Меросга оид низоларнинг судларда кўрилишининг ўзига хос хусусиятлари
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.
Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.
Фуқаролик ҳуқуқининг тизимларидан бири бўлган ворислик ҳуқуқи- вафот этган шахснинг мерос бўйича ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ворисларига ўтиш тартибини белгиловчи ҳуқуқий меъёрлар мажмуаси ҳисобланади. Ворислик икки йўл билан амалга оширилади: васиятномага асосан ворислик ва қонунга асосан ворислик.
Васиятномага асосан ворислик – Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.
Қонун бўйича ворислик- васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса амалга оширилади.
Мерос таркибига қуйидагилар киради:
Ашёлар, шу жумладан, пул ва қимматли қоғозлар; мулкий ҳуқуқлар (шу жумладан, мерос қолдирувчи томонидан тузилган шартномалар (агар қонунда ёки шартномада бошқача белгиланган бўлмаса) интеллектуал мулк объектларига ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи воситага нисбатан бўлган мутлақ ҳуқуқлар, мерос қолдирувчи олиши белгиланган, лекин у томондан олинмаган пул маблағлари); Мулкий мажбуриятлар, шу жумладан қарзлар (меросхўрларга қолдирилаётган мерос қиймати доирасида).
Мерос таркибига қуйидагилар кирмайди:
юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқа ҳол белгиланган бўлмаса;
ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи;
алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар;
меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи;
мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар.
Меросхўр ўзига тегиши лозим бўлган меросни ёки унинг бир қисмини (улушини) олиш ҳуқуқига, агар у кейинчалик меросдан воз кечмаса, ворислик ҳуқуқидан маҳрум этилмаса ва уни меросхўр этиб тайинлаш тўғрисидаги васият фармойиши ҳақиқий эмас деб топилиши натижасида мерос олиш ҳуқуқини йўқотмаса, мерос очилган вақтдан эътиборан эга бўлади.
Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади.
Қонунчилигимизда мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланиши, агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади.
Меросхўрлар мерос гувоҳномаси олиш юзасидан мерос очилган жойдаги нотариусга мурожаат қилади, меросни ўзаро тақсимлаш юзасидан келишувга эриша олмаган ҳолларда тақсимот улардан исталган бирининг талаби бўйича суд тартибида амалга оширилади.
Фуқаролик судларида ушбу тоифадаги низоларни кўришда асосан фуқаролар томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган мулкларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаган ҳолларда ҳам ушбу мулкларни мерос мулки таркибига киритиб бўлиб бериш, улуш ажратиш каби талаблар билан мурожаат қилинганлигини гувоҳи бўлинмоқда. Бу ўз навбатида улранинг мазкур мулк талаби бўйича даъволари рад этилишига ва фуқароларнинг оворагарчилигига ҳамда давлат божи харажатларини тўлаб кейинчалик мазкур ҳолатда давлат божи фуқароларга қайтарилмаслиги натижасида норозичиларга ҳам сабаб бўлмоқда.
Шу сабабли юқорида келтирилган қонун нормалари ва талабларидан келиб чиқиб хулоса қилинганда ҳар бир фуқаро, яъни мулкдор ўз мулкига нисбатан ҳуқуқ туғдирувчи ҳужжатларни ўз вақтида тўғри расмийлаштиришга алоҳида эътибор бериши, яъни давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган мулкларни ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказиб мулкга нисбатан ҳуқуқни шакллантириш ҳамда меросхўрлари ўртасида низоларни олдини олиш ва ушбу қариндошлар ўртасида турли хил келишмовчиликларни олдини олиш мақсадида мулкнинг эгасини ва тақдирини белгилаши мақсадга мувофиқ бўлади.
Лукмон Кадиров, Бухоро вилоят судининг раиси
Рустам Кенджаев, Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл
туманлараро судининг судьяси