатида кўриб чиқмасликда ифодаланган ҳаракатсизлиги устидан ариза (шикоят) билан мурожаат қилиши мумкин.

Юқори турувчи солиқ органи томонидан шикоятни тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдириш асослари Солиқ кодексининг
234-моддасида
келтирилган.

Агар шикоят Солиқ кодекси 234-моддаси биринчи қисмининг бешинчи хатбошисига асосан кўрмасдан қолдирилган ёки шикоят солиқ органининг белгиланган тартибда илгари шикоят қилинган қарори устидан берилганлиги асоси билан кўрмасдан қолдирилган ёхуд юқори турувчи солиқ органи томонидан шикоят бериш учун ўтказиб юборилган муддатни тиклаш рад этилган бўлса, солиқ тўловчи қуйи турувчи солиқ органининг қарори устидан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Солиқ кодекси 231-моддасининг тўққизинчи қисмида солиқ органларининг қарорлари, мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилиши қайд этилганлиги сабабли, бундай аризалар (шикоятлар) МСИЮтК 186-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган муддатда берилиши мумкин.

Солиқ тўловчи низолашилаётган қарор ҳақида билган пайт деганда, қарор белгиланган тартибда топширилмаган бўлса-да, у низоли қарордан амалда хабардор бўлган вақт (масалан, солиқ органининг қарори асосида солиқ тўловчидан солиқни ундиришга қаратилган ҳаракатлар ва ҳоказо) тушунилади.

Юқори турувчи солиқ органига шикоят қилинганида солиқ органининг қарорлари устидан судга шикоят қилиш муддати, қуйи турувчи солиқ органининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан ўта бошлайди (Солиқ кодексининг 234-моддаси тартибида кўрмасдан қолдирилган шикоятлар бундан мустасно).

МСИЮтК 186-моддасининг учинчи қисмига кўра, суд ариза (шикоят) беришнинг узрли сабабларга кўра, ўтказиб юборилган муддатини тиклашга ҳақли.

Судга мурожаат қилишнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақидаги масалани ҳал қилишда, судлар аризачининг низолашилаётган қарор ёки ҳаракат (ҳаракатсизлик) ҳақида билган ёхуд билмаганлиги, аризачи ўзининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида қандай чоралар амалга оширганлигига эътибор қаратиши лозим.

Масалан, фавқулодда ҳолатлар, карантин, фуқаронинг оғир ва давомли касаллиги, шахснинг солиқ қарори ҳақида бехабарлиги судга мурожаат қилишга объектив тўсқинлик қилувчи ҳолатлар сифатида
ариза беришнинг муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган деб топилиши учун асос бўлиши мумкин.

Суд ҳар бир иш бўйича аризачи томонидан қонун билан белгиланган судга мурожаат қилиш муддатларига риоя қилинганлигини аниқлаши, мазкур муддатлар бузилганда эса, манфаатдор шахснинг муддатни ўтказиб юборилишига сабаб сифатида келтирилган важларини муҳокама қилиши лозим.

Солиқ кодекси 231-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган шикоят юқори турувчи солиқ органи томонидан кўриб чиқилганидан сўнг суд тартибида шикоят қилинганда суд тегишли тартибда юқори турувчи солиқ органини ишга жалб қилиши лозим, бундан Солиқ кодекси 235-моддаси тўртинчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолат мустасно.

Солиққа оид низолар юзасидан тайинланадиган экспертиза турини аниқлашда судлар эксперт текшируви объектининг хусусиятидан келиб чиқиши лозим (масалан, суд-солиқ, суд-бухгалтерия ва ҳоказо).

Маъмурий иш бўйича тайинланган экспертизани ўтказиш учун тўлов ундирилиши масаласини «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддаси талаблари асосида ҳал этиши лозим.

Фуқаролар ва солиқ органлари ўртасидаги солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳар қандай низо фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ҳал қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси
171-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига мувофиқ, солиқ органининг фуқаролардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги талаб фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан суд буйруғи бериш орқали ҳал қилинади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш ҳамда ушбу тўловлар миқдори тўғрисида тарафлар ўртасида низо вужудга келган тақдирда, ушбу масала даъво ишини юритиш тартибида ҳал қилинади.

Солиқ органининг фуқаролардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш ёки фуқароларнинг солиқ органидан ортиқча миқдорда тўланган тўловларни қайтариш ёхуд уни қайта ҳисоблаш тўғрисидаги ишларни ҳал қилишда, судлар фуқароларнинг қарздорлиги ёки тўловларни ортиқча тўланганлиги қайси солиқ туридан келиб чиққанлигини ҳамда унинг миқдори тўғри ҳисобланганлигини текшириши лозим.

Фуқаролардан мулкни реализация қилишдан олинган даромадлардан ҳисобланган солиқни ундириш ҳақидаги талабларни кўриб чиқишда, Солиқ кодекси 375-моддасининг 4-бандидан келиб
чиқиб, ушбу даромадлар мазкур мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан
ошган қисми сифатида аниқланишига, мазкур қийматни тасдиқловчи
ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати, кўчмас мулк бўйича эса — кадастр қиймати ҳамда реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ даромад деб эътироф этилишини инобатга олиши керак.

Реализация қилинган кўчмас мулкнинг кадастр қиймати аниқланмаган (ноль қийматда белгиланган) тақдирда, мазкур солиқнинг миқдори фақат кадастр органи томонидан ушбу кўчмас мулкнинг кадастр қиймати белгилангандан кейингина ҳисобланиши мумкин.

Солиққа оид низоларни кўриб чиқиш натижаси бўйича қонунчилик бузилган ҳар бир ҳолат бўйича мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги масалаларини ҳал этиб, ҳуқуқбузарликни келтириб чиқарган сабаб ва шарт-шароитларни пухта ўрганиб, хусусий ажрим чиқариш йўли билан уларни бартараф этиш чораларини кўриши лозим.

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси                                                         И.С.Джураев

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди судьяси                                                      Ҳ.Р.Қорёғдиев