Ер умуммиллий бойлик сифатида қонун ҳимоясидадир

Маълумки, ер умуммиллий бойлик ҳисобланади, халқимиз ва юртимиз фаровонлиги ва тараққиётининг асоси бўлиб, давлатимиз томонидан алоҳида муҳофазага олинган. Шунга кўра ер муносабатларини тартибга солишда мустаҳкам қонунчилик асослари яратилган бўлиб, унинг асосий вазифаси ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш ва коррупциянинг олдини олишдан иборат.

Бироқ, афсуски ердан фойдаланиш соҳасида ер эгалари ёки бошқа шахсларнинг ер участкаларидан фойдаланишда турли суиистеъмолчиликларга йўл қўйиш, ер участкаларидан самарали фойдаланмаслик, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва тегишли рухсатсиз ноқонуний қурилмалар қуриш ва ер участкасига зарар етказиш каби қонун бузилиш ҳолатлари мавжуд. Зеро, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъбирлари билан айтганда “Ерга хиёнат- бу элга, юртга бўлган хиёнатдир”.

Шуни таъкидлаш лозимки, ер соҳасида содир этилган қонун бузилишлар учун айбдор шахсларнинг қонунга мувофиқ тегишли тартибда фуқаролик, маъмурий ва жиноий жавобгарлигига сабаб бўлади.  

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси,             Ер кодекси  ва бошқа фуқаролик қонунчилигига асосан қонун бузилиш содир этган жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан фуқаролик ҳуқуқий жавобгарлик сифатида ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш, ер участкасидан мажбурий тартибда чиқариш, ноқонуний қурилмаларни буздириш, ер участкасини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш ва унга етказилган зарарни ундириш каби жавобгарликларга сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддасида ерга нисбатан эгалик ҳуқуқини бузиш, хусусан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш,                 601-моддасида суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик, 65-моддасида ерлардан хўжасизларча фойдаланиш ёки уларни яроқсиз ҳолга тушириш каби ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 197-моддасига асосан  ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш,                     1971-моддасида суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик, 2291-моддасида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, 2296-моддасида суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатилган. Фарқли жиҳати, жиноий жавобгарлик белгиланишида содир этилган ҳуқуқбузарликлар оғир оқибатларга олиб келган ёки илгари мазкур ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ҳуқуқбузарлик жавобгарлик чораси қўлланилган бўлиши лозим.

Иқтисодий судларда айнан ердан фойдаланиш соҳасида қонунбузилишларга йўл қўйганлик учун ер участкаларини ижарага бериш шартномаларини бекор қилиш ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши, ер участкасидан мажбурий тартибда чиқариш (ер участкаларини бошқа шахсларнинг қонунсиз эгалигидан олиб бериш), ер участкасида қурилган ноқонуний қурилмаларни буздириш, ер участкасини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш ва унга етказилган зарарни ундириш билан боғлиқ низолар кўриб чиқилади.

Статистик маълумотларга кўра, Бухоро туманлараро иқтисодий судида 2023 йил ва 2024 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар бўйича келиб чиққан низолар юзасидан жами 58 та даъво аризалари кўриб чиқилган, шундан 22 та даъво аризалари қаноатлантирилган, 3 та даъво аризаларини қаноатлантириш рад қилинган, 17 та даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган, 16 та даъво аризалари бўйича иш юритиш тугатилган. Мисол тариқасида, суднинг ҳал қилув қарорлари билан даъвогар Бухоро шаҳар ҳокимлигининг даъво аризаларига асосан жавобгарлар Бухоро шаҳридаги “Gurda Oli” МЧЖ ва “Iman end Kompani” МЧЖлар билан тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш тўғрисидаги шартномалари бекор қилинган. Бунга сабаб мазкур корхоналар томонидан шартнома ва қонунчилик талабларини бузиб, ажратилган ер участкасидан белгиланган мақсадда самарали фойдаланмасдан келинганлиги, бир неча йиллар мобайнида белгиланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирмаслик ва топширмаслик, ер участкасини қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқариб, зарар етказилганлиги каби қонун бузилиш ҳолатлари асос бўлган. Шунингдек, Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармасининг даъво аризалари асосида Бухоро шаҳридаги “Buxara Gaz Invest” МЧЖ, “Buxoro Agro Invest Garden” МЧЖ, “Hikmat Hamdam Omad” фермер хўжаликларига нисбатан даъво аризаларига асосан кўрилган ишлар бўйича мазкур корхоналар тегишли ер участкаларида рухсатсиз ноқонуний қурилмалар қурилганлиги ҳолатлари исботланганлиги сабабли мазкур ноқонуний қурилмаларни жавобгар шахслар ҳисобидан буздириш бўйича тегишли ҳал қилув қарорлари қабул қилинган ва мажбурий ижрога қаратилган.        

Эътиборли жиҳати, судьялар томонидан мазкур тоифадаги низолар сайёр очиқ суд мажлисларида, хусусан ушбу ҳудуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти ва маҳалла йиғинлари вакиллари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларнинг иштирокида кўриб чиқилмоқда, бу эса мазкур низоларни ҳар томонлама тўғри ҳал этишга ва соҳада ҳуқуқбузарликларни олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.  

 Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ердан умуммиллий бойлик сифатида оқилона тарзда фойдаланиш, уни асраб-авайлаш ва келгуси авлодга етказиш ҳар бир фуқаронинг конституциявий бурчи эканлигини ёддан чиқармаслигимиз лозим. 

И.Юлдашев

                                                          Бухоро туманлараро

                                                       иқтисодий суди раиси

                                                       Н.Солиев

                                                          Бухоро туманлараро

                                                       иқтисодий суди судьяси

ЯНГИ КОНСТИТУЦИЯМИЗНИНГ 30 ВА 31-МОДДАЛАРИ МАЗМУН-МОҲИЯТИ

Хабарингиз бор, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинди.

Қомусимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишдан асоссий мақсад, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлашни мақсад қилган.

Эски таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси
128 моддадан иборат бўлган бўлса, ҳозирги янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 155 моддадан иборат бўлиб, қўшимча равишда 27 модда билан тўлдирилди.

Бу эса ўз навбатида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш, мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга хизмат қилади.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг  
30-моддасида “Ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.

Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас.

Конституциямизнинг 31-моддаси “Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Завқий Қурбонов,

Бухоро вилоят судининг судьяси

Суръат Найимов,

Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг раиси

Жиноят жазосиз колмайди

Б. Рашидов илгари гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилганлиги учун судланган бўлса-да, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармади. У 2023 йилнинг 21 сентябрь куни жиноий шериги А. Нурмуродов билан аввалдан тузилган келишувга кўра Қашқадарё вилояти, Косон туманидаги чойхоналардан бирида учрашиб, “уддабурон” ўз “дўст” идан шаффоф рангли полимер пакет ичига солинган соф оғирлиги 109,89 граммли “опий” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 20.000.000 сўм эвазига сотиб олди.
Иши осон битган “тадбиркор” “ажалнинг уруғи” ни ўз бошқарувидаги “Cobalt” русумли автомашина салонидаги хуфия жойга яшириб, Косон туманидан Бухоро вилояти, Когон тумани “Хўжабарги” кўчасининг темирйўл кесишган қисмига қадар қонунга хилоф равишда ташиб келтирди. 2023 йил 21 сентябрь куни соат 14:40ларда, ДХХ Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ва Бухоро вилояти божхона бошқармаси тезкор ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, бу “учар тадбиркор” бошқарувидаги “Cobalt” тўхталганида, автомашина салон қисмини ёритиш чироғи ўрнатилган жойнинг бўшлиғига махсус яширилган, шаффоф рангли полимер пакет ичида етти дона шаффоф рангли полимер пакетчага алоҳида-алоҳида ўралган, тўқ жигарранг рангли, ўзига хос ўткир ҳидли, сақичсимон кўринишдаги гиёҳвандлик воситасига ўхшаш моддалар ихтиёрий тақдим этилгди. Ушбу моддалар келгусида текшириб кўриш учун процессуал тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Суд-кимёвий экспертиза хулосасига кўра бу модда “опий” гиёҳвандлик воситаси эканлигини тасдиқлади.
2023 йил 22 сентябрь куни соат 13:35ларда, ДХХ Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ва Бухоро вилояти божхона бошқармаси тезкор ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри, И. Каримов кўчасидаги “Асила” номли меҳмонхона автотураргоҳида тўхтаб турган А. Нурмуродов бошқарувидаги “Spark” автомашинаси тўхталганида, “ишбилармон” нинг эгнидаги кийимини ён чўнтагида, гугурт қутичаси ичида тўққиз дона шаффоф рангли полимер пакетчаларга алоҳида-алоҳида ўралган, тўқ жигарранг рангли, ўзига хос ўткир ҳидли, сақичсимон кўринишдаги умумий оғирлиги 10,35 граммли “опий” гиёҳвандлик воситаси ихтиёрий тақдим этилди.
Қилмиш – қидирмиш деб шуни айтадилар-да. Суд ҳукмига кўра фақат ўз чўнтагини ўйлаган икки “шоввоз” қолган умрининг бир қисмини панжара ортида ўтказишига тўғри келадиган бўлди.

Яшин НИЁЗОВ,
Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг раиси
Нурбек Рахимов
Бухоро вилоят суди бош консультанти

Қўшнисига қасддан оғир тан жароҳати етказиб, унинг ўлимига сабаб бўлган шахс озодликдан маҳрум этилди

Судланувчи Н.Нодирбеков 2023 йил 24 ноябрь куни соат 20:00да қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, Бухоро шаҳар, “Фурқат” МФЙ, Бўстон кўчаси, 24-уй олдида қўшниси С.Хамдамов билан ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб қолиб, жанжал вақтида унинг юз соҳасига қўл мушти билан қасддан уриб, суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, С.Хамдамовнинг бош мия ёпиқ шикастланиши, бош мия лат ейиши каби жароҳатлар билан С.Хамдамовнинг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир қилган.

Судланувчи Н.Нодирбековга оид жиноят иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби ўзининг айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, нарсани кўздан кечириш ва олиб қўйиш, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш баённомалари, жабрланувчи ва гувоҳларнинг сўроқ баённомалари, суд-тиббий экспертиза хулосаси билан ўз исботини топган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2024 йил
11 мартдаги ҳукмига кўра, судланувчи Н.Нодирбеков Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисмининг “д” банди билан 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Суд ҳукмига нисбатан Н.Нодирбеков жазони енгиллаштириш масаласида апелляция шикояти келтирган.

Шикоятга асосан иш вилоят судида кўриб чиқилиб, Н.Нодирбеков томонидан содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси борлиги инобатга олиниб, апелляция инстанциясининг 2024 йил 17 апрелдаги ажримига кўра, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Нозимжон Жураев,

Бухоро вилоят судининг судьяси

Завқий Қурбонов,

Бухоро вилоят судининг судьяси

Бир неча маротаба фирибгарлик жиноятини содир этган хавфли рецидивист аёл озодликдан маҳрум этилди

Судланувчи Г.Олимова хавфли рецидивист бўла туриб, 2023 йил
17 ноябрь куни ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, Когон шаҳар, Темирйўлчи маҳалласи Темирйўлчи кўчасида жойлашган қўп қаватли уйлар биноси олдида Ш.Янгиевнинг ишончига кириб, ундан сўмга нисбатан қиймати1.349.711 сўмга тенг бўлган 110 АҚШ долларлик “Redmi 9T” русумли уяли алоқа воситасини алдаб қўлга киритиб, ушбу уяли алоқа воситаси учун пулни 2023 йилнинг декабрь ойи охирига қадар тўлиқ қоплаб беришни ваъда қилиб, телефон аппаратини сотиб юбориб, қўлга киритилган пулни қайтармасдан ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб, ўзига билдирилган ишончни суиистеъмол қилиб, жабрланувчига моддий зарар етказиб, фирибгарлик қилган.

Шунингдек, Г.Олимова хавфли рецидивист бўла туриб, 2023 йил
10 декабрь куни ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида Когон шаҳар, А.Навоий номли маҳалла ҳудудидаги Когон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси олдида Д.Хайруллаевнинг ишончига кириб, баҳоси 1.300.000 сўмлик “Infinix Note 30I” русумли уяли алоқа воситасини алдаб қўлга киритиб, ушбу уяли алоқа воситаси учун пулни 2023 йил 17 декабрь кунига қадар тўлиқ беришни ваъда қилиб, телефон аппаратини сотиб юбориб, қўлга киритилган пулни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб, ўзига билдирилган ишончни суиистеъмол қилиб, жабрланувчига моддий зарар етказиб, такроран фирибгарлик қилган.

Судланувчи Г.Олимовага оид жиноят иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби судда ўзининг айбига тўлиқ иқрорлик билдириб
берган кўрсатувларидан ташқари, жабрланувчиларнинг аризалари,
смс ёзишмалари, сўроқ баённомалари, тушунтириш хатлари билан ўз исботини топган.

Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг 2024 йил
22 январдаги ҳукмига кўра, Г.Олимова Ўзбекистон Республикаси
Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан ЖКнинг
57, 59, 61-моддалари тартибида 4 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Суд ҳукмига нисбатан судланувчи Г.Олимованинг адвокати томонидан жазони енгиллаштириш масаласида кассация шикояти келтирган.

Шикоятга асосан иш вилоят судида кўриб чиқилиб, кассация инстанциясининг 2024 йил 15 мартдаги ажримига кўра, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Нозимжон Жураев,

Бухоро вилоят судининг судьяси

Зариф Шеров,

Бухоро вилоят судининг судьяси

Иккинчи маротаба ўғрилик жиноятини содир қилган аёл озодликдан маҳрум этилди

Судланувчи Н.Наврўзова муқаддам содир этган ўғрилик жинояти учун судланиб, жазони ўтаб келаётганлигидан ўзига тегишли ижобий хулоса чиқармасдан, яна қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш ва текин бойлик орттириш мақсадида, 2023 йил 1 декабрь куни соат 14:00ларда Бухоро шаҳар, Абай кўчаси, 6 уй, 3-хонадонда яшовчи қариндоши Ж.Исмаилованинг яшаш уйига меҳмонга бориб, Ж.Исмаилова уйдан чиқиб кетганлигидан фойдаланиб, унга тегишли баҳоси 1.500.000 сўмлик бир дона аёллар тилла узуги ва баҳоси 5.000.000 сўмлик бир дона аёллар тилла занжирини яширин равишда талон-торож қилиб, хавфли рецидив ўғрилик жиноятини содир қилган.

Судланувчи А.Наврўзовага оид жиноят иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби воқеа жойини кўздан кечириш, нарсани олиб қўйиш ва кўздан кечириш, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, шахсни таниб олиш учун кўрсатиш баённомалари, жабрланувчи ва гувоҳларнинг сўроқ баённомалари билан ўз исботини топган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2021 йил
26 февралдаги ҳукмига кўра, судланувчи А.Наврўзова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Суд ҳукмига нисбатан Н.Наврўзова жазони енгиллаштириш масаласида апелляция шикояти келтирган.

Шикоятга асосан иш вилоят судида кўриб чиқилиб, Н.Наврўзованинг шахси, муқаддам содир этган ўғрилик жинояти учун судланиб, жазони ўташ даврида қасддан яна ўғрилик жинояти содир этганлиги, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо тайинламасдан туриб, унинг ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олишга эришиб бўлмаслиги инобатга олиниб, апелляция инстанциясининг 2024 йил 8 апрелдаги ажримига кўра, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Нозимжон Жураев,

Бухоро вилоят судининг судьяси

Шавкат Қувватов,

Бухоро вилоят судининг судьяси

Жиноятга жазо муқаррар СОХТА ҲОЖАТБАРОРЛАР

Коррупция, порахўрлик жамият ривожига тўсқинлик қилувчи иллатлардан бири ҳисобланади. Нафс қулига айланган ва борига қаноат қилмай ўзгалар ҳамёнидаги пулга кўз тикадиган кимсалар охир-оқибат ўзларидаги қусур қурбонига айланишларини бир зум бўлса-да ўйлаб кўришга қодир эмаслар. Акс ҳолда ҳаётларини барбод қилувчи ва эл олдида шармандаи шармисор қилгувчи бу хатти-ҳаракатларини тўхтатган, бу ишнинг охири вой бўлишини идрок этган бўлур эдилар.
Фуқаро Д.К вилоят Перинатал марказида кичик тиббий ходим вазифасида ишлаб келган. Бир муддат ишлаб, тажрибаси ошган ходиманинг осон йўл билан қўшимча “даромад” топишга иштиёқи пайдо бўлади. “Ҳа, нима қилибди. Маошим ҳам озгина бўлса. Шу оз маошга қаноат қилиб ўтирадиган бўлсам, яхши еб, яхши кийина олмайманку. Менам чой-чақа топишга ҳақлиман”, дея кўнглидан ўтказди қаҳрамонларимиздан бири.
У бир куни шу ерда ҳамшира бўлиб ишлайдиган таниши З.К билан шу мавзуда суҳбатлашиб қолди. Унга биргаликда “ишлашни” таклиф қилди.
-Ишга кираман, деб юрганларнинг анчасини биламан, -деди ҳамшира ўйчан қиёфада.
-Яхшику. Ўша танишларингизни менга рўпара қилинг, қолган ишни ўзим дўндираман. Баҳонада иккаламиз ҳам бир нарсалик бўлиб қолардик, – деди кичик тиббий ходим ҳам унинг бу гапидан суюниб кетиб.
Фуқаро М.Р ҳамширанинг тарғиботи билан Д.К.га қўнғироқ қилди. Яқинда ўқишни битирганлигини, иш топишда қийналаётганлигини ва шу масалада ёрдам беришини сўради. Д.К унга ваколатли танишлари борлигини, бунинг учун 2.500 АҚШ доллари керак бўлишини силлиққина қилиб тушунтирди. Аввалига “мижоз” бунча пули йўқлигини, иложи бўлса айтилган сумма миқдорини бироз камайтиришни сўради. Илтимосига рад жавобини олгач, бирон йўлини топишини, уч-тўрт кундан сўнг жавобини айтишини билдирди.
Улар 2023 йилнинг октябрь ойида вилоят Перинатал маркази ҳовлисида кўришишни келишиб олдилар. Кечқурунга яқин иккаласи топишди ва бири иккинчисига кимёвий ишлов берилган “кўк”ни узатди. Кичик тиббий ходим “ўз оёғи билан келган” пулни энтикиш билан қўлига олди. Бир муддат пулга маҳлиё бўлиб турар экан, суҳбатдошининг нималарнидир тайинлаб айтаётган сўзлари деярли қулоғига кирмади. Наҳот бу пуллар энди меники бўлса? Аёл еттинчи осмонда учиб юрганди гўё.
Қўққисдан бошланган талотўпдан ҳуши жойига келди. Қараса, атрофини фуқаро кийимидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ўраб олган. У ўша жойнинг ўзида ашёвий далиллар билан жиноят устида қўлга олинди.
Суд мажлисида судланувчи Д.К айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Қилган ишининг моҳиятини ўйламаганлигини, эндиликда қаттиқ афсусда эканлигини айтиб, суд ҳайъатидан қонуний енгиллик беришларини сўради.
Ишни кўриб чиққан суд Д.К ҳамда З.Кларга муайян муддатга ахлоқ тузатиш ва озодликни чеклаш билан боғлиқ жазоларни қўллади. Бу давр ичида уларда қилган ишлари оқибатидан тегишли хулоса чиқаришга етарлича имкон ва шароит бўлади.

У.РЎЗИЕВ,
Бухоро вилоят судининг раиси.
Яшин НИЁЗОВ,
Жиноят ишлари буйича Когон шаҳар судининг раиси

Келишув битимини мазмуни ва қандай тартибда тузилади

Миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш борасида ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсатини либераллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда ҳудударни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди[1].

Ҳозирги шиддат билан ривожланаётган иқтисодий сиёсий шароитда тадбиркорларнинг таваккалчиликка асосланган фаолиятини олиб боришида, унда контрагентларнинг ишонч, ҳурмат ва ўзаро ҳамкорлик асосида бизнесни ташкил қилишида бир қатор муаммоларга дуч келмоқда. Бу ўз навбатида, ўзаро ҳамкорликнинг тарқалиб кетишига, ҳатто айрим ҳолатларда катта миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлмоқда.

Мазкур ҳолатларда низони келишув йўли билан ҳал этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу ўринда, келишув битими нима деган савол туғилади.

Аслида, келишув битими низо томонлари ўртасидаги битим бўлиб, унинг матнида муаммони ҳал қилиш йўллари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, шартларга риоя қилмаслик учун жавобгарлик кўрсатилади. Бундай келишув баҳсли вазиятни тугтатади, муаммони тугатади. Бошқа ҳар қандай шартнома муносабатларидан ўзига хос хусусияти суд томонидан маъқуллаш зарурати бўлиб, эришилган келишув суд қарори кучини беради[2].

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 16-боби яраштириш тартиб-таомилларига бағишланган бўлиб, унда суд тарафларнинг келишуви учун чоралар кўради, уларга иқтисодий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашиши белгиланган.

Тарафлар низони келишув битимини ёки медиатив келишувни тузиб ҳал этиши мумкин.

Келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.

Шунингдек, келишув битими иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида, медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин.

Келишув битими у суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган ҳисобланади. Келишув битими ёзма шаклда тузилади ва келишув битимини тузган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади.

Келишув битимида тарафлар томонидан келишилган мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари ҳақидаги қоидалар кўрсатилиши керак.

Тарафлар томонидан келишув битими шартлари бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши тарафларни бир-бирига ёки бошқа воқеаларга (ҳаракатларга) боғлиқ қилиб қўйиши мумкин эмас.

Келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин.

Агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида умумий тартибда ҳал этади.

Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта ортиқ нусхада тузилади ва имзоланади. Ушбу нусхалардан бири иш материалларига қўшиб қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида” 2009 йил
18 декабрдаги 204-сонли қарорида Судлар инобатга олишлари лозимки, келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби (талаблари)га нисбатан аниқликка эришишга қаратилган, низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилиши, ИПК 163-моддаси биринчи қисмининг 8-бандига мувофиқ суд ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида тарафларни муросага келтириш чораларини кўриши, шу муносабат билан даъво аризасини қабул қилиш ва ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажримда суднинг тарафларга низони келишиш йўли билан ҳал этиш ҳақидаги таклифи кўрсатилиши лозимлиги тўғрисида тушунтириш берилган.

 Яна шуни қайд этиш лозимки, суд келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда иш юритиш тугатилганлиги кўрсатилади.

Келишув битими суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган тақдирда, битим ишни кўрган биринчи инстанция судига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Ижро босқичида тузилган келишув битимини тасдиқлаш масаласи келишув битими судга тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда кўрилади.

Келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги ажримнинг хулоса қисмида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) келишув битимининг шартлари;

2) келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги хулоса;

3) суд харажатларини тақсимлаш;

4) иш юритишни тугатиш ҳақидаги маълумот.

Бундан ташқари, келишув битимини тасдиқлаб беришда судлар қуйидаги ҳолатларга аҳамият беришлари лозимлиги қайд этилган.

ИПКнинг 63-моддасига кўра, судда иш юритиш ваколатлари вакилга уни вакил қилган шахс номидан барча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини беради, бундан даъво аризасини имзолаш, ишни ҳакамлик судига топшириш, даъво талабларидан қисман ёки бутунлай воз кечиш ва даъвони тан олиш, даъво предметини ёки асосини ўзгартириш, келишув битими, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув ёки медиатив келишувни тузиш, ваколатларни бошқа шахсга топшириш (ишониб топшириш), суд ҳужжати устидан шикоят қилиш, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризани имзолаш, суд ҳужжатининг мажбурий ижро этилишини талаб қилиш, ундирилган мол-мулкни ёки пулни олиш мустасно. Вакилнинг ушбу моддада кўрсатилган ҳаракатларнинг ҳар бирини амалга оширишга бўлган ваколатлари у қайси шахс томонидан вакил қилинаётган бўлса, ўша шахс берган ишончномада махсус назарда тутилган бўлиши керак.

Хулоса қиладиган бўлсак, мазкур институт тадбиркорлик соҳасида ҳамкорликни кучайишига, тарафлар ўртасида дўстона муносабатларнинг сақланиб қолиши, иқтисодий судларга низоларни тез ва тўғри ҳал этилиши, шунингдек, судларда низоларнинг камайишига сезларли даражада таъсир кўрсатади.

Бухоро вилоят суди судьяси Х.Абдуллаев


[1] «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Ўзбекистон республикаси Президентининг Фармони

[2]  https://admmuji.ru/blog/finansy/zaklyuchenie-mirovogo-soglasheniya-v-sude-usloviya-i-sroki-v-2022.html

Юқори инстанцияларга шикоят келтирилишида давлат божи тўлашдан озод қилинган органлар, давлат божини кечиктириш ва бўлиб бўлиб тўлаш тартиби

Давлат божи юридик аҳамиятга молий ҳаракатларни амалга оширганлик ва бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар  ва мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўловдир.

Давлат божини тўлаш асослари ва тартиби, уни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш,  тўлашдан озод қилиш тартиби, давлат божини қайтариш тартиби “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тартибга солинади.

Қонунинг 5-моддасида давлат божи ундириш объектлари белгиланган.

Қонун 5-моддасининг иккинчи қисмига кўра, иқтисодий судларга бериладиган даъво аризаларидан, ташкилотларни ва фуқароларни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризалардан, низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида ишга киришиш ҳақидаги аризалардан, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалардан, иқтисодий суднинг ҳал қилув қарорлари, иш юритишни тугатиш ҳақидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги, суд жарималарини солиш ҳақидаги ажримлар устидан бериладиган апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоятларидан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги, арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тўғрисидаги, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги аризалардан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги, арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тўғрисидаги, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги ишлар бўйича иқтисодий суд ажримлари устидан бериладиган апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоятларидан, чет давлат судининг, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризалардан, чет давлат судининг, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги ишлар бўйича суд ажримлари устидан бериладиган апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоятларидан, шунингдек иқтисодий судлар томонидан ҳужжатларнинг дубликатларини ва кўчирма нусхаларини берганлик учун давлат божи ундирилиши назарда тутилган.

Суд қарорлари ёки ажримлар эълон қилингандан сўнг суд ҳужжатидан норози бўлган тарафлар унинг устидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексида белгиланган тартибда апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят келтирадилар. Шикоятлар келтиришда давлат божи тўлашдан озод этилиши, давлат божи тўлашни кечиктирилиши ёки бўлиб бўлиб тўлашига йўл қўйиладими?

 Қонунга илова қилинган “Давлат божи ставкалари миқдорлари”
2 банди “д” кичик бандида апелляция, кассация ва тафтиш тартибида берилган шикоятлардан- биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун аризалар  берилганда тўланадиган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланиши кўрсатилган.

Қонунинг 9-моддасида иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган субъектлар, яъни органлар санаб ўтилган. Унга кўра, иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод қилинади:

1) даъвогарлар — ўрмон дарахтларини ўзбошимчалик билан кесиш ҳамда ўрмондан фойдаланиш, ўрмонни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш тартиби ва шартларини бошқача тарзда бузиш туфайли ўрмон фондига етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги, ўрмон хўжалиги даромади суммаларини (шу жумладан, ўрмон дарахтларини ўсиб турган жойида сотиш қоидаларини бузганлик учун зарар ва неустойкани, шунингдек ўзбошимчалик билан ўрмон дарахтларини кесганлик, пичан ўрганлик ва молларни ўтлатганлик учун жарималарни) ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича;

2) Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан;

3) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар бўйича;

4) ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари, шунингдек уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари — барча даъволар бўйича;

5) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари — «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ пенсияларни тўлашга кетган маблағларни ташкилотлардан ундириб олиш бўйича даъволар, шу жумладан регресс даъволар юзасидан;

6) суғурта фаолиятини тартибга солиш ва тафтиш тартибидаги қилиш органи — мажбурий суғурта операциялари билан боғлиқ барча ишлар бўйича;

7) Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг жойлардаги органлари — сув тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик туфайли давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун маблағларни давлат даромадига ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича;

8) Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг жойлардаги органлари — атроф-муҳитни ифлослантирганлик, табиатдан ўзбошимчалик билан фойдаланганлик ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг тартиб ва шартларини бошқача тарзда бузганлик туфайли табиий объектларга ва комплексларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар бўйича;

9) Ўзбекистон Республикасининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар бўйича;

10) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази ҳамда унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар ва аризалар бўйича;

11) Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар бўйича;

12) давлат солиқ хизмати органлари, молия ва божхона органлари — барча ишлар ҳамда ҳужжатлар бўйича, шунингдек алоҳида юритиладиган ишлар бўйича судга аризалар берганлик учун;

13) прокуратура органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;

14) адлия органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;

141) давлат органлари — ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

142) Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялари — кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш соҳасида ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар юзасидан;

15) ундирувчи ёки давлат ижрочиси — қонунда назарда тутилган тақдирда, қарздорни ёки унинг мол-мулкини қидириш бўйича харажатларнинг ўрнини қарздор томонидан қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

16) халқаро ва чет эл ҳукумат молия ташкилотлари томонидан ҳукуматлараро келишувлар асосида берилган кредитлар бўйича асосий қарздор сифатида қатнашувчи давлат органлари ва ташкилотлари — субзаём олувчилардан пайдо бўлган қарздорликларни ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

17) давлат эҳтиёжлари учун товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб бериш шартномалари бўйича сотиб олувчи ҳисобланган давлат органлари ва ташкилотлари — етказиб берувчилар (пудратчилар) томонидан шартнома мажбуриятларининг бажарилмаганлиги билан боғлиқ даъволар юзасидан;

18) Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари — фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан;

19) аризачи ва жавобгар — ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича;

20) чет эл инвестициялари иштирокидаги акциядорлик жамиятлари — уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги даъволар юзасидан;

21) тадбиркорлик субъектлари — ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берганда;

22) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, унинг жойлардаги органлари — ер тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича;

23) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари — моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни кўзлаб қилинган даъволар ҳамда берилган аризалар юзасидан;

24) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг жойлардаги органлари — қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги қонунчиликни бузганлик бўйича давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;

25) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб бериладиган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан;

26) Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси — Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берилган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан;

27) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, унинг жойлардаги органлари — ер тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича.

Ушбу модда биринчи қисмининг 2, 20 ва 21-бандларида кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади.

Ушбу санаб ўтилган органлар суд ҳужжатлари устидан апелляция шикояти беришда ҳам давлат божи тўлашдан озод қилинадилар. Қонунда бевосита бу ҳақда кўрсатилмаган. Аммо Олий суд раҳбарий кўрсатмаларида, Пленум қарорида бу ҳақда тушунтириш берилган.

 Қонун бўйича судья давлат божини тўлашдан тўлиқ ёки қисман озод қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бироқ,  апелляция шикояти беришда тараф давлат божи тўлашдан озод қилинмаган бўлса, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган юридик ва жисмоний шахс мулкий аҳволидан келиб чиқиб, апелляция шикоятида беришда тўланиши лозим бўлган давлат божини тўлашни кечиктириш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилишга ҳақли.

 Қонун 29-моддасининг йигирма еттинчи қисмига кўра, пул маблағлари мавжуд бўлмаган ва бу хизмат кўрсатувчи банк томонидан тасдиқланган тақдирда, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларга суднинг ажримига кўра давлат божини кечиктириб тўлашга рухсат берилиши мумкин. Банк тасдиғида судга мурожаат қилинган санадан кўпи билан уч кун олдинги сана қайд этилган бўлиши керак.

Судларга шикоятлар берилишида тўланиши лозим бўлган давлат божини кечиктириш масаласини ҳал этишда, илтимосномага биноан бу шахсларнинг давлат божини бир йўла ёки қисман тўлашга пул маблағлари бўлмаганлигини тасдиқловчи ҳолатлар мавжудлиги ҳақидаги далилларни текширади. Пул маблағларининг бўлмаганлиги тўғрисидаги банкнинг тасдиғи судга мурожаат қилинган санадан кўпи билан уч кун олдинги сана билан қайд этилган бўлса, суд илтимосномани қаноатлантириб, давлат божини тўлашни  кечиктириш ҳақида ажрим чиқаради.

Иш юқори инстанция судида кўриб мазмунан ҳал қилинганда иш натижаларидан келиб чиқиб, Қонунда назарда тутилган имтиёзларни инобатга олган ҳолда  давлат божини ундириш масаласи ҳал этилади.

Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси С.Абдурасулов 

Умумий ва континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда суд қарорлари устидан шикоят қилиш ва қайта кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари

Сўнги йилларда Янги Ўзбекистонда инсон қадри устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, мамлакатимизда суд – ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 24 июлдаги                        ПФ–6034-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил              12 январдаги ЎРҚ-663-сон Қонунига асосан қуйидаги тартиблар жорий этилган:

туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;

            апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон

Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан

кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб  чиқиш.

Бунда “Бир суд – бир инстанция” тамойили 2021 йил январдан суд

қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилиш мақсадида жорий этилган.

“Бир суд – бир инстанция” тамойили асосида жорий қилинган суд қарорларини қайта кўриш институти бўйича жиноят судларида ўтказилган таҳлиллар мазкур институтни такомиллаштириш заруратини кўрсатган.

Хусусан, суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигигини  текширишда “Бир суд – бир инстанция” тамойили асосида кассация инстанциясида ишларни кўриш Олий суд ваколатига ўтказилиши суд ишларини кўришнинг ўта марказлаштирилган тизимини вужудга келтириб, ўрта бўғин – вилоят судлари имкониятларидан самарали фойдаланилишини чекламоқда.

Бундан ташқари, Олий судда иш ҳажмининг ортиб кетиши натижасида айрим ҳолларда ишларни кўриш муддатлари бузилиши ҳолатлари учрамоқда, шунингдек иш ҳажмининг кўпайганлиги судьяларнинг иш сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Оқибатда шикоятдаги важлар ҳар тарафлама тўлиқ текширилмай, иш бўйича якуний қарор қабул қилинмасдан, суд қарори бекор қилиниб, қуйи судларга юбориш ҳолатлари кўпайган.

Бундан ташқари, апелляция тартибида кўрилмаган ишларнинг келгусида кассация инстанциясида кўриб бўлмаслиги ҳақидаги қонун талаблари фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Шу билан биргаликда судга шикоят қилиш муддатининг қисқалиги кўп ҳолларда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш имконини бермаётганлиги, судга мурожаат қилиш имкониятини чеклаётганлиги сабабли ушбу муддатларни қайта кўриб чиқиш ва узайтириш бўйича кенг жамоатчилик, ижтимоий тармоқ вакиллари томонидан билдирилган таклифлар ва мулоҳазалар, шунингдек суд амалиёти таҳлили натижаларидан келиб чиққан ҳолда одил судловни такомиллаштириш зарурияти келиб чиқмоқда.

Шу муносабат билан суд қарорларини қонунийлигини ва асослилигини текшириш механизмлари янада такомиллаштириш ва суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш зарурияти келиб чиқмоқда.

Бунда, хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш миллий қонунчиликни такомиллаштиришда муҳимдир.

Хусусан, Европа мамлакатларида суд қарорларини қонунийлигини ва асослилигини текшириш механизмлари ўзига хос. 

Жумладан, замонавий ҳуқуқ тизимига кўра, Европа давлатлари умумий ва континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларга ажратилади.

Ушбу тизимлар ўртасидаги асосий фарқлар қуйидагиларда намоён бўлади:

Биринчидан, суд қарорлари устидан шикоят қилиш ва қайта кўриш тизими бўйича;

Иккинчидан, биринчи инстанция судларида қарор қабул қилувчи шахс ёки шахсларга ахборот тақдим этиш жараёнига кўра.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Европа давлатларининг суд қарорлари қонунийлигини ва асослилигини текшириш турлари, асослари ва тартиби юқори инстанция судлари ваколатлари доираси бир биридан фарқ қилади.

Хусусан, кўпчилик Европа давлатларида суд ҳокимияти уч босқичли суд тизимидан таркиб топган бўлиб, умумий қоидага кўра, биринчи босқич – биринчи инстанция, иккинчи босқич – апелляция суди, Олий суд органи эса апелляция, кассация ёки тафтиш суди ҳисобланади.

Шунга кўра, Европа судларини учта моделга бўлиш мумкин, булар «апелляция-апелляция» (умумий ҳуқуқ ва скандинавия мамлакатларида), «апелляция – тафтиш» (Австрия, Германияда) ва «апелляция – кассация» тизими (Бельгия, Франция, Греция, Италия, Люксембург, Нидерландия, Испания, Португалияда).   

Умумий ва континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларнинг суд тизимлари биринчи инстанцияси суди қарори якунийлигига кўра ҳам фарқланади.

Жумладан, умумий ҳуқуқ тизимидаги мамлакатларда суд қарорлари устидан шикоят қилиш ва қайта кўриш тартиби қонунчиликда белгиланган бўлишига қарамасдан биринчи инстанция суди қарори якуний ҳисобланади.

Ушбу давлатларнинг қонунчилик тизими ва ҳуқуқни қўллаш сиёсати суд қарорларига нисбатан шикоятларни камайтиришга қаратилган.

Континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда эса биринчи инстанция судининг қарори қайта кўриш босқичларидан ўтгандан сўнггина якуний ҳисобланади.

Шу билан бирга, Европада суд қарорларини қайта кўришда юқори инстанция судлари ваколатлари доираси ҳам турлича.

Хусусан, континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда апелляция инстанцияси ваколатлари умумий ҳуқуқ давлатларига нисбатан кенгроқ ва «иккинчи – биринчи инстанция» функциясини бажаради.

Шу билан бирга, ҳуқуқ тизимлари процессуал тартибидаги яна бир фарқ олий суд органларининг ваколатлари доирасида ҳам намоён бўлади.

  Умумий ҳуқуқ тизимидаги давлатларда олий суд органи (апелляция судлари) нафақат ҳуқуқ масалаларини балки, фактларни ҳам тадқиқ этса, континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда (кассация ёки тафтиш) охирги инстанция фақат ҳуқуқ масалалари билан чекланади.

Юқорида  санаб ўтилган Европа ҳуқуқ тизимларида судларнинг ўзига хослиги Англияда нисбатан эртароқ марказлашган қироллик судлари ташкил топганлиги билан ҳам изоҳланиши мумкин.

Мисол учун, Англияда милодий 1100 йилдан бошлаб мамлакатнинг турли ҳудудларида фуқаролар ўртасида вужудга келувчи низоларни ҳал қилувчи «қироллик судьялари» фаолият кўрсата бошлаган.

Ушбу судьялар низоларни сайёр суд тартибида ҳудудларга чиққан ҳолда ва тўлов эвазига ҳал қилган.

Бунда, судьялар корпуси шунга ўхшаш ишлар бўйича бошқа судьялар томонидан қабул қилинган қарорларга оғишмай риоя қилган, бунинг натижасида суд прециденти ҳуқуқи шаклланган ва юқори инстанцияга эҳтиёж бўлмаган.

Ўз навбатида континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда апелляция одил судловнинг ажралмас таркиби сифатида шаклланган ва   суд қарорларини қонунийлигини ва асослилигини текшириш одатий жараён бўлган.

Шу билан бирга, континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда суд тизими марказлашиши жараёни кечроқ амалга ошган ҳамда юқори инстанция судларининг асосий вазифаси қуйи судларнинг ҳуқуқни қўллаш ва шарҳлаш амалиётини бирхиллаштириш ва қуйи судларга интизомий чоралар кўриш бўлган.

Натижада, босқичма босқич вертикал буйсунувга эга суд қарорларини қайта кўриш одил судловни бир таркиби бўлган континенталь ҳуқуқ тизими шаклланган.

Апелляция босқичи. 

Таҳлилларга кўра, умумий ва континенталь ҳуқуқ тизими давлатларида суд қарорларини қонунийлигини ва асослилигини текшириш жараёни ва тартиби айнан апелляция босқичида фарқ қилади.

Авваламбор, иккала ҳуқуқ тизимларида биринчи инстанция суди қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига бўлган қарашлар турлича.

Европа давлатлари қонунчилиги таҳлили шуни кўрсатадики, барча давлатларда апелляция шикояти тақдим қилиш ҳуқуқи тан олинади, бироқ бу ҳуқуқ бир қатор шартлар ва таомиллар, жумладан, муддати, асоси ва қарорни ўзгартириш ёки бекор қилиш асоси, даъво миқдори ва бошқалар билан чекланган.

 Мисол учун, баъзи давлатларда даъво миқдори катта бўлмаган ишлар бўйича суд қарорлари қайта кўриб чиқилмайди.

 Масалан, Англияда берилган шикоят суд қарори қайта кўриб чиқилишини англатмайди, балки юқори инстанция учун қарорни қайта кўриш қанчалик мақсадга мувофиқлигини ўрганишга асос бўлади.

Шу билан бирга, биринчи инстанция суди томонидан иш муҳокамасида хатоликларга йўл қўйилган тақдирдагина тарафлар томонидан суд қарорларини қайта кўриш бўйича шикоят тақдим қилиниши мумкин.

Акс ҳолда, бундай шикоятлар ўз ҳуқуқларини суиисътемол қилиш, суд ресурсларини исроф қилиш ва қарши томонга асоссиз ноқулайликлар, харажатлар келтириб чиқариш сифатида баҳоланади.

Юқорида таъкидлангандек, Англия ва бошқа умумий ҳуқуқ тизимидаги давлатларда биринчи инстанция суди қарорлари устидан шикоят қилиш одатий ҳол эмас балки истисно сифатида қабул қилинган.

Ушбу концепция, ўз навбатида иш учун аҳамиятли барча ҳолатлар биринчи инстанция судида тадқиқ қилиниши лозимлиги ҳақидаги фикрдан келиб чиққан. 

Акс ҳолда, олимларнинг фикрича, иш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқлаш юки биринчи инстанция судидан юқори инстанцияларга кўчади ҳамда биринчи инстанция суди ишни кўриб чиқишда “дастлабки” ёки “ўтказувчи” инстанция бўлиб қолади. 

Айнан, Европа давлатларида апелляция судлари иш ҳолатлари бўйича фактларни тадқиқ қилишига кўра 4 та тоифага бўлинади.

Биринчиси, “de novo” моделидаги апелляция судларида биринчи инстанция суди бўлиб ўтмаган каби иш тўлиқ қайта муҳокама қилинади.

Бундай кўринишдаги апелляция иш юритуви жуда кам учрайди, муқаддам Америка қўшма штатларида қишлоқ судлари қарорларини қайта кўришда қўлланилган, бироқ бугунги кунда АҚШда учрамайди.

Бунинг сабаби, биринчи инстанция суди томонидан иш муҳокамасида баённома ёки шу каби процессуал ҳаракатларни расмийлаштириш усуллари қўлланилмасдан, ишлар оғзаки юритилган.

Иккинчи тоифа, “Review on the Record Alone” – ишни суд муҳокамаси баённома ёки бошқа мустаҳкамлаш воситалари асосида қайта кўриб чиқиш.

   Бу кўпроқ умумий ҳуқуқ тизимидаги Европа давлатларида қўлланиладиган апелляция иш юритуви тоифаси ҳисобланади ҳамда бунда суд муҳокамасини мустаҳкамлаш воситалари шу жумладан, баённома, стенограмма, аудио – ёзув, иш бўйича қисқача умумлашма, ёзма фикрлар, ашёвий далилларнинг тавсифи ва бошқа ҳужжатлар асосида  иш қайта кўриб чиқилади.

Бунда апелляция инстанция томонидан иш бўйича далиллар бевосита текширилмайди балки, биринчи инстанция судида юритилган баённома ёки бошқа муҳокамани мустаҳкамлаш воситалари асосида  қуйи суд йўл қўйган хатолар таҳлил қилинади.

            Мазкур тоифадаги апелляция судларига қуйи суд томонидан фақатгина баённома ёки бошқа муҳокамани мустаҳкамлаш воситалари тақдим қилинади.

            Шундан келиб чиқиб, бунда юқори суд томонидан биринчи инстанция суди томонидан иш муҳокамасида фактларни аниқлашда,  моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллашда суд қарорини бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига олиб келадиган хатоликларга йўл қўйилганлиги текширилади.

            Ушбу тоифадаги апелляцияда янги далиллар фақатгина манфаатдор тараф томонидан ушбу далилни биринчи инстанция судида тақдим қила олмаганлиги исботлансагина қабул қилиниши мумкин.

            Учинчи тоифа, янги далилларни тақдим қилиш йўли билан баённома асосида ишни қайта кўриш “Review on the Record Supplemented by fresh evidence” – континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда кенг тарқалган апелляция кўриниши ҳисобланади.

            Ушбу тоифадаги апелляцияда тарафларнинг янги далилларни тақдим қилиш ҳуқуқлари турлича, жумладан, баъзи давлатларда тарафларнинг бу ҳуқуқи чекланмаган, баъзи давлатларга эса далиллар биринчи инстанция судида тақдим қилинмаганлиги сабаби асослангандагина тақдим қилиниши мумкин.

Тўртинчи тоифа, янги далилларни чекланган тарзда тақдим қилиш йўли билан баённома асосида ишни қайта кўриш “Review on the Record Supplemented by limited fresh evidence” – тўлиқ бўлмаган апелляция бўлиб, бунда суд қуйи инстанция томонидан иш муҳокамасида юритилган баённома ёки бошқа мустаҳкамлаш воситалари асосида ишни қайта кўриб чиқади. Бунда, янги далиллар жуда чекланган ҳолатлардагина тақдим қилиниши мумкин.

Ушбу тоифада апелляция судлари томонидан қуйи суд ишни кўришда иш ҳолатларини аниқлашда хатоларга йўл қўйилганлиги аниқланганда, улар юқори суд томонидан бартараф қилинмайди, балки иш янгидан кўриш учун ўша қуйи судга ёки бошқасига юборилади.

  Шу билан бирга, агарда биринчи инстанция суди томонидан иш ҳолатлари тўғри ва тўлиқ аниқланган бўлса, қуйи суд фақатгина моддий ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатоликка йўл қўйганлиги аниқланса, апелляция инстанция томонидан иш бўйича янги қарор қабул қилиниши мумкин.

Мазкур модел континенталь ҳуқуқ тизимидаги баъзи давлатларда мавжуд, жумладан Австрияда. 

Умумий ва континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда суд қарорларини якуний қайта кўриш ва олий суд органларининг ваколатлари.

Юқорида таъкидлангандек, Европа ҳуқуқ тизимларида суд қарорларини қайта кўриш бўйича учта модел бўлиб, улар «апелляция-апелляция», «апелляция – тафтиш» ва «апелляция – кассация».

Бунда уларнинг фарқи қуйидагиларда намоён бўлади, жумладан:

  1. Апелляция судлари иш бўйича ҳуқуқ ва факт масалаларини муҳокама қилиш ваколати эга, кассация ва тафтиш судларида бу ҳуқуқ йўқ.
  2. «Апелляция – кассация» моделида юқори инстанцияга шикоят қилишда бирор бир чеклов мавжуд эмас, кассация судлари иш бўйича янги қарор қабул қилиш ваколатига эга эмас, фақатгина ишни қуйи судга янгидан кўриш учун юбориши мумкин холос.
  3. «Апелляция – тафтиш» моделида агарда қуйи суд томонидан ишнинг фактик ҳолатлари тўғри аниқланган, бироқ моддий ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатоликларга йўл қўйилган бўлса, тафтиш суди томонидан иш бўйича янги қарор қабул қилиниши мумкин.

Шу билан бирга, таҳлиллар шуни кўрсатадики, апелляция ва кассация ёки тафтиш инстанцияларининг қуйи суд ҳужжатларини қайта кўришда ваколатлари бир бирига яқин.

 Бунга сабаб, Олий суд органларининг қуйи суд ҳужжатларини қайта кўришдаги ваколатлари чегараси бўйича ёндашувлар ўзгармоқда.

Жумладан, тарихий жиҳатдан янги қарор қабул қилиш ваколати берилмаган кассация судларига қуйи суд томонидан ишнинг фактик ҳолатлари етарли даражада аниқланганда, янги қарор чиқариш ваколати берилиши бунга яққол мисолдир.  

Масалан, Франция фуқаролик процессуал кодексининг                            627-моддасида ушбу қоида белгиланган бўлса, Нидерландия ва Испания кассация судлари бу ваколатдан XIX асрдан буён фойдаланиб келмоқда.

Шу билан бирга, кўп ҳолларда Олий суд органлари зиммасига аниқ ишларни ҳал қилиш билан бирга ҳуқуқни қўллаш ва талқин қилишда ягона амалиётни шакллантириш, ҳуқуқ ва суд амалиётини ривожлантириш каби вазифалар ҳам юкланган.

 Айтиш мумкинки, бу вазифа олий суд органларининг энг муҳим вазифалари доирасига киради.

Мисол учун, Европа вазирлар кенгаши қўмитасининг 1995 йил  7 февральдаги “Аъзо давлатларга фуқаролик ва тижорат ишлари бўйича мурожаат қилиш тизимлари ва тартибларини яратиш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан” 95-сонли  Тавсиясида, учинчи босқич судлари фақатгина учинчи марта қайта кўришга лойиқ бўлган, масалан, ҳуқуқни қўллаш ва талқин қилишда ягона амалиётни ривожлантириш учун зарур бўлган ишлар ёки жамият аҳамиятидаги ишлар қайта кўрилиши мумкинлиги кўрсатилган.

Европа умумий ва континенталь ҳуқуқ тизимларида суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш ва уларни қайта кўриш тартиб таомиллари фарқ қилсада, уларни мақсади муштарак, қуйи суд хатоларини тузатиш, адолатсиз суд қарори оқибатларини бартараф этиш, ҳуқуқни қўллаш ва талқин қилишда ягона амалиётни шакллантириш, жамиятда одил судловга бўлган ишончни таъминлашга қаратилган.

Бундан ташқари, барча процессуал тизимларда суд қарори ва унинг оқибатларининг қайта кўриш босқичларидан сўнг якунийлиги тамойили белгиланган.

Суд қарори ва унинг оқибатларининг якунийлиги тамойили  «res judicata» доктринасига асосланган бўлиб, унга кўра айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги низолар қайта кўриб чиқилмайди. 

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг кўрсатмаларида, «res judicata» доктринаси низолар учун якуний тўхтам бўлиши билан бирга, одил судловга бўлган ҳуқуқнинг асосий элементи эканлиги белгиланган.

Юқоридагилардан шуни хулоса қилиш мумкинки, Европа мамлакатларида суд қарорларини қайта кўриш тартиби борасида юқорида таҳлили келтирилган масалалар муҳим аҳамият касб этади ва келгусида ҳам бу борадаги қонунчилик, суд амалиёти ҳамда суд қарорларини юқори инстанциялар томонидан қайта кўришнинг назарий асосларини такомиллаштириб боришда  муҳим ҳисобланади.

Пешку туманлараро иқтисодий судининг раиси У.Жумаев

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 24 июлдаги                        ПФ–6034-сон фармони (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2020 й., 06/20/6034/1103).

2.  М.А.Филатова “ Обжалование и пересмотр судебных решений в странах контенентального и обшего права” (Вестник РУДН, Юридические науки, 2007, №5.)

3. У.А.Тухташева “Уголовно-процессуальные пути устранения судебных ошибок”. (Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори диссертацияси автореферати. Тошкент, 2020.)

Skip to content