ЯПОНИЯДА СУД ҚАРОРЛАРИНИ ҚАЙТА КЎРИБ ЧИҚИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Аннотация: мақолада Япония ҳуқуқ тизимининг ўзига хос жиҳатлари, одил судловни амалга оширишнинг конституциявий асослари, суд қарорлари устидан шикоят қилиш ва уларни қайта кўриб чиқиш тартиби, квази-суд органларининг мақоми таҳлил қилинган. Шунингдек, ушбу мавзу бўйича назарий маълумотлар кўриб чиқилган.

Калит сўзлар: қиёсий ҳуқуқ, Япония, инстанция, суд тизими, суд, судья, квази-суд органлари.

Япониянинг замонавий суд тизими 1947-1948-йиллардаги конституциявий ислоҳотлар натижасида шаклланган.

1947 йилдаги Япония Конституциясида одил судловни фақат суд томонидан амалга оширилиши тамойили мустаҳкамланган.

Жумладан, бош қонунга кўра, суд ҳокимияти олий судга ва қонунга асосан ташкил этиладиган судларга тегишли.

Конституция қабул қилинишидаги тарихий вазият, конституцияга ҳар қандай махсус судлар, шунингдек суд ҳокимиятини амалга оширувчи ва якуний қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган маъмурий органларни ташкил этилишини таъқиқловчи махсус қоиданинг киритилишига сабаб бўлди. Мазкур қоида умумий юрисдикция судлари тизимида солиқ ёки маъмурий судлар каби муайян соҳаларга ихтисослашган судларни ташкил этишни таъқиқламайди.

    Урушдан кейинги Япония учун одил судловни фақат суд томонидан амалга оширилиши тамойилини конституцияга киритилиши, мамлакатда илгари фаолият юритган маъмурий трибуналларнинг тугатилишини англатарди.

Конституция судьяларнинг мустақиллиги ва ўзгартирилмаслиги тамойилларини эълон қилди (76 ва 78-моддалар).

Судьяларнинг ўзгартирилмаслиги тамойили конституциянинг                        78-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра судьялар ошкора импичмент жараёнисиз лавозимидан озод этилиши мумкин эмас, судья суд қарори билан ақлий ёки жисмоний жиҳатдан ўз вазифаларини бажаришга қодир эмас деб топилган ҳоллар бундан мустасно.

Япония бош қомусининг 76-моддасининг учинчи қисмига кўра, барча судьялар мустақил ва фақат Конституция ва қонунларга буйсунади, улар виждон овозига риоя қилган ҳолда ҳаракат қилишади.  

Ушбу тамойил судьяларнинг хизмат вазифаларини бажаришда холислигининг қўшимча кафолати бўлиб хизмат қилади.

Бундан ташқари, ижро этувчи органларга судьяларга нисбатан ҳар қандай умумий юрисдикция  чора кўриш ва фаолияти давомида судьларнинг иш ҳақи миқдорини камайтириш бош қонун билан таъқиқланган.

Энди Япония судлари тизими ҳақида қисқача тўхталсак.

Японияда одил судлов тўрт босқичли суд тизими орқали қуйидаги судлар томонидан амалга оширилади: умумий юрисдикция судлари, оилавий ишлар бўйича судлар, округ судлари, юқори судлар ва Олий суд.

ЯПОНИЯ СУД ТИЗИМИ

Надпись: ОИЛАВИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА  СУДЛАР                                                                     (50 та)
 таркибида 203 та бўлинма ва 77 та маҳаллий вакилликлар мавжуд
Надпись: ОКРУГ СУДЛАРИ                                      (50 та)
 таркибида 203 та бўлинма мавжуд
Надпись: УМУМИЙ ЮРИСДИКЦИЯ  СУДЛАРИ  
(438 та)

Умумий юрисдикция судлари (Summary court)

Умумий юрисдикция судлар кичик жиноий ва фуқаролик ишларини кўриб чиқади.

Ҳозирда Японияда 438 та умумий юрисдикция судлари мавжуд бўлиб, уларда 806 нафар судья фаолият кўрсатади.

Ушбу судлар даъво миқдори 1 400 000 Япония иендан ошмайдиган фуқаролик ишлари ва жиноят учун жарима ва (ёки) 15 кунгача қамоқ жазоси назарда тутилган жиноят ишларни кўриб чиқади.

    Умумий юрисдикция судлари уч йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш ҳуқуқига эга эмас. Агар судья 3 йилдан ортиқ озодликдан маҳрум қилиш муддатини белгилаш зарур деб ҳисобласа, у ишни округ судига юбориши керак.

Бундай судларнинг қарорлари устидан шикоят қилишда округ судига апелляция берилади. Агар томон округ судининг қароридан қониқмаса, шикоят Олий судга берилади. Умумий юрисдикция судларининг қарорларига қарши иккита шикоятга йўл қўйилади. Шундай қилиб, томон округ судининг қарори устидан юқори судга шикоят қилиши мумкин.

Агар томонлардан бири Юқори суднинг қароридан қониқмаса, у ҳолда у Олий судга шикоят қилиши мумкин.

Судлар тўғрисидаги Қонуннинг 45-моддасига мувофиқ, умумий юрисдикция суди судьялари ҳар доим ҳам профессионал судьялар эмас. Судья учун ягона давлат имтиҳонини топширганлардан ташқари, суд ёки прокуратурада маълум вақт ишлаган шахс судья этиб тайинланиши мумкин.

Япония фуқаролик процессуал кодексида кичик миқдордаги даъволарни кўриб чиқишнинг алоҳида тартиби кўзда тутилган. Даъво миқдори 600 000  иендан кам бўлган ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиши мумкин (368-модда). Ушбу жараён суд томонидан низони бир кунда ҳал қилишни назарда тутади, томонлар талаб ва далилларини суд муҳокамаси куни тақдим этишлари шарт (370-модда), бу тоифа ишларда гувоҳлар қасамёдсиз гувоҳлик беришлари мумкин (372-модда).

Оилавий ишлар бўйича судлар (The Family Court)

Оилавий ишлар бўйича судлар оилавий ишлар ва вояга етмаганлар томонидан содир қилинган ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқишга ихтисослашган.

Оилавий ишлар бўйича судлар ва уларнинг бўлинмалари округ судлари билан бир жойда жойлашган.

Ушбу суд фаолиятини 200 нафар судья ва 150 нафар судья ёрдамчилари, шунингдек, 1500 нафар шартли ҳукм қилинганларни назорат қилувчи инспекторлар амалга оширади.

Оилавий ишлар бўйича суд 1947 йилда урушдан кейинги ислоҳотлар натижасида ташкил топган. Вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарлиги ва оилавий низоларга ихтисослашган судни ташкил етиш ғояси Японияга  Aмерика қўшма штатларидан кириб келган бўлиб, АҚШда барқарор оилавий муносабатлар вояга етмаганларни тарбиялаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг зарур шарти деб ҳисобланади.

Ўз табиатига кўра фақат суд қарори билан ҳал қилиниши мумкин бўлган васийлик ва ҳомийлик, бедарак йўқолган деб топиш, фуқаролик ҳолати далолатномалари каби масалалар оилавий ишлар суднинг суд мажлисида кўриб чиқилади.

Баъзи ҳолларда, масалан, никоҳни бекор қилиш натижасида ер – хотиннинг мулкини тақсимлаш, биринчи навбатда, ярашув жараёнидан ўтиши керак, шундан кейин ҳам ярашувга эришилмасагина – иш суд томонидан кўриб чиқилади.

Мазкур судларда низолар судья томонидан якка таркибда, суд маслаҳатчилари иштирокида кўриб чиқилади. Аксарият ҳолларда, қарор устидан Юқори судга шикоят қилиш мумкин.

Яраштирув тартиби битта судья ва яраштирув комиссиясининг икки аъзосидан иборат таркиб томонидан амалга оширилади. Маслаҳатчилар ва комиссия аъзолари суд томонидан давлат хизматчилари орасидан ярим кунлик асосда жалб қилинади.

Оилавий ишлар бўйича судлар вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар, яъни 20 ёшга тўлмаган шахслар, шунингдек вояга етмаганларнинг фаровонлигига қарши содир этилган жиноят ишларини кўриб чиқади.

Бундан ташқари, оилавий ишлар бўйича суд жиноят содир этмаган, аммо келажакда уни содир этиши мумкин бўлган, жиноят содир этишга мойил бўлган вояга етмаганларни назорат остига олиш ҳуқуқига эга.

Вояга етмаганлар билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш тартиби ва юрисдикцияси Япониянинг 1948 йилдаги “Вояга етмаганлар тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.

    Вояга етмаганлар томонидан содир этилган барча ҳуқуқбузарликлар биринчи навбатда оилавий ишлар бўйича судга юборилади. Вояга етмаган шахс ўн олти ёшга тўлган бўлсагина, оилавий ишлар бўйича суд ишни округ ёки умумий юрисдикция  судларга юбориш ҳуқуқига эга.

Округ судлари (The District Court)

Округ судлари биринчи инстансиянинг асосий судлари ҳисобланади. Ҳозирда ҳар бир префектуранинг марказида, бутун мамлакат бўйича 50 та округ судлари фаолият кўрсатмоқда.

Ушбу судларда 910 га яқин судья ва 580 нафар судья ёрдамчиси ишлаб келмоқда. Округ судлари фуқаролик ва жиноий ишларни кўриб чиқади.

Округ судлари, шунингдек, умумий юрисдикция  судларнинг фуқаролик ишлари бўйича қарорлари устидан апелляция шикоятларини кўриб чиқадилар.  

Йирик округ судлари ўз бўлинмаларига эга.

Масалан, Toкио округ судида маъмурий ишлар, автотранспорт низолари, интеллектуал мулк, банкротлик ва бошқа ишларга ихтисослашган бўлимлар мавжуд.

Юқори Судлар (The High Court)

Юқори Судлар биринчи навбатда округ ва оилавий ишлар бўйича судларнинг қарорлари устидан келиб тушган апелляция шикоятларини кўриб чиқадилар. Улар 8 та йирик шаҳарларда жойлашган.

Ушбу судлар 345 нафар судьялардан таркиб топган. Умумий юрисдикция  судларнинг жиноят ишлари юзасидан қабул қилган қарорлари устидан  шикоятлар округ судларига эмас, балки тўғридан тўғри юқори судларга  тақдим қилинади ва кўриб чиқилади.

Юқори суд фуқаролик ишлари бўйича сўнгги инстанция ҳисобланади.

Баъзи тоифадаги ишлар, масалан, давлатга хиёнат қилиш ёки сайловларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш бўйича ишлари Юқори судлар томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилади.

Бундан ташқари, квази-суд органлари, жумладан, адолатли савдо комиссияси, Патент идораси, Олий денгиз Кенгаши ва бошқаларнинг қарорларини қайта кўриб чиқиш ҳам Юқори суд ваколатига киради.

Бундай ҳолларда иш уч эмас, балки беш нафар судьядан иборат  ҳайъат томонидан кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, Токио Юқори суди таркибида рақобатга оид ишлар ва интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низоларни кўриб чиқишга ихтисослашган махсус бўлинмалар фаолият кўрсатади.

Токио Юқори суди таркибидаги интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар бўйича бўлим

Интеллектуал мулкни ривожлантириш дастурига мувофиқ 2005 йилда интеллектуал мулк бўйича юқори суд таркибида бўлим ташкил этилган.

Ушбу бўлим судловига:

– Патент идорасининг патентлар, фойдали модель ҳуқуқлари, дизайн ҳуқуқлари ва товар белгилари тўғрисидаги қарорлари устидан шикоятлар;

– Toкио ва Осака округ судларининг патентлар, фойдали моделлар, интеграл микросхемалар топологияларига бўлган ҳуқуқлари, шунингдек муаллифнинг дастурий таъминот ишларига бўлган ҳуқуқлари (қоидаларни бузиш, компенсация талаблари) тўғрисидаги қарорлари устидан шикоятлар  тегишли.

Токио  ва Осака округ судларида интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар бўйиса махсус бўлинмалар мавжуд бўлиб, уларнинг қарорлари  Токио Юқори суди таркибидаги интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар бўйича бўлим томонидан қайта кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, товар белгилари, дизайн ҳуқуқлари, муаллифлик ҳуқуқлари (дастурий таъминот ишлари бундан мустасно), шунингдек тижорат сирлари бўйича низоларга келсак, ишни кўриб чиққан округ суди қарорлари устидан шикоятлар тегишли Юқори судлар томонидан кўриб читқилади.

 Ишлар асосан уч нафар судьядан иборат таркибда, қисқа вақт ичида якуний хулосага келиш лозим бўлган ҳолатларда беш нафар судьядан иборат таркибда кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, бўлимда судга низонинг техник жиҳатларни тушунтиришда ёрдам берадиган техник маслаҳатчилар гуруҳи фаолият кўрсатади.

Техник маслаҳатчилар Олий суд томонидан турли фан соҳаларида тажриба ва билимга эга бўлган мутахассислар, олимлар ва тадқиқотчилар орасидан тўлиқсиз иш вақтига тайинланади.

Олий Суд (The Supreme Court)

Олий суд Япониянинг энг юқори суд инстанциясидир.

 Япония Конституциясининг 79-моддасида унинг таркиби ва судьяларни тайинлаш тартиби белгиланган.

Конституцияга мувофиқ, Олий суд Вазирлар Маҳкамасининг тавсиясига биноан император томонидан тайинланадиган Бош судья ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган ва император томонидан тасдиқланган 14 судьядан иборат.

Олий суд судьяларини тайинлаш «халқ томонидан тасдиқланиши» керак (79-модда). Ушбу меъёрни давлат ҳокимиятининг манбаи бўлган, ҳокимиятнинг ҳар қандай тармоғи, шу жумладан суд ҳокимияти устидан умумий назоратни амалга ошириши мумкин бўлган халқ суверенитети тўғрисидаги конституциявий қоидаларнинг ривожланиши натижаси сифатида баҳолаш мумкин.

Ушбу тартибга кўра, судья тайинлангандан кейин, биринчи парламент сайловларида халқ тасдиғидан ўтиши керак.

Судья ҳар ўн йилда қайта тасдиғдан ўтиши талаб қилинади.

Агар сайловчиларнинг аксарияти тайинланган судьянинг истеъфосини қўллаб-қувватласа, бу судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилади.

Шунингдек, Конституция ва “Япония Олий суди тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган Олий суд аъзолари ваколатларни тугатишнинг энг кенг тарқалган усули бу 70 ёшга тўлгандан кейин нафақага чиқиш ҳисобланади.

Олий суднинг аксарият аъзолари тайинланган пайтда 60 ёшдан ошганлиги сабабли, улар асосан ушбу лавозимда ўн йилгача фаолият олиб боради.

“Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 43-моддасига кўра, олий суд судьялари юридик маълумотга эга бўлиши ва камида 40 ёшга тўлган бўлиши шарт.

Олий суд судьяларининг камида ўнтаси олий суд судьяси ёки президенти, умумий юрисдикция  суд судьяси, прокурор ёки ҳуқуқ профессори сифатида камида йигирма йилдан ортиқ иш тажрибасига эга бўлиши белгиланган (43-модда).

Олий судда ишлар бешта судьядан иборат кичик таркибда ёки тўлиқ аъзолардан иборат таркибда кўриб чиқилади.

Ҳар қандай иш дастлаб, кичик таркибда кўриб чиқилиши керак.

Таҳлилларга кўра, Олий судда тўлиқ аъзолардан иборат таркибда бир йилда бир нечта ишлар кўрилади холос.

Иш тўлиқ аъзолардан иборат таркибда қуйидаги ҳолатларда кўриб чиқилади:

1.Ариза берувчи қонун, Низом, буйруқ ёки маъмурий қарор Конституцияга зид деб даъво қилса;

2. Олий суд қонун, Низом, буйруқ ёки маъмурий қарор Конституцияга зид деб ҳисобласа;

3. Олий суднинг қарори ўз прецедентларига қарши бўлган ҳолатларда.

Биринчи ҳолатда, агар Олий суд қонун, қарор, буйруқ ёки маъмурий қарорни конституцияга зид эмас деб топса, у ҳолда иш кўриб чиқиш учун кичик таркибга ўтказилади.

Апелляция инстансияси сифатида Олий суд Юқори судларнинг қарорларини қайта кўриб чиқади.

Шу билан бирга, Хабеас корпус жараёни билан боғлиқ ҳолларда, Олий суд, агар зарур деб ҳисобласа, қуйи судда кўриб чиқилаётган иш бўйича ҳам, қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.

1996 йилда Япония фуқаролик процессуал кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, Олий судга апелляция шикояти тақдим қилиш ҳуқуқи чекланган.

    Олий судга шикоят қилишнинг ягона ҳуқуқий асоси қуйи суд томонидан ишни кўриб чиқишда Конституцияни хато талқин қилиниши  ёки Конституция нормалари бузилганлиги ҳолати бўлиши мумкин.

Бундай ҳолда, Олий суд иш бўйича биринчи инстансияси вазифасини бажаради (312-модда, 1-банд).

Шу билан бирга, киритилган ўзгартиришларга кўра, Олий судга қуйи судлардан ишларни талаб қилиб олиш ваколати берилди.

    Олий суд, ўз хоҳишига кўра, Олий суд прецедентига асосланган қарорлар устидан ёки қонунни талқин қилиш билан боғлиқ муҳим масалалар билан боғлиқ шикоятларни ҳам кўриб чиқиши мумкин.

Булардан ташқари, Олий суд судлар фаолиятини ташкил этиш ваколатини амалга оширади.

1945 йилга қадар судлар фаолиятини ташкил этиш Адлия вазирлиги зиммасида бўлган, бу эса судларнинг мустақиллигига жиддий таҳдид солган. Кейинчалик, яъни иккинчи жаҳон урушидан сўнг, Конституция ислоҳ қилинган ва унда иштирок этган америкалик мутахассисларнинг маслаҳатлари билан  суд тизимининг мустақиллигини мустаҳкамланиб, Олий судга умумий ҳуқуқ тизимидаги мамлакатлар судлари билан бир хил ваколатлар берилган.

Амалдаги конституцияга мувофиқ, Олий суд суд ишларини юритиш тартиб – қоидаларини, адвокатлар ишини, судлардаги ички тартиб -қоидаларни, шунингдек суд ишларини бошқариш қоидаларини белгилаш ҳуқуқига эга.

Прокурорлар Олий суд томонидан белгиланган қоидаларга амал қилишлари шарт. Олий суд қуйи судларга ўз иш қоидаларини белгилаш ҳуқуқини бериши мумкин. (77-модда)

Олий суд ўз қоидаларини ишлаб чиқиш ваколатларини амалга оширишда жуда фаол. Улардан баъзилари аҳамиятсиз, аммо энг муҳимлари жиноят -процессуал қоидалари ва фуқаролик процессуал қоидаларини ўз ичига олади.

Квази-суд органлари

Японияда ваколатли судлар билан бир қаторда маъмурий комиссиялар ҳам фаолият кўрсатади.

Ушбу комиссиялар ташкил этилишида Aмерика Қўшма Штатларидаги ўзини ўзи бошқариш органларидан андоза олинган.

Японияда маъмурий органларнинг чиқарган дастлабки маъмурий актига нисбатан мажбурий тартибда маъмурий шикоят бериш тизими йўлга қўйилган. Шунга кўра, юқори турувчи органлар ҳузурида бундай шикоятларни кўриб чиқувчи маъмурий комиссиялар тузилган.

Комиссияларнинг қарорлари ваколатли суд томонидан  қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Масалан, адолатли савдо комиссиясининг қарорлари устидан Tokио Юқори судига шикоят қилиш мумкин. Бундай ҳолларда суд низони комиссия томонидан белгиланган фактлар бўйича кўриб чиқади, чунки бундай фактлар жиддий далилларга асосланган деб ҳисобланади.

Юқоридагилардан шуни хулоса қилиш мумкинки, Японияда суд қарорларини қайта кўриш тартиби борасида юқорида таҳлили келтирилган масалалар муҳим аҳамият касб этади ва келгусида ҳам бу борадаги қонунчилик, суд амалиёти ҳамда суд қарорларини юқори инстанциялар томонидан қайта кўришнинг назарий асосларини такомиллаштириб боришда  муҳим ҳисобланади.

Пешку туманлараро иқтисодий судининг раиси У.Жумаев

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 24 июлдаги  ПФ–6034-сон фармони (Қо­нун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2020 й., 06/20/6034/1103).

2. T.Савагучи “The Legal Systems and Courts of Law in Japan”. (Сourt systems,Tokyo, Japan 2005.)

3. У.А.Тухташева “Уголовно-процессуальные пути устранения судебных ошибок”. (Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори диссертацияси автореферати. Тошкент, 2020.)

4. Т.И.Чурсина “Судебная система Японии” (Журнал зарубежного законодательства и сравнительного правоведения, 5•2013.)

5.  Hattori T. The Role of the Supreme Court of Japan in the Field of Judicial Administration // Washington Law Review. Vol. 69. 1984.

6.  Noda Y. Introduction to Japanese Law. Tokyo: Univ. Press. 1984.

7.  Oda Hiroshi. Japanese Law. Oxford, 2007.

 Иқтисодий процессуал қонунчиликда даъвони таъминлаш, унинг турлари ва аҳамияти

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш бугунги кунда бу борада амалга ошириб келинаётган ислоҳотларнинг бош мезонларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Ушбу соҳанинг ривожланиши тадбиркорлик субъектларининг сон жиҳатдан кўпайишига, ўзаро муносабатлар ошиши натижасида бизнес вакиллари ўртасида иқтисодий низолар пайдо бўлишининг тезлашишига олиб келади.

Бугунги кун давр талаби бизнес эгаларининг иқтисодий судлардаги низоларнинг ечилишини имкон қадар тезлаштиришни тақозо этмоқда. Бундай ҳолларда тадбиркорлик субъектларининг ўзлари низони ҳал қилишда судларга айрим процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилишлари лозим бўлади.

Даъвони таъминлаш иқтисодий-процессуал қонунчиликда назарда тутилган махсус чора бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (матнда “ИПК” деб юритилади) 93-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, ишда иштирок этувчи шахснинг аризаси даъвони таъминлаш чораларини кўриш учун асос бўлади.

Даъвони таъминлашга, агар шундай чораларни кўрмаслик суд ҳужжатининг ижросини қийинлаштириши ёхуд бажариб бўлмайдиган қилиб қўйиши мумкин бўлса, иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.

ИПК 93-моддасининг учинчи қисмида давлат фойдасига мулкий ундириш билан боғлиқ ишлар бўйича суд даъвогарнинг аризасига кўра даъвони таъминлаш чораларини кўриши шартлиги белгиланган. Яъни, ушбу норма билан даъвогарнинг аризаси мавжуд бўлганда даъвони таъминлаш чорасини кўриш тўғрисидаги аризанинг қаноатлантирилиши шартлиги мустаҳкамланган.

ИПКнинг 94-моддасига асосан қуйидагилар, яъни жавобгарга тегишли мол-мулкни ёки пул маблағларини хатлаб қўйиш; жавобгарга муайян ҳаракатларни бажаришни тақиқлаш; бошқа шахсларга низо предметига алоқадор бўлган муайян ҳаракатларни бажаришни тақиқлаш; даъвогар низолашаётган, ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат бўйича ундиришни тўхтатиб туриш; мол-мулкни хатлашдан озод қилиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилган тақдирда, мол-мулкни реализация қилишни тўхтатиб туриш; низоли мол-мулк бузилишининг, ҳолати ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида жавобгарнинг зиммасига муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклатиш; низоли мол-мулкни учинчи шахсга (сақловчига) ўтказиш даъвони таъминлаш чораси бўлиб ҳисобланади.

Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза судга даъво аризаси билан бир вақтда даъво аризасида ёки ишни юритиш жараёнида даъвони таъминлаш тўғрисидаги илтимосномада баён этилиши мумкин.

ИПК 96-моддасининг биринчи қисмига асосан даъво аризаси билан бирга берилган даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш билан бир вақтда, яъни ариза судга келиб тушгандан 5 кундан кечиктирмасдан ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан суд томонидан кўриб чиқилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан процессуал муддатларга оид қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 2015 йил 19 июндаги 283-сонли қарорининг 18-бандида ҳам тушунтириш берилган.

Судлар томонидан даъвони таъминлаш чораларини кўриш низони биринчи суд муҳокамасида кўрилгунга қадар бартараф этишга катта ёрдам беради.

Шу билан бирга, процессуал қонунчиликда даъвони таъминлаш чорасини бекор қилиш масаласи ҳам ҳал қилинган. Жумладан, даъвони таъминлаш чоралари ишни кўраётган суд томонидан ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра бекор қилиниши мумкин. Даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш тўғрисидаги масала суд мажлисида ҳал қилинади. Даъвони қаноатлантириш рад этилган, даъво кўрмасдан қолдирилган, иш юритиш тугатилган ҳолларда, даъвони таъминлаш чоралари тегишли суд ҳужжати қонуний кучга киргунига қадар ўз кучини сақлайди. Бироқ суд кўрсатилган суд ҳужжатларини қабул қилиш билан бир вақтда ёки улар қабул қилинганидан кейин даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш ҳақида ажрим чиқариши мумкин.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, даъвони таъминлаш чораларини кўриш тадбиркорлик субъектлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари суд орқали ишончли ҳимоя қилинишининг яққол далили бўлиб ҳисобланади.

Пешку туманлараро иқтисодий суди раиси У.Жумаев

Иқтисодий судларга қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани бериш тартиби ва муддати

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ушбу суд ҳужжатини қабул қилган судга суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай, ишда иштирок этувчи шахслар томонидан берилади. (Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси
328-модда)

Ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддати, ариза билан мурожаат қилган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, суд томонидан тикланиши мумкин.

Суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризани қабул қилишда шуни назарда тутиш керакки, аризада янги очилган ҳолатларнинг мавжудлигини тасдиқловчи асослар мавжуд бўлиши лозим. Аризага зарурий бўлган далиллар, хусусан, кўрсатилган ҳолатлар санасини аниқлаш имконини берувчи ҳужжатлар илова қилиниши керак. Бундай ҳолатларнинг аниқланганлик куни бўлиб, шу ҳолатларнинг аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлган кун ҳисобланади. Агар янги очилган ҳолатлар ҳукм, суднинг ҳал қилув қарори, бошқа органнинг қарори билан боғлиқ бўлса, унда янги очилган ҳолат суд ҳужжатларини қабул қилиш учун асос бўлган ҳолатга мазмунан қарама-қарши ҳужжатларнинг қонуний кучга кирган куни ёки ҳукм, ҳал қилув қарори ва қарорнинг қонуний кучга кирганлиги аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлган кун шу ҳолат аниқланган кун ҳисобланади.

ИПК 328-моддасининг биринчи — учинчи қисмлари, шунингдек
329-моддаси талабларига риоя этилган ҳолда берилган қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза ишни кўриш жойи ва вақти кўрсатилган ажрим чиқариш йўли билан иш юритишга қабул қилинади. ИПК 328-моддасининг биринчи қисмида белгиланган ариза беришнинг бир ойлик муддати процессуал муддат бўлиб, агар ариза қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, ушбу муддат тикланиши мумкин.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш ҳақида аризани қайтариш тўғрисидаги ажримда кўрсатилиши лозим. Илтимоснома қаноатлантирилган ва ўтказиб юборилган муддат тикланганда бу ҳақида қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.

Бухоро вилоят суди судьяси М.Кодирова

Суд хабарномалари ва чақирувлари, улар бўйича суд амалиётидаги муаммолар

Ҳозирги жадал ривожланиб бораётган бозор, молиявий ва ҳуқуқий муносабатлар шароитида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини эркинлаштириш ҳамда уларнинг рақобатбардошлигини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, янги Ўзбекистоннинг жаҳон рейтингидаги ўрнини ошириш борасида ҳам тадбиркорлик фаолиятини янада эркинлаштириб борилиши мақсадга мувофиқдир.

Шу ўринда тадбиркорлар ҳуқуқларини янада таъминлаш борасида суд муҳокамаси ўтказилиши тўғрисида ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилиш масаласи ҳам муҳим ўрин касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (ИПК)да иқтисодий судларда манфаатдор шахсларни иштирокини таъминлаш масалаласи ҳам тартибга солинган.

Жумладан, ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида суд ажрими орқали хабардор қилинади, ажрим топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки ушбу шахсларга тилхат олиб топширилади ёхуд хабардор қилинганлиги факти қайд этилишини таъминлайдиган алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилинади. Иқтисодий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ажрим орқали, зарур ҳолларда эса суд чақирув қоғозлари, телеграммалар, факслар, телетайплар ҳамда бошқа алоқа воситалари орқали хабардор қилинади ва судга чақирилади.

Агар суд иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиси ўзига юборилган ажримнинг кўчирма нусхасини олганлиги ёки ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа усулда хабардор қилинганлиги тўғрисида суд мажлиси бошлангунига қадар маълумотларга эга бўлса, ушбу иштирокчи тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланади.

Иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиси қуйидаги ҳолларда ҳам суд томонидан тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланади, агар:

ажрим йўлланган шахс ажримнинг кўчирма нусхасини олишни рад этган ва ушбу рад этиш қайд этилган бўлса;

суд томонидан юридик шахснинг судга маълум бўлган охирги жойлашган ери (почта манзили), фуқаронинг яшаш жойи бўйича юборилган ажримнинг кўчирма нусхаси олувчи кўрсатилган манзилда йўқлиги сабабли топширилмаган ва бу ҳақда алоқа муассасаси судни хабардор қилган бўлса;

ажримнинг кўчирма нусхаси суд томонидан электрон почта орқали ёки хабардор қилинганлик фактини тасдиқловчи бошқа алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда юборилган кундан эътиборан уч кун ўтган бўлса.

Ишда иштирок этувчи шахслар иш юритиш вақтида ўз манзили ўзгарганлиги ҳақида судга хабар бериши шарт. Бундай хабар мавжуд бўлмаган тақдирда, ажримнинг кўчирма нусхаси судга маълум бўлган охирги манзилга юборилиб, гарчи олувчи шу манзилда бўлмаса ҳам ёки яшамаса ҳам у етказиб берилган деб ҳисобланади.

Агар ишда иштирок этувчи шахслар ўз телефон ва факс рақамларини, электрон манзилини судга маълум қилган бўлса, уларнинг иш юритиш вақтида ўзгарганлиги тўғрисида судни ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида хабардор қилиши керак.

Ишни суд муҳокамасига тайёрлашда суд манфаатдор шахсларни иш бўйича иш юритиш ҳақида ИПК 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилади.

Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгар судга келмаган ҳолда, агар суд башарти унинг иштирокисиз ишни кўриш мумкин эмас деб ҳисобламаса, иш унинг иштирокисиз қўриб чиқилиши мумкин.

Агар даъвогар биринчи суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса, у ҳолда ИПК
107-моддасининг 6-бандига мувофиқ даъво кўрмасдан қолдирилади. Прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида киритган аризалари асосида қўзғатилган иш бўйича ушбу шахсларнинг келмаганлиги ИПК 107-моддасининг 6-бандига мувофиқ даъвони кўрмасдан қолдиришга асос бўлмайди, агар суд мажлисида иштирок этаётган манфаати кўзланган шахс даъвони қўллаб-қувватлаётган бўлса. Бундай ишлар бўйича даъво аризаси билан мурожаат қилган шахслар ва манфаати кўзланган шахс суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса, бу ҳолда ИПК 107-моддасининг 6-бандига мувофиқ даъво аризаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда шуни инобатга олиш лозимки, тегишли тартибда суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинмаган шахснинг иштирокисиз ишнинг кўрилишига йўл қўйилмайди ва бу ҳар қандай ҳолда суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади (ИПКнинг 279 ва 302-моддалари).

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда шуни хулоса қилиш мумкинки, ҳар бир юридик шахснинг манфаатини ва бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш иқтисодий судларнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд муҳокамасида иштирокини таъминлаш долзарб масала сифатида аҳамиятга эга. Ва шу ўринда айтиш керакки, ҳозирда суд тизимида амалга оширилаётган муҳим ўзгаришлардан бири сифатида суд ажримлари ва қарорларини гибрид почта орқали юбориш институтининг жорий қилинганлигини эътироф этиш лозим.

Бухоро вилоят суди судьяси М.Болтаев

Корпоратив бошқарув тушунчаси ва корпоратив бошқарув органлари фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари

Ушбу мақолада корпоратив бошқарув тушунчаси, корпоратив муносабатларнинг ривожланиш тарихи ҳамда корпоратив бошқарув органлари фаолиятини қонун нормалари билан тартибга солиниши ва уни такомиллаштириш масалалари илмий таҳлил қилинган, натижаси юзасидан тегишли таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилган.    

В данной статье проводится научный анализ понятие корпоративного управления, история корпоративных отношений и понятие корпоративного управления и вопросы регулирования в законодательстве, а также мнения и обсуждения по совершенствованию деятельности корпораций и их органов.

This article presents the concept of corporate governance, the history of corporate relations and the concept of corporate governance and regulatory issues in legislation, as well as opinions and discussions on improving the activities of corporations and their bodies.

Таянч сўзлар: тадбиркорлик субъектлари, корпорациялар, хўжалик жамиятлари, таъсисчиларнинг умумий йиғилиши, ижроия орган, инвесторлар.

Ключевые слова: субъекти предпринимательства, корпорации, хозяйственное общество, общее собрание, исполнительный орган, наблюдательный совет, инвесторы.

Keywords: business entities, corporations, economic company, general meeting, executive body, board of directors, investors.

Мулкий ва ҳуқуқий муносабатлар жадал ривожланиб бораётган ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эркинлаштириш ҳамда уларнинг рақобатбардошлигини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, янги Ўзбекистоннинг жаҳон рейтингидаги ўрнини ошириш борасида ҳам тадбиркорлик фаолиятини жаҳон стандартлари асосида янада такомиллаштириб бориш мақсадга мувофиқдир.

Тадбиркорлик фаолиятини самарали амалга оширишда уни субъектларига қандай шарт-шароитларнинг яратилганлиги муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирда республикамизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг муайян қисми масъулияти чекланган жамиятлар, хўжалик ширкатлари ҳамда акциядорлик жамиятлари ҳисобланади. Ушбу тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тўғри ташкил этиш келгувсида улар фаолиятининг яхши ривожланишига, хорижий контрагентларда мазкур субъектларга нисбатан ишончнинг янада ошишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасига кўра, тадбиркорлик фаолияти тадбиркорлик субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир[1].

Тижоратчи, яъни фойда олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олган юридик шахслар хўжалик ширкати ва жамияти, ишлаб чиқариш кооперативи ва қонунларда назарда тутилган тартибда бошқача шаклда тузилиши мумкин[2].

Корпорациялар ҳамда корпоратив муносабатларнинг пайдо бўлиш тарихи тўғрисида турли хил қарашлар мавжуд. Бир гуруҳ олимлар корпоратив муносабатлар XIV-XVII асрларда иқтисодий ўзгаришлар: савдо-сотиқнинг ривожланиши, денгиз йўли орқали савдоларнинг амалга оширилиши билан алоқадор деб қарашса, бошқа олимлар эса корпоратив муносабатларнинг келиб чиқишини қадимги Рим тарихи билан боғлашади.

Шахс эркинлиги билан уйғунлашган давлат тузумини яратишга эришган фуқаролар уюшмалар тузишга қодир бўлиши лозим эди. Хусусан, фуқаролар шериклар билан ўзаро ширкат ташкилотига бирлашиб, давлат томонидан бериладиган қарзлардан келиб чиқувчи қўшимча солиқларни биргаликда тўлашган.

Корпоратив муносабатларнинг ривожланиб бориши ҳамда корпорациялар фаолиятининг кенгайиши таъсисчилар ўртасидаги ички муносабатларни қонун нормалари орқали тартибга солишга эҳтиёж пайдо қилди. Бу эса ўз навбатида, турли хил мулкчилик шаклларига асосланган корпорацияларни вужудга келишига сабаб бўлди. Бир қатор ривожланган давлатларда акциядорлик жамиятлари кўпайиб, унинг фаолиятини тартибга солувчи қонун нормалари муҳим ўрин тута бошлади.

Ҳозирги кунга келиб йирик компанияларни ташкил этиш жараёни давом этиб, такомиллашиб келмоқда. Илгари йирик компанияларнинг инвестори сифатида фақат жисмоний шахслар иштирок этишган бўлса, ҳозирда юридик шахслар ҳам муассис сифатида фаол қатнашмоқда Натижада муносабатларнинг мураккаблашуви ва суперакциядорлик жамиятларини яралишига олиб келди. Германияда картеллар, концернлар, Францияда синдикатлар, Англия ва АҚШда холдинг компаниялар ташкил этилди.

Охирги пайтларда корпорацияларнинг диверсификация ва бирлашиш жараёнлари юзага келмоқда. Яъни, турли хилдаги халқ хўжалиги тармоғига алоқадор ташкилотлар ягона бошқарув орқали бирлашмоқда. (М: конгломератлар, кластерлар)

Турли хил уюшмалар бирлашишининг тез-тез учраб туриши  натижасида янгича бошқарув тизими юзага келмоқда ва уни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга эҳтиёж пайдо бўлади.

 Корпоратив муносабатларнинг ривожланиш тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалсада, бироқ Ўзбекистонда мазкур ҳуқуқий муносабатлар ўтган асрнинг 80-йилларидан ривожлана бошлаган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги қонунларининг қабул қилиниши корпоратив муносабатларни тартибга солишни янги босқичга олиб чиқди. Айнан шу қонунлар орқали корпоратив бошқарув, корпорацияларнинг субъектлари, иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бошқарув органларининг корпоратив бошқарувдаги ваколатлари белгилаб берилди.

Илмий тадқиқотчи М.Вохидовнинг фикрича, «корпоратив бошқарув  – бу корпорация бирламчи иштирокчилари (акциядорлар, кузатув кенгаши ва ижро органи аъзолари) ўртасидаги муносабатларни, корпорация фаолиятини бошқариш ва назорат қилиш жараёнини тартибга соладиган қоидалар тизимини ўз ичига олувчи корпоратив ҳуқуқ соҳасининг институти ҳисобланиб, акциядорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган”[3].

О.В.Жевняк ва бошқаларнинг фикрича, корпоратив бошқарув – бу юридик шахс фаолиятини режалаштириш, бошқариш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш жараёнидир. Бу жараённи тартибга солувчи қонунлар бошқарув органларининг муайян иерархиясини белгилайди ва хўжалик жамиятларини бошқаришни бир нечта моделлари мавжудлигини назарда тутади.  Ҳар бир модел муайян назорат қилиш органлари мажмуи билан тавсифланади. Шу билан бирга бошқарув органлари тизими амалдаги қонунчилик ҳамда таъсисчиларнинг танловидан келиб чиққан ҳолда танланади[4].

Ҳуқуқшунос Ҳ.Р.Рахмонов ҳамда С.С.Гулямовларнинг фикрига кўра, корпорация ўз эркини эркин ифода этиш, бизнесни ташкил этиш ва уни назорат қилиш учун ўзининг ички органларига эга бўлиши керак. Бундай ички бошқарув “корпоратив бошқарув” дейилади…

Корпоратив бошқарувнинг оддий моҳияти уни бошқарув ва эгаликка бўлишга асосланади. Юридик шахсларнинг классик шаклида уларни бошқариш ўша шахс ёки шахслар томонидан амалга оширилган, яъни улар бир вақтнинг ўзида юридик шахснинг эгаси ва бошқарувчиси бўлишган. Бунга мисол қилиб, хўжалик ширкатларини келтириш мумкин. Лекин юридик шахсларнинг бу тури, улар сонининг кўп бўлишига қарамасдан, дунё иқтисодиётида устун мавқени эгалламайди. Ҳозирги кунда кўпгина иқтисодий ҳаракатлар йирик мол-мулкка эга бўлган корпорациялар томонидан амалга оширилади. Бошқа томондан инсоният тараққиётининг тез суръатлар билан ривожланиши сезиларли даражада молиявий ресурсларни жалб қилишни назарда тутувчи, йирик кўламдаги тадбиркорликни юритишни талаб этди, бу эса ўз навбатида ихтисослаштирилган бошқарувни ўрганишни талаб этадиган тадбиркорлик тузилишининг мураккаблашувига олиб келди[5].

Корпоратив бошқарув айнан корпорацияларнинг фаолиятини ташкиллаштириш, жамият субъектлари ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш усули бўлиб, корпоратив бошқарув органлари корпорация номидан унинг манфаатларини кўзлаб ва эркини ифода этиб, ваколатлари доирасида ташкилот фаолиятини бошқариши ва назорат қилиши, иқтисодий ва ҳуқуқий ривожлантириш саъй-ҳаракатларидан иборат бўлган бошқарувнинг бир кўриниши, ички бошқарув сифатида намоён бўлади.

Корпоратив бошқарувнинг асосий тамойили бу унинг иштирокчилари эмас, балки бошқарув органлари орқали бошқарилишида кўринади. Шу ўринда айтиш керакки, бошқарув органлари хўжалик жамиятлари ва ширкатлари ҳуқуқий муносабатининг мустақил иштирокчиси бўлиб қатнашмайди, аксинча у жамиятнинг эрки ва манфаатларини ифодалайди ва тартибга солади. Шу сабабли юридик шахс номидан унинг органи тузган битимларга нисбатан вакиллик қоидалари қўлланилмайди. Судларда бошқарув органлари фаолиятидан келиб чиқадиган низолар вакиллик билан боғлиқ қонунчилик нормалари эмас, балки битимни ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ нормалар билан тартибга солинади.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, корпоратив бошқарув органларининг қарорлари юзасидан низо келиб чиққанда фақат суд томонидан кўриб чиқилади. Бироқ, юридик шахс ва унинг таъсисчилари ўз қарорини ўзи бекор қилиши тўғрисидаги норма тартибга солинмаган. 

Ўзбекистон Республикаси “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасига кўра, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши жамият бошқарувининг олий органи ҳисобланади. Жамиятнинг уставида жамиятнинг кузатув кенгашини тузиш назарда тутилиши мумкин. Жамиятнинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилиш жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи томонидан ёки жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи томонидан амалга оширилади. Жамиятнинг ижро этувчи органи жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишига ва, агар тузилиши жамиятнинг уставида назарда тутилган бўлса, жамиятнинг кузатув кенгашига ҳисобдордир[6].

  Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 57-моддасига асосан акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва ижроия органи жамиятнинг бошқарув органларидир [7].

Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддаси талабларига биноан иштирокчиларнинг умумий йиғилиши ширкатнинг олий бошқарув органи ҳисобланади. Ширкат иштирокчилари умумий йиғилишининг ваколатларига қуйидагилар киради:

ширкат фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш;

ширкатни қайта ташкил этиш ва тугатиш;

таъсис шартномасига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш;

ширкат фойдасини (зарарларини) унинг иштирокчилари ўртасида тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилиш;

ширкат устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш ва камайтириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

йиллик ҳисоботларни ва йиллик бухгалтерия балансларини тасдиқлаш;

ширкатнинг таъсис шартномасида назарда тутилган бошқа масалаларни ҳал қилиш.

Ширкат фаолиятини бошқариш унинг барча иштирокчиларининг умумий келишувига биноан амалга оширилади. Ширкатнинг таъсис шартномасида қарор иштирокчиларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинадиган ҳоллар назарда тутилиши мумкин.

Ширкатнинг ҳар бир иштирокчиси, агар таъсис шартномасида иштирокчилар овозининг сонини аниқлашнинг бошқача тартиби назарда тутилган бўлмаса, бир овозга эга бўлади.

Ширкатнинг ҳар бир иштирокчиси, у ширкатнинг ишларини юритишга ваколатли ёки ваколатли эмаслигидан қатъи назар, ишларни юритишга доир барча ҳужжатлар билан танишишга ҳақлидир. Бундай ҳуқуқдан воз кечиш ёки уни чеклаб қўйиш, шу жумладан ширкат иштирокчиларининг келишувига биноан чеклаб қўйиш ҳақиқий эмас.

Ширкатнинг жорий фаолиятини бошқариш мақсадида таъсис шартномасида ширкатнинг ижро этувчи органини тузиш назарда тутилиши мумкин. Ижро этувчи органни тузиш ва унинг ваколатлари, унинг аъзоларига ҳақ тўлаш тартиби ширкатнинг таъсис шартномаси ҳамда бошқа ҳужжатлари билан белгиланади [8].

Хўжалик жамиятлари ва ширкатларида бошқарув тизими тузилиши бир неча омиллар, масалан, жамият ва ширкатларнинг иштирокчилари ҳамда акциядорларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солишга қаратилган қонунчилик нормалари ёки юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари асосида белгиланиши мумкин.

Ҳозирги замонавий корпоратив муносабатларда корпоратив органларнинг ўрни сезиларли даражада ўсиб бормоқда ва улар ташқи муносабатларда юридик шахсдан ажралмаган ҳолда, унинг номидан фаолият олиб боришлари билан ажралиб туради. Мазкур органларнинг айнан шу автономлик хусусияти корпоратив муносабатларни бошқа фуқаролик муносабатларидан ажратиб туради.

Жамиятнинг умумий йиғилиши – бу унинг олий органи[9] бўлиб, жамиятнинг ҳар қандай масалалари юзасидан қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга, шунингдек, бошқа барча органларнинг ваколати унинг ваколатидан келиб чиқади. Ҳар бир жамият умумий йиғилишининг ваколатлари қонунчиликка асосланиб ўзининг таъсис ҳужжатларида кўрсатилади. Жумладан, жамият бошқарув органларининг ваколатлари умумий йиғилиш томонидан белгиланади.

Умумий йиғилишнинг уч хил кўриниши мавжуд: йиллик умумий йиғилиш, навбатдан ташқари умумий йиғилишидир.

Умумий йиғилишини жамият кузатув кенгашининг раиси, у узрли сабабларга кўра бўлмаган тақдирда эса, жамият кузатув кенгашининг аъзоларидан бири олиб боради.

Жамият ҳар йили иштирокчилар (акциядорлар) умумий йиғилишини ўтказишлари шарт.  Йиллик умумий йиғилишда жамият кузатув кенгашини ва тафтиш комиссиясини сайлаш тўғрисидаги, жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органи, коллегиал ижроия органининг аъзолари, ишончли бошқарувчи билан тузилган шартноманинг муддатини узайтириш, уни қайта тузиш ёки бекор қилиш мумкинлиги ҳақидаги масалаларни ҳал этилади, жамиятнинг йиллик ҳисоботи жамият ижроия органи ва кузатув кенгашининг жамиятни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳисоботлари ва бошқа ҳужжатлари кўриб чиқилади.

Жамият йиллик умумий йиғилишдан ташқари ўтказиладиган умумий йиғилишлари навбатдан ташқари йиғилишлардир.

 Умумий йиғилиш ваколати доирасига: жамият уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш, жамиятни қайта ташкил этиш, жамиятни тугатиш ва тугатувчини тайинлаш ҳамда оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш, жамият кузатув кенгашининг ва миноритар акциядорлар қўмитасининг сон таркибини белгилаш, уларнинг аъзоларини сайлаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, эълон қилинган акцияларнинг энг кўп миқдорини белгилаш, жамият устав фондини кўпайтириш ва камайтириш, ўз акцияларини олиш жамиятнинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш, ижроия органини тузиш, унинг раҳбарини, шунингдек жамият тафтиш комиссиясининг аъзоларини сайлаш ва раҳбарнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, жамиятнинг йиллик ҳисоботини ва йиллик бизнес-режасини, жамият фаолиятининг асосий йўналишлари ва мақсадидан келиб чиққан ҳолда жамиятни ўрта муддатга ва узоқ муддатга ривожлантиришнинг аниқ муддатлари белгиланган стратегиясини тасдиқлаш, жамиятнинг фойда ва зарарларини тақсимлаш, жамият кузатув кенгашининг ва тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жумладан жамиятни бошқаришга доир қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан жамият кузатув кенгашининг ҳисоботларини ва тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) хулосаларини эшитиш, жамият томонидан корпоратив облигациялар, шу жумладан акцияларга айирбошланадиган облигациялар чиқариш, қимматли қоғозларнинг ҳосилаларини чиқариш, жамиятнинг корпоратив облигацияларини қайтариб сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш, акцияларни жойлаштириш (ташкил этилган қимматли қоғозлар савдоларига чиқариш) нархини белгилаш, акциядорлар умумий йиғилишининг регламентини тасдиқлаш, акцияларни майдалаш ва йириклаштириш, жамиятнинг ижроия органига тўланадиган ҳақ ва (ёки) компенсацияларни, шунингдек уларнинг энг юқори миқдорларини белгилаш, йирик битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш, мажбурий аудиторлик текширувини ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини белгилаш, ушбу ташкилотнинг хизматларига тўланадиган энг кўп ҳақ миқдори ва у билан шартнома тузиш (шартномани бекор қилиш) тўғрисида қарор қабул қилиш, қонунчиликка мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш киради.[10]

Жамиятни ривожлантириш стратегиясини танлаш ҳамда унинг ижро органи фаолиятини назорат қилиш махсус малака ва самарадорликни талаб қилади. Бундай масалаларни ҳал қилиш тўғрисида қарор қабул қилишни қонунчилик нормалари жамият умумий йиғилишида сайланадиган махсус орган – кузатув кенгашига юклайди. Кузатув кенгаши жамиятнинг фаолиятига умумий раҳбарликни амалга ошириб, унинг фаолиятида катта ваколатга эга бўлади, ўз вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги юзасидан тегишли жавобгарликни ўз зиммасига олади.  Кузатув кенгаши жамиятни ривожлантиришнинг устувор йўналишини белгилаб, иштирокчилар йиллик ва навбатдан ташқари умумий йиғилишларини чақиради, умумий йиғилишда муҳокама қилинадиган масалаларни кун тартибига киритади, устав ва таъсис шартномасига белгиланган тартибда бошқарув аъзоларини сайлайди ёки тайинлайди, уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатади, ички аудит хизматини ташкил этиш ва унинг ходимларини тайинлаш, таъсис ҳужжатида белгиланган тартибда йирик битимлар тузиш тўғрисидаги масалаларини ҳал этади,  жамиятнинг келгуси йилга мўлжалланган бизнес-режасини маъқуллайди ва шу каби устав ва таъсис шартномасида кўрсатилган ваколатларга эга бўлади.

Хўжалик жамиятларининг ижро органи бу яккабошчилик ёки коллегиал асосида бошқариладиган ижроия органи ҳисобланади. Жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилиш ваколати жамиятнинг уставида белгиланадиган директор ёки жамият бошқаруви томонидан амалга оширилади. Жамиятни яккабошчилик асосидаги ижроия органи ёки коллегиал ижроия органи орқали бошқариш масаласини жамиятнинг ўзи белгилайди. 

Ижро органи фаолиятининг асосий мақсади юқори жамиятнинг ташқи муносабатларда рақобатбардошлигини ҳамда самарали юқори даромадни, молиявий-иқтисодий барқарорликни, жамият иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий кафолатларини таъминлаш ҳисобланади ва улар қонунчиликда ва таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда жамият умумий йиғилиши ҳамда кузатув кенгаши олдида ҳисобдор бўлади.[11]

Бироқ, қонунларда яккабошлик асосидаги ижро органи фақат бирта жисмоний шахс бўлиши лозимлиги ёки улар бошқарувчи ташкилот ҳам бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги норма назарда тутилмаган. 

Жамият ижроия органининг ваколатига жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилишга доир барча масалалар киради (умумий йиғилишнинг ёки жамият кузатув кенгашининг ваколат доирасига киритилган масалалар бундан мустасно). Жамиятнинг ижроия органи умумий йиғилиш ва жамият кузатув кенгашининг қарорлари бажарилишини ташкил этади. Жамиятнинг директори (бошқарув раиси) жамият номидан ишончномасиз иш юритади, шу жумладан унинг манфаатларини ифодалайди, жамият номидан битимлар тузади, жамиятнинг филиали ёки ваколатхонаси раҳбарини тайинлайди, штатларни тасдиқлайди, жамиятнинг барча ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради.

Хулоса: Корпоратив муносабатлар ва корпоратив бошқарув тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Шу кунга қадар унинг хар хил шакллари вужудга келиб, ривожланиб келган. Ҳозирда Ўзбекистонда масъулияти чекланган жамиятлар, қўшимча масъулиятли жамиятлар, акциядорлик жамиятлари, хўжалик ширкатлари ва коммандит ширкатлар фаолияти юритади. Мазкур ташкилотларнинг ичида масъулияти чекланган жамиятлар сони кўпчиликни ташкил қилади. Корпоратив бошқарув муносабатларини ва бошқарув органлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида қуйидагилар таклиф қилинади.

Биринчидан, жамиятга қўшимча масъулиятли жамиятларнинг жаҳон тажрибасидаги ўрни ва улар фаолиятининг барча имкониятлари ва қулайликларини тарғиб қилиш орқали уларнинг сонини кўпайтиришимиз мумкин. Бу эса ўз навбатида хорижий ташкилотларнинг қизиқиши ва ишончи ортишига ҳамда инвесторларни жалб қилишга хизмат қилади, корпоратив бошқарув ва муносабатларни такомиллаштиришга сабаб бўлади.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига «юридик шахс органлари» деган тушунча билан тўлдириб, унга аниқ таърифни бериш орқали юридик шахслар тўғрисидаги бобни такомиллашишига олиб келади. 

Шунингдек, жамиятларнинг ички фаолиятига давлат назорати ва иштирокини камайтириш орқали, уларнинг жаҳон бозор иқтисодиётига мослашувчанлиги ҳамда рақобатбардошлигини оширишга ҳамда ҳар бир ҳатти-ҳаракати, қарори учун ўзи масъул ва жавобгарлиги ҳиссини ошишига олиб келади.

Бухоро туманлараро иқтисодий судининг судьяси М.Махсулова


[1] www.lex.uz.

[2] Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 40-моддасининг иккинчи қисми.

[3] Вохидов М. Ўзбекистон акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимининг ҳуқуқий муаммолари ва такомиллаштириш йўллари. Диссертация .:Т

[4] Жевняк О. и др. Корпоративное право –Е.: Учебное пособие, 2019, 150-бет.

[5] Рахмонов Ҳ.Р., Гулямов С.С. Корпоратив ҳуқуқ. Дарслик –Т.: ТДЮИ, 2007,250-бет.

[6] Ўзбекистон Республикаси “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонуни, 29-м.

[7] Ўзбекистон Республикаси “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни, 57-м.

[8] Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги Қонуни, 18-м.

[9] Ўзбекистон Республикаси “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонуни, 29-м.

[10] Ўзбекистон Республикаси “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни, 59-м.

[11]  Ўзбекистон Республикаси “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни, 79-м.

Ўзбекистонда судья ҳам бирор мажбуриятга эгами?

Сўнгги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу ислоҳотлар судларнинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш, судьялар корпусуни шакллантириш, уларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, судлар фаолиятида ахборот-коммуникация воситаларини кенг жорий этиш, судларнинг мустақиллигини таъминлаш, уларни моддий-техник базасини яхшилаш ва бошқа жабҳаларда ўз ифодасини топди.

2021 йилнинг 28 июль куни “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрири Президент томонидан имзоланди. Ушбу Қонун суд-ҳуқуқ ислоҳотларида назарда тутилган амалга оширилиши лозим бўлган ташкилий чора-тадбирларнинг йиғиндисини ўзида мужассамлаштирган десак муболаға бўлмайди.  

Мазкур Қонунда судьяларнинг ҳуқуқлари, уларнинг моддий таъминоти, ижтимоий ҳимояси билан бирга мажбуриятлари ҳам назарда тутилган.

Маълумки, мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Бу Конституциявий норма бўлиб ҳисобланади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 19-моддасининг иккинчи қисмига кўра, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Барча фуқаролар каби судьялар ҳам Қонун билан белгилаб берилган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиб ҳисобланади.

“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 62-моддасига кўра, судья:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига оғишмай риоя этиши;

фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ҳамда мол-мулки, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши;

ўз ваколатларини амалга оширишда, шунингдек хизматдан ташқари муносабатларда Судьялик одоби кодекси талабларига риоя этиши, суд ҳокимияти обрўсини, судьянинг шаъни ва қадр-қимматини тушириши ёки унинг беғаразлиги, холислиги ва адолатлилигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан ўзини тийиши;

коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига ва одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятига ғайриқонуний аралашишга уринишларга қаршилик кўрсатиши ҳамда бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига хабар қилиши;

суд процесси иштирокчиларини ҳурмат қилиши;

ўз малакасини судьялик ваколатларини бажариш учун зарур бўлган даражада сақлаб туриши;

манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда ўзини ўзи рад қилиши ва суд процесси иштирокчиларини хабардор қилиши шарт.

Судья:

судьялар маслаҳатлашуви сирини ва ёпиқ суд мажлисларини ўтказиш чоғида олинган маълумотларни ошкор қилишга;

сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутати бўлишга;

сиёсий партия аъзоси бўлишга, уни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, сиёсий партияларнинг тадбирларида иштирок этишга, бошқа сиёсий фаолият билан шуғулланишга;

ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга, бундан судьянинг вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилмайдиган педагогик, илмий ва бошқа ижодий фаолият мустасно;

шахсан ёки ишончли шахслар орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, шу жумладан хўжалик юритувчи субъектни бошқаришда, унинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, иштирок этишга;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган чет эл банкларида ҳисобварақлар (омонатлар) очишга ва уларга эга бўлишга, нақд пул маблағларини ҳамда қимматликларни сақлашга. Бундай чеклов судьянинг эрига (хотинига) ва вояга етмаган фарзандларига нисбатан ҳам амал қилади;

жисмоний ёки юридик шахсларнинг ишлари бўйича судда вакил бўлишга (қонуний вакиллик ҳоллари бундан мустасно);

судда кўриб чиқилаётган масала юзасидан суд ҳужжати қонуний кучга киргунга қадар ошкора мулоҳазалар билдиришга;

қонунга мувофиқ махфий ахборот жумласига киритилган, судьялик ваколатларини амалга ошириши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни судьялик ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда ошкор қилишга ёки фойдаланишга ҳақли эмас.

Судьянинг зиммасида қонунга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш ўринлики, судья ўз фаолиятини амалга оширган пайтда, шунингдек ишдан ташқари вақтларда ҳам юқоридаги мажбуриятларга, шунингдек жамиятда юриш-туриш қоидаларига қатъий амал қилиши лозим бўлади. Бу эса ўз навбатида одил судловни амалга оширишда фуқароларда судга нисбатан ишончи ортишига замин яратади. Зеро, судьялик – олий мақом ҳамда ушбу мақомга муносиб бўлиш даркор.

Когон туманлараро

иқтисодий судининг раиси

Ф.Муродов

Иқтисодий судларда даъвогар (аризачи) даъвонинг асоси ёки предметини ўзгартириши мумкинми?

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (ИПК)нинг 157-моддасига асосан даъвогар ишни биринчи инстанция судида кўриш чоғида ишнинг мазмунан кўрилиши якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар даъвонинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, даъво талабларининг миқдорини кўпайтиришга ёки камайтиришга ҳақли.

Даъвогар ишни ҳар қандай инстанция судида кўришда тегишли суд инстанциясида ишни кўриш якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақли.

Суд даъвонинг асоси ва предмети бир вақтда ўзгартирилишини қабул қилмайди. Суд даъводан воз кечишни, даъво талаблари миқдорини камайтиришни ҳам, агар бу қонунчиликка зид бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, қабул қилмайди. Бундай ҳолларда суд ишни мазмунан кўради.

Даъвонинг асосини ёки предметини ўзгартиришни, даъво талаблари миқдорини кўпайтиришни ёки камайтиришни, даъвогарнинг даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечишини қабул қилиш ҳақида ёхуд қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2019 йил 24 майдаги 13-сонли қарорининг 13-бандига кўра, даъвогар ИПК 157-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган даъво асосини ёки предметини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш ҳуқуқидан биринчи инстанция судида ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар фойдаланиши мумкин. Бу норма иш бошқа инстанцияларда кўрилаётганида қўлланилмайди. Қайд этилган ҳуқуқ даъвогар томонидан, шунингдек ҳал қилув қарори апелляция, кассация инстанциялари томонидан ёхуд суд ҳужжати янги очилган ҳолат бўйича бекор қилиниб, иш янгидан биринчи инстанция судида кўрилаётганда фойдаланилиши мумкин.

Даъво предметининг ўзгариши даъвогарнинг жавобгарга нисбатан моддий-ҳуқуқий талабларининг ўзгаришини билдиради. Даъво асосини ўзгартириш даъвогарнинг жавобгарга нисбатан ўз талабларини асослантирган ҳолатларнинг ўзгаришини билдиради. Даъво предмети ва асоси тушунчаларидан шу нарса келиб чиқадики, масалан, агар битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаб шартномани бекор қилиш талаби билан алмаштирилса ва бу ўзгаришга бошқа асослар келтирилса, бундай ҳолда даъвонинг предмети ва асоси ўзгарган ҳисобланади. ИПК даъво предмети ва асосини бир вақтда ўзгартиришга йўл қўймайди.

Даъво талаблари миқдорининг кўпайтирилиши деганда, даъвогар томонидан даъво аризасида баён қилинган ўша талаб бўйича даъво суммасининг кўпайтирилиши тушунилади. Даъво талаблари миқдорининг кўпайтирилиши даъвогар томонидан даъво аризасида кўрсатилмаган қўшимча талабларни тақдим қилиш билан боғлиқ бўлиши мумкин эмас. Хусусан, мулкий санкцияларни қўллаш ҳақидаги талаб асосий қарзни ундириш тўғрисидаги даъво бўйича талаблар миқдорининг кўпайтирилиши деб ҳисобланмаслиги керак. Бундай талаб даъво предмети бўлмаган янги талаб ҳисобланиши сабабли, кўриб чиқилмайди ва суд бундай аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Даъвогар ишни ҳар қандай инстанция судида кўришда тегишли суд инстанциясида ишни кўриш якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақли.

Суд мажлиси давомида тақдим этилган даъвонинг предмети ёки асосини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, даъводан воз кечиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги суд мажлисида эълон қилиниб, бу ҳақда суд мажлиси баённомасига киритилиши ҳамда ажримда ёки ҳал қилув қарорида кўрсатилиши лозим.

Даъвонинг предмети ёки асосини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш ҳақидаги ёхуд даъводан воз кечиш ҳақидаги ариза судга ёзма равишда тақдим этилиши лозим.

Судларнинг эътибори даъводан воз кечиш қонун ҳужжатларига зид бўлмаслиги ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслигига қаратилсин.

Суд даъвогарга даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечишнинг ИПК 111-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган оқибатларни тушунтириши лозим.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, процессуал қонунчиликда ишда иштирок этувчи шахсларга ўз ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш ҳуқуқлари кафолатланган бўлиб ҳисобланади.

Когон туманлараро иқтисодий судининг раиси                                     Ф.Муродов

Кредит шартномаси ва унинг ҳуқуқий асослари.

Кредит (лот. creditum – ишонмоқ) – бошқа шахсга муддатлилик, қайтаришлилик ва фойдаланганлик учун фоиз шаклида тўловлилик шартлари асосида вақтинча бериладиган пул маблағлари, товар ва бошқа қимматликлардир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 744-моддасининг биринчи қисмига кўра, кредит шартномаси бўйича бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.

Кредит шартномаси бу — қарзнинг алоҳида, мустақил кўринишларидан биридир. Кредит шартномасида қарз берувчи сифатида фақат банк ёки Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган тартибда бериладиган лицензияга эга бўлган бошқа кредит ташкилоти қатнашиши мумкин. Кредит шартномаси иккала тарафга ҳам мажбурият юклайди. Ҳар бир тараф иккинчи тараф фойдасига мажбурият олади, масалан кредитор қарздорга пул суммасини беришга мажбур ва келишилган муддат ўтганда, берилган пулни ва устама фоизларни талаб қилиш ҳуқуқига эга, қарз олувчи эса пул берилишини талаб қилишга ҳақли ва уни келишилган муддатда устамаси билан қайтаришга мажбур. Қарз шартномасидан фарқли равишда, кредит шартномаси билан олинган пуллар ҳар доим ҳақ эвазига тузилиши шарт: қарзга олинган пул маблағларидан фойдаланганлиги учун қарздор маълум сумма асосида ҳисобланган фоизларни тўлашга мажбур.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2006 йил 22 декабрдаги 13/150-сонли қарорининг учинчи бандига кўра, банк ёки бошқа кредит ташкилоти ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномасидан келиб чиқадиган ҳуқуқий муносабат кредит ташкилотининг кейинчалик, келишилган муддатларда, кредит бериш (кредит линиясини очиш) мажбуриятини ва қарз олувчининг олинган кредитни қайтариш ва у бўйича фоизларни тўлаш мажбуриятини ўз ичига олади.

Бунда кредит ташкилотининг қарз олувчига кредит суммасини бериш (ҳисобвараққа ўтказиш) бўйича реал шартномавий мажбуриятлари шартнома тузилган пайтдан бошлаб, қарз олувчининг фоизларни тўлаш, кредитни қайтариш бўйича шартномавий мажбуриятлари эса, агар тарафлар келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, кредит суммаси реал олинган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига кўра, кредит шартномаси ёзма шаклда тузилиши шарт. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кредит шартномасининг ҳақиқий эмаслигига олиб келади. Бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 746-моддасига кўра, кредитор қарз олувчини тўловга қобилиятсиз деб ҳисобласа, қарз олувчи кредитни таъминлаш мажбуриятларини бажармаса, шартномада назарда тутилган кредитдан аниқ мақсадда фойдаланиш мажбуриятини бузса, шунингдек шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда қарз олувчига кредит шартномасида назарда тутилган кредитни беришдан бутунлай ёки қисман бош тортишга ҳақли. Қарз олувчи кредит олишдан бутунлай ёки қисман бош тортишга ҳақли. Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи бу ҳақда кредиторни кредит шартномасида белгилаб қўйилган кредит бериш муддатига қадар хабардор қилиши шарт. Қарз олувчи кредит шартномасида назарда тутилган кредитдан аниқ мақсадда фойдаланиш мажбуриятини бузган тақдирда кредитор шартнома бўйича қарз олувчини бундан буён кредитлашни тўхтатишга ҳақли.

Когон туманлараро

иқтисодий судининг раиси Ф.Муродов

Процессуал қонунчиликда даъво аризаси, унинг мазмуни ва ўзига хос жиҳатлари

Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.

Шу билан бирга «Янги Ўзбекистон — янги суд» тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.

2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди[1].

Шу жиҳатдан олиб қараганда, бугунги кунда суд тизимидаги ислоҳотлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ-эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларнинг натижаси сифатида судларда кўрилаётган иқтисодий ишларнинг йилдан йилга ошиб боришида кўришимиз мумкин..

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Биринчи нстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2019 йил 24 майдаги 13-сонли қарорида иқтисодий судларнинг эътибори низоларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига қатъий риоя этган, тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги, суд ишларини юритишнинг ошкоралиги, тортишувлиги ва одил судловнинг бошқа принципларини таъминлаган ҳолда ҳал этиш зарурлигига, уларга риоя қилмаслик эса, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар ҳуқуқлари бузилишига олиб келишига қаратишлари, ИПК 3-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга ушбу Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли эканлиги тўғрисида тушунтириш берилган.

 Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
148-моддасида баён қилинганидек[2], суд манфаатдор шахсларнинг аризалари, прокурорнинг аризаси ва давлат органлари ва бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонун бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда, шу давлат органларининг ва бошқа шахсларнинг аризалари бўйича иш қўзғатади.

Даъво аризаси судга ёзма шаклда берилади ва даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Даъво аризасида ариза берилаётган суднинг номи; ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи; агар даъво баҳоланиши лозим бўлса, даъвонинг баҳоси; даъво талабларига асос бўлган ҳолатлар; даъво талабларининг асосларини тасдиқловчи далиллар; ундирилаётган ёки низолашилаётган сумманинг ҳисоб-китоби; даъвогарнинг қонунчиликка асослаб келтирган талаблари, даъво бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар; жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса; илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилиши керак.

Даъво аризасида даъвогарнинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Даъво аризасида, агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар, шунингдек даъвогардаги мавжуд илтимосномалар кўрсатилади.

Россия Федерацияси Арбитраж процессуал кодексининг II-боби 13-бўлимида[3] даъво аризаси ва уни расмийлаштиришга қўйилган талаблар баён қилинган бўлиб, унга кўра даъво аризаси арбитраж судига қоғозда ёки электрон шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат шаклида тақдим этилиши, даъво аризаси даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланиши белгиланган. Шунингдек, даъвони таъминлаш тўғрисидаги илтимосномани ўз ичига олган электрон шаклда тақдим этилган даъво аризаси кучайтирилган (муҳофазаланган) квалифицияли электрон имзо билан имзоланиши кераклиги қайд этилган.

Даъво аризасини арбитраж суди муҳокамасига қабул қилиш масаласи судья томонидан даъво аризаси судга келиб тушган кундан бошлаб беш кун ичида якка тартибда ҳал қилинади. Арбитраж суди Кодексда белгиланган шакл ва мазмунга қўйиладиган талабларга мувофиқ берилган даъво аризасини иш юритишга қабул қилиши лозимлиги тўғрисидаги талаблар миллий қонунчилигимизда ҳам белгиланган.

Иқтисодий судга келиб тушган даъво аризаси беш кундан кечиктирмай судья томонидан якка тартибда иш юритишга қабул қилиниши, қабул қилиш рад қилиниши ёки даъво аризаси қайтарилиши ва бу ҳақда ажрим чиқариши лозим.

Процессуал қонун ҳужжатида даъво аризсини қайтариш асослари келтирилган бўлиб, унга асосан суд қуйидаги ҳолларда даъво аризасини қайтаради:

– даъво аризасининг Кодексда белгиланган шакли ва мазмунига риоя қилинмаган бўлса;

– даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

– иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаса;

– ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлиб, уларнинг айримлари фуқаролик ишлари бўйича судга ёки маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлса;

жавобгарга ва учинчи шахсларга даъво аризасининг ҳамда унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган бўлса;

давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;

– мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни даъвогар тақдим этмаган бўлса;

даъвогар низони жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартибига риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаган бўлса, башарти бу мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

битта даъво аризасида бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан ўзаро боғлиқ бўлмаган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлса;

қонунчиликка ёки шартномага кўра қарз банк ёки бошқа кредит ташкилоти орқали олиниши керак бўлганда қарзни жавобгардан олиш учун банкка ёхуд бошқа кредит ташкилотига мурожаат қилинганлигига доир далиллар тақдим этилмаган бўлса;

даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар уни қайтариб олиш тўғрисида ариза келиб тушган бўлса.

Даъво аризасини қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Ажрим бекор қилинган тақдирда, даъво аризаси судга дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.

Даъво аризасининг қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилганидан кейин даъво аризаси билан судга умумий тартибда такроран мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.

 Хулоса қилиб айтганда, қонунийликни қатъий таъминловчи, очиқ ва адолатли суд тизимини шакллантиришда ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари бузилган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада ошириш, судга мурожаат қилишнинг аниқ механизмлари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиши муҳим аҳамият касб этади.

Шу сабабли адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш, шунингдек, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш одил судловни таъминлашнинг устувор вазифаси этиб белгиланганлиги бежизга эмасдир.

Бухоро вилоят суди судьяси  О.Қўлдошов


[1]  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2023 йил 16 январдаги ПФ-11-сонли Фармони

[2] Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси, 2018 йил 1 апрелда қонуний кучга кирган.

[3] Арбитражный процессуальный кодекс Российской Федерации от 24.07.2022 г.

Процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаш суд ҳужжатининг ўзгартирилишига ҳамда бекор бўлишига олиб келади

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексига асосан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади: иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги.

Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги, агар бу нотўғри ҳал қилув қарори қабул қилинишига олиб келган бўлса ёки олиб келиши мумкин бўлса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.

Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги муносабати билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади: суд томонидан ишнинг қонунга хилоф таркибда кўрилганлиги, ишнинг ишда иштирок этувчи, суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган бирор-бир шахс йўқлигида кўрилганлиги, суд иши юритилаётган тил тўғрисидаги қоидалар ишни кўриш чоғида бузилганлиги, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги, ҳал қилув қарорининг судья томонидан имзоланмаганлиги ёхуд ҳал қилув қарорида кўрсатилганидан бошқа судья томонидан имзоланганлиги, ишда суд мажлиси баённомасининг мавжуд эмаслиги, унинг имзоланмаганлиги ёки ушбу Кодекс 202-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилганидан бошқа шахслар томонидан имзоланганлиги ёхуд, агар суд мажлисида аудио ёки видеоёзув амалга оширилган бўлса, аудио ва видеоёзувларнинг электрон ёки бошқа ташувчилари суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилмаганлиги, билдирилган талаб бўйича суд ҳал қилув қарори қабул қилмаганлиги, судьялар маслаҳатининг сир сақланиши тўғрисидаги қоиданинг бузилганлиги.

Шу ўринда суд амалиётига мурожаат этсак.

Даъвогар А МЧЖ жавобгар Б МЧЖга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, пудрат ишларини амалга ошириш тўғрисида шартнома тузиш мажбуриятини юклашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.

Ушбу ҳал қилув қароридан норози бўлиб даъвогар апелляция шикояти берган. Шикоятда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган. Вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво кўрмасдан қолдирилган.

Ишни кўриш жараёнида биринчи инстанция судига даъвогар вакили томонидан тақдим этилган (санаси кўрсатилмаган) даъво аризаси даъвогар вакили А.Алиев томонидан имзоланган даъво аризанинг ксеронусхаси эканлиги, судга тақдим этилган даъво аризаси нусха кўчириш воситаси орқали амалга оширилганлиги аниқланган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексининг талабига мувофиқ, даъво аризаси судга ёзма шаклда берилади. У даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Мазкур ҳолатда биринчи инстанция суди томонидан даъво аризаси даъвогарнинг вакили томонидан нусха кўчириш воситаси орқали амалга оширилганлигига аҳамият берилмаган. Бу эса суд ҳужжатининг бекор қилинишига сабаб бўлган.

Шунингдек, судлар томонидан ишда иштирок этувчи шахслар ва учинчи шахслар ишга жалб қилиниб, уларнинг иштирокида кўриб чиқилишига аҳамият бермоқ лозим бўлади. Чунки, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексида ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар ҳам апелляция шикояти беришга ҳақли эканлиги назарда тутилган.

Бухоро вилоят суди судьяси С.Кушшаев

Skip to content